Гумон ва рашкда ёнган эркак!

0

У доимгидек қуёш уфққа бош қўйганда поездан тушди-да:

— Ҳаво бирдан совиб кетибди, — дея ўзига-ўзи минғирлади ва сумкасини кенг елкаларига илганча тутзор бўйлаб, қишлоғига йўл олди.

Аслида, ҳаво Лочин айтгандек бирдан совиб кетган эмас. Шунчаки, бу ерлар тоғ этагига туташиб кетгани учун иқлими шаҳардан бироз фарқ қилади. Устига-устак, ўн беш кундан буён уйда бўлмаганига бу ерлар унга бошқача туйилди. Ярим кундан буён вагонда эзилиб келгани камлик қилгандек, аксига олиб, йўлда бирорта ҳам машина тўхтамади. Меҳнатдан ёрилиб кетган қўллари билан ўсиқ соқолини қашлаганча тақдирга тан бериб, қишлоқнинг тор кўчалари бўйлаб судралиб кетаркан, совуқ Лочиннинг танасини ёқимсиз қитиқларди.

Уйига ярим чақирим қолганда Саттор мечкайнинг дўконига бурилди. Бутун дунёда ичкилик топилмай қолса-қоладики, аммо Саттор мечкайнинг дўконида доим бўлади.

Мана, бугун ҳам доимгидек Саттор мечкайнинг кичик, аммо кунига йигирма тўрт соат ишлайдиган дўкони мижозлар билан тўла. Лочин ҳам четда жойлашган стуллардан бирига келиб ўтирди ва гапирганда оппоқ мўйловлари дастидан оғзининг очилиб-ёпилгани билинмайдиган Саттор мечкайга «доимги»дан олиб келишини тайинлади. Сўнг бурни қизариб, қўшни столда кимдир уни кузатиб турганини пайқади. Нотаниш киши томон ўгирилди. Қишлоқ кичкина, шунинг учун ҳам ҳамма бир-бирини танийди. Аммо ҳозир Лочинга қараб турган, башанг кийинишига қарамай, қишлоқнинг уч-тўртта оддий эркаклари даврасида кулишиб ўтирган, қалин қошли, барвастадан келган бу одамни негадир танимади. Юз тузилиши, кўзлари кимнидир эслатар, лекин аниқ кимлигини билишга қийналарди. Шунда йигитнинг хаёлини: — «Лочин, кўзларинг ўтмай қолдими? Бунча термулдинг, жўра?» — деган овоз бузди.

Лочин бирдан сергак тортди. Меҳмонни юз тузилишидан таниш қийин бўлгандир, лекин бу овозни Лочин ҳеч қачон қулоқларидан ўчирмаган. Йигит кўзлари чақнаб, ўрнидан ўқдай отилиб турди.

— Ўзингмисан, Жалол?! — дея бағрини очди.

Лочин адашмади. Ростдан ҳам бу узоқ йиллардан буён кўришмаган синфдош дўсти Жалол эди. Кўп йиллик қадрдонини топган Лочиннинг чарчоқ босган юзини енгил табассум эгаллади. Мактабни тугатгандан сўнг ўтган орадаги воқеаларни тинглаш ва сўзлаб бериш учун бугун Саттор мечкайнинг туну кун ишлайдиган дўконидаги вақт ҳам етмай қолиши аниқ. Лочиннинг кўчада дуч келган одамни уйига етаклаб, улфатчилик қиладиган одати йўқ, аммо бугун узоқ йиллик қадрдонининг дийдорига тўйиш учун йўқ дейишига қўймай, Жалолни уйига таклиф этди. Дўстлар дўкондан чиқишганида қишлоқ уйларининг кўплаб чироқлари ўчганди. Лочиннинг уйига қадар бўлган суҳбат давомида Жалол ўқишини тамомлаб, шаҳардаги бир заводга оддий ишчи бўлиб жойлашиб, кейинчалик инженерликкача кўтарилиб, бу лавозимда чет элдан ишга таклиф қилишгунгача ишлаганини ва орада уйланиб, у ёққа ўзи билан бирга хотинини ҳам олиб кетгани ҳақида сўзлаб берди. Синфдошларнинг суҳбати то Лочиннинг уйига келгунгача давом этди. Кутилмаган бу учрашувдан Лочин бироз бўлса-да, ғамларини унутган, зерикарли кунларига янгилик кирганидан хурсанд эди. Бемаҳалда тақиллаган дарвоза ёнига олти яшар ўғли билан келган Шаҳноза «Ким у?» — дея сўради.

— Оч, бу менман, — деган овоздан эрини таниб севинган аёл боласига қараб:

— Ана, даданг келди, — дея дарвозани очди ва эри ёлғиз эмаслигини кўриб, кўзларини олиб қочди. — Ассалому алайкум. Яхшимисиз, меҳмон?

— Ваалайкум ассалом, Шаҳноза, — деб жавоб берди меҳмон.

Шаҳноза ҳам кутилмаганда меҳмон исмини айтгани учун юзига беихтиёр қаради ва:

— Сенмисан, Жалол? — дея ҳайрон бўлди.

— Ҳа, ҳа, худди ўзи, Жалол, — дея таъкидлади Лочин.  — Сен бор, дастурхон туза, уйда нима бўлса, олиб чиқ! — дея хотинига ҳам буйруқ берди. Сўнг ҳали ҳам уйқуси  очилмаган ўғлига қараб:

— Қани кел-чи, полвон,  — дея ўғлининг юзидан ўпди. — Мен йўғимда уйга қараб турдингми, Оташ?  — деб чўнтагида бир кундан буён эзилиб келаётган шоколадни олиб, ўғилчасининг қўлига тутқазди.

Болакай хурсанд бўлиб, «Раҳмат, дада, сизни жуда соғиндим», дея отасининг бўйнидан қучди ва «Дада, бу амаки ким?» деб сўради.

Жалол Лочиндан олдин жавоб қайтариб:

— Менми, мен сенинг Жалол амакинг бўламан, қани, бешни ол-чи, полвон йигит, — дея қўлини чўзиб сўрашди. — Лочин, худди ёшлигинг-а?

— Билмасам, кўпчилик шундай дейди.

Дўстлар кулишиб, ҳовлига киришди. Лочиннинг ҳовлиси катта бўлишига қарамай, отасидан қолган эски  уйда уч боласи, хотини билан кун кечирарди. Жалолнинг кўнглидан ҳаммаси ўша-ўша деган хаёл ўтган бўлса-да, дўстига индамади. Лочин ҳам ўз аҳволидан хижолат бўлди-ю, аммо буни билдирмади. Сўнг вазиятдан чиқиш учун Жалолга қараб:

— Кулбаи вайронамизга хуш келибсиз, меҳмон, — деди бироз табассум билан. Кейин хотинига:

— Тайёр бўлиб қолдими? — дея бақирди.

Кичик уйнинг тор деразасидан кутилмаган меҳмоннинг ташрифидан шошиб қолган Шаҳнозанинг пилдираб юргани кўриниб турарди. Жалол ҳам уларни овора қилиб қўйганини сезди ва хижолат бўлиб, Лочинга юзланди:

— Дўстим, қўйсанг-чи шу уйингни, ундан кўра, кел, мана шу сўрига жой солайлик-да, бемалол ётиб, бақир-чақир қилиб, қишлоққа қайтганимизни билдириб қўямиз.

Бундай об-ҳавода ташқарида ўтириш бироз салқинлик қилди-ю, аммо Лочинга ҳам деворлари кўчган уйидан бу ер анча маъқул келди. Ана-мана дегунча Шаҳноза сўрига икки қаватдан кўрпа ташлаб, камтаргина дастурхон тузади. Лочин ҳам ертўладан катта шишани олиб чиқди. Икки дўст шишанинг яримига етмай туриб, Шаҳноза ҳам ошни дамлаб чиқди.

— Лочин, дўстим, очиғи, сени, оилангни, фарзандларингни кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Барибир, айтганингдан қолмай, севганингга уйланибсан-да, — деди Жалол.

Ҳақиқатан ҳам Лочин Шаҳноза билан болаликдан бирга ўсиб, уни қаттиқ севганидан бўлса керак, жуда кўп маротаба дўстлари билан ёқалашган. Шаҳноза ҳам чиройли қиз бўлгани учун ошиқлари талайгина эди. Синф ўғил болаларининг ярмидан кўпи қизгинани бирдай ёқтирарди-ю, аммо Лочиндан қўрқмайдиганларигина Шаҳнозага гап ташларди. Лочин бу воқеаларни хаёлидан ўтказаркан, ҳатто бир марта мактаб стадионининг орқасида Жалол билан муштлашганини ҳам эслади. Ўшанда улар етти ёки саккизинчи синфда ўқишарди. Муштлашувда Жалолнинг қўли баланд келган бўлса-да, лекин Шаҳноза Лочинга насиб этди. Мезбон шуларни ўйлар экан, кўксида ғурур ва «Жалолнинг ҳали ҳам Шаҳнозда кўнгли бўлса-я», деган рашк аралаш гумон ўтди. Миясига келган фикрдан ўзига-ўзи «Йўғ-э», деб юборди. Ошдан бир чўқим еган Жалол чой олиб келган Шаҳнозага қараб:

— Роса қўлинг ширин экан. Очиғи, ҳали ватанга қайтгандан буён бундай ош емагандим, — деди.

Дўстининг аёлига айтган бу гаплари Лочинни яна шайтоний шубҳаларга етаклади ва Жалолни саволга тутди:

— Жўра,  ўзи нега қишлоққа қайтдинг?

— Эй, қизиқсан-а, Лочин, қишлоққа қайтмай, қаерга борардим? Қаерда яшасанг ҳам, барибир, бу ерни қумсар экансан. Шу ой ишхонадан ўз ҳисобимдан таътил олдим-да, бир зиёрат қиламан, деб йўлга чиқдим.

— Яхши қилибсан-да, — дея кулган бўлса-да, аммо мезбоннинг кўнглидаги ғашлик кетмади.

Балки, маст бўлса, барча саволларимга жавоб оларман, деб ертўладан яна бир шиша олиб чиқди.

— Бу ерга келганингга неча кун бўлди, Жалол?

— Бугун тўртинчи, йўғ-ей, бешинчи кун, — деб кайфи ошган Жалол бармоқлари билан учни кўрсатди.

Жалолнинг ҳар бир жавоби Лочинни янада шуб­ҳалар гирдобига ташларди.

«Бу ерда нимадир гап бор! У балки, атай мен уйда йўқ вақтим келгандир-а. Шаҳноза ҳам дарвозани очганда «Қандайсан, Жалол?» деб худди кеча кўришгандек сўрашди-я. Балки, бу иккаласи мени ишдан ҳали келмайди, деб ўйлашган бўлса-чи? Йўқ, йўқ, нималар деяпман ўзимдан-ўзим, менимча, кайфим ошиб қолди. Ҳа, булар иккаласи айнан менинг маст бўлиб, ухлаб қолишимни кутишаётган бўлса-чи? Аммо мен ҳам анойи эмасман. Шу ерда сен билан бирга ухлаймиз», — дея  ўйлаган Лочин тураман деганда, совуқдан елкаларини учириб-учириб, тиззасида ухлаб ётган ўғлини кўриб, хаёллари яна тарқаб кетди. «Йўқ, қилаётган ишим жинниликнинг ўзгинаси, ҳеч қачон Шаҳноза менга хиёнат қилмайди. Ахир учта шириндан-ширин фарзандимиз бор. Тўғри, балки Шаҳноза менга турмушга чиққанидан ўксиниб, куюниб яшар, лекин аниқ биламанки, у фарзандларига, оналик номига доғ туширмайди», — дея ўйлаб, рашкдан ёнаётган юрагига сув сепди.

Ўғилчасини секин олиб, уйга, хотинининг ёнига ётқизаётганида Шаҳноза ҳали ухламаган эди.

— Дадаси, сизларга даҳлизга жой солиб қўйдим, анча совуқ тушиб қолибди, кириб ётарсизлар. Соат ҳам учга яқинлашиб қолди, — деди Шаҳноза.

Лочиннинг хотиржам хаёллари яна бузилди. Кўзлари қизарди, аммо хотинига ҳеч нарсани сездирмади.

— Йўқ, бизнинг ҳароратимиз уйга иссиқлик қилади, биз ташқарида ётамиз, — деди босиқлик билан.

— Ахир шамоллаб қоласиз, — қайғуриб гапирди хотини.

— Нима, тушунмадингми?! — овози кўтарилиб ўшқирди Лочин.

Шаҳноза ҳам эрининг мастлигини тушуниб,  «Ҳеч бўлмаса, чопонингизни кийиб олинг», дея эгнига илиб кетди. Лочин сўри томон яқинлашаркан, гўёки стол устида ухлаб ётган одам унга шумлик қилаётгандек туйилди. Нега ва нима учунлигини билмас, лекин шундай бўлса, яхшироқ бўлади, дея тут дарахтига илинган болтани олди ва сўрига суяб қўйди. Лочин ўзини-ўзи тушунмас, бу ҳолат кучли рашкданми ёки мастликданми, билмас, болтани нега олиб келганини эса хаёлига келтиришдан ҳам қўрқар, аммо у шу ерда турса, яхшироқ бўладигандек эди. Миясига келган даҳшатли фикрдан танасини совуқ тер босди. «Шайтонга ҳай беришим карак, нималар қиляпман ўзи?! Гулдек аёлимни ўзим уйга олиб келган узоқ қадрдонимдан рашк қиляпманми? Болта бу ерга қандай келиб қолди, наҳотки мен бир одамни бемаъни хаёлларимни дея чопиб ташламоқчи бўлдим-а, ҳаммаси мана шу ичкиликдан, нафсдан», — дея болтани олиб, ҳовлининг ўртасига улоқтирди.  Сўнг совуқдан тиришиб ухлаётган дўстига ачиниб, чопонини Жалолнинг устига ёпиб қўйди. Лочин ёнбошлаб ётар экан, «Ҳозир ухласам, тонгда бу ичкиликнинг заҳридан қутуламан», — деб ухлашга ҳаракат қилди ва кўзларини юмди.

У кўзларини қанча вақт юмиб, нималарни ўйлаб ётди, билмайди, аммо чамаси бир соатлардан кейин ўрнидан сапчиб туриб кетди ва бошида қаттиқ оғриқ билан столнинг нариги томонида ётган Жалолга ўгирилди. Кучли шамол ўчиб қолган кўча чироқларини тебратган, ой шуъласи эса ғира-шира бўлса-да, дарахт япроқлари орасидан ўтиб, тескари бўлиб, Жалолни қучоқлаб ухлаб ётган Шаҳнозанинг юзига тушиб турарди.

Лочин кўзларни қайта-қайта ишқалади. Аммо кўрганлари ёлғон ёки ҳазил эмасди. Бошида тушми ёки ҳақиқат, буни англашга қийналди. Лекин бу туш эмас, кечириб бўлмас хиёнат эканини билди. Энди ўзини қоралашу  уларни оқлашга сабаб қолмади. Мияси ўзига бўйсунмаган Лочин аёлининг кийимидан шундай тортдики, ўғли ҳовли ўртасига отилиб кетди…

Қаттиқ чинқириқ овозидан ўйғониб кетган Шаҳноза уйдан югуриб чиқди. Лочиннинг кўз ўнгида эса отасини соғинганидан бирга ётаман, деб онасининг нимчасига ўраниб олиб, отасининг чопонини кийиб ётган одамни қучоқлаб ухлаб қолган ўғли Отабек ҳиқиллаб ётарди. Шу онда Лочин қилган ишидан афсусланишни ҳам, ўғлини бағрига босишни ҳам билмай тош қотганди.

Достонбек
РАҲМАТУЛЛАЕВ

Ҳордиқ газетасидан олинди

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here