Қандли диабет – ёшариб бораётган касаллик

0

Қандли диабет касаллиги ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Афсуски, бу касаллик бугунги кунда ёшлар ва ўсмирлар орасида ҳам  учрамоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бунга нотўғри танланган турмуш тарзи ва овқатланиш рациони сабаб бўлар экан. Ушбу хасталик ҳақида батафсил маълумотни Тошкент тиббиёт академияси Йирингли жарроҳлик ва қандли диабетнинг жарроҳлик асоратлари маркази эндокринологи Шаҳноза САПАЕВА бериб ўтади.

КАСАЛЛИК ҲАҚИДА

— Қандли диабет ошқозон ости бези ишлаб чиқарадиган инсулин гормонининг абсолют ёки нисбий етишмовчилиги, шунингдек, атрофдаги тўқималарнинг инсулинга бўлган сезгирлигининг пасайиши натижасида келиб чиқадиган касалликдир. Шунингдек, қандли диабет қондаги қанд миқдорининг доимий равишда, яъни сурункали ошиб юриши билан характерланади.

Касалликнинг умумий белгилари қуйидагилардан иборат:

чанқаш;

оғизнинг тез-тез қуриб қолиши;

тез-тез пешоб чиқариш;

ҳолсизлик, чарчоқ, мадорсизлик;

асабийлик;

тана вазнининг камайиши (1-турда);

кўнгил айниши (баъзан қайт қилиш);

пешобда ацетоннинг пайдо бўлиши (қондаги қанд миқдори 10 миллимол литрдан ошганда пайдо бўлади);

кўриш қобилиятининг кескин пасайиши.

ТУРЛАРИ

Қандли диабетнинг турлари кўп, лекин аҳоли орасида 1-тур ва 2-тури кўп тарқалган. 1-тур, асосан, чақалоқларда, ўсмирларда учрайди. У ошқозон ости бези ишлаб чиқарадиган инсулин гормонининг етишмовчилиги натижасида юзага келади. 1-турнинг юзага келишига болаликда бошдан ўтказилган бир неча вирусли касалликлар (грипп, тепки, қизамиқ, қизилча) сабаб бўлиши мумкин. 2-тур қандли диабет, асосан, катта ёшдаги инсонларда учрайди. У ошқозон ости бези ишлаб чиқарадиган инсулин гормонининг нисбий етишмовчилиги оқибатида келиб чиқади.

ҚАНДЛИ ДИАБЕТДАН БУТУНЛАЙ ХАЛОС БЎЛСА БЎЛАДИМИ?

Афсуски, касалликни бутунлай даволашнинг иложи йўқ. Аммо мунтазам парҳез қилиб борилса, ушбу дард кўп йиллар безовта қилмаслиги мумкин. Организмдаги қон миқдорини доимий назорат қилиш ва инсулин олиб бориш зарур. Вояга етгунга қадар инсон организмдаги қандли диабет касаллиги кўз, буйрак, юрак, жигар, оёқ, нафас йўллари кабиларга салбий таъсир қилмаган бўлса, бундай беморлар бошқалар каби оила қуришлари, фарзандли бўлишлари мумкин. Фақат ҳомиладор бўлиш, туғруқ жараёнлари эндокринолог ҳамда гинекологнинг қатъий назорати асосида ўтиши лозим бўлади.

ФАКТЛАР

Ҳар 10 дақиқада 2 та инсон шу касаллик билан касалланади, 1 та бемор вафот этади.

Ҳар куни 200 нафар бола қандли диабет билан касалланади.

Ҳар йили 4 млн қандли диабет бемор қандли диабет туфайли ҳалок бўлади (худди ОИТС ва гепатит каби), 1 млн дан ортиқ ампутациялар ўтказилади, 700 минг бемор кўриш қобилиятини йўқотади, 500 минг қандли диабет бемор гемодиализга эҳтиёж сезади.

Касалликнинг ирсий ёки орттирилган, шунингдек, инсулинга боғлиқ (1-тури) ва инсулинга боғлиқ бўлмаган (2-тури) тури фарқланади.

Диабетнинг 1-тури кўпинча ўсмирлик ёшида учрайди. Бунда бемор организмида меъда ости бези ҳужайралари инсулин ишлаб чиқара олмайди ва уларни даволашда қанд миқдорини пасайтириш мақсадида инсулин препаратлари қўлланади.

Қандли диабетнинг 2-турида меъда ости бези оролча ҳужайраларида инсулин ишлаб чиқариш сақланиб қолади, бунда қон таркибидаги инсулин миқдори меъёрида ёки ундан сал юқорироқ бўлади.

Бироқ тўқималарнинг инсулинга нисбатан сезгирлиги кескин пасайиши туфайли тўқималар томонидан глюкозани ўзлаштириш ҳамда фойдаланиш камаяди ва у қон таркибида тўпланиб қолади, натижада қонда қанд кўпайиб, сийдик билан чиқиб туради, бемор жуда семириб кетади. Диабетнинг бу тури билан, асосан, ўрта ва кекса ёшдагилар касалланадилар. Касаллик аста-секин, зимдан ривожланади, бошланишда оғиз қуриши, чанқаш, озиш каби аломатлар яққол билинмайди. Беморни кўпроқ ҳолсизлик, толиқиш, ташналик безовта қилади. Қон таркибидаги глюкоза миқдори юқори бўлишига қарамай, диабетнинг 2-турида қон таркибида ацетон моддасининг ортиши ва унинг сийдикда пайдо бўлиши жуда кам кузатилади. Бундай беморлар инсулин қабул қилмай яшашлари мумкин. Уларга парҳез, жисмоний машқлар билан шуғулланиш, қанд миқдорини камайтирувчи дорилар қабул қилиш яхши наф беради.

Бу барча аъзоларнинг (тери, мускуллар, нерв ва ҳ. к.) капиллярларини шикастлайди. Диабетга хос микроангиопатиялар буйрак, кўз, оёқ ва бошқа аъзоларда кўпроқ ва эртароқ кузатилади.

ДАВОЛАШ

Қандли диабетнинг ҳар иккала турида ҳам даволашдан асосий мақсад иложи борича қондаги қанд миқдорини соғлом кишилардаги кўрсаткичга яқинлаштириш, яъни компенсация ҳолатига эришишдир. Қондаги қанд миқдорини меъёрида сақлаб туришнинг асосий йўли қондаги глюкозани иложи борича тез-тез аниқлашдан иборат. Бу назорат қандли диабетнинг инсулинга боғлиқ 1-турида жуда зарур.

Қандли диабетда даво ҳар бир беморнинг умумий аҳволи, касаллик аломатлари, қон, сийдик таҳлили ва бошқаларга қараб тайинланади, у босқичма-босқич олиб борилади. Даволаниш муддати касалликнинг оғир-енгиллиги, ўтказиб юборилган ёки янгилиги ва турига боғлиқ.

«Ҳордиқ плюс» газетасидан

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here