ТАНБАЛ… (13-қисм)

0

 

* * *

— Хўш, буларни нима қиламиз? — барчаларини уй ичкарисига олиб кириб, дарвозани маҳкамлаб келгач сўради Писмиқ.

— Анови эркак билан қизни… Эсингдами, икки пайкал наридан анҳор оқиб ўтган. Жуда овлоқ ер?

— Ҳа, биламан.

— Ўша ерга обориб тинчитларинг! Лекин билиб қўй, бирорта хитланиб юрмасин! Тинчитгандан кейин анҳорга ирғитиб юбораверинглар! Қолганларини ўзимга қўйиб бер!

Писмиқ эркак ва қизни машина юкхонасига ортиб ҳовлидан чиқиб кетгач, Матназар омборхонага кириб, чироқни ёқди. Мардон ўзича типирчилаб қўл-оёғи боғланган арқонни узишга уринар, Марҳамат бўлса, индамайгина шифтга термилганча сукут сақларди.

— Ҳа, ўйнашлар, — икковини ҳам кетма-кет оёғи билан туртди Матназар. — Қара, ўйнашишга жуда қулай жой бу ер. Ҳеч ким халал бермайди. Чироқни ўчирсанг кифоя. Хўш, арқонларни бўшатайми, менинг олдимда бир ўйнашасизларми? Ажабмас, менам сизлардан қандай ўйнашишни ўрганиб олсам-а?

Ҳеч қайсисидан садо чиқмагач, Матназар укасини куч билан тепди.

— Нега индамайсан? Балки, ҳали Ҳамиданинг ҳам қўйнига кириб чиққандирсан-а? Гапир! — У Мардоннинг кўзларидан ёш сизиб чиқаётганини кўриб баттар тутоқди: — Ҳа-а, ўпкалари тўлиб кетдими? Ё виждонлари қийналяптими? Вей, ҳали она сутинг оғзингдан кетгани йўқ-ку! Ким сенга бу ишларни ўргатди ўзи?

— Кечиринг, ака! — эшитилар-эшитилмас шивирлади Мардон. — Аҳмоқлик қип қўйдим. Ботир амакининг гапига учиб қўйдим.

— Кимнинг гапига? У сенга нима деди?

— Акангни чув туширсанг, катта пул бераман, деганди.

— Нима? Қаёқдаги сассиқ пулларни деб менга хиёнат қилдингми? Сўрасанг менам берардим. Демак, ким пул берса, ўшанинг ноғорасига ўйнайвераркансан-да-а?

— Кечиринг, бошқа қилмайман! Сизнинг йўриғингиздан чиқмайман!

— Йўқ, сен кечирадиган иш қилмадинг, ука! Майли, иккаланггаям тегмайман. Тўрт томонинг қибла. Ана шуни кечирганим деб ҳисоблайвер! Аммо яна икковингни бирга кўрсам, мендан ўпкалаб юрма! Феълимни биласанлар!

— Хўп, айтганингизни қиламан!

Жигарчилик экан. Матназар укасига тиғ кўтара олмади. Марҳаматга эса… Унга ачинарди. Боласидан жудо бўлгани, бузуқлик йўлига кириб расвои олам бўлгани учун ҳам ачинар, уни деб қўлларини қонга бўяшни истамасди. Юраги қанчалар ўртанмасин, қанчалар нафрат, алам ўтида ёнмасин, уларни озод қилишга мажбур бўлди.

* * *

Кечга бориб Матназар анча толиқди. Руҳан чарчади. Шу тунда қимор тайин қилиб қўйганди. Буни ҳам унутиб қабристон томон йўл олди. Ана, ўша таниш қабр. Устидан бир туп атиргул ўсиб чиқибди.

«Ё буни кимдир экиб кетганмикан, — ўйлади у атиргулни кафтлари билан силаб. — Йў-ўқ, яқиндагина келиб кетдим. Қабр усти бўм-бўш эди. Уруғи тушган бўлса керак. Қизиқ, куздаям атиргул кўкараверса…»

Шу пайт Марҳаматнинг гаплари эсига тушиб кетди. «Ўғлимниям энангизнинг ёнларига дафн қилганман» 

Шошиб орқасига ўгирилди. Ё алҳазар! Ўша илон-ку! Не кўз билан кўрсинки, илгариги қабр қаршисида ўша илон турибди. Бўйнини яна тик тутиб олибди. Бу гал Матназар унчалик чўчимади. Қўли билан илонни ўзига чорлади. Илон секин сирғалиб келиб худди олдинги сафардаги каби Матназарнинг оёқлари устига бошини қўйди-да, бирпас суйкалиб тургач, қайтадан жойига бориб туриб олди.

«Бу ерда бир гап бор, — кўнглидан ўтказди Матназар. — Бу илон нега қабр олдига туриб олди? Нимага менга ташланиш ўрнига оёқларимга суйкаляпти? Маъниси нима? Буни суриштириб кўриш лозим…»

У тиловат қилиб юзларига фотиҳа тортгач, қабристон қоровулининг ҳужрасига борди. Ҳужра қабристоннинг катта йўлга яқинроқ ерида эди. Кичкинагина хона. Қоровул ўзи таниган Мўйдин бобо. Ёши етмишга борган. Бир умр бола-чақа қилмай ўтган. Ёз ойларида қабристонга келган зиёратчилардан садақа сўраб кун кўради.

— Ҳорманг, бобо! — ичкарига кириб қарияга қўл чўзди Матназар.

— Ие, Матназармисан? Қоронғида нима қилиб юрибсан, болам?

— Энамнинг бошига келгандим. Кириб сиздан ҳол сўраб ўтай дедим, бобо!

— Яхши қипсан. Ўзим ҳам зерики-иб ўтиргандим. Қани, ўтир-чи, нима гаплар дунёда?!

— Нима гаплигини билмадим-у, аммо бир жумбоққа тушунолмай турибман-да! Энамнинг қабри ёнига бир болакай кўмилган экан.

— Ҳа. тўхта, у аёлга сени уйланган дейишганди. Тўғрими?

— Шунақа десаям бўлади. Тақдир, бобо! Беш-ўн кун яшадик. Расво аёл экан.

— Ана энди ўзингга келдинг! — соқолини тутамлаган кўйи Матназарга қаттиқроқ тикилди Мўйдин бобо. — Донғи кетган бузуқ экан. Менам кейин эшитдим. Хўш, нима муаммо?

— Биласизми, ўтган гал келганимда, ўша боланинг қабри тепасида бир илон турган экан. Аввалига қўрқдим. Биласиз-ку, ранги совуқ! Қотиб турсам, ҳалиги илон секи-ин судралиб келди-да, оёқларимга суйкалиб-суйкалиб туриб кейин яна жойига қайтиб кетди. Бугун келсам, яна ўша аҳвол. Маънисини тушунолмадим, бобо.

Мўйдин бобо бир муддат сукут сақлаб тургач, сўз бошлади:

— Биласанми, ўша болакай бузуқ аёлнинг фарзанди. Онаси кўп эркакларнинг шўрини қуритган. Илонни Худонинг ўзи болакайнинг қабрига юбориб қўйибди. Ахир, билиб бўладими, қайсидир бир жабр кўрган эркак келиб қабрни бузса, марҳумни безовта қилса. Чунки, ўша бола бегуноҳ-да!

— Унда нега келиб оёқларимга суйкалди?

— Сенам у аёл билан яшагансан, жабр кўргансан. Шунинг учун илон сенга хушомад қилган. “Қабрни бузманг” деган маънода.

— Ҳа-а, гап бу ёқда денг? Мен бўлсам, ўша кундан бери ўйланиб юрибман. Бўпти, бобо, раҳмат, мен борай энди!

— Ие, чой-пой ичмайсанми? Ўтирардик гурунглашиб.

— Бошқа сафар. Қиладиган ишларим кўп.

Матназар қайтишда яқинроқ йўлдан кетишга қарор қилди. Уйи ёнидан ўтса, Мардоннинг ўша ердалигини билиб тағин асабийлашиб юришни истамади. Қиморхонага етиб келганда, дарвоза олдида Бек аканинг машинаси турарди. Юраги ғаш тортиб ҳовлига кирди. Бек ака негадир ҳовлида тик турганча, Саримсоққа нималарнидир уқтирарди. Матназарни кўриб, ўзи унга пешвоз чиқди.

— Бандалик, ука, бандалик!

— Нима? Нега унақа деяпсиз? — ҳайрон бўлди Матназар Бек акага қўл чўзаркан.

— Бардам бўл! Қизингни Марҳамат бўғизлаб кетибди.

— Нима? Қ-қанақасига? Нега?

— Ўч олмоқчи бўлган-да, мегажин! Фақат… Сен ўзингни бос, ука! Биз уни, албатта, қидириб топамиз. Ўзингни бос!

Матназарнинг қулоғига гап кирмасди. Юраги безовта уриб, пешанасидан совуқ тер қуйилиб чиққандек бўлди. Бирпас каловланиб турди-да, Бек аканинг ҳай-ҳайлашига қарамай жон ҳолатда ҳовлида турган машинани ўт олдириб, қишлоқ томон жўнади.

* * *

Бек аканинг ҳашаматли ҳовлиси. Ҳар бир бадавлат одамнинг уйида бўлгани каби бу ҳовлининг ҳам айлана атрофи соқчилар томонидан қўриқланарди.

Дарвозадан ичкарига қадам қўйган кишининг кўзи, энг аввало, ойнаванд уйнинг олд томони, ўртадаги ҳовузга тақаб қўйилган катта бир қафасга тушади. Бек ака бу қафасда иккита тўти асрайди. Бўш қолган пайтларида ана шу тўтилар билан тиллашиб вақт ўтказади…

— Бек ака, бир аёл боядан бери ҳол-жонимизга қўймаяпти! — дарвозада турган соқчи йигитлардан бири эндигина ичкаридан чиқиб қафасга яқинлашган Бек аканинг қаршисига келиб таъзим қилди.

— Ким экан у? Сўрамадингми?

— Сўрадим. Лекин кимлигини айтмаяпти. Аканинг ўзларига айтаман, деяпти.

— Қизиқ бўлди-ку! Қани, бу ёққа бошлаб кир-чи!

Соқчи югурганича ортига қайтиб, бироздан сўнг аёлни ичкарига олиб кирди.

Бек ака унга зимдан разм солди.

Кўринишидан содда аёлга ўхшамайди. Кўзлари чақнаб турибди. Демак, кўча кўриб қўйган. Буни қомати ҳам кўрсатиб турибди…

«Қаерда кўрганман бу аёлни, — ўйлади Бек ака бош қашиб. — Ким ўзи бу? Нега менинг олдимга келди? Агар қачонлардир бирга бўлганлаимрдан бири чиқса, дарров танирдим… Йўқ, бунисини таний олмадим…»

— Келинг, синглим, — дея бошини кўтарди Бек ака қаршисидаги бегона аёлни бошдан оёқ яна бир карра кузатиб чиқаркан. — Хўш, хизмат?

— Мени танимадингиз-а?

Бу савол Бек акани янада ҳушёр торттирди.

— Йўқ, афсуски, таниёлмай турибман.

— Мен… Хизматингизда юрган… Матназарнинг…

— Э, бўлди! — кутилмаганда аёлнинг сўзини бўлди Бек ака. — Сиз Матназарнинг иккинчи хотини бўлиб ҳам юргансиз, тўғрими?

— Ҳ-ҳа.

— Исмингиз мабодо Марҳамат эмасми?

— Шундай.

Бек ака унинг бамайлихотир жавоб бераётганини кўриб бирдан тутақиб кетди:

— Сен нега тап тортмасдан менинг ҳовлимга келдинг? Шунча ишни қилиб қўйиб-а? Ҳамма ерда сени мелиса излаб юрган бўлса! Ё ўзим берворайми?

Марҳамат бошини эгганча кўз ёшларини артиб оҳиста пичирлади.

— Мен тавба қилиб келдим, Бек ака!

— Вей, ўзинг кимсан-у, тавбанг нима бўларди? Бегуноҳ бир қизчада нима ўчинг бор эди? Тўхта, наҳотки, ҳалигача сени мелиса тутиб олмаган бўлса?

— Йўқ. Менга барибир. Ушласа ушлайверсин! Аммо олдин сизга бир гапни айтиб қўймоқчиман.

— Менга қара, сенга ўхшаганларнинг сафсатасини тинглаб ўтиришга сира тобим йўқ. Ундан кўра, обрўйинг борида бу ердан жўнаб қол! Агар кайфиятим бузилса, сени хафа қилиб қўйишим мумкин. Қани, даф бўл!

— Жон ака, гапимни эшитинг! Бир оғиз гап айтаман холос…

— Уф-ф! Қанақанги сурбет хотин бу-а?! Айт тез!

— Илтимос, Матназар акага айтиб қўйсангиз, мен укаси Мардонга турмушга чиқдим!

— Нима? Сен-а? Ахир, акасига хотин бўлиб… Ё, алҳазар! Вей, сен ўзи соғмисан? Ё бир қайновинг камми? Яна бу гапни менга айтганингни-чи!.. Хушвақт!

Бек аканинг қичқириғини эшитган дарвозадаги соқчилардан бири югуриб ҳовлига кирди.

— Лаббай, Бек ака!..

— Манови хотинни кузатиб қўйинглар! Тезроқ!

— Шунчаки кузатиб қўяйликми ё?

— Ҳа, катта йўлгача олиб чиқиб қўй!

— Хўп бўлади!

Хушвақт тушунди. Катта йўл дегани шаҳардан анча чеккада. Овлоқ, атрофи жийдазорлардан иборат бир жой. У ерга гуноҳкорларнигина олиб боришади.

Шунинг учун ҳеч гап бўлмагандай Марҳаматнинг қўлтиғидан олиб ташқарига бошлади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: