Ўйлаб кўрдингизми? 2018 йил 11 январ куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?..

0

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Бугун эрталабданоқ кайфиятингизда жиддий ўзгариш юз бериши мумкин. Сиз негадир майда-чуйда ишлардан чарчаган каби йирик лойиҳаларга интила бошлайсиз. Аммо бунинг учун нафақат туғма истеъдод, балки катта тажриба керак бўлади. Шундагина сиз йирик лойиҳаларни уддалаб, юқори лавозимларга эриша оласиз. Оммавий тадбирлар, тантаналардан нари бўлинг. Бу сизни руҳан чарчатиши мумкин.

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

11 январ куни ақлий меҳнат кишиларига кўпроқ омад кулиб боқиши кутилмоқда. Сиз кўп ишлаб кам дам олсангиз-да, бугун ҳар бир бажарган ишингиз сизга мўмай даромад ҳадя этади ва олдинга интилишингизда асқотади. Баъзилар кун давомида хорижга хизмат сафари билан жўнаб кетиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Муҳим ҳужжатларни имзолашда, уй олди-сотдисида сергак туринг. Кечқурун вақтингизни рўзғордаги муаммоларни бартараф этишга бағишланг.

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

11 январда қарзларингиз бўлса, узиб қўйишингиз, банкдан кредит олган бўлсангиз, ҳужжат ишларини тартибга келтиришингиз талаб этилади. Бундан ташқари, келгуси ой учун хомаки режалар тузиб қўйсангиз ҳам фойдадан холи бўлмайди. Бугун янги танишувлар сизга фақат зиён етказади. Жуфтингиз билан муносабатларни янада мустаҳкамлаш пайида бўлинг. Кечқурун овқатланиш режимига амал қилган ҳолда иш тутинг. Зарарли одатларни ташлаш учун бугундан яхшисини топа олмайсиз.

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

Ишхонангизда сизга омад кулиб боқади. Ҳатто, ҳамкасбларнинг олқишларига ҳам сазовор бўлишингиз мумкин. Буларнинг барчаси ишдаги тажрибангиз ва истеъдодингиз туфайли эканини унутманг. Қариндошлар билан муносабатларда эҳтиёт бўлинг. Орангиздан «қора мушук» ўтиш эҳтимоли бор. Бугунги кун янги иш бошлаш, тадқиқотлар, илмий изланишлар учун жуда унумли кечади. Саломатлигингизни кун мобайнида назорат қилиб чарчаманг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

11 январда глобал лойиҳа устида иш бошлашингиз кутилмоқда. Албатта, бу илмий соҳада тер тўкувчиларга тааллуқли. Организмни тоблаш, саломатликни мустаҳкамлашга қаратилган муолажалар олиш учун бугунги кун хайрли ва муваффақиятли кечади. Елвизакда қолиб кетишдан сақланинг. Қиш ҳавосининг авзойига қараб кийининг. Куннинг иккинчи ярмида сизни янги танишув кутади. Кечқурун уйингизга кутилмаган меҳмонлар ташриф буюриши мумкин. Спиртли ичимликлар истеъмолидан сақланинг, барака топасиз.

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

Бошланган ишлар бароридан келишини хоҳласангиз, тажрибага суянинг. Сиздаги тажриба бунинг учун етарли. Молиявий муаммолар ҳам сизнинг фойдангизга ижобий ҳал бўлади. Оиласизларга маслаҳат шуки, ўзингиз суйган инсонга қалбингизни очишга уялманг ва иккиланманг. Агар атрофдагилар бунга қарши бўлсалар-да, қулоқ тутманг. Оилалилар эса бугун кечқурун вақтини фарзандларга ва яқинларига бағишлашлари шарт. Сурункали хасталикка йўлиққанлар саломатлигини жиддий назорат остига олишлари зарур бўлади.

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

11 январ куни сизга яқинларингизнинг маънавий кўмаги жуда керак бўлади. Ҳатто, олис сафарга чиқсангиз ҳам барибир қўнғироқлашиб, маслаҳатлар олинг. Бу фақат фойда беради. Тўй, никоҳдан ўтиш ва тантанали тадбирларни бошқа кунга қолдиринг. Шахсий ҳаётингизни тийраклик билан таҳлил қилинг ва ақл билан иш тутинг. Кечқурун ёлғиз қолинг. Келажак режаларни тузиш билан банд бўлинг.

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

Ой аввалида олисга сафар қилишни режалаштиргандингиз. Мана, бугун шу режангиз амалга ошадиган бўлиб турибди. Агар ўзингизга ишонч ҳисси кучли бўлмаса, юқори лавозимли шахслар билан ҳеч қандай мавзуда келишувлар ташкил этиб овора бўлманг. Куннинг иккинчи ярмида ҳатто энг тажрибали ҳамкасблар ҳам сизнинг фикрингиз билан ҳисоблаша бошлашади. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзи ҳамкасблар ҳасад ўтида ёниб, сизнинг ишдан бўшашингизни орзулашни ҳам унутишмайди.

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

11 январда ҳар бир ишга нисбатан ўз шахсий фикрингизга эга бўласиз. Бировлардан маслаҳат олишингиз ҳам шарт эмас. Тўғри, бу позициянгиз жуда яхши. Лекин хавфли. Мартабангиз ошишида асқотадиган юқори лавозим эгалари билан жанжаллашиб қолишингиз мумкин. Қарзингиз бўлса, эгаларига қайтаринг, банкдан бугун кредит олманг, енгил даромад ортидан қувманг. Муҳаббатда ўйламай қўйилган бир қадам ҳам сизни боши берк кўчада қолдириши муқаррар.

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)

Эрталабдан ўз кайфиятингизни ўзингиз кўтариш пайида бўлинг. Арзимас қувончдан ҳам каттароғини яратишга ҳаракат қилинг. Бу дунёда ўзингиз ҳақингизда ўзингиз қайғурмасангиз, ҳеч ким қайғурмайди. Йирик лойиҳалар бўлса, уларни бошқа кун учун қолдиринг. Янги ишлар бошлаш учун куч тўпланг. Қариндошлардан бири билан орангизда жиддий мулоқот бўлиб ўтиши кутилади. Кечқурун севимли хоббингиз билан шуғулланиб, шу баҳонада дам олинг.

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

11 январ куни шахсий масалаларда фаол бўлишингиз кутилмоқда. Кам асабийлашсангиз, принциплардан кечиб, умум фикрига қулоқ тутсангиз, ҳар жабҳада ғалаба сизники бўлади. Башарти бирор ерингиз оғрий бошлаганини сезсангиз, бепарво бўлманг, албатта врач кўригига чопинг. Ишхонангизда омад сиз томонда бўлади. Иншооллоҳ яқин орада обрўйингизга обрў, лавозимингизга лавозим қўшилади, ишонинг.

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

Кунингиз енгил, қуёшли бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун муаммоларга қарши ўзингиз курашинг. Ишларингиз ўнгидан келмаса, асабийлашманг. Чунки дунё мўъжизаларга тўла. Улар кун давомида сизни ҳам четлаб ўтмайди. Молиявий муаммолар хамирдан қил суғурган каби осон ҳал бўлади. Ишхонангизда бажарган ишларингиз учун мўмай мукофот оласиз. Спорт билан шуғулланиш ва зарарли одатлардан воз кечиш учун бугун қулай имкониятлар туғилади.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: