Пардозсиз ҳам гўзал бўлиш сирлари

0

Биз ҳар куни пардоз қилишга одатланганмиз. Аммо кундалик пардозлар туфайли  теримиз яхши нафас ололмайди. Натижада унда турли муаммолар — ҳуснбузар ва ажинлар юзага кела бошлайди. Шу сабаб кўпчилик қизлар кўчага пардозсиз чиқолмай қолади. Қуйида келтирилган  усуллар эса пардозсиз ҳам яхши кўринишга ёрдам беради.

Чиройли ва тоза юз териси

Кўп ҳолларда пардоздан  юздаги нуқсонларни яшириш мақсадида ҳам фойдаланамиз. Пардоз билан ҳам, пардозсиз ҳам чиройли кўринишни истасангиз, энг аввало, юз терисининг саломатлиги ҳақида қайғуришингиз даркор. Бунда асосий эътибор тўғри овқатланишга қаратилиши лозим. Шу боис овқатланиш рационидан зарарли маҳсулотларни ҳамда спиртли ичимликларни олиб ташлаш ва номаъқул одатлар (юзни буриштириш, қашиш, қўл билан ҳадеб юзни ушлаш) ни йўқотиш талаб этилади. Кунига 1,5-2 литр сув ичишни унутмаслик  керак. Бундан ташқари, юз терисини озиқлантирувчи ва намлантирувчи кремлар билан сийлаб туриш ҳам жуда муҳим.

Қошлар — кўзлар  гардиши

Чиройли қош-кўзларни ажойиб рамкага солинган суратга ўхшатиш мумкин.  Табиий чиройли қошлар пардозсиз ҳам чиройли кўринишга ёрдам беради. Ҳозирда қорамтир ва қалин қошлар урфда. Қошларни ингичка териб олишга ошиқманг. Бундан ташқари, қош қанча ингичка терилган бўлса, одам шунча  ±ши каттароқ кўринади.

Яхши уйқу

Яхши уйқу нафақат саломатлик ва тетиклик, балки гўзалликнинг ҳам гарови. Агар уйқуга тўймаган бўлсангиз, пардозсиз кўчага чиқиш ноқулайлик туғдиради.   Тўйиб ухлаб олган вақтингизда юзингиздан нур таралиб туриши шубҳасиз. Ана ўшанда кўчага пардозсиз чиқишингиз мумкин бўлади.

Лаблар парвариши

Лаблар  юзимизнинг энг муҳим қисмларидан биридир. Аммо кўпчилик  лабларни парваришлашни унутади. Шу боис лабларга эътибор бериш ва улар учун махсус косметик воситалардан ёки уй шароитида тайёрланган  ниқоблардан фойдаланган маъқул.

Кўзлар ва киприклар

Киприклар ҳам парваришга муҳтож. Канакунжут мойи эса уларнинг қалинроқ ва узунроқ бўлишига ёрдам беради. Шу боис ҳар куни киприкларга канакунжут мойидан суртишга одатлансангиз, тез орада уларнинг узунлашганини кўрасиз.

«Ҳордиқ плюс» газетасидан

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here