ТАНБАЛ… (15-қисм)

0

 

* * *

Бек акадек одамга бас келиш осон эмаслигини Матназар яна бир карра англаб етди. Ҳали қотил ёллаш тугул бундай одамни топиб улгурмай, уни қўлга олишди ва қайтадан турмага тиқишди…

Хайрият, бу гал уни карцерга қамашмади. Ҳатто, турма бошлиғи шахсан кабинетига чорлаб қўл бериб кўришди, ҳол-аҳвол сўради.

— Мен сенга тан бердим, — деди у. — Шунча йил ишлаб сендақасини кўрмагандим. Ақлингга, иродангга балли! Энди сени қўйиб юбориш йўқ. Умрингнинг охиригача шу ерда, кўз ўнгимизда бўласан. Сенсиз зерикиб қоламиз, ахир!

Бу гаплардан тушундики, Матназарни турма ички қонунларига кўра, бир умрлик қамоқ жазосига мубтало этишган.

Тақдирга тан берди. Юрагининг бир четида эса, барибир бир кунмас бир кун икки соатга бўлса-да, қочиб чиқиб Бек акадан ўч олиш нияти ҳамон учқунлаб турарди…

— Қани, сафлан! — паканагина майор қўлида чарм таёғини ўйнатганча нонуштадан сўнг эндигина чекишга чоғланган маҳбусларга буюрди. — Тез бўл, итдан тарқаганлар! Қани, ҳой, эшаксифат, бўлмайсанми тез!

Матназар бу гап ўзига қаратилганини билиб муштларини тугди. Қўйиб беришса-ю, ҳақорат қилгани учун бу паканани бўғизлаб ташласа! Афсуски, қўл теккизишга улгурмай, ер билан битта қилиб ташлашади. Шу сабабли индамай сафга турди.

— Бугундан эътиборан тартиб янада кучаяди, — деди майор таёғини ўйнатган кўйи Матназарнинг рўпарасига келиб тўхтаб. — Бу гапни манови эшаксифатга ўхшаган қочоқлар икки қулоғи билан эшитиб олсин! Ҳар бир хато учун ўн даррадан жазо берилади. Бу кўпроқ манови эшаксифатга тегишли…

Сафда турган маҳбусларнинг баъзилари кулди, баъзилари қовоқлари уйилиб майорга совуқ қараб қўйди.

— Сўзимни исботлаш учун мановини жазолайман, — деди майор. — Сафдан чиқ! Мен сенга ўргатиб қўяман, қандай қилиб қочишни!

Матназар итоат билан олдинга чиқди.

— Мана, кўриб қўйинглар!.. — барчага эълон қилди майор. — Аввал бошда айтган гапимни ҳозир исботлайман!

Майор гапини тугатиб улгурмай, қўлидаги таёқ билан Матназарни калтаклай кетди.

Чамаси, бешинчи зарба берилганди.

Тоқати етмади. Матназар оғриқ жон-жонидан ўтиб, кўзларига ҳеч нарса кўринмай жонҳолатда майорга ташланди.

— Ҳозир… Кўрсатиб қўяман! Сўкишниям, уришниям!

Бўйи анча пакана эмасми, майор кутилмаган ҳамладан эсанкираб қолди. Баланд бўйли, ҳар мушти гурзидек келадиган Матназарнинг остида типирчилаганча жонини қутқаришга интилар, маҳбуслар эса, қарсак чалиб икковини олқишлашарди…

Сафнинг нариги бошида турган соқчилар тезда етиб келиб Матназарни силтаб турғазишди ва аёвсиз савалай кетишди…

* * *

Маржонанинг кўриниши бошқа қизларникига ўхшамасди. Ўрта бўйли, қомати янги либослар намойиш этадиган модел қизларники каби бежирим, тирсиллаган сийналари ҳар қандай йигитнинг кўзини ўйнатарди. Фикру хаёли ўзига оро бериш ва қаерлардадир сайр қилиш. У ҳам «замонавий» қизларга ўхшаб зарарли одатлардан мосуво эмасди.

Буларнинг ҳаммасига Маржонани Хушвақт ўргатганди. Хуфёна учрашувлар, келишган, бўйдор, камсуқум йигитнинг эркалашлари, тотли бўсаларига ҳар дақиқада муштоқ, зор бўлиб яшар, кейинги пайтларда камнамо бўлиб қолиши шу лаҳзаларда унга жуда алам қилаётганди…

Отасининг йўқлатганини эшитиб ҳануз дили хуфтон Маржона эрта тонгда уйғониб эндигина кийинишга тутинганди.

Шу куни чўмилишга бормоқчи ва бироз бўлса-да, кайфиятини кўтариб келмоқчи бўлиб турганди.

Кутилмаганда эшик қўнғироғи кетма-кет жиринглади.

— Уф-ф, каллаи саҳарлаб ким келдийкин тағин? — Маржона ўзича ғудраниб ташқари эшикни очди.

Қаршисида Хушвақт кулимсираб турарди.

— Ҳм-м, намунча? Қаёқдан кун чиқди? — зарда аралаш сўради Маржона лабларини буриб. — Келардингиз, ўлганимдан кейин!

— Кечир, отангнинг хизматидан сира бўшай олмадим! — деди Хушвақт подъездга яна бир карра ўғринча назар ташлаб. — Биласан-ку, сенинг олдингга Бек ака қаергадир кетган пайтлардагина кела оламан.

— Бўпти, киринг! Мени пляжга ташлаб қўясиз!

— Пляжда нима қиласан?

— Нима қилардим? Чўмиламан.

— Бир ўзинг-а?

— Нима қипти? Мени ит ермиди?

Хушвақт эшикни ичкаридан тамбалади-да, жавоб ўрнига Маржонани маҳкам бағрига босди.

— Бугун ҳеч қаерга бормайсан, жоним! Сени жудаям соғинганман! Тоқатим тоқ бўлди шу кунни кутавериб!

— Нима бўпти? Қўйворинг, сочим бузилиб кетади! Э, қўйворинг!

— Қўйвориб бўпман! — ҳарсиллаганча қизни ўпа кетди Хушвақт. — Шунча чидаб келдим. Бугун фақат иккаламиз бўламиз бу уйда! Ҳеч ким халал бера олмайди! Кела қол, ўзим сени…

Маржона қайноқ бўсалардан эриб кетганиданми, ортиқча қаршилик кўрсатиб ўтирмади. Хушвақт уни даст кўтариб, ётоқхонага олиб кирди ва каравотга ташлаб шоша-пиша ўзи ечина бошлади…

Аксига олгандек шу тобда эшик қўнғироғи безовта жиринглади.

Қўрқиб кетган Хушвақт ечган кийимларини қайтадан эгнига илиб рўпарадаги шкафга беркинди…

— Ҳа, қизим, нега менинг олдимга бормадинг? — Маржона эшикни очган заҳоти рўпарасида Бек акани кўриб ичидан зил кетди. Жавоб қилишни ҳам, қилмасликни ҳам билмай, лол бўлиб қолди.

— Нега индамайсан? — сўрашда давом этди Бек ака синчковлик билан уй ичини кўздан кечираркан. — Нега рангинг оқариб кетди?

— Й-йўқ… Оқаргани йўқ… — ўғринча ётоқхонасига кўз ташлаб зўрға жавоб қилди Маржона. — Бошим оғрияпти…

— Шунақами? Майли, тунги клубга борганингни қўйиб турайлик… Бир саволимга жавоб бер! Мабодо Хушвақт келмадими?

— Хушвақт? — беихтиёр бошини кўтариб отасига қўрқинч аралаш боқди Маржона. — Й-йўқ…

— Қизиқ. Мен шунча изладим, йўқ. Йигитлар негадир шу томонларга қараб юрганини айтишганди…

— Билмасам… Бу ерда у нима қилади?

— Яхши, — деди Бек ака қовоғини уйиб. — Келмаган бўлса, келмагандир. Бироқ ўшанга айтиб қўй, мен уни дала ҳовлида кутаман!

Маржона индамади. Биларди. Отаси ҳаммасидан хабар топган. Энди Хушвақтнинг ҳолига вой. Барибир жазо топади. Нима қилсин? Уни қандай қилиб жазодан қутқарсин?

Отасини кузатиб орқага қайтгач, чопқиллаганча ётоққа кириб шкафни очди.

— Мен ҳаммасини эшитдим, — Хушвақт бошини чангаллаган кўйи йўлакка чиқиб қўлига портфелини олди. — Майли, сен хавотир олма. Пешанага ёзилганини кўраверамиз.

— Йўқ, — деди Маржона унинг йўлини тўсиб. — Улар сизни ўлдириб юборишади. Мен бунга йўл қўя олмайман!

— Хўш, нима қил дейсан унда?

— Қочиб кетамиз. Узоқ-узоқларга.

— Жинни бўлганмисан? — қўл силтаб қўйди Хушвақт. — Отангни билмайсанми? Бизни ернинг тагидан бўлсаям топади-ку!

— Майли, топгунча ҳаракат қиламиз. Мен сизни уларнинг қўлига топшириб қўймайман.

— Бўпти, унда нарсаларингни ол! Қочиш бўлса қочиш-да! Кетдик!

* * *

Ориятни унутган Мардонни шу лаҳзаларда акасининг аччиқ қисмати мутлақо қизиқтирмас, қалбида жигарчилик ҳислари буткул сўнгандек эди. У ҳамон Марҳаматнинг атрофида гирдикапалак. Маҳалла-кўйнинг гап-сўзларига ҳам бепарво ўзича тўй ҳаракатини бошлаб юборганди. Фақат… Марҳаматни уй ичига яширган. Милисалар қидираётганини билгани сабабли ўта эҳтиёткорлик билан иш тутарди…

Мардоннинг уйда Марҳаматни беркитиб ўтирганини қишлоқдагилар билишмасди, чоғи. Мана, соат кечки тўққизга бонг урибди ҳамки, тинчлик. Ботир дўкондорнинг ҳовлида куймаланишини, ўчоқ бошида туриб олганча кетма-кет ичкилик ичиб шивир-шивир қилиб бўлғуси куёвни табриклашларини айтмаса, бу хонадонда хотиржамлик ҳукмрон эди…

Орадан ярим соатча ўтиб дарвоза олдига машина келиб тўхтагандай бўлди-ю, Мардон Ботир дўкондорга яширинишни қўли билан ишора қилиб ўзи ташқарига йўл олди.

Бек ака экан.

— Ў, тайёргарлик зўр-ку!.. — хохолаб кулганча Мардонни бағрига босди у. — Барибир айтганингдан қолмабсан-да-а, бола?!

— Ҳа, энди… Кўнгил кетди-да, ака! — айбдорона бош эгди Мардон.

— Акангнинг юзига оёқ қўйиб бекор қилдинг! Бунинг оқибати яхши бўлмайди.

— Илтимос, акамдан гап очманг, ака! — деди Мардон қовоғини уйиб. — Менинг ундай акам йўқ.

— Бекорларни айтибсан. Энди сенам, акангам менинг хизматимда бўласанлар. Қаршилик қип кўр-чи! Мен бекорга ортингдан ҳалаканинг итидай чопиб юрганим йўқ. Агар мени заррача ҳурмат қилсанг, аканг турмадан қайтганидан сўнг оёқларига бош уриб кечирим сўрайсан. Ҳозир эса анови фоҳишани тезда даф қил! Акс ҳолда ўзим киришаман… Ундайларни-чи, хунасаларгина хотин қилади. Албатта… Бу гапнинг акангга алоқаси йўқ… У адашган… Адашган…

— Нега энди кечирим сўрашим керак?

— Унга қанча хиёнатлар қилдинг? Бу ишларингни Худоям кечирмайди, бола!

— Кўнглим… совиб кетган-да, ака! — деди Мардон дарвоза томонга ҳиссиз нигоҳ ташлаб. — У мени ташлаб кетган, ахир!

— Кўнгилни иситиш қийин иш эмас. Шуни билгинки, аканг — ўз ишининг устаси. Ҳақиқий профессионал! Бундайларни ҳурмат қилиш, қадрлаш керак. Агар унинг ўрнида сен бўлсанг, аллақачон ўлиб кетардинг. Шундай экан, фурсат борида ундан баъзи нарсаларни ўрганиб қол, хизматида бўл!

— Хўп бўлади!

— Мана бу бошқа гап. Қани, энди юр, мени кузатиб қўй!

— Ие, ош бўляпти… Ўтирмайсизми?

— Бу ошингни итларга ташла! Мен фоҳишаларга аталган ошга қараб ҳам қўймайман. Ошнинг ҳақиқийсини аканг қайтганидан кейин меникида еймиз. Юр!

Мардон даҳлиз томон бир қур назар ташлаб олди-да, Бек аканинг ортидан эргашди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here