ТАНБАЛ… (20-қисм)

0

 

***

— Ие, сен ким бўпсан-у, мени бўғасан? Ё ўлгинг келяптими? Ҳаддингдан ошаверма!

— Ҳали шунақами? Бир қориндан талашиб тушган укам мени ўлдирмоқчи бўлса… Дардимни кимга айтай? Кимга дод дей?

Матназар юраги тўлиб кетганидан тескари ўгирилган кўйи кўзларига ёш олди. — Наҳотки, ўз укам менга қурол ўқталса?

— Бўпти, ваҳима қилаверманг! — тўппончани қайтадан чўнтагига жойлаб совуқ тиржайди Мардон. — Бир қўрқитиб қўяй, дегандим. Юрагингиз жа бақувват…

— Юрагим билан ишинг бўлмасин! Худо бор тепада. Насиб этса, бир кун келиб мана шу ерда оёқларимга бош уриб кечирим сўрайсан. Йўқ, сени қарғамайман. Онамнинг руҳини чирқиратмайман. Худонинг ўзи кўрсатиб қўяди.

— Э, намунча валдирайсиз-а? Кимга зарил кепти, сизни ўлдириб? Маза топармиди одам? Гап бундай, ҳозир бу ерга мардикор йигитлар келишади. Келишганимиздай уйнинг ярмини бузиб кетаман. Хўш, нима дейсиз? Ё хафа бўлдингизми?

— Ўлибманми хафа бўлиб? — тескари қараган ҳолда жавоб қилди Матназар. — Онамиз яшаган, ўша одамдан қолган ягона ёдгорлигимиз эди. На илож? Бузсанг бузавер! Лекин эсингда бўлсин, арвоҳлар чирқираса ёмон бўлади. Кейин пушаймон бўлиб юрмагин!

— Бас қилинг, сафсаталарингизни! Мен ит азобида кўча кезган пайтларимда ўша арвоҳлар келиб ёрдам бериб қўймаган. Шундай экан, бунақа гапларингиз сиғмайди…

Матназар индамади. Укаси чиқиб кетганидан сўнг бирпас ўйланиб турди. Нима қилишни билмай боши қотди…

Охири уйнинг бузилишини кўриб жим тура олмаслигига кўзи етиб кийимларини кийди-ю, кўчага қараб йўл олди.

* * *

Ғам, алам домига тушиб буткул чўкиб қолган Матназар анча кунлардан бери кўча юзини кўрмаганди. Тушга қадар ўтирди ҳамки, сира кўнгли ўрнига тушмади. Аксига олгандек, қорни таталаб борар, ўткинчиларнинг бирортаси пул бера қолмасди.

«Ўлим яқин кўринади, — кўнглидан ўтказди у тобора яқинлашиб келаётган «Нексия» дан кўз узмай. — Тўғри-да, тағин икки-уч соат шу тахлит оч ўтирсам, бош айлана бошлайди. Устма-уст сигарет тутатиб юборсам, ҳушимдан кетаман. Ана ундан кейин ёруғ дунё билан хайрлашавериш мумкин бўлади. Ахир, ким ҳам мендай ташландиқ, ночор кимсани дўхтирга элтиб қўярди?!.»

Шу тобда ҳалиги машина учиб келиб, унинг рўпарасида тўхтади. Матназар яхшилаб назар солди. Негадир ҳайдовчиси танишдек туюларди…

Ҳа, адашмаган экан. Машинадан тушиб ўзи томон келаётган йигит Сарибой эди.

— Ие, ака, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз? — Сарибой қучоқ очиб Матназар билан кўришгач, тўнгак устига ўтирди. — Бунча озиб кетибсиз? Тинчликми?

— Сендай укаларим бўла туриб хабар олмагандан кейин озмай, семирайми? — ўпкаланди Матназар. — Бирортанг шу ёқда бир акамиз бўларди. Ўликмикан, тирикмикан, дейишга ярамайсан.

— Худо асрасин, ака! Совуқ нафас қилманг! Очиғи, ишлар кўпайиб кетди. Тан оламан. Сиздан аллақачон хабар олишим керак эди. Узр… Лекин айбимни ювишга баҳона бор, ака!

— Нима баҳонанг бор?

— Ҳозир тўғри сизнинг уйингизга келаётгандим.

— Йўғ-э, жа опқочасан-да, ўзингам!

— Опқочиш йўқ, ака! Бек акам юбордилар.

— Бек акам?.. — Матназарнинг бирдан ранги ўзгариб тескари ўгирилди. — Нима иши бор экан яна?

— Сизга айтсам, у киши аллақачон қилган ишига пушаймон бўлган. Айниқса, укангиз сотқинлик қилганидан сўнг…

— Укам нимага сотқинлик қилади? — Сарибойнинг сўзини бўлди Матназар.

— Бир ойдан бери думини ушлатмайди Мардон. Қочиб юрибди.

— Ҳа-а, улуш бермаган, дегин! Тўхта, сен қаердасан ўзи ҳозир?

— Менми? Бек аканикида ишлаяпман.

— Хўш, укам сотган бўлса, менинг нима алоқам бор? Мени нега йўқлайди ўша Бек аканг?

— Унисини билмадим. Ўзингиз тушунасиз-ку, Бек акам ҳамма гапни айтиб ўтирмайди. Топиб келгин, гап бор, деганди, мен келавердим…

— Йўқ, мен бормайман, — деди Матназар. — Боргулик бўлганим йўқ у ерга.

— Унақа деманг, ака! Ё менга ишонмайсизми?

— Ишонганимда нима?

— Ахир, сизни ёмонликка етакламаганман! Ҳаммаси яхши бўлади. Ака-укачилигимиз ҳурмати, хўп, дея қолинг, жон ака!

— Жа устасан-да одамни кўндиришга! — кулимсиради Матназар. — Илгариям ялинавериб одамнинг ҳоли жонига қўймасдинг.

— Одат-да, ака, одат!

— Бўпти, аввал бирор ошхонага олиб кир мени! Ўлгудай очман!

— Гап бўлиши мумкинмас. Қани, машинага! Зап акамсиз-да!

* * *

Сарибой қанчалар ишонтиришга уринмасин, Матназар Бек акадан ҳеч қандай яхши гап кутмасди. Чунки, бу одамни яхши билади. Қачонки, ўзининг манфаатига мос келадиган иш бўлсагина Матназарга ўхшаганларни таклиф этиб қоларди.

Бу гал эса…

Шунча азобланишлар, хўрликлардан сўнг Бек аканинг юзига қарашга жирканса-да, ҳозирги ҳолатини, эртанги кунини ўйлаб ноилож ўзи учун жирканч бир ҳилқатнинг остонасини босиб ичкари киришга мажбур бўлди.

Бу ерда Матназарни ҳайратга солувчи манзаралар кўп экан. Айниқса, дарвозада, ҳовлида айланиб кун ўтказадиган соқчи йигитларнинг ўзгача мулозаматлари, югуриб-елиб хизмат қилаётган ёш-ёш қизчаларнинг қўлларини кўксига қўйиб салом беришлари уни ҳақиқатан ҳайрон қолдирди…

— Ие, ўзимнинг эски қадрдоним кеп қопти-ку! — Бек ака қизи Маржона билан бирга овқатланиб ўтирган экан. Матназар кириши билан даст ўрнидан туриб қучоғини очди. Маржона эса ерга қараган кўйи секин салом бериб ташқарига чиқиб кетди. — Қани, укагинам, ўтир! Йўқ, тўрга ўт! Ҳа, ана бу бошқа гап. Қани, сен келдинг, бало келмасин, Оллоҳу акбар!..

Матназар юзларга фотиҳа тортилгач, тезроқ мақсадга ўтилишини кутиб ер остидан Бек акага тикилиб қаради.

— Ука, — дея гап бошлади Бек ака уни узоқ кутдиргиси келмади шекилли. — Шу десанг… Мардон жуда қийнаб юборди-да бизни! Биласанми, биз унга ўзимизга ишонгандай ишониб, бутун бошли миллион-миллион пул келадиган бозоримизни топшириб қўйгандик. Ахир, бундай яхшиликни керак бўлса, отасиям қилмайди одамга ҳозирги замонда! Тўғрими?

Матназар бош ирғаб қўйди.

— Бир ойдан бери қочиб юрибди ярамас… Айтанча, сенинг ўзингниям боплаб кетибди-ку!

— Ҳа, энди… Ўзи билади-да! — деб қўйди Матназар майдалашиб ўтиргиси келмай.

— Шунақа. Сен уни гўдаклигидан катта қилгин-у, бир кун келиб ўтирган уйингни бузиб чиқиб кетсин!

— Менга нима ишингиз бор эди? — сўради Матназар гапни бўлиб.

— Сенгами? Кел, эски гиналарни унутайлик. Хатолик сенданам, бизданам ўтди. Бир-биримизни кечирайлик-да, яна ишни давом эттираверайлик! Мен сенга илгариги мартабангни қайтариб бераман. Фақат бир шарт билан.

— Қандай шарт?

— Шошилма! Шу шартни бажарсанг, нафақат мавқеинг тикланади, балки, менга куёв бўласан.

— Нима? Куёв?

— Қўрқиб кетдингми? — кулиб юборди Бек ака. — Билиб қўй, менам унча-мунчани куёв қилавермайман. Кўнглимга ўтириб қолганинг учун шу гапни айтдим. Маржонага уйланасан. Локигин аввал биз қўйган шартни бажаришинг лозим.

— Хўп, айтаверинг!

— Сен… Мардонни тинчитасан!

— Нима? Укамни-я?

— Ҳа, йўқ дейишга уринма! Бу қарорни мен чиқардим. Бугуноқ бориб ўз укангни йўқ қиласан!

Матназар пешанасида бирдан пайдо бўлган тер томчиларини кафти билан арта-арта беихтиёр ўрнидан туриб кетди.

* * *

Бек аканинг ҳовлисидан чиқаркан, Матназар сочилиб кетган хаёлларини сира йиғиштириб ололмас, ўқтин-ўқтин ишонмаган кўйи чўнтагидаги тўппончани ушлаб-ушлаб қўярди.

Шу аҳволда уч йигитнинг ҳамроҳлигида Мардоннинг дарвозаси рўпарасида машинани тўхтатди. Машинадан тушишга тушди-ю, буёғига нима қилишни билмай боши қотди. Ахир, қай томон кетяпти ўзи? Жигарини ўлдириш ниятида келди-ку!.. Нега? Кимлардандир қўрққани, ёки бойлик илинжидами? Қийналавериш жонига теккани учунми? Кейин нима бўлади?.. Йўқ, йўқ. Мардон яхшиликни билмади. Акасининг юзига оёқ қўйди. Бир марта эмас, бир неча ўн марта шундай қилди. Устидан боплаб кулди. Хиёнатлар қилди. Маҳалла-кўйнинг олдида шармандаи шармисор қилди. Демак, у ўлимга маҳкум. Яшашга ҳаққи йўқ. Агар ҳозир ўлдирмаса, бир кун келиб тағин ўзининг ифлос ишларини такрорлайверади. Матназарни ер билан яксон қилаверади… Лекин… Энаси-чи? Ҳойнаҳой шу тобда Мардоннинг ҳовлисида айланиб чирқиллаётгандир… Матназар ўз жигарининг қонига қўлини бўяса, эвазига энаси жазолаб қўймасмикан уни?.. Йўқ, йўқ. Нималар деяпти?.. Бу ишни қилмаса, Бек акадан жазо топади. Бу сафаргиси қаттиқ жазо бўлиб чиқади. Аниқ…

Ака, вақт кетяпти, кирмайсизми? — Матназарнинг ёнида маҳтал бўлиб турган йигитлардан бири хаёлини бўлди.

— Нима?.. Ҳа-я, нега туриб қолдик ўзи?

— Билмадим. Боядан бери кутиб турибмиз. Бир жойда қотганингизча туриб қолдингиз.

— Хаёл олиб кетибди, ошна!.. Демак, сенлар шу ерда қолиб кутасанлар. Мен тез чиқаман.

— Фақат чўзманг, иш бошдан ошиб ётибди.

— Буни сенларсизам биламан…

Матназар шошилганча дарвоза қанотини қия очиб ичкарига қадам қўйди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here