Янги йилда фош бўлган уч қиёфа

0

Соҳиб даҳшатли тушдан уйғониб кетди-да, базўр нафас олиб, ўрнидан турди. Бориб, чироқни ёқди. Кимсасизликдан зах ва нам ҳиди ўрнашиб кетган уйи кўзига аждаҳонинг катта очилган оғзидек кўринди. Ҳар куни кечки пайт бу аждар уни ютиб юборади-ю, тонгда қайтариб чиқарадигандек. Соҳиб сув ичиш учун ҳали ошхонага етмасдан шу ҳақда ўйлади. Сўнг ҳозир кўрган тушини эслашга уринди. Лекин ҳеч нарса ёдига келмади. Фақат қўрқув билан уйғониб кетгани ёдида эди, холос. «Бундай тушнинг дарров ёддан чиққани яхши», деб ўзига таскин берди. Сўнг деворга осиғлиқ соатга қаради. Соатнинг кичик мили бирни, каттаси эса бешни кўрсатиб турарди. Соҳиб қултиллатиб сув ичиб, ётоғига қайтаркан, негадир девордаги соатга ажабланиб боқди. Сўнг қўл телефонини топиб,  экранига қаради. Телефондаги рақамлар 5:30 ни кўрсатиб турарди. Демак, тонг яқин. Шундагина Соҳиб деворсоат аллақачон ишламай қолганини пайқади. Аммо охирги марта қачон ўша соатга қараганини эслай олмади. Соатнинг қачон тўхтаб қолгани ҳақидаги ўйлар ўз-ўзидан хотинининг хотираларига боғланиб кетди. Соҳиб бармоқлари билан кунларни, ҳафталарни ҳисоблаб, Дилбарнинг аразлаб кетганига бир ой бўлганини билди.

«Ёлғизликда вақт секин ўтаркан-да!» Бу ўй Соҳибнинг юрагини ойна парчасидай тилиб ўтди. Дарди янгиланди. Уйда ёлғиз ўзи нима қиларини билмай, телевизорни ёқди. Тинимсиз канал алмаштириб, қизиқарли бирор-бир кўрсатув ҳам топа олмади. Кейин дераза пардасини тортиб, ташқарига термилди. Кўзига кўпқаватли уй ёнида безатилган арча чироқлари кўринди. У арчани тепадан томоша қиларкан, ўтган йили Янги йилни Дилбар иккиси кутиб олгани ёдига тушди. Ўшанда Дилбар ота-онасининг уйига боришни, байрамни кўпчилик билан кутиб олиш завқли эканини айтиб, қанча ялинганди. Лекин Соҳиб уни-буни баҳона қилиб, на узоқда яшайдиган ота уйига ва на яқинроқдаги қайнотасиникига меҳмонга боришга рози бўлмаганди. Бу йил эса… Дарвоқе, бу йил ўзи истаса ҳам байрамда ҳеч қаерга кетолмайди. Бир кун аввал ишда навбатчи. Эртасига тонгда ишдан чиқиб, йўл юргани билан манзилга вақтида етиб боролмайди. Йўл олис. Навбатчиликни алмашишга ҳеч бир ҳамкасби рози бўлмади…

* * *

Соҳиб йўлда кетаётиб, бугун  Янги йил киришини эслади. Бир кўнгли кўча айланишни ўйлади. Лекин одам гавжум хиёбонларда ёлғиз юриш ёқмай, уйига жўнади. Эркак уйига қай аҳволда, қандай бориб қолганини эслай олмади. Аммо куни билан ухлаб, кеч тушганда яна ўша даҳшатда уйғонди. Ошхонага ўтиб, сув ичди. Девордаги соатга қаради. Тағин кеча, эҳтимолки, ундан ҳам аввал соат тўхтаб қолгани ёдига тушди. Яна Дилбарни ва бугун байрам эканини, сал бўлмаса, Янги йилни уйқуда ўтказиб юборишини эслаб, аламдан додлаб юборди. Энди Соҳиб бу уйда ортиқ қололмасди. Эркак уст-бошини алмаштириб, кўчага чиқишдан аввал ойнага қаради. Қисиқ кўзи, қирра бурни, маъносиз қараб турган кўзи ва оқ оралаган сочига диққат билан разм солди. Сўнг бу даҳшатли аждаҳо оғзидан қутулиш учун эшикни ташқаридан шарақлатиб ёпди. Шу пайт унга кимдир салом берди. Соҳиб ортига ўгирилиб қарамасдан, салом берган киши ён қўшниси эканини фаҳмлади ва кайфияти бузилди.

