ТАНБАЛ… (18-қисм)

0

 

* * *

Бугунги кун Матназар учун жуда қийин кечди. Қиш келганидан далолатми, негадир эрталабдан қор учқунлаб, асабни бузгани етмай, ҳар сафар гап-сўзсиз улуш тайёрлаб қўядиган савдогарлар бугунга келиб қўлларини қовуштирганча бир жумлани қайтараверишди:

— Бек акам улушни ўзлари келиб олиб кетарканлар!

Матназар ҳеч нимага тушунмай, бир кўнгли Бек акага қўнғироқ қилиб аниқламоқчи ҳам бўлди. Бироқ ўйлаб қолди. Балки, бирор режани ўйлаб қўйгандир яна?

Шу хаёл уни ниятидан қайтарди-ю, бўшашганча уйига келди…

Шом вақти. Масжиддан сўфининг чўзиб-чўзиб намозга чорлаган овози эшитилади. Дарвозага қўйилган соқчилар ҳам бугун қандайдир бошқача. Гоҳ ичкарига киришади, гоҳ кўчага чиқиб ўзаро шивир-шивир қилишади.

— Нима бўлди? — секин Сарибойдан сўради Матназар кўчага ишора қилиб. — Нега соқчилар безовталаниб қолишди?

— Тўғрисини айтаверайми? — Матназарга тик боқди Сарибой.

— Албатта тўғрисини айт-да!

— Ҳали замон Ҳусан ака келаркан бу ерга.

— Нима иши бор экан?

— Бунисини билмадим-у, аммо… Э, қисқаси, ака, менам билмайман…

У гапини тугатмай, ташқарида таниш машинанинг сигнали эшитилди.

Матназар ҳушёр тортиб секин ўша ёққа йўналди…

У дарвозага етиб улгурмай, ҳақиқатан, ёнида беш-олти нафар йигит билан Ҳусан ака ҳовлида пайдо бўлди.

Матназар югуриб бориб у билан сўрашишга тутинди. Бироқ қўллари ҳавода муаллақ қолди.

Ҳусан ака сўрашиш ўрнига унинг ёқасидан олди.

— Ҳа, хўроз, — дея Матназарни маҳкам бўғиб олди у. — Қачондан бери ўзингдан катталарни ҳақорат қиладиган бўлиб қолдинг?

— Бу… нима деганингиз? — хириллади Матназар. — К-кимни ҳақорат қипман?

— Ўзингни билмасликка оляпсанми, ит? Яхши. Унда яхшилаб эшит. Укангнинг тўйи эсингдами?

— Ҳа, эсимда.

— Ўшанда Бек акани сўкканмидинг?

— Сўккан? Қачон?

— Итдай ичасан-у, кейин нима деганингни эслолмай юрасан. Ўзингга ўзинг қилдинг, бола! Бу ёғига тақдирга тан берасан. Қани, тезда уйингдаги бор пулларни менинг қўлимга топшир!

— Нега?

— Ҳа-а, ҳали мени сўроққаям тутмоқчимисан? Кимлар билан ўйнашиб қўйганингни унутиб қўйибсан, чоғи? Майли, эслатиб қўямиз. Қани, йигитлар, бир четга олиб ўтиб эсини киритиб қўйинглар! Мен унгача уй ичкарисини тинтиб тураман!

Йигитлар буйруқни эшитишлари билан Матназарни икки қўлтиғидан олиб томорқа томонга судраклаб кетишди…

* * *

Қора дорини шаҳардан анча нарида — далага яқин жойда ярим кечаси сотишади. Бу бозорда савдо қиладиганларнинг барчаси қамалавериб эти қотган, ранглари захил, оғзидан боди кириб, шоди чиқадиган, кўзлари доимо ўйнаб турадиган ўрта яшар эркаклар…

Бу кеча Мардон чет эллик сотувчилардан оғунинг кучлисини сотиб олиб жони кириб қолди. Ўзининг мижозларига ана шу оғуларни нақд уч баравар қимматига пуллади.

Қаршисидаги икки тансоқчига беркитиб қўйганларидан пичасини татиб кўриш учун бераркан, ўзининг ҳам бир маза қилгиси келиб кетди.

— Тўхта, — деди у тансоқчи йигитнинг қўлидаги кичкинагина целлофан халтачани тортиб оларкан, кўзлари аланг-жаланг ён верига ўғринча назар ташлаб. — Бу зормандани аввал мен татиб кўраман. Қани, ростданам кучлимикан? Алдашмаган бўлса, кейинги гал ҳам худди шунақасидан опкелиб сотамиз…

Эндигина оқ кукундан озгинасини бармоғига илиб бурнига яқинлаштирган эдики, кимдир келиб елкасига туртгандай бўлди.

Мардон шоша-пиша халтачани кафтлари орасига яшириб орқасига ўгирилди.

Милиционерларданми, деб ўйлаганди. Сарибой экан.

— Ҳа-а, бу ерда нима қилиб юрибсан, арвоҳга ўхшаб? — Сарибойни жеркиб ташлади у. — Ўласанми, бундоқ йўталиб-нетиб келсанг?

— Узр, ака, фалокат юз берди!

— Нима бўлди? Қанақа фалокат?

— Акангизни уравериб ярим жон қилиб ташлашди.

— Нима? Ким?

— Бек аканинг одамлари. Шахсан Ҳусан аканинг ўзи келиб калтаклатди. Ичкаридаги пулларни тийин-тийинигача қўймай олиб кетди.

— Олиб кетди? Ие, ахир… Темир сандиқдаги пулларнинг ярми меникийди-ку! Нима қип қўйдиларинг, итлар?

Мардон беихтиёр Сарибойнинг томоғини чангаллаб бўға бошлади.

— Нима қип қўйдиларинг? Мени хонавайрон қилибсанлар-ку!

— Менда айб йўқ, ака! Қўйворинг!..

Мардон бирдан Сарибойни қўйиб юбориб муштларини тугди.

— Мен уларга кўрсатиб қўяман! Қўрқадиган аҳмоқ йўқ энди. Акам айб қилган бўлса, менда нима гуноҳ? Ўзидан олмайдими ўчини? Ўлдираман! Ўлдираман!

У қаршисидаги йигитларни куч билан итариб юборди-да, сумка тўла пулни қўлтиғига қисганча машинаси томон чопиб кетди.

Сарибой эса, аллақачон ўрнидан қўзғалган машина ортидан югургилаган кўйи қичқириб борарди:

— Мардон ака, борманг! Акангизда айб йўқ! Бекорга ўлиб кетасиз!

* * *

Мардон кўз очиб юмгунча Бек аканинг ҳовлисига етиб келди. Дарвозага яқинлашаркан, аъзойи бадани титрар, кўзларидан гўёки ўт чақнарди.

— Сенга ким керак? — гарчи танишса-да, важоҳатини кўрган соқчилар Мардоннинг йўлини тўсишди.

— Ким кераклигини биласанлар-ку! — деди Мардон уларга. — Қоч, йўлимни тўсма!

— Мумкин эмас. Бек ака тайинлаганлар.

— Қочасанми-йўқми? — Мардон ўйлаб ўтирмай чўнтагидан тўппонча чиқариб соқчиларга ўқталди. — Қоч, ҳозир итдай ўлиб кетасан!

— Буни қара, — улардан бири шеригига қараб кулиб юборди. — Ҳурматини билмаслик шу-да! Бизни ўлдирармиш…

Тўппонча тутган қўлларидаги титроқ босилиб улгурмай, соқчилар бараварига Мардонга ташланишди ва қуролини тортиб олиб, бир четга улоқтиришгач, қўлларини қайириб ичкарига судрашди.

Шу тобда Бек ака эндигина эгнига костюмини илиб ҳовлига чиққанди. Мардонни олиб киришганига кўзи тушиб ҳушёр тортди.

— Нима айб қилди, бу йигитча? — сўради у соқчилардан.

— Билмадик. Аммо бизни отиб ташламоқчи бўлди, — кулиб жавоб қилди соқчилардан бири. — Зўрға сақлаб қолдик жонимизни, Бек ака.

— Шунақами? Намунча бу ака-ука одам ўлдиришни яхши кўришмаса-а? Ҳой, тирранча, менинг йигитларим сенга нима ёмонлик қилишди? Акаларинг-ку! Келиб-келиб шуларга қўл кўтарасанми?

Мардон бир силтаниб соқчиларнинг қўлидан чиқди-да, у ёқ-бу ёғини тўғрилаган бўлиб Бек акага юзланди.

— Пулларимни қайтариб беринг!

— Нима? Қайси пулларингни?

— Акамнинг сандиғидан олган пулларни айтяпман.

— Биз акангдан пул олмадик.

— Кап-катта одам ёлғон гапиришга уялмайсизларми? Акамни ўласи қилиб калтаклаб пулларни опчиқиб кетишибди-ку, одамларингиз!

— Хўш, нима бўпти? Аканг гуноҳ қилиб қўйди. Шунинг эвазига жазоладик, холос.

— Жазоласангиз унинг ўзини жазолайверинг! Менинг пулларимни қайтаринг!

— Тирранча, сен кўп ҳаддингдан ошаверма! — Бек ака Мардонга яқин келиб иягидан кўтарди. — Мен бунақанги майда-чуйда ишлар билан шуғулланмайман, билдингми? Жаҳлим чиқмасидан туёғингни шиқиллатгин-да, ишингни давом эттир! Эрта-индин улуш опкелишинг бор. Ҳаракатингни қил!

— Улуш? Қанақа улуш? Олдин одамларингиз опчиқиб кетган олтмиш минг долларни чўзиб қўйинг!

Бек ака ортиқ ҳеч нима демади. Йигитлардан бирига кўзи билан ишора қилди-ю, индамай машинаси томон йўл олди. Йигитлар эса Мардонни тепкилай-тепкилай ташқарига улоқтирдилар…

* * *

— Хўш, ишлар қалай? — Бек ака ўзи қурдирган чойхонага келиб ўтиришгач, чойхоначи келтирган ичкиликни Ҳусан аканинг қўлига тутқазиб сўради. — Мановини очгин-да, гапир!

— Ишларим ёмон эмас, — деди Ҳусан ака ҳовлидаги фавворага ўйчан боқиб. — Лекин сенинг ишларинг пачавага ўхшаб турибди.

— Нега энди менинг ишларим пачава бўлиши керак?

— Сенга бир гапни айтмоқчи бўлиб юргандим-у, негадир тилим бормаётганди.

— Айт, биласан-ку, барибир айтмасингга қўймайман!

— Қизинг анови Хушвақт билан қочиб кетибди.

— Нима? — беихтиёр ўрнидан туриб кетди Бек ака. — Ким… ким айтди буни сенга?

— Кўрганлар бор. Ўша… Сен бориб келган кунинг Хушвақт қизингникида экан.

— Буни билардим.

— Чиқиб кетганингдан сўнг орадан ўн дақиқаям ўтмай иккови жўнаворибди.

— Қаерга?

— Йигитларимиз аниқлашибди. Ҳозир улар водийда эмиш! Шоҳимардонда маза қилиб…

— Ўчир овозингни! Шу бугуноқ мен икковиниям кўришим керак.

— Хушвақтниям-а?

Бек ака бир муддат ўйланиб тургач, хонтахтага муштлади.

— Хушвақтни кўришга кўзим йўқ.

— Тушунарли. Маржонани-чи?

— Уни уйга олиб келинглар! Квартирасини муҳрлаб ташла! Падарига лаънат! Шу қизни сира йўлга сололмадим-сололмадим-да!

— Мен сенга айтганман, — Бек аканинг елкасига қўл ташлади Ҳусан ака. — Она керак қизингга!

— Тўтига ўхшаб бир гапни такрорлайвермасанг-чи, сенам! Онани бошимга ураманми? Маржонани уйга опкелинглар, вассалом! У билан ўзим гаплашаман!

— Хўп, энди манавини қуйсам бўлар?

— Керакмас. Кетдик! Ҳозироқ ишга киришмасанг кеч бўлади!

Ҳусан ака итоаткорона ўрнидан туриб чойхоначига нималарнидир уқтирган бўлди-да, Бек аканинг ортидан машина томон йўл олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here