«Лафзсизликнинг жазоси оғир экан»

0

— Институтни эндигина битирган кезларим эди. Мени Бухоро томондаги Галаосиё деб аталадиган кичик шаҳарчадаги бир мактабга ўқитувчи қилиб жўнатдилар. Болаларга рус тилидан дарс беришим талаб қилинарди. Ноилож ўша шаҳарчага жўнадим. У ердаги одамлар, болалар билан тезда чиқишиб кетдим. Каттаю кичик мени ҳурмат қилар, ўқитувчи сифатида қадрларди. Мени ёлғиз яшайдиган Дониёр чолнинг уйига жойлаштирдилар. Унинг кўзлари сўқир эди. Чолни уйда ҳам, кўчада ҳам етаклаб юришарди. Биз камдан-кам суҳбатлашардик. Чунки чолнинг табиати одатдаги қарияларга ўхшамас, ичимдагини топ дейдиган индамаслардан эди. Ўз хаёлларига ғарқ ҳолда соатлаб жим ўтирарди. Бундай пайтда савол берсанг ҳам жавобсиз қолиб кетарди. Унинг шу одатини жиним суймасди. Шаҳарчага келганимнинг олтинчи ойи эди. Танлаган соҳамга қизиқишим кундан-кунга ошиб борарди. Бир куни мактабда у-бу юмушлар билан куймаланиб юриб, ишдан уйга одатдагидан кечроқ қайтдим. Чол эшикка термилиб ўтирган экан. Ичкарига киришим билан унинг юзи ёришганини сездим. Ўша куни ҳар кунгидан кўра мен билан илиқроқ сўрашди. Хавотирланганини эса сездирмади. Овқат маҳали «Мен яқинда вафот этаман», деди у бирдан. Бу гапдан бир сесканиб кетдим. У тағин жимиб қолди-да, ўн дақиқалардан кейин тилга кирди: «Бу дунёда сени хотирлаб, ортингдан дуо қилиб қоладиганинг бўлмаса қийин экан. Аслида, ўлганимиздан сўнг бу дунёда нима бўлишининг бизга фарқи йўқ, лекин, барибир, тирик жон ўйларкан-да. Кампирим ўтгандан кейин тирик етимга айланиб қолганман, болам. Фарзандлардан эса иккимиз ҳам куйганмиз. Менинг бир ўғил, бир қизим бор. Иккиси ҳам уйли-жойли, бола-чақали бўлиб кетган. Кампиримнинг вафотидан кейин ўғлим мени катта шаҳарга олиб кетди, бироқ келин мени сиғдирмади. Қизимникида яшашни эса ўзимга эп кўрмайман. Шунинг учун ҳам бу ерда ёлғиз яшайман. Энг ёмони, кўзларим ҳам ёруғ дунёни кўрмай қолган. Хайрият шу итим бор экан, у менга ҳамроҳлик қилади… Сендан бир илтимосим бор, агар бу дунёдан ўтсам, ўғлим етиб келолмаса, мени қабрга ўзинг қўйсанг ва яна ҳақимга баъзи-баъзида дуо қилиб турсанг. Чунки менинг бу дунёда қилган гуноҳим кўп. Унинг ажрини Яратгандан сўраб қоладиганим йўқ, болам».

Мен чолнинг гапларидан жуда таъсирланиб кетдим. Чол ҳақида бундан илгари сўраб-суриштирмаганимдан афсусландим. Эртасига дарсдан кейин унинг ёнига тез-тез йўқлаб келиб турадиган Замон отанинг олдига ўтдим. Ота дўстини жуда ҳурмат қиларди. Суҳбатдан билдимки, Дониёр чол кўзлари кўрмай қолганини онасини норози қилгани учун деб билар экан. Билсам, Дониёр чол асли Қашқадарёдан бўлиб, бу ерга ўқиш туфайли келган ва Наташа исмли қизни севиб қолиб, унга уйланиб, шу шаҳарда қолиб кетган экан. Наташага бўлган муҳаббат унинг онасига ёлғиз ўғил эканлигини буткул унутишига сабаб бўлибди. У онасини бир-икки йўқлаб борибди. Лекин кейинчалик йўқловларни хаёлига ҳам келтирмабди. Унинг онасига қилган тошбағирлиги болаларидан қайтибди. Ўша куни Замон ота билан суҳбатлашиб ўтирарканман, Дониёр чолга ачиндим. У ҳақда эшитганимдан кейин ўтинчини ҳеч иккиланмасдан қабул қилдим.

