Ўлим остонасидаги қиз

1

Шифокорнинг гапларини эшитган Замира кечаси билан йиғлаб чиқди. Қиз ўзини орзулар осмонидан қулагандай, тубсиз жар ёнида тургандай ҳис этар, дунё кўзларига қоронғу кўринарди гўё.

— Бошингиздаги оғриқлар,  тез чарчаб қолишингиз, уйқусизлик ва яна бошқа бир неча аломатлардан кўриниб турибдики, бу дард бедаво…

Замира докторнинг гапларини эшитганидан буён титрарди. Ахир икки ойдан сўнг тўйи. Гап тўйининг яқинлигида эмас, албатта. Гап касалликнинг айнан саратон эканлигида. Шу кунгача тантанали тўй, одамларнинг унга ҳавас билан боқишига, яна аллақандай орзулар оғушига интиларди. Бўлажак турмуш ўртоғи Азамат топган ресторанни ҳам «Дидимга мос эмас, оддийгина экан», дея рад этган, яқин кунларда шу можаро сабаб, гап ҳам талашиб қолишганди. Бугун эрта тонгдан эса бу совуқ хабар…

* * *

— Нега кайфиятинг йўқ, Замира? — деди танаффус пайти дугонасининг бир нуқтага термулиб ўтирганини кўрган Сабина.

—…

— Замира, сенга гапиряпман!

— Ҳа, нима, ким?! — талвасага тушганча типирчилади қиз.

— Тинчлан, соғлиғинг жойидами? — ҳайрон бўлиб сўради Сабина. — Ёки ҳалигача ресторанни ўйлаяпсанми?

— Ҳмм.

— Сиқилишингга арзийди, дугонажон, — деди ҳеч нимадан бехабар дугонаси ҳам уф тортиб. — Сен Азаматни кўндиришга ҳаракат қил, бошқа ресторан топсин. Арзонига ёпишмасин, жуда хунук-ку у жой.

Замира жилмайди. Қиз ёнгинасида куюниб гапираётган дугонасининг сўзларини эшитаркан, бу нарсалар қанчалар арзимас эканини, энг муҳим бахт соғлик эканлигини англади.

— Ресторандан минг маротаба муҳимроқ ишлар бор, тириклик, тинчлик — мана, энг катта бахт!

— Н-нима? — кулиб юборди Сабина, — Ҳой, тўқсон ёшли файласуф бувимга ўхшаб гапирмасанг-чи…

— Бувинг билган нарсаларни, — ўрнидан ғазаб билан турган Замира йиғлаганча гапирди. — ўлимни, минглаб дарларни ва асл бахт буткул ўзга нарсалардалигини сен қаердан ҳам тушунардинг?!

Сўнг ҳатто домласининг ҳай-ҳайлашига ҳам жавоб қайтармаган қиз пальтосини кийди-да, кўчага югурди.

* * *

Қор анчадан буён бу қадар гупиллаб ёғмаган, кўчаларда машина шовқинини айтмаганда, ҳеч садо эшитилмайди. Йўлнинг бир четидан аста қадамлар билан юриб келаётган қиз ортда қолдирган изларига қараб-қараб қўяди. «Оёқ изларим бир текисда қоляпти, жуда гўзал. Ҳаёт изларим-чи? Ана, уйларнинг чироқлари милтиллаяпти, одамлар оиласи билан кечки овқатга ўтирмоқда. Уларнинг юзи, кўзи бахтдан чақнашига бир қаранг! Наҳот мен энди шундай кунларни кўрмасам, наҳот баҳорга етмай, ўлиб кетсам?..»

Замиранинг кўзларига ёш қалқиди. Қизга ҳеч нима ёқмас, кўзлари борлиқдаги қиш зийнатидан баҳра оларди-ю, бу қувонч асло юрагига сиғмасди. Ҳатто шифокор ёнига қайта боришни ҳам, дарди ҳақида такрор ва такрор эшитишни ҳам хоҳламайди.

— Келдингми, қизим? Хавотир ола бошлагандим! — деди Фахрия опа қизини кўрибоқ.

— Озгина кеч қолсам ҳам шунчалик куюнасизми, ойи, ўлиб қолсам нима қиласиз? — деди Замира синиққина кулиб.

— Бу қандай бемаъни гап?! — Фахрия опа қовоғини бир уйди-да, сўнг қизини қаттиқ қучоқлаб олди.

Замира кўксида тўлган, бўғзига тиқилган алам, изтиробини шу дам волидасига айтса, аёл не кўйга тушиши маълум.

— Ие, йиғлаяпсанми? — деди она қизини қучоғидан бўшатаркан ва тез-да аёлнинг юзи нурли жилмайди. — Тўй олди ҳамма қизларда бўладиган табиий ҳол-ку бу!

— Табиий эмас, она, ишонинг бу бошқа…

Замира ўзини босолмади, қиз шунчалик ўксиниб йиғлардики, Фахрия опа эса қизининг аҳволини бошқа нарсага йўярди.

— Ваҳиманг қурсин, қизим, ҳали баҳор келсин, чиройли тўй қиламиз, сен гўзал келинчак бўласан!

Замира онаси кўрсатаётган, ял-ял ёниб мақтаётган сарполарга шунчаки термулар, кўз олдидан эса айни шу хонада унинг ўлимидан сўнг қандай манзара бўлиши кечарди. Қиз яна хаёлларга берилди. «Ўлим! Қанчалар ваҳимали, вужудни музлатувчи сўз. Ҳаммамизнинг қисматимизда бир кун келиб ўлиш ёзилган. Бироқ ўлим вақтини билиш ва, айниқса, ҳали ҳеч бир ишга улгурмай, ўлим томон бориш…  Онажон, билсангиз эди! Йиғлагим, этагингизга осилиб, кетмайман, дея фарёд чекким келяпти. Яшагим келяпти, она, тўйиб-тўйиб нафас олгим келяпти!»

— Нималарни ўйлаб қолдинг, қизим? — деди қизини ҳеч кулдиролмаётган она маҳзун тортиб.

— М-мен, — деди Замира дудуқланиб. — М-мен…

Шу пайт қизнинг қўл телефони жиринглади ва экранда «Азизим» деган ёзув пайдо бўлди. Замира авваллари бу ёзувни неча соатлаб кутар, ҳозир эса ҳатто бу йигит, яъни бўлажак турмуш ўртоғи ҳам қизнинг кўнглига таскин беролмаётганди.

— Алло, — деди Замира бир четга ўтиб.

— Яхшимисан, нега эрталабдан бери телефонни кўтармайсан, тинчликми?!

Азамат ҳаяжон, ҳадик аралаш сўзларкан, «Ишқилиб, фикридан қайтиб қолмадимикин», деган қўрқув ҳам йўқ эмасди хаёлида.

— Тинчлик…

— Сен, нима, ҳалиям мендан араздамисан?

— Аразда? Нега?

— Нега бўларди, ресторан масаласида-да, — деди йигит хўрсиниб ва ўзини оқлай кетди. — Тушун, ҳозир харажатлар кўп, ҳаммаси бир вақтга тақалиб қолди. Бундан ташқари, тўйга яхши санъаткорлар келсин, дегансан…

— Илтимос, — Замира йиғлаб юборди.

Қиз телефонини пастга тушириб, обдан хўрсинди ва гапириш учун куч тўплади.

— Учрашайлик!

Замира Аваз билан гаплашиб олиши шарт эди. Ахир тўйга шунча тайёргарлик бўлаётган бир маҳалда куёвга ҳақиқатни айтмаслик адолатдан эмас, ҳар ҳолда. Эҳтимол, тўйнинг тўхташи баҳонасида ҳамма вазиятни тушунар. Замира нон олиб келаман, дея чиқди-ю, қорбўрон ўйнаб юрган болаларга кўзи тушди. Болалар қийқирганча кулишар, ўзини гоҳ у, гоҳ бу томонга уриб, қичқиришарди.

«Мен мана шунақа ширин болаларни дунёга келтиролмайман, ўз фарзандимнинг бошини силаб, уни овқатлантиролмайман! Худо менга йигирма икки йилгина ҳаёт берган экан, холос. О, ҳаёт, нақадар ширин неъмат экансан! Яшашнинг, соғлиқнинг ўзи қанчалар буюк бахт экан-а!»

— Замира!

Азамат Замиранинг елкасидан тутди ва ҳайратдан кўзлари катта-катта очилди.

— Сенга нима бўлди, нега йиғлаяпсан? Айт, ким хафа қилди?!

— М-мен, мен… — Замира ўкинч ва бўғзида қотган дард туфайли гапиролмасди.

— Оббо, тағин ресторан учун шунча йиғлаётган бўлмагин. Агар шу сен учун жуда муҳим бўлса, мен эртагаёқ сен истагандай жой топаман, фақат йиғлама!

— Арзимайди, — деди Замира йиғлашда давом этаркан болалардан кўзини узмай. — Бу дунёда ҳеч нарса соғлик, тинчлик, хотиржамлик каби муҳим эмас! Мана шу болаларнинг кулгисини ҳар кун эшитиш, кўра олиш, ҳис этиш, мана шу — бахт, қолгани ҳеч нарса эмас, қолгани бир пул!

Азамат ҳеч нарсага тушунолмай талмовсиради. Замира эса йигитга айтмоқчи бўлган бирорта ҳам гапини айтолмади, титроқ эгаллаб олгани учунми ёки ичидаги аллақандай куч уни тўхтатганиданми, сирини яширди.

* * *

Эрта тонг! Қуёш нурларини чунонам чароғон сочган, қорлар эришни бошлаган, қушлар сайраган тонг! Замира саҳарда базўр ухлагани учун қийналиб уйғонди ва дафъатан шошганча кийина бошлади. «Тезроқ ҳаракат қилишим керак, ўлимимни кутиб ўтиролмайман, бугуноқ бошқа шифокорга учрайман!» Қиз ҳеч кимга индамай, ёлғиз ўзи онкология маркази томон жўнади. Қиз шифокор қабулига кирди ва рентген натижаларини унга кўрсатди.

— Тавба, ҳозирги баъзи докторлар мол докторининг ўзгинаси!

Ерга туфлаганча икки қўлини икки тарафга ёйган шифокор жиғибийрон бўла бошлади. Сўнг кўзойнагининг тепасидан Замирага қаради.

— Бор энди, сен соғломсан! Аҳмоқ, чаласавод дўхтиринг оддий ғуррани саратон деб, сени ҳам жуда йиғлатган кўринади!

Замира қулоқларига ишона олмасди. У марказдаги энг билимли, тажрибали шифокор айтаётган бу сўзлар мағзини чақишга уринаркан, йигирма тўрт соат давомида чеккан ситамлари бекор эканидан осмонга учай дерди. Ҳа, қиз шу тоб осмонга учгандай, бутун борлиғи нур ва булутлар узра сайрга чиққандай шодон! Замиранинг катта-катта очилган кўзларидан икки-уч томчи ёш думалади, аммо бу қувонч, шукроналик ёши эди. Замира ҳозир бахтнинг асли ҳақиқатан соғлик ва хотиржамликда эканлигидан масрур.

— Ҳалиям йиғлаб ўтирибсанми? — деди доктор ясама дўқ билан. — Қани, тез бу ердан қорангни ўчир-чи, ҳали сени бутун бошли ҳаёт кутяпти!

Замира худди аввалгидай хандон отиб кулиб юборди, сўнг ўрнидан турди-да, «Тўйимизнинг қаерда бўлиши аҳамиятсиз, муҳими, соғлик», деди-да, чиқиб кетди. Қари доктор эса гап нимадалигини англамас, гоҳ уқувсиз ҳамкасбларини, гоҳ ҳеч тушуниб бўлмас ёшларнинг қилиқларини ўзича муҳокама қиларди.

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА

Ҳордиқ газетасидан олинди

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

1 ТА ФИКР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here