ТАНБАЛ… (14-қисм)

0

 

* * *

Одам ўлдириб ўрганган кимсалар қўрқувни ҳис қилишмайди. Юраклари ваҳимага тушмайди. Бир туки қилт этмайди.

Бек ака Марҳаматни «кузатиб» юборгач, музлаткичдан ичкилик олиб эндигина пиёлани тўлдириб қўйгандики, дарвозада қолган иккинчи соқчи ҳовлига чопиб кирди.

— Яна нима гап? — ўтирган ерида сўради Бек ака.

— Ҳозиргина қишлоқдан қўнғироқ қилишди, — деди соқчи.

— Қайси қишлоқдан?

— Матназарнинг қишлоғидан.

— Нима бўпти?

— Матназар қамоқдан қочганмиш.

— Нима?! Қачон? — Бек ака бу хабарни кутмаганиданми, қўлидаги пиёлани бир четга қўйди-да, ўрнидан турди.

— Қачон қочибди?

— Ўтган куни. Ҳозир… сизни ўлдириш пайида юрганмиш.

— Ўлдириш пайида? Нега?

— Билмадим. Менга шундай деб айтишди. Шаҳарда эмиш ўзи ҳозир.

— Шунақа дегин?.. — Бек ака бир муддат ўйланиб турди-да, соқчига юзланди. — Тезда керакли одамларга қўнғироқ қил! Шаҳарни титкилаб бўлсаям ўша ярамасни топишсин-да, қайтадан турмага тиқишсин! Тез бўл! Вақт кетяпти…

Соқчи буйруқни эшитгани ҳамоно югурганча ташқарига чиқиб кетди…

* * *

Бу гал ҳам кайфни бузишди. Бек ака Марҳаматнинг аҳмоқона қилиқларидан энсаси қотганча паришонлик билан пиёлани қайтадан қўлига олганди. Дарвоза очилиб ўнг қўли Ҳусан бойваччанинг ярқираган «Мерседес»и ҳовлига кириб келди. Машинанинг орқа ўриндиғида қўллари арқон билан боғлаб ташланган Мардон бош эгиб ўтирарди.

Семиздан келган, калбош, лабининг пастки қисми учиб-учиб турадиган Ҳусанбойвачча машинадан тушибоқ Бек акага қучоқ очди.

— Яна нима балони бошлаб келдинг? — Мардон томонга ишора қилиб сўради Бек ака. — Анови нусха нима қилиб юрибди машинангда?

— Э, — қўл силтади Ҳусан бойвачча. — Бу ярамас бизнинг одамларни синдирибди.

— Тушунмадим?

Ҳусан бойвачча секин Бек аканинг қулоғига шивирлади:

— Наркотик бозоримизни касодга учратибди.

— Йўғ-э, шу қишлақи-я? Бўлиши мумкинмас.

— Нега ишонмайсан? Биринчи марта иш қилиши экан. Лекин абжир чиқиб қолди. Сал арзонроқ қилган экан, ҳамма молларимиз қолиб кетибди.

— Шунақами? Қани, бу ёққа олиб чиқ-чи!

Ҳусан бойвачча секин бориб Мардонни машинадан тушириб, судраклаганча Бек аканинг қаршисига олиб келди.

— Қўлларини еч! — буюрди Бек ака. — Бир салом-алик қилайлик!

Қўллари ечиб ташлангач, Мардонга яқинлашди.

— Хўш, йигит, тижоратлар қалай? — сўради Бек ака киноя аралаш. — Қанча фойда кўрдинг биринчи ишдан кейин?

Мардон лаб тишлаган кўйи унга совуқ назар ташлади.

— Ёмон эмас. Тирикчиликка етади.

— Шунақами? Зўрсан-ку! Тирикчилик қилган одам бировнинг бозорини касод қилиши керакми?

— Мен ҳеч кимга халал берганим йўқ.

— Менга қара, — Бек ака Мардоннинг ёқасидан бўғиб ўзига яқинлаштирди. — Кимлигимни билардинг-ку! Ҳозир мелисага топширворсам, нима бўлишингни биласанми?

— Менга барибир. Мелисасидан қўрққанимда бу ишни қилмасдим.

— Юрагинг жа бақувват экан. Яхши. Акангдан қолишмас экансан.

— Акамни тилга олманг, илтимос! Менинг ундай акам йўқ.

— Нега? Аканг жуда жасур йигит… Айтганча, уйланаётганмишсан, шу гап ростми?

— Рост.

— Кимга? Билсак бўладими? Балки, биргалашиб тўйингни ўтказган бўлармидик?

Бу гапни эшитган Ҳусанбойвачча эндигина кулиш учун оғиз очган эдики, Бек аканинг жаҳл аралаш қараб қўйиши уни тўхтатиб қолди.

— Мен ёрдамга муҳтож эмасман, Бек ака. Ўзим учун ўзим ҳаракат қилиб ўрганганман.

— Бу одатинг маъқул, бола! — Бек аканинг гап оҳангида энди киноя сезилмас, аксинча, қаршисида бош эгса-да, ўзини дадил тутиб турган Мардонга бошқачароқ кўз билан қарай бошлаганди. — Аканг сотқинлик қилиб қўйди. Сен унга ўхшамассан?

— Ўхшашдан Худо асрасин! — деди Мардон. — Ўшанинг касофатига қолиб бошимга не кунлар тушмади.

— Шунинг учун собиқ хотинига уйланмоқчимисан?

— Нима қипти? Ҳадеб мен қийналавераманми? Уям бир азоб чексин-да!

— Йўқ, бола, — Мардоннинг елкасига қўлини қўйди Бек ака. — Зоти пастлик қилма! Уйлансанг, тузукроқ, келишган, ёш қизлар тиқилиб ётибди. Қаёқдаги қаланғи-қасанғига уйланиш сенга ярашмайди. Хўш, нима дейсан?

— Билмадим, Бек ака, билмадим.

— Ўйлаб кўр, бу ишинг Худогаям хуш келмайди. Энди гапимни эшит. Сен бугундан бошлаб менга хизмат қиласан. Майли, ўша наркотикларни хоҳлаган нархингда сот, хоҳлаган ерингдан олиб кел! Керак бўлса, шароитниям яратиб қўямиз сенга. Аммо, эсингда бўлсин, фойданинг ярмини мана бу Ҳусан акангнинг қўлига топширасан. Агар айёрлик қилмоқчи бўлсанг, оқибатини ўзинг биласан. Мен алдаганларни, хиёнаткорларни кечирмайман. Маъқулми?

Мардон индамади.

— Сукут — аломати ризо, деганлар! — давом этди Бек ака. — Энди боравер!

— Молларимни одамларингиз олиб қўйишди, — Мардон кетишга шошилмай, Бек акага тик боқди. — Пулларим ҳам ўшаларда.

— Хавотир олма. Улушингни қайтаришади. Менинг йигитларим мард. Ҳамкасбларини ҳеч қачон хафа қилишмайди. Тўхта, акангнинг дарагини эшитмадингми мабодо?

— Йўқ, эшитишниям истамайман.

— Шунақами? Бўпти, боравер энди! Фақат эҳтиёт бўлгин! Тағин сенам акангга ўхшаб қовун тушириб юрма!

* * *

— Шу ака-укалар менга маъқул кеп турибди-да! — Пиёлаларга ичкилик қуйиш асносида Ҳусан бойваччага сўз қотди Бек ака. — Жа абжирга ўхшаяпти. Хизматга олсакмикан?

— Гапинг тўғрику-я, аммо Матназарни яхши жойга жўнатмадинг-да!

— Бекорларни айтибсан! — Ҳусан бойваччани жеркиб берди Бек ака. — Нима қилсам ўйлаб қилганман. Кўрдинг-ку, ҳали манаман дегани қочиб чиқолмаган бу турмадан қоча олди. Атайин юборгандим. Мана, ўзини ҳимоя қила оларкан.

— Айтганча, — гапни бошқа ёққа бурди Ҳусан бойвачча, — Анови ёғ заводинг жа бошни қотирди-да!

— Маллаевми? Нима қилди?

— Уч кундан бери қарзини тўламайди, хумпар.

— Сен-чи? Сен нима қилиб юрибсан менга ўнг қўл бўлиб битта қарзингни ундириб ололмасанг? Танобини тортиб қўёлмадингми?

— Шов-шув бўп кетадими, дедим-да!

— Нима қипти шов-шув бўлса? Биласан, бояги кишилар ўзимизники! Оғзини сал мойласак ҳисоб. Кўрдинг, Матназар масаласида бир оғиз илтимосимизни қайтаришмади. Ёғ заводи нима бўпти?

— Тўғри айтасан. Бироқ Маллаев ҳали бизга керак бўлади.

— Сенга, ўлдириб юбор, деётганим йўқ-ку! Танобини тортиб қўй, дедим. Нима бало, миянгга эшак қурти тушганми?

Ҳусан бойвачча кулиб юборди:

— Ўзингам топиб гапирасан-да-а? Эшак қуртимиш… Э, бир гапни айтиш тағин эсимдан чиқибди, ошна! Бугун эрталаб қизингни кўргандим.

— Маржонаними?

— Ҳа, айбга буюрмайсан-у, тунги клубдан чиқиб келаётган экан.

— Тунги клубдан?.. — Бек ака қошларини чимирди. — Қайси тунги клубдан?

— Анови… Кинотеатр ёнига қуриб қўйганимиз-чи? Ўша.

— Ҳа-а, қизимни сира тийиб ололмаяпман. Ойиси ўлгандан кейин бутунлай ўзбошимча бўп кетди. Нима қилишга ҳайронман.

— Биласанми, сен уйланишинг керак. Қизингга она керак.

— Шу гапингни ўн йилдан бери қайтарасан. Қанақа уйланиш? Қанақа она? Бегона аёл она бўлармиди? Қўй, шу гапларни гапирма! Ундан кўра, қулоқ сол, анови Хушвақтинг кейинги вақтларда негадир кўнглимга ёқмайроқ турибди-да!

— Биламан. Лекин… Нега унда яна иш буюрдинг? Ўйлайсанки, айтганингдай қилиб бажарадими ўша ишни?

— Бажармайди. Буни ўзим ҳам яхши биламан. Фақат… Марҳаматни ҳозирча ўлдириш ниятим йўқ эди. Уям керак бизга. Шунинг учун атайин Хушвақтни жўнатдим. Нафсини қондиради-ю, қўйиб юборади.

— Хўш, кейин-чи?

— Кечқурун унга жавоб бериб юбор! Жавоб бергандаям, уруғ-аймоғига ибрат бўладиган қилиб жавоб бер! Итдан тарқаган… анчадан бери Маржонанинг орқасидан илакишиб юрганмиш…

— Шунақа дегин? Вой, кўрнамак-ей!

— Менга қолса… Бўпти, қисқаси, менинг айтганларимни қил! Ўрнига Мардонни оламиз. Шу боладан иш чиқадиганга ўхшаб турибди.

— Аввал синаб кўриш керак!

— Синайсан. Шундай синагинки, акасиникидан кам бўлмасин!

— Хўп, унда менга рухсат! Ёғ заводига бормасам бўлмайди.

— Ўша тарафга юрсанг, Маржонага қўнғироқ қилиб қўй. Олдимга тез кеп кетсин!

— Бўпти.

Ҳусан бойвачча жўнаб кетгач, Бек ака кийимларини алмаштириш ниятида ётоғига йўл олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: