ТАНБАЛ… (17-қисм)

0

 

* * *

Мардоннинг кўзи Ҳамида ўлгандан кейингина очилди. У Марҳамат Ботир дўкондорнинг қўйнида тун бўйи ётиб чиққанини эшитгач, буткул тутақди. Жанозанинг эртаси куни қора дори бозоридаги савдони ҳам йиғиштириб қўйиб, тўппа-тўғри ўша шийпонга йўл олди.

Бахтга қарши у ерда ҳеч ким йўқ эди.

— Ифлос, — деди у овоз чиқариб. — Сени ўз қўлларим билан ўлдираман. Қўлимга тушгин, ифлос! Кунинг битди сенинг!

Мардон уч соатча қишлоқни, қишлоққа яқин жойларни эринмай кезди. Ҳеч қаерда йўқ.

Шунда қабристон эсига тушиб қолди.

«Ҳа, — кўнглидан ўтказди у машинани ўша томон буриб. — Ўша ерда бўлиши мумкин. Бунақангилар қабр ичига кириб ётишданам қўрқмайди…»

Қабристоннинг нариги четида, деворларга яқин ерда улкан чинор бор эди. Шу қадар тарвақайлаб кетгандики, унинг соясида ўтирилса, нариги тарафдан келаётган одам ҳадеганда кўра олмасди.

Марҳамат худди шу ерга беркинган экан. Бошидаги катта оқ рўмолни чинор остига тўшаганча, ер чизиб ўтирган Марҳаматни кўриб Мардоннинг муштлари тугилди. Ўнг қовоғи пирпираб учиб, рангидан қон қочди.

Лекин… Марҳамат Мардонни кўрганидан кейин ҳам қимирламай ўтираверди. Ҳатто, қўзғалиб қўймади.

— Қилар ишни қилиб энди ўзингга гўр танлаяпсанми? — унга яқин келиб сўради Мардон. — Менга айтсанг, топиб берардим-ку!

— Бировларнинг кўмагига муҳтож эмасман, — деди Марҳамат ердан бошини кўтармай.

— Шунақами? Қани, унда бир ўринчангдан турвор-чи! Мен ўтирган одамга қўл кўтара олмайман.

— Турмасам-чи?!

— Турасан. Турмасанг, мана шу қўлларим билан ўзим турғазиб қўяман.

— Хўш, мана турдим. Кейин-чи?

— Исқирт! — унга қарата чирт этиб тупурди Мардон. — Сени ўлдирган савобга қолади.

— Унда… Ўлдиринг! Нега қараб турибсиз?

— Йў-ўқ, — бир қадам ортга чекинди Мардон. — Сени осонликча ўлдирмайман. Қийнаб ўлдираман…

Марҳамат бу гапни эшитиб совуқ кулиб қўйди-да, энгашиб дарахтга суяб қўйган сумкасидан пичоқ чиқарди.

— У ҳолда сени мен ўлдираман! — пичоқни Мардонга тўғрилаб аста яқинлаша бошлади Марҳамат. — Сенлар эркакмидинг? Акангам, сенам ҳамманг бир гўрсан! Хотинчалишсан! Энди ўзингдан кўр, ҳезалак! Менга уйланаман, деб алдаганинг учун…

— Нима? — Мардон кутилмаганда чўнтагидаги наганни чиқарди-ю, яшин тезлигида ўқлаб Марҳаматга йўналтирди. — Сен маразга-я?! Ҳозир… Ҳозир… тўғрилаб олай, ўлиминг яқин сенинг! Мени пичоқлармиш бу мегажин!

Мардон чўнтагидан овоз пасайтиргични олиб тўппончанинг уч қисмига кийдирди. Шундан кейингина орқага тисланиб борган ҳолатда ўзини таъқиб этиб келаётган Марҳаматга тўғрилаб тепкини босди.

Тўппонча тиқ этган товуш чиқарди, холос. Аёл ток урган каби орқасига қулади.

Мардон эса, эҳтиёт шарт яна бир марта унинг кўксини мўлжаллаб отгач, мурдани дарахт панасига ётқизди. Устига боягина ўзи бошига ўраб турган рўмолни ташлади…

* * *

Умрида одам ўлдириб кўрмаган одам бундай лаҳзаларда ўзини йўқотиб қўяди.

Мардон ҳам Марҳаматни ўлдиришга ўлдирди-ю, кутилмаганда аъзойи баданида титроқ туйиб юраги тез-тез ура бошлади. Тўппончасини чўнтакка жойладими-йўқми, билмайди. Фақат аланглаб, зир югуриб айлана атрофни кузатар, «бирортаси кўриб, эшитиб қолмадимикан?» деган хаёл миясини кемириб борарди.

«Энди нима қилдим, — ўйлади у дарахт остида ётган мурдага ўғринча кўз ташлаб. — Агар эшитиб ё кўриб қолган бўлишса, адойи тамом бўлдим. Мелисабозлик бошланади. О, Худойим, йўл кўрсатсанг-чи!.. Акамнинг олдига бораман. Ҳа, ўшагина мени қутқариб қолади… Тўхта, ҳайдаб солса-чи? Сотиб қўйса-чи? Йўқ, сотмайди. Нима бўлгандаям жигарим-ку! Наҳотки, акам бўла туриб кўзимга чўп суқса? Ҳа-а, айтаман. Бузуқдан қутулдик, деб айтаман. Ўшанда кечиради. Ўшанда ишонади менга…»

Мардон шуларни ўйларкан, худди иштонини ҳўл қилиб қўйган боладек оёқ учида аста-аста юриб катта кўча томон кетди…

* * *

— Жон ака, мени кечиринг! Сизни ранжитиб қўйдим! Сизга кўп ёмонликлар қилдим! Кечиринг! — Матназарнинг оёқларига ёпишганча йиғлаб ёлворарди Мардон. — Илтимос, кечира қолинг! Ахир, акамсиз-ку! Жигаримсиз-ку!

— Сенга нима бўлди ўзи? — Матназар укасини қўлтиғидан тутиб турғазди. — Намунча аёлга ўхшаб дод-вой қилмасанг? Нима бўлди? Айт!

Мардон шоша-пиша кўз ёшларини артиб бошини эгди:

— Мен… Анави бузуқни ўлдирдим.

— Нима? Қайси бузуқни?

— Марҳаматни.

— Марҳаматни? Нега?

— У ўлимга лойиқ эди…

Матназарнинг бўлиб ўтган ишлардан хабари бор эди. Лекин бу хабар кутилмаган чиқиб, сал довдирагандек бўлди.

— Ахир, сени қамаб қўйишади-ку! — деди у эҳтиёт шарт очиқ деразани маҳкам ёпиб. — Мурда қаерда? Қаерга яширдинг?

— Қабристонда… У ярамас мени пичоқламоқчи бўлганди.

— Шунақами? Уф-ф… Чатоқ бўпти. Яхши иш бўлмабди… Нима қилиш керак?.. Менга қара, ҳозирча ертўлага тушгин-да, ўша ерда ёта тур! Мен… Бек акага айтмасам бўлмайди. Иссиғида ҳал қилиш керак… Бор, бу ерда қотиб тургандан фойда йўқ!

Мардон қуллуқ қилганча югуриб ташқарига чиқиб кетди. Матназар эса қўл телефонини олиб, Бек аканинг рақамини теришга тушди…

* * *

«Тўхта, мен аввал ўйлаб олишим керак эмасми», — Матназар кутилмаганда телефонни жойига қўйиб бошини чангаллади. — Бу бола не кунларни бошимга солмади. Не маломатларга қолмадим унинг дастидан. Энди олдимга кўз ёшини оқизиб келибди. Агар ҳозир индамай кечирсам, мушкулини осон қилсам, бу ишимнинг қадрига етармикан? Туғишган акасига бир неча бор хиёнат қилиб, сотиб келган йигит-а? Йўқ, қадримга етмайди. Бунинг кўзи очилиши лозим. Оғир кунларни кўрсин. Оқ-қорани танисин. Ўшандагина одам бўлади. Буни турмага жўнаттиришим керак. Ҳа, ўшанда кимнинг ким эканини англайди… Йўқ, тўхта, нималар қилмоқчиман ўзи? Мен… Қамоқнинг нима эканини билдим. Бошимдан не кунлар ўтмади. Энди келиб-келиб ўз укамни ўша ерга тиқаманми? Онам-чи? Онамнинг руҳи чирқирамайдими? Ҳа, бундай қилишим нотўғри. Устига-устак у оддий одамни ўлдирмабди. Қаёқдаги бир бузуқни, қачон қараса, менинг бошимни эгиб келган бир ярамасни ўлдирибди. Мен аксинча иш тутишим керак. Ўша ўзимизнинг уйни қайтадан қуриб яхши бир қизга уйлантириб қўйишим керак Мардонни. Билар. Билмаса… Э, билади. Шунча яхшиликлар қиламан-у, билмайдими?»

Матназар шундай ўйлар билан ташқарига чиқди. Бу ҳовлини яқиндагина қуриб битирганди. Ҳовлида айланиб юрган йигитларга керакли юмушларни топширган бўлди-да, ертўлага қараб юрди.

* * *

Бир ҳафта ичида ҳаммаси жой-жойига тушди. Мардонни Бек аканинг ўзи турмадан қутқариб олди. Энди у биларди. Ака-укалар унга ҳеч қачон хиёнат қила олишмайди. Чунки, бўйниларидаги қарз осмонча бор. Бу йигитчанинг тўйини ҳам ўтказиб берса, янада бўйни эгилади. Ипсиз боғланади. Кўрибсизки, унинг қўли билан қора дори бозори гуркирайверади. Бора-бора Мардонга бериладиган фоизниям камайтириш мумкин. Баҳона бор. Қарзларни аста-секинлик билан узиб бориш керак. Ахир, ҳисобли дўст айрилмас, деган мақол бекорга айтилмаган…

— Мен икки ёшга фақат бахт тилайман! — дея тилак билдирди Бек ака тўй кечаси ўртага чиқиб. — Мана, бугун Мардонбой учун энг бахтли лаҳзалар. Уям бўйдоқ юравермай, ниҳоят уйланишга розилик берибди. Бахтли бўлишсин! Ували-жували бўлишсин!

Бек ака сўзини тугатгач, хизматга шай турган таниқли санъаткорлар билан қўл бериб сўрашган бўлди-да, Матназарни қидира бошлади. Шу тобда Матназар ғирт маст, қозон қаршисида бир-икки эркакни ўтқазиб қўйиб тинимсиз ғўлдирарди:

— В-вей, Бек аканг ким бўпти менинг олдимда? Мен… Бу — менман… Турмалариниям атак-патагини чиқариб юрган одамман… Биласанларми, қиморда, ҳатто ўша Бек акангам менинг олдимдан ўтаверсин! Онасини учқўрғондан кўрсатиб қўяман унақа одамларни!

Бу гапларни Бек ака анча яқиндан туриб эшитди. Аммо сир бой бермади. Ёнидаги қўриқчи йигитларга нимадир деди-ю, индамай ташқарига чиқиб кетди.

* * *

— Ҳусан, мен анови мишиқига ишониб бекор қилдим, шекилли? — деди Бек ака эртаси куни айвонда чой ичиб ўтириб.

— Кимни айтяпсан?

— Кимни бўларди? Матназарни айтяпман.

— Нима бўлди? Бирор хато қип қўйдими?

— Хато қилса майлийди. Кеча укасининг тўйида сал нотўғри гапларни гапириб қўйди. Нимаймиш, онамни учқўрғондан кўрсатиб қўярмиш-а!

— Астағфириллоҳ! Шунчалик кучайиб кетибдими, у аҳмоқ?

— Ҳа, майли, энди бундай қиламиз. Бугун кечаси йигитлардан уч-тўрттасини олиб уйига боргин-у, борини тортиб ол! Ўзини яхшилаб калтаклат! Бугундан бошлаб у кўзимга кўринмасин!

— Тинчитиб юборсак-чи?

— Йўқ, у ўзини-ўзи еб, адойи тамом бўлиши керак. Шундай аҳволга солгинки…

— Ҳовли-чи? Уям бизнинг пулларга қурилган-ку!

— Ҳовлига тегмай тур! Вақти келади ўзи. Айтганча, бугундан бошлаб қатъий назорат қиласан. Матназар ҳеч қаердан иш тополмасин! Қимор ўйнай олмасин. Хуллас, хор-зор бўлиб кўчаларда дайдиб юрсин!

— Хўп, сен айтгандай бўлади ҳаммаси…

Ҳусан ака ташқарига чиққани ҳамоно ичкаридан Бек аканинг сўкингани эшитилди:

— Хунаса!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here