Бу одам ўта айёр ва бировни кўролмайдиган кимса. Қўшнилар орасида уришмаган, тортишмаган одами қолмаган. Ҳамма бу кимсани ёмон кўради ва ҳатто у билан саломлашишни ҳам исташмайди. Унинг бадқовоқ ва сержаҳллигидан болалар ҳам юрак олдириб қўйган. Соҳиб ҳозир уйдан чиқибоқ, шу кимсага дуч келганидан афсусланди.

— Ассалому алайкум! Қўшни, яхшимисиз? Байрамлар билан! Кўринмайсиз?

Қўшни эркак шумликни ўйлагандай айёрона гап қотди. Соҳиб алик олиб, қўшниси томон қаради ва кўзига ишонмай, серрайиб қолди. Унинг аҳволини кўрган қўшниси негадир совуқ илжайди ва:

— Тинчликми? — деб сўради.

Соҳиб қаршисида қўшниси эмас, ўз қиёфадоши турганини кўрган ва қўрқувдан ҳамон ўзига келолмаётганди. Соҳибнинг нега бундай туриб қолганига тушунмаган қўшниси нималардир деб уйга кириб кетди. Соҳиб эса анча вақт ўтиб, ўзига келди. «Наҳотки у мен бўлсам?!» деди Соҳиб қўшнисининг уйига ишора қилиб. Дарҳақиқат, қўшниси қуйиб қўйгандек ўзи эди. Гўё боя ойнадаги акси ортидан чиқиб, қўшнисининг овозида Соҳибга салом бергандай. «Лекин нега айнан унинг қиёфасида?»

Соҳиб бу тилсимга ақли етмай, еттинчи қаватдан тушгунча лифтдаги ойнага термилиб, ҳозир кўрган қўшниси ўзига нақадар ўхшашлигига яна бир марта амин бўлди. Лекин у ростдан ҳам қўшниси эдими ёки ўз акси? Соҳиб буни ажрата олмади.

Соҳиб кўчага чиқиб, байрам нафасини ҳис қилди. Атрофдагилар қувнаб, ҳамма бир-бирини табриклаб, хуш кайфиятда юрарди. Фақат Соҳиб жим ва мустар. У одамларни кузатаркан, негадир йўлидан чиққанлар орасида эркаклар йўқлигини пайқаб қолди. Гўёки кўчага фақат аёллар ва болалар чиққандек эди. Соҳиб ясатилган арча ёнидан ўтиб, нариги томондаги хиёбон томон юрди. Хиёбонгача ўн дақиқалик йўл. Йўл бўйи яна Дилбарни эслади ва: «Ўзидан кўрсин, сал нарсага аразлаб кетаверадими аёл дегани?! Яна ялиниб келади, деб ўйлаётгандир? Йўқ, бу сафар бормайман! Ўзи келсин! Онам ҳам қизиқ, ҳар куни қўнғироқ қилиб «Бор», дейишдан чарчамайди», деб ўйлади. Сўнг онасига: «Келинингизни олиб келишга бордим, ўзи рози бўлмади», дея ёлғон гапиргани ёдига тушди. «Онамни бекор алдадим!..» Соҳиб шу ўй билан кетаётганди, онаси билан кетаётган болакай унга салом бериб:

— Соҳиб амаки, Дилбар келинойим қани? — дея сўради.

Соҳиб болани овозидан таниди ва ёнидагилар билан сўрашди. Байрам билан табриклади. Қўшни аёл ўғлининг ноўрин берган саволидан уялиб, ерга қаради. Соҳиб эса қўшнилар орасида ёлғончилиги ва безорилиги билан номи чиққан Бекзодга кўришиш учун қўл узатди. Бекзод кулиб, Соҳибга қараркан, қўшнисини ҳам байрам билан табриклади. Шундагина Соҳиб кўча чироғининг хира ёғдусида рўпарасида турган болакай ўз қиёфадоши эканини билиб қолди. Энди Соҳиб даҳшатдан ўкириб юборишига оз қолди. Эркакнинг ранги докадек оқариб, Бекзоднинг қўлини маҳкам тутиб турар, юз-кўзидан ақлини йўқотиб қўйгани кундек равшан эди. Буни кўрган қўшни аёл ташвишланиб қолди ва:

— Тинчликми, қўшни? Тобингиз йўқми? Тез ёрдам чақирайми? — деди.

