Ўлимга маҳкум қилинганлар (67-қисм)

2

Шу ондаёқ ишга киришдим. Машина “эга”лари бунақа бўлишини мутлақо кутишмаган шекилли, довдираб қолишди. Биринчисининг бурни синди. Иккинчи-учинчиси ағанаб тушган заҳоти зўравонларнинг тўртинчиси машинанинг чеккароғига ўтиб, чўк тушиб йиғлаб юборди. Бунисини эса биз кутмаган эдик. Ҳайдовчи бўлса машинани тўхтатди-ю, сакраб тушиб ура қочди.

Батинков уларнинг қилиқларини кўриб қорнини ушлаганча қотиб-қотиб кула бошлади…

Шаҳаргача яна ўзимиз кетишимизга тўғри келди. Бизга машинани “инъом” қилганлар эса шу жойда қолишни “маъқул” кўришди.

Шаҳарда поездга ўтирдик. Ҳартугул йўлнинг қолган қисмида бизни безовта қиладиганлар учрамади.

Шундай қилиб, Александр Петровичнинг уйига бир ярим кун деганда етиб келдик.

Келишга келдиг-у, кўз олдимиздаги манзарани кўриб, ҳайратдан донг қотдик. Уй тамомила ёниб битган, бир уйим култепага айланган эди…

Маша ўзи неча йиллар яшаган уйнинг аҳволини кўриб, бир зум жойида ҳайкалдек қотиб турди-да, сўнг ёнига “шилқ” этиб йиқилди. Мен дарҳол унинг бошидан тутдим. Аммо Батинков қилт этмади. Култепага қараганча тураверди.

Худди нима воқеа содир бўлганлигини англаб оладигандай. Машанинг юзига авайлаб бир-икки урган эдим, у ўзига келди. Ўзига келди-ю, йиғлашга тушди.

— Мени бекорга олиб келибсиз, агар мени қутқармаганингизда, уйимиз ёниб кетмаган бўларди… Бунчалик бадбахтсизлар ҳамманг! Отажоним! Отажонимдан айрилдим-ку!..

Қизнинг таъна-дашномлари тугай демасди.

— Бас! — дея жим турган Батинков бирдан бақириб юборди. — Сенинг дастингдан ўлиб кетишимизга оз қолди-ку!

— Устоз, бунда нима айб? — дедим мен бошқа гап тополмай.

— Бунинг ўша суюкли отаси… Бандитнинг қизи-ку буям, кимларга хизмат қилаяпмиз ўзи?.. Келиб-келиб қаердаги ипирисқи, лўттибоз…

— Ўлган одамни ҳақорат қилманг! — деди Маша алам билан.

— Сен отангни ўлган деб ўйлаяпсанми? Уйи куйган бўлсаям ётгандир у қайсидир кавакда, ўйнашларининг иссиқ қўйнида!

— Балки етарлидир-а, — менинг жаҳлим чиқа бошлади. — Машада нима гуноҳ! Маша ўзи хоҳлаб унинг қизи бўлиб қолмаган-ку.

Шу гапни айтишимни биламан, Батинков жағимга шунақанги мушт туширдики, чалқанчасига қуладим. Шу пайт кўз ўнгимдан Батинковнинг буйруқдан бўйин товлаган Мекеладзени қандай ургани ўтди. Ўша пайтда унинг ҳақиқатан ҳам қаттиқ жаҳли чиққан эди. Ҳозир менинг гап қайтарганимга ҳам чидаб туролмади.

Ўрнимдан туриб ўтирдим-да, лабимдан сизиб чиққан қонни кафтим билан секин артдим.

— Кечир, — деди устозим ҳовуридан тушиб, — ўзимни ушлаб туролмадим… Мен ҳам фаришта эмасман-ку.

Унинг узатган қўлидан ушлаб ўрнимдан турдим.

— Нега урдингиз?! — деди Маша қошлари чимирилиб Батинковга нафрат билан қарар экан.

Унинг саволига устоз жавоб бермай, култепа томон кетди. Ортидан мен ҳам эргашдим.

Шу маҳал:

— Биз сизларни қидириб келдик, — деган кескин овоз келди ортимдан.

Ўгирилиб не кўз билан кўрайки, ўндан зиёд қуролланган одамлар «зорманда»ларини бизга ўқталиб турибди. Ҳаммаси ҳарбий кийимда.

— Иккаланг ҳам қўлингни орқангга қилиб ёт, ортиқча ҳаракат қилма, албатта, тирик қолишни истасанг! — деди улардан бири.

Мен Батинковга қарадим. У:

— Шу етмай турувди… — дея қўлларини орқага қилиб секин ётди.

Ноилож мен ҳам ерга чўзилдим. Бизнинг шундай қилишимизни кутиб турган ҳарбийлар, бирдан югуришиб тепамизга келишди. Кимдир қўлимга «ширқ» этказиб кишан тақиб қўйди. Бошимни бир оз кўтариб Батинковга қарадим. Унинг юзи ғазабдан қизариб кетган эди. Алам билан лабини шунчалик қаттиқ тишлагандики, оғзининг чеккасидан қон сизмоқдайди.

Чўнтакларимиз текширилганидан кейин иккаламизни ҳам ўрнимиздан турғазишди. Шу маҳал иккита қоп-қора “Мерседес” ёнгинамизга келиб тўхтади. Ҳарбийлар югуриб боришиб уларнинг орқа эшикларини очишди. Мен бирорта генерал тушса керак, деб ўйлагандим. Аммо ундай бўлиб чиқмади. Худди машинасининг рангидай қоп-қора костюм-шиму оппоқ кўйлак кийиб, қизғиш бўйинбоғ таққан, сочлари ёнига силлиқ таралган одам жилмайибгина машинадан тушиб келди. У бир оз бизнинг аҳволимизга қараб турганидан кейин бошини сарак-сарак қилди. Сўнг битта-битта қадам босиб аввал Батинковнинг ёнига бориб:

— Сендай одамни бунақа кўйга тушади, деб ҳечам ўйламаган эдим, — деди майин овозда. — Куч-қудратинг қанчалик кўп бўлмасин, бошни ишлатмаганингдан кейин ёмон-да!

— Сен итнинг қаршисида ўзим ҳам шундай ҳолда турганимдан ғазабим қўзияпти!

Батинков кескин гапирарди.

— Тушуниб турибман, — деди унинг рўпарасига келиб тўхтаган одам, — лекин энди  бурнингни  тишлашдан  бошқа иложинг йўқ… Яна хиёнатинг учун ҳам жавоб беришингга тўғри келади. Албатта, осон бўлмайди, лекин начора.

У худди мушукни эркалагандай Батинковнинг юзини силаган бўлди-да, тўсатдан шапалоқ тортиб юборди. Бунга Батинковнинг чидаб туролмаслигини билардим. Ва менинг ўйлаганим бўлмай қолмади. Устозим қўлларидан ушлаб турган йигитларга бир оз суянган бўлди-да, қаршисидаги одамнинг чотига чунонам тепдики, бечора оғриқнинг зўридан ўкириб юборди-да, орқасига қулади. Шу ондаёқ Батинков калтак ёмғирининг остида қолди. Уни ушлаб турган йигитлар аввал қорнига, белига қуроллари билан аямасдан уришди. Бечора устозим йиқилганидан кейин тепкилашга тушиб кетишди. Бу манзарани мен шунчаки томоша қилиб туролмасдим. Қўлимдан маҳкам ушлаб турганлардан бирининг тиззасига товоним билан тепдим, у энкайиб қолганидан кейин шеригини белимдан ошириб ташладим-да, икки ҳатлашда Батинковни ураётганлар ёнига етиб бордим. Аммо биттасинигина уриб йиқитишга муваффақ бўлдим. Кейин менинг ҳам бошимга Батинковнинг куни тушди.

Албатта, биз — устоз-шогирд бирлашсак, қўлимиз боғлиқ ҳолда бўлса-да, уларга бемалол бас келардик. Лекин Маша жабрланиб қолиши, ҳарбий кийимдагиларнинг биронтаси қўлидаги қуролидан ўқ узиши ва ҳамма ҳаракатларимиз зое кетиши мумкин эди.

