ТАҚИҚНИ БИЛМАГАН «МИССИОНЕРЛАР»

0

Гулираъно ўсмир болаларнинг ишончига кириш осонлигини ўйлаган, пойтахтимизда жойлашган коллежларнинг бирини танлади. Тўғрироғи, аёл дарвозадан чиқиб келаётган уч нафар қизни кўзлаб турган эди. Дугоналар ўзаро суҳбатлашиб кетишарди. Суҳбат қизигандан-қизиб борар, қизлар ҳаттоки олдиларига келган Гулираънони сезмай ҳам қолишди.

— Қизлар, ҳой, қизлар? Бир дақиқага тўхтанг, сизлардан бир нарса сўрамоқчиман, — гап бошлади Гулираъно.

Қизларнинг бири чаққонгина эканми, онаси тенги аёлнинг мурожаатига дарров жавоб беришга ошиқди.

— Лаббай, опажон?! Нима ёрдам керак?

— Ҳаммангиз жуда чиройли экансиз. Худо сизларни яхши кўрар экан.

Бу сўзлар шунчаки айтилмаган, балки, аввало, коллеж талабаларининг ишончига бироз бўлса-да, кириш учун махсус ўйланган жумлалар эди. Гулираъно вақтни бой бермай деди-ю, қўлларига сумкасидан бир даста китобчаларни олди.

— Мана бу муқаддас китоблар сизга Худони танишга ёрдам беради, бир ўқиб кўринглар, агар қизиқиб қолсангиз, китоб орқасидаги телефон рақамимга қўнғироқ қилинглар. Ўзим сизларга кўп нарсани ўргатаман. Қолаверса, сиз ёшлар замонавий телефонларни яхши кўрасизлар. Қўл телефонимдаги турли видеоларни ҳам телефонингизга ўтказиб беришим мумкин. Истасангиз, ўзбек тилида, ҳаттоки рус ва инглиз тилидаги турли дарслар, тавсиялар бор.

Бу ундовлардан кейин қизлар ўйланганча китобларни қўлларига олишди ва Гулираънога бош чайқаганча, ундан узоқлашишди. Гулираъно учун қизларнинг унга қўнғироқ қилиб боғланиши муҳим эмас эди, у биринчи навбатда, зиммасига юклатилган миссионерлик вазифасини адо этганди. Қизлардан ақалли биттаси қўлидаги китобчага назар солса, қизиқиш билан ўқиб, нимагадир ишона бошласа, демак, у ўз мақсадига эришган бўлади.

Ишонтириш, турли китобларни тарғиб қилиш ишларини Гулираъно фақатгина ёшлар ичида эмас, балки ўрта ёшлилар орасида ҳам ўтказишни канда қилмасди. Албатта, аёлнинг бу ҳаракатлари секин-аста атрофдагилар, маҳалладошларининг диққатини тортмай, шубҳа уйғотмай қўймади. Натижада шу йилнинг 16 март куни Гулираъноникига фикрдошлари эмас, балки кутилмаган меҳмонлар — ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар келиб қолишди.

Ноқонуний миссионерлик фаолияти билан шуғулланган Гулираъно Мирзаева хонадонидан диний мазмундаги материаллар — 8 дона турли хилдаги адабиёт, 9 дона дафтар, 20 та диск, 21 дона ёзилган қоғоз, 1 дона «Samsung Galaxy gia GT5660» русумли телефон аппарати топилди. Уларнинг барчаси шубҳали мазмундаги матнлардан иборат эди.

Тегишли текширувлар олиб борилгач, Гулираъно фаол тарғиб қилган «Вопроси молодёжи» номли китоб ва турли варақалардаги диний материаллар фақат Чирчиқ шаҳрида диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтган «Иегов гувоҳлари» йўналишининг ички фаолиятидагина фойдаланишга рухсат берилганлиги маълум бўлди. Ўзбекистон Республикаси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуни 8-модда 5-бандига кўра, мазкур диний ташкилот ва аъзоларининг бошқа ҳудудлар, жумладан, Тошкент шаҳри ҳудудидаги фаолияти ноқонуний ҳисобланади. Барча исбот-далиллар ойдинлашгач, Гулираъно ўз айбини бўйнига олиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирди, ёлғиз оналигини, оилавий шароити оғирлигини айтиб, унга нисбатан енгиллик беришини сўради. Суд хулосасига кўра, Гулираъно Мирзаевага Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 33-моддаси қўлланилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида жарима тайинланди.

Худди Гулираънога ўхшаб ноқонуний ҳаракатларини яшириб юришга уринган яна бир фуқаро, 1979 йилда туғилган Рафил Бикбулатов ҳам миссионерлик фаолияти олиб борганлиги учун ўз жазосини олди. Унинг пойтахтдаги Юнусобод туманида истиқомат қиладиган уйида тегишли текширув ўтказилганда, диний мазмундаги 8 дона адабиёт дафтари, 7 та блокнот, 21 та диск, 2 та дафтар, 54 дона ёзилган қоғоз, 1 дона компьютер хотираси қурилмаси, 1 дона «Samsung» русумли планшет аниқланди. Р. Бикбулатов ўз айбини тан олди ва суддан кечирим сўради. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 33-моддаси қўлланилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида жарима белгиланди. Далилий ашё сифатида олинган буюмлар эса тегишли тартибда йўқ қилинди. «Сўнгги пушаймон ўзингга душман», деганларидек, эгри йўлга қадам босган одам ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here