ТАНБАЛ… (16-қисм)

0

 

* * *

Дунёда тасодифлар кўп. Лекин Мардон бугунгидай кутилмаган учрашув тақдирида борлигини билганида…

У Бек аканинг олдига тушиб қоронғиликда кўчадаги ойналари қорайтириб ташланган оппоқ «Мерседес»нинг эшигини очди. Бу унинг бўлғуси хўжайинга илк хушомади эди…

Очди-ю…

Бек ака негадир шу гал ўзи билан ҳеч кимни олиб келмаганди. Бир ўзи йўлга чиққанди.

Акси бўлади, шекилли?..

Машинада ўтирган таниш чеҳрани кўриб, базўр ўзини тутиб қолди…

Орқага тисланган кўйи етиб келиб машина эшигига қўл чўзган Бек аканинг елкасидан тутди…

— Ҳа, қўрқиб кетдиларингми?.. — эпчиллик билан машинадан тушиб келган Матназар қўлидаги тўппончани укасининг томоғига тиради. — Тўйга айтай ҳам демайсан, укажон! Наҳотки, гўдаклигингдан сени катта қилган акангни тўйга айтмасанг? Бу адолатдан эмас…

— Ҳой, бола, ўзингни бос, ўзингни бос, — қўрқиб кетган Бек ака хийла орқага тисланиб ўнг қўлини Матназар томон чўзди. — Аҳмоқлик қилма! Аҳмоқлик қилма!

Унга жавобан Матназар тўппончани Мардоннинг томоғидан олиб бир қўли билан уни маҳкам бўғиб олганича Бек акага ўқталди…

* * *

— Вей, аҳмоқлик қилма! Оқибати яхши бўлмайди! Матназар, қўй! Қўлингдагини чўнтакка солиб қўй!

Пешанасига қурол ўқталганда одамнинг қай аҳволга тушиши ёлғиз ўзига аён. Бек аканинг миясидан не ўйлар кечаётганини билмайди-ю, Матназарнинг ўзи шу тобда бир аҳволда қолганди. На тепкини босишни, на тўппончани қайтариб чўнтакка солишни билар, тинимсиз титрар, ҳансирарди.

Бир маҳал у кимнингдир қаттиқ турткисидан ерга ағдарилиб тушди. Нималар бўлаётганига фаҳми етмай, устига келиб тушган кимсанинг ёқасидан бўғиб олди. Аммо шу заҳоти бўшашиб уни қўйиб юборди.

Маҳалла оқсоқоли Ҳайдар ака экан.

Матназар уни қачонлардан бери кўрмаганди. Кексайиб, соқоли оқарибди.

— Эсингни еганмисан? — овозини хийла пасайтириб уриша кетди оқсоқол. — Бир марта одам ўлдириб ит азобини кўрганинг камми? Тағин… Онанг раҳматли ўтган ерда қон тўкмоқчисан… Жинни бўлма!

— Бу одам мени сотган, — деди Матназар ерда думалаб ётган тўппончани арта-арта чўнтагига жойлаб. — Шу ярамаснинг дастидан ит кўрмаган кунларни кўряпман.

— Сен янглишяпсан, — унинг сўзини бўлди Бек ака сал ўзига келгандек у ёқ-бу ёғини тўғриларкан. — Агар ҳақиқатни англаб етсанг, бу гапларни гапирганингга минг пушаймонлар ейсан. Кел, гиналарни унутайлик! Ҳозир меникига борамиз-у, ҳаммасини обдон гаплашиб оламиз.

— Манови гўрсўхта нима қилиб юрибди бу ерда? — Мардонга ишора қилди Матназар. — Нима иши бор экан?

— Ие, нега ҳақорат қиласан? Бола сал ёшлик қип қўйди. Кўриб турибсан-ку, ўзиям хижолатда… Нима бўлгандаям жигаринг. Ҳақорат қилмагин. Мана кўрасан, бу йигит ҳали шундай ишларни қилсинки, ўзинг ҳам кўриб хурсанд бўласан. Хўш, борамизми меникига?

— Менга барибир. — деди Матназар қўл силтаб. — Турма нима-ю, сизники нима?!. Бари бир гўр!

— Майли, ҳозирча нима десанг деб тур! Кейин ўзингга келасан. Кетдик!

— Мен кейинроқ борсам бўладими? — машина томон йўналган Бек акага шивирлади Мардон. — Ҳалигидай…

— Бўпти, фақат мен айтгандай қилгин! Ҳаддингдан ошма! Бир соат ичида ҳаммасини рисоладагидай ҳал қилгин-да, тез етиб бор!

Машина ўрнидан қўзғалгач, Ҳайдар оқсоқол чопқиллаганча уйига кириб кетган Мардоннинг ортидан ҳайрат аралаш қараб қолди.

Бироқ орқасидан кирмади.

* * *

— Бу сафар қандай қочдинг турмадан? — дала ҳовлига етиб келишлари билан кулиб сўради Бек ака Ҳусан акага кўз қисиб. — Шунчалик уддабуронмисан-а?..

— Мени нима учун алдадингиз? — Матназар жавоб бериш ўрнига қовоғини уйиб Бек акага юзланди. — Нега моддани олдиндан айтмадингиз?

— Сен-чи? Кўзинг қаердайди ўшанда? Сўраш керак эди.

— Сиз устимдан кулмоқчи бўлгансиз, биламан.

Бу гап Бек акага ёқмади, шекилли бир-икки томоқ қириб қўйди:

— Сен ўзи кимсан? Келиб-келиб сенинг устингдан куламанми? Мендай одамнинг назарига тушганинг учун Худога шукр қилсанг-чи! Агар истасам, аллақачон ўлдиртириб юборардим сени. Бироқ бундай қилмайман. Чунки, сен ҳали кераксан бизга. Турма масаласига келсак, шу йўл билан текшириб олмоқчийдим, холос.

— Хўш, текшириб бўлгандирсиз?

— Албатта. Бугун ваъда қилган уч юз эллик мингни бераман қўлингга. Сен янги иш бошлайсан.

— Қанақа?

— Ўз атрофингдаги дўконлар, ишлаб чиқариш корхоналарини назорат қиласан. Менинг номимдан. Ҳеч ким мушугингни пишт демайди. Анови пулларга эса хизматчилар ёллайсан.

— Кечирасиз-у, кафолат қани? Ахир, мени ҳозир ҳам турмадагилар қидиришяпти!

— Ҳеч ким қидирмайди сени. Бирпасдан кейин ўзим қўнғироқ қилиб, ўйин тугаганини айтаман уларга. Бўпти, гапни калта қилайлик. Мана бу одам — Ҳусан аканг. Бу ёғига ҳамкорликда ишлайсанлар. Юр, энди сенинг улушингни берай!

— Мен-чи? — бир четда қимтинибгина ўтирган Мардон Бек акага умидвор термилди. — Нима қилай?

— Сен бориб бозорингни қилавер! — Бек аканинг ўрнига жавоб қилди Ҳусан ака. — Эртага кечқурун йигитлар боришади. Улушимизни, албатта, улардан бериб юбор!

— Гап йўқ.

Мардон Ҳусан акага бир қараб олгач, секин ташқарига йўл олди…

* * *

Қариган чоғда шайтоннинг йўлига кирган ёмон. Ботир дўкондор ичкиликка берилгандан бери хаёллари бузила бошлаганди. Айниқса, аввалига Матназар, кетидан Мардон лўмбиллаган Марҳаматни орқаларидан эргаштирганини кўриб ич-этини ерди. Олдин қизи Ҳамида бахтсиз бўлиб қолганини кўриб аламдан ёнганди. Энди у кунларни унутди. Марҳаматнинг келишган қомати қарияни турли орзулар оғушига олиб кирди.

— Аниқ шийпон томонга кетди, — уйига кириб яшириб қўйган юз грамм ичкиликни шоша-пиша симириб кўчага йўл оларкан. — Орқасидан бораман. Барибир ҳозир ким ёрдам бераркан, деб мўлтираб юрибди. Мелисадан яшириниш осон эканми!.. Гапимга кўнса, қабристон қоровули билан гаплашиб, ўша ердан бирорта пана жой топиб бераман. Кирмаса… Агар кирмаса, ўз қўлларим билан милесанинг қўлига топшираман…

Дўкондор адашмаганди. Марҳамат шийпоннинг қоронғи хоналаридан бирига кирганча бурчакда биқиниб ўтирар, унсиз йиғларди.

— Ким у? — даст ўрнидан туриб бурчакка қаттиқроқ қисилди у. — Ким деяпман?

— Менман, — шивирлади дўкондор. — Ботир амакиман.

— Вой, сиз… Бу ерда нима қилиб юрибсиз?

Ботир дўкондор жавоб бермай, Марҳаматга яқинроқ келди.

— Сенинг азобда қолганингни кўриб чидолмадим. Ҳамдард бўлай, деб келдим…

Шу гапни айтиш асносида дўкондор Марҳаматнинг икки қўлини ушлаб, аста ўзига тортди.

— Вой, бу нима қилганингиз? — қўлларини тортмоқчи бўлди Марҳамат. Лекин кучи етмади. — Қўйворинг! Ахир…

— Нега қўрқасан? Менам одамман. Менам эркакман. Сенинг ўша саёқлар билан етаклашиб юрганингни кўрганимда ёниб кетишимни билмайсан. Кел, бу ёғига учрашиб юрайлик! Сени ўзим ишончли жойга яшириб қўяман. Иссиқ-совуғингдан хабар олиб тураман. Ташлаб қўймайман. Фақат… Менинг раъйимни қайтарма!

Марҳамат бошқа пайт бўлганда, шубҳасиз, оғзидан ичкилик ҳиди гупириб турган бу қари чолни итариб ташлаган, ҳатто, кўпчиликнинг олдида шарманда қилган бўларди балки… Лекин ҳозирги вазиятда ҳеч нима қилолмайди. Қидиришаётганини, ушлаб олишса, турмага тиқишларини билади. Шу сабабли дўкондорга ортиқча қаршилик кўрсатиб ўтирмади. Пайтдан фойдаланган дўкондор эса уни белидан маҳкам қучоқлаб ахлат сочилиб ётган полга ётқизди…

* * *

— Вой, мен ўлиб қўя қолай!.. — Ботир дўкондор Марҳаматнинг қўйнида ухлаб қолган экан. Эрта тонгда кимнингдир қаттиқ қичқириғидан уйғониб сакраб ўрнидан турди. Не кўз билан кўрсинки, рўпарасида қизи Ҳамида турарди.

Унга кўзи тушган Марҳамат ҳам шоша-пиша ўрнидан турди-да, дўкондорнинг орқасига беркинди.

— Бу нима қилганингиз, ота? — қичқирди Ҳамида. — Нималар қилиб қўйдингиз?..

— М-мен… Қизим, ўзингни бос! Сал кайфим ошган экан. Билмайман… Билмайман…

— Қариган чоғингизда қайси шайтон йўлдан урди сизни? Яна келиб-келиб манови исқирт билан-а? Онам билса нима бўлади?

— Қизим, ўзингни бос! Биласан-ку, сени…

— Овозингизни ўчиринг! — юзларини ювиб тушаётган кўз ёшларини арта-арта отасининг сўзини кесди Ҳамида. — Мен… Мен чидай олмайман бундай иснодга. Мен… Йўқ… Ўзимни ўлдираман. Шунда қутуласан ҳамманг!

У шу гапни айтди-ю, оқсоқлана-оқсоқлана уйи томон югуриб кетди.

— Ҳой, қиз, аҳмоқлик қилма! Тўхта! — Ҳамиданинг ортидан кетиб бораркан, уни тўхтатишга уринарди дўкондор. — Мени шарманда қилма! Отангни адойи тамом қилма!

Қарилик эканми, Ҳамидага ета олмади…

У аллақачон узоқлашиб қишлоқ кўчасига кириб улгурганди…

Дўкондор сўкина-сўкина ҳовлисига кириб келди ва юраги қинидан чиққудек омборларни, машина гаражларини титкилаб Ҳамидани қидиришга тушди.

Ҳеч қаерда йўқ. Хотини ҳам негадир кўринмайди.

— Қайдасан, Ҳамида? — қичқира бошлади у оғилхона томон юриб. — Нега индамайсан?

Аксига олгандек, оғилхона эшиги ҳам ёпиқ экан.

— Ҳа-а, ичкаридан беркитиб олган, — хириллаган кўйи шивирлади дўкондор. — Қизим, оча қолгин! Ҳаммасини тушунтираман ўзингга! Очсанг-чи! Отангни маҳтал қилмасанг-чи!

Ҳеч ким жавоб қилмагач, эшикни тепа кетди. Очилмади. Шундан сўнг атрофни айланиб йўғон бир хода топди-да, оғилхона эшигига тинимсиз ураверди. Ниҳоят эшик очилди. Дўкондор ходани бир четга улоқтириб жонҳолатда ўзини оғилга урди…

— Қизи-им! Ҳамида-а-а! Нималар қилиб қўйди-инг?! Жон бола-ам!

Дунё азобларидан безиб кетган Ҳамида оғилхонанинг шифтида осилиб турар, юзлари арқон зарбидан кўкариб кетганди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: