Ҳақиқатни айтаман деб “наркобарон”га айланган журналист даъвати

0

Дунёнинг етти мўъжизаси ҳам инсон томонидан, айнан унинг қўли билан бунёд этилган. Дарвоқе, номаълум тарихчи ё воқеанавис тарихни тилга киргизиб, Ўрхун- Энасой тошбитикларини яратмаганда биз қадим аждодларимиз ҳаётий лавҳаларидан тамоман бехабар қолаверардик. “Бобурнома”чи? Бадиий ҳақиқатми? Йўқ. Ҳар бир сатрида ҳаётий ҳақиқат, шоҳ ва шоирнинг алам ва изтироблари акс этган. Демак, ҳамма макон ва замонларда ҳам ҳақиқатни одамларга етказиш ҳаётий эҳтиёжга айланган.

Мустақиллик йилларига, тўғрироғи, ахборот асрига келиб имконият майдони ниҳоятда кенгайиб кетди. Газета-журналлар, интернет, электрон нашрлар дейсизми, сон-саноғига етиш қийин. Таассуфки, газета-журналларнинг бирортасида кеча воқеликни тўлароқ ёритишга хизмат қилган очерк, лавҳа, репортажларни учратмайсиз, таҳлилий мақолалар камайиб кетди. Фельетон деганимиз, аллақачон анқонинг уруғига айланган. Балки улар тезкор замон талабларига жавоб бермай қолгандир. Уларнинг ўрнига янгилари яратилгандир. Бунга корхона, ташкилотларнинг жавонларида чанг босиб ётган, ҳатто очиб ҳам ўқилмаган газета тўпламларидан жавоб топгандай бўласиз. Қолипдан чиққандай бир ҳил – ютуқлар саналган, ҳиссиз, ҳароратсиз мақолалар. Уларда одам йўқ. Бугуннинг ташвиш-муаммолари йўқ. Барча масалалар гўё ҳал этилгану, қолган қутганлари билан халқ қабулхоналари шуғулланаётгандек.

Ёки бир депутат чиқиш қилади денг. Қабул қилинаётган янги қонун ҳақида роса гапиради. Лекин ўзлари қабул қилган қайси қонунлар ишламаётгани, давр талабларига жавоб бермаётгани ҳақида лом-мим демайди. Гўё қонунлар қабул қилинди бўлди, уёғи билан иши йўқ, тамом-вассалом.

Телекўрсатувларда ҳам тезкор замон нафаси сезилмайди. Баъзи телеканаллар овқат тайёрлашу санъаткорларни реклама қилишдан нарига ўтмаяпти. Гўё қишлоқларда ўтин, кўмир, газ, электр энергия, ичимлик суви ва бошқа муамолар тўла ҳал этилгандек. Оилавий-маиший мавзулардаги ҳатто бир кўришга ҳам арзимайдиган сериаллар, улардаги шоҳона уйлар силлиқина ҳал этилаётган муаммоларни кўриб ҳайрон қоласан. Нима атрофимизда мардикор бозорлари йўқми, миллионлаб одамлар, айниқса, хотин-қизлар иш излаб чет элларга кетмаганми? Телевидениедагилар худди санъат-санъат учун, деган шиорни ниқоб қилиб олганга ўхшайди. Дурустроқ хизмати бўлмаган, аниқроғи тўйдан бўшамаган санъаткорларни даҳога айлантириш, адабий тил қоидаларини ҳар қадамда бузиш урфга айланган.

Ҳов биродар, журналистика аслида масъулият ва жавобгарлик дегани. Бу даврнинг кўзи, қулоғи бўл, унинг ҳар-бир юрак уришини ҳис қил, оромингдан кеч дегани. Боболаринг хоки ётган, болаларинг ўсаётган юртга фидойи бўл. Керак бўлса жасорат кўрсат дегани. Бу соҳада лоқайд ва томошабин бўлиш юрт келажагига хиёнат билан баробар.

1997 йилнинг 25 майи журналистик фаолиятимда энг қора кун бўлиб қолган. Ўша куни менинг машинамга қорадори ташлаб қамоққа олишди. Қўшработ туман прокурори устидан ёзилган собиқ терговчининг шикоят хати ўз исботини топганлиги, улар таклифига рози бўлмаганим, ноҳақ қамалиб ётганлар тақдирига куюнганим учун шундай қилишди. Биринчи куни 19 грамм деб, махсус маълумот тарқатишди. Иккинчи куни уни 61 граммга чиқаришиб мени “наркобарон”га айлантиришди. Мен ўшанда ёлғизлик нималигини ҳис қилдим. Атрофимда лоқайд, томошабин ҳамкасбларимни кўрдим. Тергов, сохта гувоҳлар, ҳар куни терговга ва ўз-ўзимга берилган сўроқлар, лаҳзаси соч оқартирадиган ширингина азоблар…

Ишга республика прокуратураси аралашгач, жиноят иши холис тергов ўтказиш учун Навоий вилоят прокуратурасига берилди. Терговда менга қўйилган айблар ўз исботини топмагани учун жиноят ишининг менга тегишли қисми республика ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисми билан бекор қилинди. Қорадорини номаълум шахс ташлаб кетган бўлиб чиқди.

Хўш, қорадорининг эгаси ким эди? “Ҳуррият” газетасида босилган “Мен қамалиб чиқдим” сарлавҳали мақоламда ана шу саволга жавоб изланди, қонун ва ижро органларининг жиноятлари очиб ташланди. Мақола ҳуқуқий органларда жиддий муҳокамага сабаб бўлди. Кўпларнинг кўзини очди. Кимларнинг ёқасидан тутди. Хуллас, адолат учун курашиш керак ва зарур эканлигини амалда исботлади.

Бугун мамлакат ҳаётида ҳал қилувчи дамлар бошланди. Бу жабҳада журналист воқеаларни кузатувчиси эмас, фаол иштирокчиси бўлиши керак. Аждодларимиз, келажак авлод олдида иснодга қолмаслик учун ҳам шундай қилиш керак.

 

manba: mazmun.uz

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here