Мени қанча вақт тепкилашганлари ёдимда йўқ. Ҳушимдан кетибман… Ўзимга келганимда эса мутлақо бошқа жойда эдим. Қўл-оёқларим занжирлаб ташланган. Бошим лўқиллаб оғрир, кўзим яхши кўрмасди. Атрофга аланглаб устозимни қидирдим. Киприкларим бир-бирига ёпишиб қолган, атрофни бемалол кўришга халал берарди. “Номардлар, — чорасизликдан аламим келарди, — ҳеч қурса юзимдаги қонни ювиб ташласанглар, бир жойларинг камайиб қолармиди?”

— Собир, — деб қолди бир маҳал Батинков, овози ёнгинамдан эшитилди.

Демакки, у ҳам мен каби осиб қўйилган.

— Эшитаман, — овозим зўрға чиқди.

Батинков илғамадими, деб ўйлагандим. Ҳартугул эшитган экан.

— Ҳаракат қилоласанми? — дея сўради у.

— Агар қўлим боғлиқ бўлмаганида бирон нимага ярардим, — дея жавоб бердим.

— Ҳозир улар келишади, иккаламизни ҳам сўроққа тутишади. Шунда балки, бировимизни бўшатишар. Ўшанда бутун кучингни ишлат.

— Хўп бўлади.

— Ана, иккитаси келаяпти.

— Мен кўрмаяпман.

— Аввал юзингни ювишларини илтимос қил. Эвазига ҳамма билганларингни айтишни ваъда бер.

Лекин келувчиларга илтимос қилишимнинг ҳожати қолмади. Бири челакни тўлдириб сув олиб келган экан. Юзимга сепиб юборди. Сув юзимдаги қонни ювиб тушганидан кейин атрофни тиниқ кўра бошладим. Бу ер илгари қандайдир заводнинг бир бўлаги бўлган бўлса ажаб эмас. Том ниҳоятда баланд. Биздан нарироқда токарлик дастгоҳи, яна қандайдир темир-терсаклар, сим тўрлар сочилиб ётар эди. Батинков билан мени ёнма-ён осишибди, қарама-қарши томонда эса Маша ҳам қўлидан осилган, унинг ҳам юзига қараб бўлмайди. Бўйни бир томонга қийшайиб қолган. Итдан тарқаганлар унинг ожизалигига ҳам қарамасдан обдон калтаклашгани шундоққина кўриб турарди. Камига худди эркакдай осиб қўйишибди, яна кийимининг олдини йиртиб ташлашибдики, оппоқ баданининг моматалоқлигини кўрган одам ич-ичидан эзилиб кетади. Бу атайлабдан, бизни кўрсин, азоблансин, деб қилинган. Агар олиб қочмаганларингда, агар отаси биз сўраган пулни майнавозчилик қилмай вақтида берганида, шундай нозик қиз бу кўйга тушмаган бўларди. Мана, биз билан ўйнашганларни нималар кутади, демоқчи бўлишган.

“Энди ўзларингдан кўринглар”, дея хаёлимдан ўтказдим ва менинг юзимга сув сепган йигитнинг яқинроғимга келишини кутдим. Бироқ у яқинлашмади, Батинковнинг ҳам бошидан бир челак сув қуйганидан кейин чиқиб кетди.

— Ҳов, галварc! — дея бақирдим унга.

— Нима? — деди у тўхтаб.

— Анави қиз ердан чиққан қўзиқорин эмас, унинг ҳам устига сув сеп, ўзига келсин.

— Тилинг даҳшат-у, а, яна бир сайра-чи, яхши эшитмай қолдим.

— Бўпти, ёнимга кел, шунақа сайрайки, булбуллар тилини тишлаб қолсин, — дедим мен кулиб.

Аммо у менинг олдимга келишга улгурмади. Бизнинг ён томонимиздаги дарвоза шақир-шуқур этиб очилди-да, Александр Петровичнинг култепа уйига келган “Мерс” кўринди. Саҳна кўриниши бошқатдан  такрорланди. Силлиқ  сочли банда бошлиғи ўша иржайишини кўз-кўз қилиб машинадан тушди. Яна Батинковнинг рўпарасида тўхтади. Менинг кулгим қистади. “Қани энди устознинг оёқлари бўш бўлса-да, худди аввалгисидай тепса”, дея хаёлимдан ўтказдим.

— Эҳ, Володя, Володя, — деди силлиқ соч бу сафар сал берироқда туриб, — нималар қилиб қўйдинг-а? Сенинг ўрнингда бўлганимда уятдан ерга кириб кетган бўлардим. Майли, буям тақдирнинг ёзиғи экан-да. Шўхлик қилмаганингда, балки рўпарама-рўпара ўтириб отамлашаётган бўлармидик. Энди ўзингга бир қара-ю, менга бир қара. Агар юзма-юз ўтирсак, мен одамларимнинг олдида обрўйимни йўқотган бўламан…

— Олиб қочма, — деди Батинков мийиғида кулиб, — сен қўрққанингдан мен билан бир жойда ўтиролмайсан. Сенинг қўлингдан номардликдан бошқа нима ҳам келарди.

— Номардлик ҳақида сен гапирмаганингда яхши бўларди. Сенга ишониб отнинг калласидан икки баравар пул ваъда қилиб, арзимаган қизчага қўриқчилик қилишни топширсам-у, сен менинг кўзимга чўп тиқиб манави тирранча билан, — дея силлиқ соч мени қўли билан кўрсатди, — йигитларимнинг дабдаласини чиқариб, қизни ўзинг олиб қочсанг. Ёки Петрович каттароқ пул ваъда қилдими? Гапир.

Батинков индамади. Мен устозимнинг нега  бундай  қилаётганига ҳайрон эдим. Ахир у силлиқ сочни бемалол гипноз қилиши, сўнгра осонлик билан қўлларини бўшатиб, бу ердагиларнинг ҳаммасини элакдан ўтказиши мумкин эди-ку, нега шундай қилмаяпти?.. “Балки, — дедим ўзимга-ўзим, — бошқа бир режаси бордир. Имконият кутаётгандир”. Аммо мен бундан бошқа иложни кўрмадим. Шу боисдан ҳам силлиқ сочнинг тўғримга келишини кута бошладим. Худди хаёлимдагини уққандай у ҳам яқинлашмасди.

— Серёга, — деди Батинков, — дунёда сенинг хоҳиш-истагингдан ҳам, менинг ваъдамдан ҳам устунроқ нарсалар кўп. Ана шундай ҳолда ҳамма нарса унут бўлади. Гапларингнинг ҳаммаси ҳақ. Лекин сен ҳеч нарсани тушунмайсан. Менинг эса тушунтиришга хоҳишим ҳам йўқ.

— Шунақа дегин, — деди Серёга деганлари киноя билан, — гапимни инкор этмайсан, айни пайтда ўзингнинг билганингдан ҳам қолмайсан. Яхши, унда ақлингни бир киритиб қўяй. Ундан кейин балки сен мени яхшилаб тушуниб оларсан.

У костюмининг ички чўнтагидан сигарета олиб лабига қистирди. Шунда югурдакларидан бири ёнига югуриб келиб гугурт чақди. Серёга ҳузур қилиб тутун ютди-да, оҳиста чиқариб, Машанинг ёнига келди ва унга бир оз термилиб туриб бошини чайқади. Сўнгра сигаретасини оёғи тагига ташлаб мойлангандек ялтираётган қоп-қора туфлиси билан яхшилаб эзғилади. Кейин аъёнларига:

— Олиб келинглар! — дея бақириб буйруқ берди.

Мен: “Наҳотки Александр Петрович ҳам уларнинг қўлида бўлса”, дея ўйладим.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Мухлислар талабига биноан асар қайта эълон қилинмоқда)

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Ўлимга маҳкум қилинганлар (1-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (2-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (3-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (4-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (5-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (6-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (7-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (8-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (9-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (10-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (11-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (12-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (13-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (14-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (15-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (16-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (17-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (18-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (19-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (20-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (21-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (22-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (23-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (24-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (25-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (26-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (27-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (28-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (29-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (30-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (31-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (32-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (33-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (34-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (35-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (36-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (37-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (38-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (39-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (40-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (41-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (42-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (43-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (44-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (45-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (46-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (47-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (48-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (49-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (50-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (51-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (52-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (53-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (54-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (55-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (56-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (57-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (58-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (59-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (60-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (61-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (62-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (63-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (64-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (65-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (66-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

2 ФИКРЛАР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here