ТАНБАЛ… (9-қисм)

0

 

* * *

Матназар учун бу ўта оғир зарба эди. Аввалига қаерга боришни, ким билан дардлашишни билмай гаранг бўлди. Катта йўл четида дарахтга суянганча узоқ ўйлади. Ора-сира ўтиб турган маҳалладагилар билан қуюқ сўрашса-да, хаёлида фақат Ҳамида, укаси Мардон айланаверди. Ҳамиданинг тутган ишини кўз олдига келтиргани сайин ғазаби жўшаверди.

«Йўқ, бу отасининг иши, — ниҳоят бир қарорга келган куйи ўзига ўзи деди у. —Қамалганим унга баҳона бўлган. Шу баҳонада уйимни эгаллаб олган. Биттагина укамниям сиғдирмаган, қари тулки. Йўқ, мен бу ишни шундай қолдиролмайман. Ҳали ўч оламан ундан. Худо хоҳласа, оёқларимга йиқилиб ялинади, тавба қилади…»

Матназар қўлига костюмини олиб бир пайтлар қадрдон бўлган, ўзини қамоққа тиққан бўлса-да, оғир кунларига яраган қиморхонага йўл олди…

Қишлоқ одамларининг одати ғалати. Қамалиб чиққан одамдан ажалдан қўрққандек қўрқишади. Буни Матназар йўл четида тургандаёқ тушуниб етганди. Каттами-кичикми, ўтиб кетаётиб у билан икки қўллаб сўрашар, айниқса, йигирма-йигирма бешга кириб қолган йигитлар Матназарга кўринмай кетгунча қараб қолишарди…

Бу ерда ҳам қиморбозлар янгиланиб кетганига қарамай, аввал уй эгаси, ортидан тўрт чоғли қиморбоз таъзим билан кутиб олди. Дарров тўрга чиқариб қўлига ичкилик тутқаздилар.

— Мана бу Даврон, — бирма-бир уларни таништира бошлади уй эгаси. — Лақабини Саримсоқ деб қўйганмиз. Қачон қараса, саримсоқ пиёз егани-еган. Буниси — Раҳим. Ҳозирча лақаби йўқ. Манови пусиб тургани Қодир писмиқ. Ва ниҳоят бу югурдагимиз Сарибой. Қозоқ. Қиморни энди-энди ўрганяпти. Хуллас, ҳаммалари шу яқин атрофдан…

— Ака, сиз тўғрингизда эшитганмиз, — гапни бўлди Даврон. — Ҳурмат қиламиз сизни. Энди… Ўйинларга ўзингиз бош бўласиз-да!..

Матназар йигитларга бирма-бир назар ташлаб чиққач, қўлидаги ичкилик тўла пиёлани турмада ўргангани каби симирди. Ўтирганлар овоз чиқара олмасалар-да, кулимсираб қойил қолганларини намойиш этишди.

— Менинг юрагим аламга тўла, — аста гап бошлади Матназар. — Хабарларинг бўлса керак-а, ҳаммасидан?

— Албатта, ака, — жавоб қилди Раҳим деганлари оғир гавдасини кўтариб. Ораларида энг новчаси, бесўнақайи ўша эди. — Қайнотангизнинг иши ҳаммаси.

— Пайқадим. Агар, бир катта иш бошласам, шерик бўласизларми?

— Бўлмаса-чи?!. — гапни илиб кетди писмиқ. — Тепамизда турсангиз бас.

— Қимор қалай, қимор? — Матназар секин дераза токчасига қараб қўйди. — Ошиқ кўринмайди-ку!..

— Тўғриси, — деди уй эгаси, — Кичик-кичик ўйинлар қилиб тургандик. Энди…

— Яхши. Эртадан бошлаб ўйинни катталаштирамиз. Мабодо ўзингиз таниган қиморбозлар бўлса, чақираверинглар! Фақат пули бори бўлсин!

— Хўп бўлади.

Шундан сўнг Матназар тўрга керилиб ўтириб олганча чўнтагидан пул чиқариб Сарибойни ичкилик олиб келишга буюрди.

* * *

Қиморхонадаги вазият худди Матназар кутганидек эди. Тўрт паҳлавон йигит унинг хизматига шай турибди. Гарчи улар қиморда, умуман жиноят оламида тажриба тўплаб улгурмаган бўлишса-да, интилишларининг ўзи Матназарни хотиржам торттирди. Чунки, хоҳиш бўлса, ҳар қандай мушкул ишни ҳам бемалол уддалай олади одам.

— Даврон, — хуфтон маҳали ўзича қарталарни қўлида айлантириб ўтирган йигитга юзланди у.

— Лаббай, ака!

— Сен Ботир дўкондорни танирмидинг?

— Албатта, танийман. Нимайди?

— Шу одамни қиморхонага опкелиш керак-да!..

— Тинчликми, ака?..

— Тинчлик бўлса-ку, майлийди. У қари тулки билан ҳисоб-китобларим бор.

— Кечирасиз-у, айтишларига қараганда, Ботир дўкондор ўзи тенги шаҳарлик бир чолга қизини берганмиш. У чол жа «крутой» дейишяпти.

— Тупурдим ўшанақанги крутойларга!.. Ҳозир ёнингга Сарибойни олгин-у, менинг ҳузуримга олиб кел!..

— Хўп, сиз нима десангиз шу!..

Улар қайтгунча Матназар дастурхон тузатди. Ичкиликнинг икки-уч хилидан қўйди. Ва ниҳоят ташқарида Сарибойнинг бўралаб сўкингани, кетидан Ботир дўкондорнинг инқиллаганча пиллапоядан кўтарила бошлагани эшитилди…

— Ие, отагинам, кели-инг, — дўкондор Матназарни кўриб адойи тамом бўлди. Кутилмаган учрашув… Ташқаридаги инқиллаши шу тобда ҳолва бўлиб қолгандек, тиззалари қалтираб сал туртиб юборса, йиқилиб тушгудек аҳволда эди…

— Нега индамайсиз? Қўрқиб кетдингизми?.. Ха-ха-ха!.. Сиз-а?.. Қўрқманг, биз одамхўр эмасмиз. Худонинг сизга ўхшаган бандаларимиз.

— Й-йўқ… Қўрқаётганим йўқ… М-мен… М-мен…

— Қалтирама, қария!.. — сўз оҳангини бирдан ўзгартирди Матназар. — Қаршингда ўша Матназар ўтирибди. Фақат… бироз совуққонроқ бўлиб қолган… Хуллас, бу кеча сен биз билан қоласан. Бирга қимор ўйнайсан. Қиморга… Менинг уйимни ва унга қўшиб ўз дўконингни тикасан. Ютсанг, тан бераман-у, жим қолавераман. Ютқазсанг, тақдир… Тақдирга тан берасан… Хўш, нима дейсан?..

— М-мен… Умримда қимор ўйнамаганман… Намозхон…

— Қачондан бери намозхон бўп қолдинг? Ўзинг ким бўпсан-у, ўқиган намозинг нима бўларди? Ма, манавиндан ич! Ич дедим!..

Ботир дўкондор қўрқув тўла нигоҳини совуқ тиржайиб ўтирган қиморбоз йигитларга бир-бир тикиб олгач, қўлига пиёлани олди.

* * *

— Қани, ич! — иккинчи маротаба буюрди Матназар дўкондорга. — Мен гапимни икки қилганларни ёмон кўраман. Ич!

Ботир дўкондор масхараомуз жилмайиб турган қиморбоз йигитларга бир-бир умидвор термилиб олгач, кўзларини чирт юмиб, пиёладагини кўтарди.

— Мана бу бошқа гап! — Матназар унинг қўлидаги пиёлани зарда билан тортиб олди. — Қанийди, ҳаётда ҳам мана шунақанги ўғил бола бўлсанг! Энди гап бундай, — Матназар йигитларга маъноли кўз қисиб қўйди-да, давом этди: — Мен қароримни ўзгартирдим. Сен қимор ўйнамайсан. Аксинча, мен ўша қизинг ўтирган уйга қўшиб сенинг дўконингни ҳам сотиб оламан.

— Ахир… дўкондан…

— Ўчир овозингни! Сотасан. Ичидаги ашқол-дашқоли билан беш юз мингга оламан. Хўш?..

Ботир дўкондор ранги оқарган кўйи оҳиста бошини кўтарди:

— Ўғлим, биламан, сиз қамоқда эканингизда нотўғри ишлар қилиб қўйдик. Бўйнимга оламан. Аммо дўконни сотолмайман. Тирикчилигим ўшандан бўлиб турибди.

— Шунақами? Жуда яхши. Ҳали сен бизнинг ким эканимизни билмас экансан.

Матназар дўкондорга яқин келиб, томоғидан олди.

— Бундан ўн йил олдин, худди мана шу ҳовлида, сенга ўхшаган бир маразнинг жонини суғуриб олгандим. На илож! Сенга ўхшаганларнинг кўзини фақат ўлим очади. Сарибой!

Остонада уларни кузатиб турган шеркелбат йигит Матназарнинг рўпарасига келиб шай турди:

— Ака, нима қилайлик?

— Ҳозир писмиқ иккаланг, мановини йўлнинг нариги четидаги пайкал орқали толзорга олиб борасан. Сувга бўктириб ўлдиринглар!.

— Йўқ, йўқ!. Жон ўғлим, жўжабирдай жонман! Биласиз-ку, болаларим ногирон! Раҳм қилинг! Майли, айтганингизни қиламан! — Ботир дўкондор кутилмаганда Матназарнинг оёқлари остига йиқилиб, тиззаларини қучоқлаб ялина бошлади. — Худо хайрингизни берсин, ўлдирманг мени!.

Матназар куч билан тортиб, қарияни ўрнидан турғазди:

— Мегажин қизингга ўзинг тенги чолни топиб, янаям бойиб қолгандирсан-а? Ё устимдан кулмоқчи бўлдингми?

— Гуноҳкорман! Аҳмоқлик қилиб қўйдим, ўғлим!

— Ўғлимлама! Сенга ўғил бўлсам ўзимни осардим. Ҳозир йигитлар билан бориб, уй ва дўконнинг ҳужжатларини олиб келасан. Бировга ғинг демайсан. Овозинг чиқса, ўласан!

— Хўп бўлади!. Ҳозироқ олиб келамиз, — дўкондор Матназарга қайта-қайта қуллуқ қилганча эшик томон йўналди.

Ботир дўкондор Сарибой ва Писмиқ ҳамроҳлигида ташқарига чиқиб кетгач, Матназар овозининг борича кулиб юборди.

* * *

Орадан бир соатлар ўтди. Матназар ширакайф ҳолда Саримсоқ билан қарта ўйнаб ўтирганди. Тўсатдан уй эшиги очилди-ю, остонада Ҳамида пайдо бўлди. Унинг эгнида қимматбаҳо ялтироқ кўйлак, бўйнида тилла занжир, бармоқлари узукларга тўла эди. Аммо ранги оқариб кетган, кўзлари аланг-жаланг.

Матназар уни кўриб, бир туки ўзгармади. Кайфдан кўзлари қисилган кўйи секин ўрнидан турди-да, икки қўлини белига тираб совуқ кулиб қўйди.

— Нега отамга зуғум қиляпсиз? — ўртадаги жимликни бузди Ҳамида. — У сизларга нима қилди? Ҳозироқ мелисага бориб…

— Овозингни ўчир! — тўсатдан уни иягидан тутиб бошини юқорига кўтарди Матназар. — Ҳаром оёқларинг билан бу даргоҳни босиб келишга қандай ҳаддинг сиғди? Мелисага борармиш. Қўрқади, деб ўйладингми? Мени-я?..

— Менинг оёғим ҳароммас. Отамни тинч қўйинг!

— Отанг гуноҳга ботган, — деди Матназар Ҳамидани қўйиб юбориб. — Гуноҳларини ювиши керак.

— Болангизнинг ҳурмати йўқми?

— Нима? Қайси боламнинг? Анови қари эрингнинг хизматини қилиб юрган қизчани айтяпсанми? Мени ўзинг ёмон кўрсатган, «кўрсанг, қочиб кетгин, ўлдириб қўяди», деб тайинлаган қизчани айтяпсанми? Қандай ифлоссан-а? Эрининг устига бировга тегиб, яна ҳеч гап бўлмагандай ҳузуримга келганингни қара! Уялмайсанми?

Бу гапларни кутмаган эканми, Ҳамиданинг боши эгилди. Бир муддат каловланиб тургач, секин эшик томон юрди. Лекин дарров чиқиб кетмади. Остонада тўхтаб қайтадан Матназар томон ўгирилди:

— Кечиринг, отам мажбурлаганди. Эринг мендан қарздор. Мана шу уйини таъмирлатиб сенга хатлаб бераман, келса, қаерда яшаса, яшайверади. Сени бойваччага бериб, ундан қасдимни оламан, деявериб ҳол-жонимга қўймади. Кечиринг! Фақат отамга тегманглар!.

Матназар ҳеч нима демади.

Шу лаҳзаларда Ҳамидага нисбатан шу қадар нафрати ошиб борардики, бўғизлаб ташлашга тайёр эди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: