Алданган олифта

0

— Вой-бў, ўғлим, миллиардерлар рўйхатига киритса бўладиган даражага етибсан-ку. Фақат бунча пулни уйда сақлагани қўрқмайсанми? — Мавлуда опа хонанинг бурчагида турган ҳашамдор сандиқсимон буюмни очиб кўрсатган ўғли Рашидга қараб гапираркан, нимадандир ҳайиққандек ёқасига туфлаб қўйди.

— Ойи, мен миллиардер бўлсам ҳам баъзиларга ўхшаб, «Мана мен», деб кўкрагимни кериб, кўчага чиқмайман. «Пулнинг шайтони бор», дейишади. Йўқ, яхшиси, ўша шайтон ҳақида гапириб ҳам лаънатини безовта қилмай. Пулининг борлигини одамнинг ўзи билса, бас! Ақлли одамлар бу ҳақда ҳатто онасигаям айтмайди. Лекин менинг сизга бир мақтангим келди-да. Қандай ишбилармон ўғлингиз борлигини билиб қўйинг, мен билан фахрланинг, дедим-да, — Рашид сандиқсимон буюмни қайта ёпиб, қулфлар экан, онасига ғурурланиб қаради.

— Рашиджон, барибир, бунча пулни уйда сақламаслик керакми, дейман-да, — Мавлуда опа икки қўлини кўксига қўйиб, юрагига дафъатан тушган қўрқувни тарқатмоқчи эди, лекин қўрқув баттар тугундай тугилиб олди.

— Қаерга олиб бораман? Бувимники карвонсарой бўлса, одамсиз пайтнинг ўзи йўқ. Сизнинг уйда борингиздан йўғингиз кўп… Шу ижара уйим тинч-да, ўзим тез-тез хабар олиб тураман, — Рашид шундай дея ўша ўров-ўров пуллар дасталаб босилган сандиқсимон буюмига яна бир марта меҳр билан қараб қўйди.

Мавлуда опа ўғлига бирпас қараб турди-да, «Айтсамми, айтмасамми», дегандек чекка сочларини тўғрилаб, секингина гап бошлади:

— Ўғлим, бундай қарасам, тўйнинг харажати тўпланиб қолибди. Балки, бу келган давлат бир нарсадан ишорадир. Ахир ўттизга киряпсан… Бувинг-ку гапиравериб, жағи чарчади. Бошқа қариндош-уруғлар ҳам салом-аликдан аввал «Рашиднинг бошини қачон иккита қиласиз?» деб сўрайди.

— Яна ўша гапми? — Рашид чимирилди. Мен қиз боламидимки, қариндош-уруғлар менинг ташвишимни қилади? Қолаверса, пул сарфлаб уйланишнинг ўзи аҳмоқликдан бошқа ҳеч гап эмас. Мен уйланадиган бўлсам ҳам бўлажак рафиқам билан ФҲДЁ бўлимига бориб, никоҳдан ўтиб, яшайвераман. Ўшангаям ҳафсала қилсам, бўлмаса, шундай ҳам яшайвераман. Ахир чет элда ярим аҳоли шунақа ҳаёт кечиради-ку…

Мавлуда опа бирпас индамай турди-да, сўнг деди:

— Балки, сенинг ҳам гапингда жон бордир. Ўлиб-толиб, ишлаб пул топгандан сўнг уни бир-икки кунда сочиб тамом қилиш у қадар тўғри ишга ўхшамайди. Лекин ҳар қанча сочган пулингга ачинаётган бўлсанг-да, сен куёвлик либосида ўртоқларинг билан карнай-сурнай садолари остида келин боланинг уйига кириб боришинг, кайвони аёлларнинг «Вой-вой, кўз тегмасин-ей», дея исириқ тутатишлари… Қизлари балоғатга етган аёлларнинг «Бизгаям шунақа куёв насиб этсин», дея тилак тилашлари, барибир, чиройли-да. Одам ана шуларни кўриш, шуларга етишиш имкони бўла туриб, етолмаса, барибир, юрагида армон бўлиб қоладими, дейман-да!

— Э-э-э, ойи, армону орзулар одамларни қаёққа етакламайди, дейсиз…

Рашид онасининг гапларини масхараомуз эшитаркан, яна ўша сандиқсимон буюмнинг ёнига бориб, унга суйкалди…

Мавлуда опанинг кўзларида нимадир чарақлаб, тезда сўнди.

— Барибир, сен нима десанг ҳам гапларингга ақлим билан қўшилсам-да, юрагим бошқа нарса дейди.

— Ойижон, юракни ҳам кўндирадиган пайт келди. Биз энди бутунлай бошқача яшашимиз керак. Мана, масалан, аёл керак бўлса, мен ўзимга бирорта чиройли ҳамроҳ топиб оламан. Уни ҳар кун уйимга олиб келишим ҳам шарт эмас… Овқат масаласи десам, кўча тўла овқат. Агар бувимнинг думбул шўрвасини ё сизнинг юпқангизни соғинсам, битта қўнғироқ қилиб қўяман-да, икки-уч соатдан сўнг бориб, еб келавераман. Бу пулларни эса… — Рашид қулочини керди.

— Рост, бу пулларни нима қиласан? Меҳрибонлик уйига ўтказасанми? Ё камхарж оилаларнинг болаларига суннат тўйи қилиб берасанми? — Мавлуда опа чет элда бир-икки йил яшаб, аллақандай ўзгариб келган ўғлидан ҳозир бунақа жавоб чиқмаслигини билса-да, ўсмоқчилаб сўради.

Рашиднинг қошлари баланд-паст бўлди.

— Ойи, қизиқ гапларни гапирасиз-а? Бунақада одамларингиз ғирт дангасадан-дангаса бўлиб қолишади-ку. «Бизга бериши керак, бизга қилиши керак, уларда пул бор, бизда йўқ, улар шунга мажбур», деган кайфиятни уйғотади бу «бер-бер»лар. Меҳр-оқибат ўз йўлига. Лекин одам кўнгли қаттиқ ва иложи борича совуққон бўлиши керак. Европанинг ютуғи шунда!

Мавлуда опа нима десаям, Рашид онасига гап топиб берди. Ахийри «Бунча кўп пулларимни қаерга ишлатишимга жуда-жуда қизиқаётган бўлсангиз ҳам айтмайман. Шунчаки ишлатганимни кўрганингизда ўзингиз: «Қойилман, Рашид!» дейсиз», деди ва ойисининг елкасидан қучди.

— Илоҳо, шундай дейиш насиб қилсин!

* * *

Рашид неча кунки  айнан шу столда шу қизни кўради. Бу стол деразанинг остида. Деразанинг икки тарафига гуллар қўйилган. Қиз гоҳ гулларга, гоҳ деразага узоқ-узоқ тикилиб ўтиради. Рашид кафега кирибоқ ўша дераза тарафга қарайди. Унча қиммат бўлмаган, лекин ниҳоятда чиройли бичимда тикилган зангори кўйлак кийган қизни кўргач, кўнглида бир осойишталик пайдо бўлиб, бўш ўринлардан бирига ўтиради. Йигит қизнинг бу кафега тамадди қилиш учун кирганига ишонмайди. Назарида, у айнан шу жойда ким биландир учрашмоқчи-ю, кутгани келмаётгандек… Ё борадиган жойига боргиси келмайди, вақт ўтказиш учун ширинлик ва лимонли чойни эрмак қилиб ўтиради. Рашид ойиси билан суҳбатлашганидан кейинги икки ойда эрмакка бир неча қиз билан учрашган бўлса-да, кимнидир ўзига доимий ҳамроҳ қилиш ҳақида жиддийроқ ўйламаган эди. Лекин ҳар кун кўраверганидан кўзи ўрганиб қолдими, шу қизга яқинлашгиси келди. Рашид қизлар билан ортиқча қийинчиликсиз танишар ё унинг кўзи тушган қизларнинг ҳаммаси пул бандалари эди. Фақатгина шу қизни кўрганда ғалати бўлиб кетар, «Рашид, ўзингни тут, қизларни энди кўряпсанми?» дерди-ю, ўзи ичида айнан шу қизни кўриш учун мана шу кафега кираётганини тан оларди. Бу гал ўзига-ўзи «Рашид, ўзингни қўлга ол!» деди-да, дадил юриб қизнинг олдига борди. Қиз унга узун киприкларини кўтариб, бир қараб қўйди-да, Рашиднинг назарида, бежирим лабларини қимирлатиб, ним овозда салом берганга ўхшади.

— Яхшимисиз? Ёнингиз бўшми? Ўтирсам бўладими? — дея сўради илтифот билан йигит.

Қиз ўтиринг ҳам, ўтирманг ҳам демай, сал сурилганга ўхшади. Рашид бу ҳолатни ўзича ўтиришга рухсат тарзида тушунди ва омонат ўтирди.

— Сизга халақит бермайманми? Мабодо, бировни кутмаётганмидингиз? — Рашид бу ёғига таваккал қилди.

Қиз бошини чайқади. Чайқаганида елкаларига ёйилган сочлари чиройли силкинди. Рашидга қизнинг ҳар бир ҳаракатида сеҳр ва ҳикмат бордек туюларди.

— Мен сизни анчадан буён кузатаман. Нимадандир безовтага ўхшайсиз. Бошингизда мушкулот бордек…

Рашид аввал узоқроқ ўтирган эди, хўрандаларнинг илтимосига кўра, пастроқ оҳангда мусиқа бошлангач, қизга стулини яқинроқ сурди.

— Балки, одамни нимадир безовта қилиб тургани яхшидир… Чунки ҳеч нарса безовта қилмаган, ҳамма нарсаси мукаммал одам ҳаётнинг, бахтнинг қадрини кўп ҳам билавермайди, — деди қиз.

Рашидга қизнинг овози ниҳоятда жарангдор, тиниқ бўлиб туюлди. «Ақлли қиз экан. Балки, бундан бу ёғига ёнимда мана шу қизга ўхшаган битта оқила аёлнинг бўлгани яхшидир. Ахир ҳамма нарсани доим ҳам онамга айтавермайман-ку», деб ўйлади. Қизга меҳри товланди. Унга яқин, жуда яқин бўлгиси келди.

— Тўғри айтасиз. Мен бунақа ақлли гапларни фақат эркаклар айтади, деб ўйлабман, — деди йигит.

Қиз кулимсиради. «Кулгичи ўзига жуда ярашар экан»… Рашид ҳар лаҳзада бу қизни кашф эта бошлагандек эди.

— Бу гапингизга қараганда, сиз қизларни яхши билмайдиганга ўхшайсиз…

Рашид жонланди:

— Мутлақо ҳақсиз. Қаердан ҳам билай? Ахир кеча-кундуз ишдан бош кўтармасам? Эркак киши оилада ҳам, жамиятда ҳам, албатта, мустаҳкам мавқега эга бўлиши керак. Бунинг учун нима керак? Биринчи навбатда, бели бақувват бўлиши керак, — Рашид ҳам қизга ўзини кўрсатмоқчи, ақлли эканини намойиш қилмоқчи бўлди.

— Тавба, бу дунёда бир хил фикрлайдиган иккита одам бор, дейишса, ишонмасдим. Мен ҳам худди сиздай ўйлайман. Аёл оилада ҳам, жамиятда ҳам эркак кишининг сояси бўлиши керак. Худо нима берса, эркакка берсин!

Қизнинг бирдан очилиб гапира бошлагани, бунданам кўра айнан Рашидни қўллаб-қувватлагани йигитнинг кайфиятини кўтариб юборди.

— Келинг, танишиб олайлик. Бир-биримизни қайсидир исм билан чақиришимиз керак-ку. Менинг исмим — Рашид. Бобом раҳматли Абдурашид, деб чақирарди, бувим ҳам ҳозиргача шундай чақиради. Ўзимга Рашид ёқади. Қисқа, аниқ, лўнда… Сизни нима деб атай энди?

— Рашид… Рашид ака… Бобонгиз бежизга сизга бу дунёнинг энг адолатли ҳукмдорининг исмини қўймагандир, Хорун-ар-Рашид ҳақида эшитгандирсиз… Ўзи бу саволим ортиқча-ю, сиздек одам Хорун-ар-Рашид ҳақида эшитмаган бўлиши мумкин эмас…

Рашид «Ким у?» деб сўрашга уялди. Бу қиз уни кўкларга кўтариб турганида, бир савол билан пастга тушиб кетишдан чўчиди-да, яна:

— Исмингиз? — деди.

— Менинг исмим жуда оддий, ҳар учта хонадондан биттасида учрайди: Робия.

Рашид қачондир, қаердадир бу исм-нинг маъносини эшитган эди-ю, эслай олмади, тағин қовун тушириб қўймай деб:

— Ие, икковимизнинг ҳам исмимизнинг бош ҳарфи «р»дан келар экан. Ўхшашликни қаранг, бекорга кўзим сизнинг столингиз томонга тушавермаган экан-да, — деди-да, олдидаги менюни Робия тарафга сурди.

— Сиз жудаям чимтомоқ қизсиз. Шунинг учун танлаб беринг. Мен танишганимиз шарафига сизни бир меҳмон қилай. Ё дурустроқ жойга борамизми?

— Йўғ-ей, илтифотингиз учун раҳмат! Менинг қорним тўқ. Ўзингиз нимадир хоҳласангиз… — Робия камтарлик билан менюни Рашид томон сурди. «Ҳар қандай одамнинг ҳам иштаҳасини очиб юборадиган таомларни рад этишга ўзида куч топдими, демак, ниҳоятда сабр-қаноатли қиз. Худойим Ўзи йўлимга чиқариб қўйди, шекилли. Лекин шошмаслигим керак… Аёл кишининг макри қирқ туяга юк бўлади, дейишади», — Рашид ўзига-ўзи «шошма» дерди-ю, юраги эса Робия тараф шошиб борарди…

* * *

Ҳарчанд ялинса-да, Робия Рашиднинг уйига бормасди. Машинасида бирга айланар,  кафеларга борар, ҳамма нарсада Рашидга қулоқ солар, Рашиддан ҳеч нарса талаб қилмасди. Рашид қиздан ота-онаси, яқинлари ҳақида сўрагиси келиб, гап бошласа, Робия:

— Мен сиздан ҳеч ким, ҳеч нарса ҳақида сўрамаяпман-ку, — дея табассум қиларди.

Рашид бир неча марта онасига Робия ҳақида гапиришга ҳозирланди ва айтди ҳам. Аммо…

* * *

— Ойи, шу қизга уйлансамми?!  Лекин режаларим кўп, бирортасига халақит берадиган жойи чиқиб қоладими, деб иккиланаман. Яна ўзи ҳеч нарса талаб қилмаяпти-ку. Балки, шундай яшаб юраверармиз…

Рашид икки-уч кун ялиниб, Робияни уйига олиб кирган эди. «Кечаси онамникига кетаман, сизга ўзингиз рози бўлмагунча бармоғимнинг учини ҳам теккизмайман», деган ваъдаларни ўртага қўйганди. Энди тақдир унга ўзи истагандек ҳамроҳ ато этганини онасига айтишга ошиқиб келган эди.

— Билмадим, ўғлим. Европа, Европа дейсан, Европада ундай, Европада бундай дейсан. Ҳамма ижарада яшайди, ярим аҳоли беникоҳ яшайди, дейсан. Ахир менинг бор қувончим — сенсан. Сенга боғланиб, сенинг қадди-бастингга қувониб, раҳматли отангдан сўнг турмуш ҳам қурмадим. Сен биттасан, ўзингдан кўпайишинг керак, десам, тағин Европада фарзанд кўриш урфдан қоляпти, дейсан… Агар кўнглингга мана шу топган қизинг сал-пал бўлсаям ёққан бўлса, уни уйга олиб кел. Ота-онаси билан танишайлик.  Майли, дабдабали бўлмасаям, кичикроқ тўй қилиб, никоҳлаб қўяйлик…

— Ойи, режаларим… Мен жуда катта қулоч ёзмоқчиман,  — Рашид яна нимадир дейишга шайланаётган эди, бирдан телефони жиринглади.

— Алло, — деди-ю, телефондан келаётган сўзларни эшитгани сайин ранги оқариб, лаблари титрай бошлади.

— Ҳа, болам, тинчликми? — Мавлуда опа телефонга интилди.

— Ойи, валидол беринг…

* * *

— Мен аввалига пулни эмас, Робияни ўйладим.  Пулнинг ҳидини билиб, уйга кирган талончилар Робияни бир бало қилишмаса эди, деб қўрқдим. Ижара уйимга келгунча «Робияни асра, Робияни асра», деб келдим…  Кейин эса пулга қўшиб, униям ўғирлаб кетишган, деб ўйладим. Ўғриларни кўриб қолгач, уни гувоҳ сифатида йўқ қилишмоқчи бўлган, дея тахмин қилдим. Энди билсам…

— Ҳа, Рашид Иброҳимович, айнан ўзини Робия деб таништирган ўша аёл шерикларига эшикни очиб берган. У сизни қўлга олиш, уйингизга кириб бориш учун ойлаб тайёргарлик кўрган…

— Ишонмайман, уни ўзим кўришим, ўзи билан гаплашишим керак! — Рашид ўзини ҳар тарафга ташлар, ички ишлар ходимидан ҳозир эшитганларини ҳазм қилолмай, бўғиларди.

— Энди қачон уни қўлга олсак, гаплашасиз. У битта ҳамроҳи билан чегарадан ўтиб кетган. Иккинчиси қўлга олинган, унинг кўрсатмалари ишончли, далилларга таянган…

Рашид бошини чангаллаганича ўтириб қолди.  Қулоғи шанғиллар, ўзининг «Европа, Европа» деган овози тўрт тарафдан акс садо бераётганга ўхшарди.

Қутлибека
РАҲИМБОЕВА

Ҳордиқ газетасидан олинди

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here