Орадан бир ҳафта ўтди. Эрта тонгдан мактабга отландим. Бироқ мактаб остонасига етмасимдан бизга қўшни турадиган йигит ортимдан етиб келиб, Дониёр чолнинг дарвоза олдида чўзилиб ётганини айтиб қолди. Оёғимни қўлимга олиб югурдим. Мен етиб боргунча унинг жони узилган экан. Чолнинг юзида ғалати табассум қотиб қолганди. Одамлар унинг ўғлию қизига хабар беришди. Улар етиб келиши билан чиқарадиган бўлдик. Мени совуқ тер босди. У олдимга юрган пайтлар индамаслиги учун ёқтирмаган бўлсам-да, юрагим ёмон ачишди. Фарзандлари етиб келди, энди уларнинг хўжакўрсинга йиғлаганини кўрсангиз эди. Дониёр чолни сўнгги манзилга кузатаётганимизда, одамларга қўшилиб у етаклаб юрадиган ит ҳам қабристонга борди. Одамлар итни қабристонга киритмасдан уриб ҳайдаб юборишди. Чолнинг ўлимидан кейин уй сотилгунича мен у ерда яшаб турадиган бўлдим. Қариянинг йўқлиги боис уй ҳувиллаб қолгандай туйиларди назаримда. Ит ҳам ғойиб бўлганди. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, чолнинг илтимоси эсимга тушди ва унинг қабрини зиёрат қилгани бордим. Узоқдан қабр олдида нимадир тургандек туйилди. Яқинлашгач, шарпанинг ит эканлигига амин бўлдим. У думи ва бошини оёқлари орасига олиб, ғужанак бўлиб жимгина ётарди. Уни ҳайдаган бефойда эди. Жонивор жойидан ҳам жилмади. Дуо қилиб бўлганимдан кейин итни олдинга тушишга ундадим, бироқ тилсиз дўст унамади. Дарсдан кейин мен жониворга нон олиб бордим, бироқ ит нонга бурилиб қарамади ҳам. Мен яна мактабдаги ташвишлар билан бўлиб, чолнинг қабрига уч кун боролмай қолдим. Ниҳоят, уч кундан кейин борганимда ит эгасининг қабри олдида жонсиз ётарди. Бир жониворнинг соҳибига садоқати олдида бош эгиб, қандай қилиб йиғлаб юборганлигимни ўзим ҳам билмай қолдим. Мен итнинг инсонга шундай садоқати борлигию, фарзандларининг эса оқибатсизлигига йиғлардим. Улар ҳатто итчалик бўлолмаганларига кўз ёш тўкардим. Ўғли жанозанинг эртасигаёқ ишини баҳона қилиб кетиб қолди. Бошқа маросимларни ўтказиш учун синглисига пул берибди. «Нима, бу ерда турганимиз билан отамиз тирилиб келармиди?!» дебди. Синглиси чолнинг қирқи чиқмагунча эри билан отасининг уйидан жилмади. Уй унга қоладиган бўлибди. Балки, у ҳам шу сабаб ўтиргандир, яна ким билсин?

Орадан бир йил ўтиб, мен ўз вилоятимга қайтдим ва болаларга рус тилидан сабоқ бера бошладим. Дониёр чолни, унинг менга айтиб кетган васиятини ҳам унутдим. Бошида унинг ҳақига дуо қилиб турардим, бироқ йиллар ўтгани сайин бу ваъда буткул хотирамдан ўчиб кетганди. То ўзимнинг ҳаётим уникига ўхшаб бораётганини сезмагунимга қадар. Болаларим менга нисбатан оқибатсиз бўлиб улғайгани ҳақида ўйлаб қолмагунимча бу мени асло хавотирга солган эмасди. Ҳа, ҳозир мен ҳам Дониёр чолга ўхшаб ҳайҳотдай ҳовлида ёлғиз яшайман. Фарзандларим мени унутиб юборганига анча бўлди. Бирортасидан оқибат кўрмадим. Ўтган йили кампиримни бериб қўйдим. Ёлғизликда яшаганингдан кейин хаёлга минг хил фикрлар келар экан. Ҳаётим нега бундай бўлди, деб сарҳисоб қила бошладим. Ахир мен ота-онамни норози қилмаган эдим-ку, дедим ўзимга ўзим, бироқ бирдан Дониёр чол эсимга тушиб қолди. Бутун вужудимга титроқ кирди. Унга фарзанд бўлиб ҳақига дуо қилиб тураман, девдим, бироқ бу ваъдамни унутиб қўйганим эсимга тушди. Мен ҳам итчалик бўлолмадим. Ахир чолнинг дастурхонидан неча марталаб нон-туз еган эдим. Еганимнинг ҳақини адо қилолмабман-ку, деб ўйладим. Куни кеча Дони±р чол тушимга кирибди. Унинг қиёфаси ғоят маҳзун эди. Мен бошимни кўтариб, юзига қаролмас эканман. Эрталаб уйғонишим билан чолнинг ҳақига дуо қилдим. Бироқ бу билан унинг руҳи тинчимади. Мен ҳам хотиржам тортмадим. Етмиш йил яшаб шуни англадимки, бу ҳаётда лафзсизликнинг ҳам жазоси оғир экан.

Ҳаёт ҲАМДАМОВ, Қашқадарё вилояти

«Ҳордиқ плюс» газетасидан

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here