Аёл бу саволни учинчи марта такрорлаганида Соҳиб ўзига келди ва:

— Йўқ-йўқ! Раҳмат! — деганча олд-ортига қарамай жўнаб қолди.

Соҳиб энди ўзини ақлдан озиб қолган деб ўйлай бошлади. «Ҳаммасига ёлғизлик ва адоқсиз ўйлар сабаб. Уй куни билан кимсасиз бўлади. Навбатчилигимда тунда ҳам чироқ ёнмайди. Кейин ажина-жинлар ўзига макон қилади-да! Мана шунинг оқибатида кўзимга ҳар бало кўриняпти!.. Ҳаммасига Дилбар айбдор! Эй, шошма, эҳтимол, у мени жодулагандир?! Йўқ, Бундай бўлиши мумкин эмас!..»

Соҳиб шу каби ўйлар билан бораркан, йўлда нимагадир туртилиб кетди.

— Ҳой, ўғлим, кўзингга қараб юрсанг бўлмайдими? — кекса отахоннинг товуши титраб чиқди.

Соҳиб пойида елим халтача ва пуллар сочилиб ётганини кўрди. Бу доим шу ерда тиланчилик қилиб ўтирадиган чолнинг нарсалари эди. Соҳиб хаёл билан чолни кўрмай, унинг нарсаларини тепиб, сочиб ўтганини билди. Шоша-пиша пулларни йиғиб, елим халтачага жойларкан, хаёлидан: «Кечаси бу чол нима қилиб юрибди? Ёки байрам бўлгани учун чиқдимикин? Одам кўп, тушум ҳам шунга яраша бўлади, деб», деган ўй ўтди. Шу хаёл билан нарсаларни йиғиб, чолга узатаркан, ундан узр сўради. Чол эса нимадир дея минғирлади ва Соҳибга:

— Бор-бор, — деди қўлини силтаб.

Соҳиб ғира-шира ёруғда чолга синчиклаб қаради. Бетартиб соч-соқоли орасида ажин босган юзи ва сўниқ кўзлар… Бу чол ҳам Соҳибнинг ўзгинаси эди. Эркак энди ростакамига қўрқувдан додлаб юборди. Сўнг олд-ортига қарамай, уйи томон югурди. У лифтнинг келишини ҳам кутмай, зинадан еттинчи қаватга кўтарилди. Негадир уйидан нажот излаб, эшикни очди-ю, ўзини ичкарига урди ва совуқ сувга юзини чайди. Сўнг кимсасиз уйда гир айланиб, у ёқдан-бу ёққа юриб, бироз ўзига келди ва ҳозиргина кўрганлари даҳшатли туш эканига ишонмоқчи бўлди. «Йўқ, улар менга ўхшамайди, шунчаки адашдим», деди ва буни исботламоқчи бўлгандек каттакон ойнага қаради. Соҳиб кўринмас одамга айланиб қолгандек ойнада акси кўринмади. Эркак ўша-ўша қўрқув билан, аввал юзини, сўнг ойнани ушлаб кўрди. Ҳаммаси жойида, фақат ойнадаги акси, сояси аллақаергадир ғойиб бўлганди. Соҳиб анча вақтгача жойида серрайиб қолди. Ниҳоят, бу тилсимнинг сирини топгандек бўлди. У анави болакай — Бекзод каби ёлғончи, ён қўшнисидай бадқовоқ, сержаҳл бўлгани ва фақат ўзини ўйлагани учун йўлдаги чолдек ёлғизланиб, ўтиб-қайтаётганлар қўлига қарам эканини пайқади.

Ҳа, уларнинг учаласи ҳам турфа кўринишдаги Соҳиб эди. Бу сирни англаган Соҳиб ўша сояларини нафақат бошқалар, балки ўзи ҳам ёмон кўришини ҳис қилди. Тағин ўша соялар қайтиб, вужудига жойлашиб олишидан чўчиб, уй эшигини маҳкамлаб олди…

Қувончбек
ХУДОЙШУКУР

Ҳордиқ газетасидан олинди

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: