«Қайнонамни овсинимдан қизғандим»

0

— Бугун аро йўлда сарсонман. Эримникига қайтиб борай десам, ажрашганман.  Ота уйимга келганимга саккиз ой бўляпти. Яқинда кўзим ёрийди.  Икки болани отасиз қандай катта қиламан?

Буларни ажрашишдан олдинроқ ўйласанг бўлмасмиди, дейишингиз мумкин. «Жаҳл чиққанда, ақл кетади», деб рост айтишар экан. Ўшанда кўзимга ҳеч нарса кўринмади. Қайнонамга, эримга жаҳл қилиб, уйдан кетдим. Изимдан боришавермагач, ажрашишга ариза бердим.

Эрим дурадгор. Мен эса университетни тамомлаганман. Қўшни қишлоқда яшасак-да, узоқ қариндош бўлганимиз учун бир-биримизни болалигимиздан танирдик. Менда кўнгли борлигини пайқардим. Ҳали мактабни тугатмасимданоқ, у ортимдан соядай эргашиб юрарди. Унда кўнглим йўқ эди. Буни ўзига ҳам бир неча бор айтганман. Лекин бу уни қизиқтирмас, йўлимни пойлагани-пойлаган эди.

Қариндошим ҳали ўқишни тугатишга улгурмасимдан совчиларини юборди. Қаршилик қилдим, йўқ, дея рад жавобини бердим. Аммо турмушга чиқадиган вақтим келганди.  Бунинг устига қўшни вилоятда яшайдиган амакимнинг ўғлидан ҳам совчилар кела бошлаганди. Синглиси билан бирга ўқирдик. Қариндош бўлганимиз учун тинимсиз уйига олиб кетарди. Келинойим илоннинг ёғини ялаган аёл эди. Эрининг қариндош-уруғи билан деярли борди-келди қилмасди. Бошида биз билан ҳам шундай эди. Мени келин қилиш нияти туғилгач, ҳаммаси ўзгарди. Уларникига борганимда қўярда-қўймай, ҳар хил совғалар берар, уйимизга ҳам серқатнов бўлиб қолганди. Биз ўртаҳол яшардик, улар эса бойу бадавлат. Мени нега келин қилмоқчи бўлаётгани кундай равшан эди. Ўзларининг тенги уларга қиз бермасди. Чунки амакиваччамнинг кўзлари деярли кўрмасди. Бошида шу ўғлига мени раво кўраётганлиги учун улардан ранжидим. Аммо бу бефойда эди. Тезроқ бирор чорасини кўрмасам, ота-онамнинг ҳам мени амакиваччамга узатишдан ўзга чораси қолмасди.

Кўнгил қўйганим, танлаганим йўқ эди. Чунки мени ёқтирадиганларнинг бирортасини ёқтирмасдим. Аросатда қолгандим. Олдимда турган икки йўл ҳам хато эди. Икки хато йўлдан энг тўғрисини танлашим керак эди. Ногирон эр билан яшашни ўйласам даҳшатга тушардим. Ота-онасини боғлаб бермаган бўлса, эртага қандай яшаймиз? Фарзандларим-чи? Улар ҳам ногирон туғиладими? Буларни ўйлаш қўрқинчли эди. Улар уйга яна бир-икки маротаба келишса, отам мени беришга мажбур бўларди. Ноилож аҳволда Фарҳод акамга турмушга чиқишга рози бўлдим.

Кўп ўтмай, тўйимиз бўлди. Ўқишимни тугатганимдан сўнг мактабда дарс бера бошладим. Бошида бинойидек яшардик. Икки йил ҳаётимиз шу зайлда кечди. Бу орада қизимиз туғилди. Туғруқ вақтида муаммолар бўлгани учун болани жарроҳлик йўли билан олишди. Анча вақтгача тобим бўлмади, кўп қон йўқотгандим. Шунда мулойим қайнонамнинг инжиқликлари бўй кўрсатди. Чунки аввалгидек елиб-югуриб, хизматини қилолмасдим. У нуқул ҳозирги келинлардан нолир, ўзи ёшлигида ҳам далада ишлаб, ҳам бола боққанини рўкач қиларди. Менга ҳам қайнонамнинг танбеҳларини эшитиб ётиш ҳавас эмасди. Бироқ бошқа иложим йўқ эди. Эрим кун бўйи ишлаб, қоронғу тушганда ҳориб-толиб кириб келарди. Чарчаганини кўриб, унга оғиз очолмасдим. Табиийки, эрим ҳам онасини ҳақ, деб ўйларди.

Бу орада қайнукамни уйлантирадиган бўлдик. Унга келинни қайнонамнинг ўзи топиб қўйганди. Бечора қайнукам ўқишини тугатиб келдию, онаси айтган қизга уйланишга кўнди. Уйимизда қайнотамнинг ўрни деярли йўқ, қайнонамнинг айтгани-айтган, дегани-деган эди.

Келин олгунимизча мен ҳам анча соғайиб, уй ишларига шўнғиб кетдим. Ҳамма машмашалар тўйдан кейин бошланди. Қайнонам овсиним иккимизни солиштира бошлади. Овсиним бадавлат оиланинг қизи бўлгани учун уни тинмай мақтар, кўпроқ ён босарди. Ҳасадданми, адолатсизликданми, билмайман, ичим ёниб кетарди, чидолмасдим. Овсинимга ғаразлигим бўлмаса-да, ундан ҳам аламзада бўлиб қолгандим. Ёш бўлгани учунми, янги келин уй ишларига уқувсиз эди. Кирларни чала ювар, овқати бемаза чиқарди. Тўғриси, бундан баъзида қувонардим. Айбини яширмасдим, билганларимни ўргатишга ҳаракат ҳам қилмасдим. Ундан бутун оиламнинг, қайнонамнинг эътиборини қизғанардим. Буни қайнонам ҳам, эрим ҳам овсинимни кўролмайди, деб тушунишарди.

Кун сайин инжиқ, арзимаган нарсалардан жанжал чиқарадиган бўлиб борардим. Эрим билан кунора жанжаллашардик. Бир куни у онасининг ёнида узоқ қолиб кетди ва ёнимга дарғазаб бўлиб қайтди. Сабабини сўрашим билан дўппослади. Сўнгра «Уйдаги гапни кўчага ташийдиган бўлдингми ҳали? Менга ғийбатчи хотин керакмас», дея уйдан чиқиб кетди. Ҳеч нарсага тушунмасдим. Бирон маротаба қайнонам, овсиним ҳақида гапирмагандим.

Ҳаммасини эртаси куни эшитдим. Уйимизда катта жанжал бўлди. Қайнонам мени оғзига келган сўзлар билан ҳақоратлади. Айбсиз бўла туриб, гап эшитишга тоқат қилолмадим. Мен ҳам ичимда йиғилиб қолганларини тўкиб-солдим. Бироқ ғийбатчи эмаслигимни, бу гапларни кўчага мен олиб чиқмаганимни ҳеч нарса билан исботлаб беролмадим. Қайнонам тилим чиқиб қолганини айтиб, эримга яна калтаклатди. Хўрлигим келди. Қизимни олиб, кетмоқчи бўлдим. Аммо эрим боламни бермади. Бир аҳволда уйдан чиқдим-да, онамникига бордим. Уйдагилар аҳволимни кўриб, қўрқиб кетишди. Чунки шу пайтгача бирор маротаба ҳаётимдан нолимагандим. Бўлиб ўтган воқеалардан ҳам хабар топишмаганди. Шуни маъқул кўрардим.

Жанжални бошдан-оёқ гапириб бердим. Уларга: «Қизимни қандай бўлмасин, олиб келиб беринглар. Мен у уйга қайтиб бормайман», дея туриб олдим. Ота-онам, опаларим боришди. Қайнонам қизимни бермайман, деб жанжал қилибди. Хуллас, ота-онам қайнона-қайнотам билан қариндошлик ришталарини узиб қайтишди.

Орадан бир ой ўтса-да, на қайнонам, на эрим йўқлаб келди. Кечирим сўрамаслигини ҳам тушунаман. Шунчаки қайтариб олиб кетишса ҳам бўларди. Ахир набираси бор. Ақалли турмуш ўртоғим ҳам бизни соғинмабди. Қизим эсини таний бошлаган. Баъзан дада деб йиғлайди. Жаҳл устида ажрашишга ариза бердим. Орадаги муносабатлар баттар совуқлашиб, чигаллашди. Эрим судга келиб, ҳалибери ажрашолмаслигимни, кўп сарсон бўлишимни айтиб кетди. Орадан бир ҳафта ўтиб, ҳомиладор эканимни билгач, қандай кўйга тушганимни билсангиз эди?..

Илк бор қилаётган ишларимдан пушаймон бўлдим. Икки гўдакни отасидан айираманми? Аммо ортга қандай қайтаман? Уйимдагилар ҳам икки дунёда мени қайтариб, ўша уйга юбормайди. Икки ойни ўз ёғимга ўзим қоврилиб ўтказдим. Бир куни эрим қўнғироқ қилиб, қизимизни соғинганини, кўргиси келаётганини айтди. Шу-шу ҳафтада бир марта бизни кўриб кетадиган бўлди. Айни дамда иккинчи фарзандимизни кутаётганимизни эшитиб, уйга олиб кетаман, деб ҳоли-жонимга қўймаяпти. Мен эса иложсизман. Эрим билан кетсам, ота-онам ким деган одам бўлади? Кейин улар қандай бош кўтариб юради? Энг ёмони, қайнонамни кўришга кўзим йўқ. Ўша уйга қайтгим келмаяпти. Болаларимни ўйлайми, ота-онамними? Аросатда қолдим…

ЮЛДУЗ

Сурхондарё вилояти

Иқбол АДИЛОВА, руҳшунос:

— Ҳар қандай оиланинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам ўзидан ортмайди.

Ўзингизни қўлга олинг, синглим. Қалбингиздан ўтаётганларини тушуниб турибман. Ҳозирги вазиятда сизга осон тутиб бўлмайди. Бироқ нима бўлганда ҳам фарзандларингизнинг тақдири учун жавобгарсиз. Бу вазиятда кимнидир айбдор қилиб кўрсатиб бўлмайди. Сиз ҳам бегуноҳ эмассиз, эрингиз, унинг онаси ҳам. Қилган ҳаракатларингиз шу вазиятни юзага чиқарган. Ота-онангиз ҳам суриштириб ўтирмаган, муаммо нимадалигини яхши билмай, сизни ажратиб олибди.

Одамларнинг гапини деб, оилангиздан кечманг. Ота-онангизга ҳам сизнинг бахтингиз керак. Ҳамма ҳам адашади. Эрингиз қилган ишидан афсусланиб, ёнингизга бош эгиб келган экан, наҳот қилмишларини кечиролмайсиз? Ғурурингиз фарзандларингизнинг қувончидан устунми? Муаммо ота-онангизда бўлса, улар сизни тушунади. Яшаб кетишингизга кўзингиз етса, ортга қайтинг ва оилангизни асраб қолинг!

 

Ҳордиқ газетасидан олинди 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: