Диққат, янги эпидемия: сериалпарастлик!

0

Халқимиз, табиатига кўра, сериалпараст: оммабоп сериал бошланган пайтда уйимизни ўмаришаётган бўлса ҳам чалғигимиз келмайди. Сериалпарастлигимиз шу даражадаки, дини, тили, маслагию мақсади етти ёт қаҳрамоннинг исмини жондек азиз фарзандларимизга қўйишдан ҳам тап тортмаймиз.

Бу ҳолат, бир томондан, очиқкўнгиллигимизни, бошқаларнинг дардини, ташвишини, оғриғини, қувончини ўзимизнинг оғриқдай, ўзимизнинг ташвишдай, ўзимизнинг қувончдай қабул қилишимиздан дарак берса, иккинчи томондан, аччиқ бўлса ҳам тан олиш керак, онгимизнинг даражасини билдиради. Бугунги мураккаб дунёнинг мафкуравий-ғоявий жиловини қўлларида ушлаб турганлар бизнинг айнан ана шу хусусиятларимиздан усталик билан фойдаланмоқдаки, негадир сериаллар қиёфасига яширинган, ёшларга, айниқса, ҳали қарашлари мустаҳкам таянчга эга бўлмаган аҳоли қатламига тез таъсир қилаётган, “оммалаштирилаётган”, “сингдирилаётган” ғаразли ғоялардан ҳимояланиш тизими эътиборсиз қолмоқда. “Қолмоқда” дейиш ҳам юмшоқроқ баҳо, аслида “ўз ҳолига ташлаб қўйилган”, дейилса, тўғри бўларди.

Хитой, Россия каби давлатлар аллақачон хориж сериалларига нисбатан ўз миллий назоратини ўрнатиб бўлди: бу мамлакатлар аҳолисининг миллий қадриятлари ва қарашларига тўғри келмайдиган ёки қадриятларига дахл қиладиган сериаллар намойиш этилмайди. Бу беҳуда эмас ва цензура ҳам эмас. Бу миллий ўзликни асраш саналади. “Асраш”, “ҳимоялаш” билан цензура орасидаги фарқни англаб олишимиз керакка ўхшайди.

Бугунги кунда телесериаллар бутун дунёда ахборотдан сўнг таъсирчан мафкуравий маҳсулотга айланиб бормоқда. Телесериал индустрияси корчалонлари дунёга сериаллар орқали миллий асосларни, миллий маданиятни секин-аста емирадиган ғоялар тарқатмоқдаки, бу медиабозор яширин мафкуралар бозори бўлиб бораётганини кўрсатади. Аҳоли кенг қатламига мўлжалланган бадиий таъсирчан “теледрама” маҳсулоти воситасида миллий менталитетимизга ёт бўлган одатлар, қарашлар, урфлар, тушунчаларни сингдириш гоҳ ошкора, гоҳ яширин тарзда амалга оширилмоқда.

Аслида ҳам ҳар қандай фильм у ёки бу ғояни, демакки, мафкурани ташийди, тарбияга, ахлоққа, эстетик дидга, дунёқарашга, табиийки, ижтимоий фикрга таъсир қилади, маълум маънода изидан эргаштиради. Ўзга халқ, ўзга миллат, ўзга маданиятлар билан таништиради, тасаввур беради, миллий қиёфасини, ўзлигини, турмуш тарзини, орзу-истагини намойиш қилади. Бугунги кунда ҳинд, япон ва корейс, Покистон, турк сериаллари ўзбекларга ҳинд, япон, корейс, турк халқлари маданияти, урф-одати, қиёфаси, анъаналарини ҳар қандай дарсликлардан кўра яхшироқ ўргатаяпти, десак, хато бўлмайди. Тан олиш керак, миллий телесериал ишлаб чиқариш жараёнидаги сусткашликдан фойдаланиб, хориж сериаллари ёшларнинг диди ва савиясини, қарашларини, эзгулик ҳамда ёвузлик, гуманизм, мардлик ва жасурлик, ҳалоллик ҳамда адолат, қаҳрамонлик ва куч-қудрат, оила, ота-она, одоб-ахлоқ ҳақидаги ота-боболаримиз минг йиллар сайқал берган қарашларимизни “ўзига мослаштириб” олаётганини, аста-секин путурдан кетказаётганини англаймиз.

Эътибор беринг, оммавий тарзда, ёшу қари ётиб олиб томоша қилган бир сериалда ёши элликдан ошиб қолган хола ўз жиянини ўзига аёл сифатида эътибор бермагани учун сериал давомида ундан ўч олиш нияти билан ёнади. Жиян эса ўз хотинига, тўғрироғи, иккинчи турмушига “садоқатли” деб таъриф-тавсиф берилади. Эр-хотин орасидаги “муҳаббату садоқатга” ҳамманинг “ҳаваси келади”. Лекин бу “гўзал аёл”нинг ҳам дарди бор.

Ёшлигида бир йигитга қўнгил қўйган, йигитнинг онаси ўғлига бу қизни олиб бермаган. Оқибатда никоҳсиз фарзанд дунёга келади. Кейинчалик аёл издиҳомда қизчасини йўқотиб қўяди. Содда томошабин “Энди у қачон қизини топаркан, қизи ким экан?!” деб экран қаршисидан жилмай, аёлга ҳамдарду ҳаммаслак бўлиб ўтиради. Тақдирни қарангки, йўқолган қиз эрининг биринчи турмушидан бўлган ўгай ўғли билан ошиқ-маъшуқ экан. Воқеанинг бу тарзда ривожи содда томошабинларимизни сериалнинг навбатдаги қисмларини муштоқлик билан кутишига сабаб бўлади. Ўгай она ўз қизи эканини билмасдан ўгай ўғлининг у қиз билан муносабатига қарши бўлади. Қизнинг бошида ўзининг тақдири такрорланади. Воқеа ва интрига шунчалик устомонлик билан тўқилганки, томошабин бу бадиий ишловлар орқасига яширинган маънавий “вирус” секин-аста ўзига “юқаётганини” сезмайди ҳам. Қиз ҳам онаси каби (!) никоҳсиз фарзанд кўради! Сериалда она ҳам, қиз ҳам, сериални ётиб томоша қилганлар тили билан айтганда, “ўрнак бўладиган”, “ижобий образлар”: улар “турмуш машаққатларини, синовларини матонат билан енгиб”, охир-оқибат бахту саодатга эришадилар. Айни пайтда иккинчи холанинг эркаклар олдида қийшанглаб турадиган ўғли бор. Бу ўғил ҳам “ижобий образ”. Ўғил атрофида ўралашиб юрадиган уч эркакдан қай бирининг фарзанди эканини хола билмайди. Шу сабабли учови ҳам қийшанглайдиган, сериалда кўрсатилгандек, “оқкўнгил, меҳрибон” ўғилни ўзларининг фарзанди деб билишади. Томошабин бу кимнинг ўғли экан деб сериални киприк қоқмай томоша қилади. Рекламачилар ҳам айнан мана шу сериал ичида ўз молларини кўз-кўз қилишади, оқибатда сериал сабаб телеканал ҳам каттагина даромадга эга бўлади, “рейтингини” кўтариб олади.

Афуски, телеканаллар ана шундай “рейтингни кўтарадиган” сериалларга ўч бўлишади. Уларни сериал орқали юқадиган “маънавий вируслар” эмас, кўпроқ реклама, кўпроқ даромад олиб келиши қизиқтиради, афтидан.

Бошқа бир сериалда яна бир ижобий қаҳрамон бўлган ёш жувон эрининг кўзини шамғалат қилиб, ёшликда кўнгил қўйган эркак билан бемалол дон олишиб юради. Унинг бу хатти-ҳаракати “муҳаббат ва оила эркинлиги” сифатида талқин этилади. Ажабланарлиси, хотинининг эркак билан муносабатини эр ҳам билади. Сериал давомида томошабинлар аёлнинг “биринчи муҳаббати”дан фарзанд кутаётганига, фарзанд икки ошиқ-маъшуқнинг бахти сифатида талқин этилганига гувоҳ бўлади.

Эҳтимол бу хавотирлар ўринсиздир? Лекин атрофимизга бир эътибор берайлик. Ростдан ҳам ўринсизмикин?! Бу хил сериаллар, энг аввало, “бетни қотиради”. Халқимиз “бети қотган” аёлдан, “бети қотган” қиздан номус қилган. “Бети қотиш”, бу — номуссизликнинг бошланиши. Бу — исботини топиб бўлган ҳақиқат. Бугун кўчаларимизда соч турмагини ўша ёш жувонникига ўхшатиб турмаклаган қизлар пайдо бўлганига эътибор бераяпмизми? Агар одамнинг “ташқи қиёфаси унинг ички қиёфасининг кўриниши” деган гапга ишонсак, анча нарса ютқазиб қўйганимизни тан олишга тўғри келади.

“Ўзбекистон” телеканалидаги “Учбурчак” шоусида намойиш этилган, ўзига ҳирсий кўз билан қараган қайнотасидан шикоят қилиб чиққан келинни кўргач, “бет қотиш” оммавий тус олаётганига амин бўлдим. Келин ҳамманинг олдига чиқиб, қайнотаси қилмишларини бемалол баён этди. Кейин бети қотган эр, бети қотган қайнота ҳам — гарчи телефон орқали бўлса-да — бу ҳолатни “муҳокама қилишди”…

Кейинги пайтда томошабинлар орасида жуда машҳур бўлиб кетган уюшган жиноий гуруҳ ҳақидаги сериални ота-оналари билан бирга кўриб турган беш яшар бола шундай савол берганига гувоҳ бўлдим:

— Дада, тўппончаси бор одам энг кучли одамми? Тўппонча бўлса ҳамма қўрқадими?

Унинг бу саволи сериал қаҳрамони ҳар қандай муаммони тўппонча кўрсатиб ҳал қилаверганидан сўнг пайдо бўлган. Отаси нима деб жавоб беришидан қатъи назар, менимча, қўлида ўқотар қуроли бор одамдан ҳамма қўрқиши ҳақидаги тасаввур боланинг ёдидан энди ўчмайди, яъни сериал бу мурғак қалбни ҳам аллақачон ўз йўргагида “тарбиялашга” киришди.

АҚШда ана шу хил “оммавий маданият” унсурлари “тарбиялаган” мактаб болалари ўз мактабларидаги болаларни ва ўқитувчиларни, ҳатто ота-оналарини ҳам отиб ташлагани ҳақидаги хабарлар сериаллар каби тўқилган хабарлар эмас.

Томошабинни яширин маънавий хуружлардан, сериаллар орқали жўнатилган ўта юқумли “маънавий вируслардан” ким ва қандай ҳимоя қилади?

Бир танишим “Агар телевизордан бермасангиз, ана, дискини сотиб олиб кўришади, барчаси бефойда”, дейди.

Аммо мен унинг фикрига қўшилмадим. Дискдан сотиб олиб кўрса, фақат ўзи ёки биронта яқини кўрар. Телевизорда берилган сериалларни эса миллионлар томоша қилади. Бундан ташқари, телевизорда берилган ҳар қандай маҳсулот оммавий эътироф сифатида тан олиниб, томоша қилинади. Телевидениенинг масъулияти ҳам шунда. У оммавий эътироф воситаси саналади. Шунинг учун унга ишонилади ва қабул қилинади.

Юқоридаги каби “энг оҳанрабо”, “энг томошабинбоп”, “энг оммавий”, “энг таъсирчан” телемаҳсулот бўлмиш хориж сериалларни намойиш қилаётганда маънавиятимизга, миллий ўзлигимизга, миллий қадриятларимизу фазилатларимизга, ўзимизга, тарбиямизга секин портлайдиган мина қўяётганимизни ҳам унутмаслигимиз керак.

Кўриб турганимиздек, энг беозор жанр бўлмиш оддий сериаллар қиёфасида ҳам маънавиятимизга хатар мавжуд. Бу эса ҳаммамизнинг муаммомиз, хатарнинг олдини биргаликда олишимиз керак. Демак, жавобни ҳам биргаликда топишимиз зарур.

Саиджон ИСЛОМОВ

Манба: «Халқ сўзи»

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: