ТАНБАЛ… (21-қисм)

0

 

* * *

Ҳовли жимжит эди. Фақат айвонга осиб қўйилган қафасдаги тўтиқушгина бетиним сайраб жимликни бузиб турарди.

Мардон, қаердасан? — қичқирди Матназар атрофга аланглаб. — Тирик жон борми бу уйда?..

Бир-икки бақир-чақирдан сўнг рўпарадаги уй эшиги ғийқиллаб очилиб кўзларини ишқалаган кўйи Мардон чиқиб келди.

— Ҳа, намунча уйни бошингизга кўтармасангиз? — тўнғиллади у турган ерида. — Нима гап? Тинчликми?..

Матназар укасининг бу муомаласини эшитиб ҳайрон бўлмади. Негаки, у билмайди. Акасини ҳамон тиланчилик қилиб кун ўтказаяпти деб ўйлайди.

— Сал пастроқ тушсанг бўларди. — деди Матназар киноя аралаш. — Кўришармидик…

— Гапингиз бўлса, гапираверинг! Шундоғам уйқунинг белига тепдингиз.

— Шунақами?.. Унда эшит. Мен сендан бу сафар қарз сўраб келмадим.

— Унда нимага келдингиз?

— Сени ўлдириш учун юборишди мени.

— Нима?.. — Мардон бирдан ҳушёр тортиб орқага тисланди. Матназар у шубҳа қилмаслиги учун чўнтагидаги тўппончани қўлига олди.

— Кўрдингми? Мана шу қуролминан сени тинчитишим керак экан.

— Сиз… Қуролни қаердан олдингиз?

— Буюртмачилар беришди. — совуқ кулиб қўйди Матназар. — Кимларнидир қаттиқ ранжитган эмишсан.

Мардон беихтиёр кулиб юборди.

— Вей, ака, ҳазиллашяпсизми?.. — ҳамон кулгидан ўзини тўхтатолмай сўради у. Аммо ўзини тутишидан, юз-кўзларидан безовталана бошлагани кўриниб турарди. — Келиб-келиб сизга юклашдими шу ишни? Ахир, мени ўлдириш осон эмаслигини биласиз-ку!..

— Бола, сен пастроқ туш!.. Ўлдириш кўнглимда бўлса, кирган палламдаёқ бажариб қўя қолардим. Тўнғиз эдинг, тўнғизлигингча қолибсан.

— Оғзингизга қараб гапиринг! — деди Мардон деворга суянган кўйи. — Тўнғиз деб сизни айтишмайдими? Ўз укангизни ўлдиришга кепсиз-ку! Қанча ваъда қилишди бу ишингиз учун?

— Бунисиминан ишинг бўлмасин! Ҳарқалай, сен берган қарздан кўп. Бузиб кетган уйингни қайтадан тиклашгаям етади.

— Шунақа денг? Аламда қолган экансиз-да!..

— Бўпти, ҳозир бу гапларнинг мавриди эмас. Кўчада йигитлар кутиб туришибди. Ичкарига таклиф қилсанг, гаплашиб олардик.

— Ўлдирмайсизми? — тўсатдан телбаларча қичқириб қўлларини баланд кўтарди Мардон. — Эркак киши ташқарида туриб ҳам гаплашаверади.

Матназар жаҳд билан айвон сўрисига чиқди-да, укасига яқин бориб тўппончани пешонасига тиради. Мардон шу тобда адойи тамом бўлганди. Ҳатто, қимирлашга ожиздек кўзларини пирпиратарди холос.

— Сен ярамас, яхшиликча гаплаша оласанми ўзи-йўқми? — хириллаш аралаш шивирлади Матназар. — Сен имонингни ютган бўлсанг, мен ҳали илгаригидайман. Жигарчилик мен учун қадрлироқ, хунаса!.. Намунча катта кетасан?.. Юр, бошла ичкарига! Хотинчанг уйда бўлса, ташқарига ҳайда!

— Х-хўп… Хўп… — Мардон эҳтиёткорлик билан уй эшигини очиб Матназарни олдинга ўтказди. — К-киринг!..

Уй ичи қасрлардек шоҳона ясатилган, ҳар қандай камбағал одам кирса оёқ босишга қўрққулик эди.

Матназар деворлардаги нақшларни, қатор-қатор турк гиламларини, сервантдаги қимматбаҳо идиш-товоқларни эринмай кўздан кечириб маъноли бош чайқаб қўйди.

— Ҳа, яшашинг ёмон эмас. — деди укасининг кўзларига тик боқиб. — Топишинг яхши-да-а?

— Ҳаракатга яраша… Хўш, гапиринг энди!..

— Нимани гапирай? — атайин талмовсираб сўради Матназар. — Чамаси, бизнинг гаплашадиган гапимиз йўқ эди шекилли?

— Балки бордир. Ахир, ўлдиришдан аввал айтадиган гапларингизни ўйлаб келгандирсиз?

— Ҳа-я, сўнгги гапларни гаплашиш шарт-ку!.. Хўш, Бек акангни нега ранжитдинг?

— Ҳа, демак, ўша сизни менинг олдимга юборган экан-да!..

— Сен гапни айлантирма!.. Нега ранжитдинг? Жавоб бер!..

Мардон полдаги гиламнинг бир учини кафтлари орасига олиб иккинчи қўли билан силаб қўйгач, бошини кўтарди.

— Ўнта бармоғини оғзига баравар тиқиб олган ўша акангиз. Қачонгача мен унга улуш бераман? Ўзимнинг тирикчилигим йўқми?

— Ие, ўша одам сени оёққа турғазмадими? Буниям унутиб юбордингми ҳали?

— Ҳечам у оёққа турғазгани йўқ. Мен ўзимни ўтдан чўққа уриб…

— Бекорларни айтибсан. — унинг сўзини бўлди Матназар. — Бунчалар нонкўр бўлма, ука!.. Иккаламизгаям у кишининг яхшиликлари кўп бўлган. Қолаверса, Бек акадан қочиб ҳеч қаёққа бора олмайсан. Ёшлик қилмагин. Агар менинг ўрнимга бошқасини юборганида, аллақачон жанозангга тайёргарлик кўрилаётган бўларди. Ё нотўғрими?..

Мардон бошини ликиллатиб тасдиқ ишорасини қилди.

— Сенга барибир ичим ачийди. — давом этди Матназар. — Чунки, бир қориндан талашиб тушган укамсан. Сендан бўлак бу дунёда яқиним йўқ. Бироқ Бек аканинг буйруғини бажармасам ҳам бўлмайди. Унинг олдида қарзларим кўп. Юр, кийингин-да, менминан юр!.. Фақат аҳмоқлик қилма!..

Мардон шу пайтгача бошқа хаёлда ўтирганди. Акасидан бошқа гап кутганди. Бирдан ўзгариб туришга ундай бошлаши юрагидаги қўрқувни баттар кучайтириб бармоқларигача титрай бошлади.

— Ака, — беихтиёр кўзлари ёшланиб зўрға шивирлай олди у. — Барибир мени ўлдираркансиз-да-а?.. Ҳозиргина ачинаман деётгандингиз-ку!.. Раҳмингиз келмас экан-да менга!..

— Қўй, ука, мени қийнама!.. Яхшиси, вақтни чўзма! Ташқаридаги йигитлар шубҳага тушишмасин!.. Юр!..

Мардон бошқа савол бермади. Индамай кийиниб акасининг олдига тушганча ташқарига йўл олди. Хотини эса, ҳеч нарсага тушунмас, бақрайганча тандирхона ичкарисидан уларни кузатиб турарди.

* * *

Уч қишлоқ нарида жойлашган бу жийдазор не-не мурдаларни кўрмаган. Не-не нолаларни тинглаб безовта чайқалмаган.

Бугун ҳам шу ерга оппоқ «Нексия» келиб тўхтади-ю, ичидан Матназар бошлиқ уч йигит тушиб атрофни зимдан кузатган бўлишди. Зоғ учмасди атрофда. Ҳатто, навбатдаги хунрезликни олдиндан сезган каби боягина чирқиллаб шохдан-шохга қўнаётган қушлар ҳам қаерларгадир олисга ғойиб бўлишган. Далалар эса, бўм-бўш. Сувчи яқиндагина яхоблаган шекилли, сувини бирпасда ташналарча эмиб улгурган пайкаллар билч-билч лой…

— Юкхонани оч!.. — йигитлардан бирига буюрди Матназар. — Тезроқ бўлсанг-чи, ошна!.. Бунақа ишларни ими-жимида қилиш лозимлигини биласан-ку!..

Икки йигит машина юкхонасидан оппоқ матога ўралган мурдани суғуриб олишди-да, суви қурий бошлаган ариққа олиб тушишди.

— Тезда болтаминан майдаланглар-у, чуқур қазиб кўминглар!.. — деди Матназар аланглаб. — Беш дақиқа ичида бу ердан даф бўлишимиз керак.

Айтилганидек, орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас, йигитлар қон сачраган қўлларини қумга арта-арта машина ёнига келишди.

— Худо раҳмат қилган бўлсин! — қўлларини фотиҳага тортди Матназар. — Гуноҳларимизни Худонинг ўзи кечирсин! Кетдик!..

* * *

Туман жиноят қидирув бўлими бошлиғи подполковник Арслонов бошини чангаллаганча кабинетида ўтирар, кулдондаги сигарет қолдиғи ўз ҳолича тутаб ётарди.

Арслонов бир муддат ўй суриб тургач, телефонга ёпишиб керакли рақамларни терди.

— Алло, Бек ака!.. — деди шошиб гўшакдан таниш овоз эшитилиши ҳамоно. — Ўзингизмисиз?

— Ўзим бўлмай, арвоҳим бўлармиди? — жавоб қилди суҳбатдош. — Нима гап?

— Ака, тағин ЧП бўпти-ку!..

— Нима бўпти?

— Бир йигитни чавақлаб ариққа кўмиб кетишибди.

— Хўш, менга нима алоқаси бор?

— Гувоҳлар сизнинг йигитларингизга тўнкашяпти.

— Вей, қанақа гувоҳ? Менинг йигитларим майда-чуйда ишлар билан шуғулланмаслигини биласан-ку!

— Тўғри-ку-я… — Арслонов пешонасини буриштириб бирпас сукутга толди. — Аммо… Ўша маҳалда бир кампир сизларга тегишли машинани кўрганмиш. Биласиз-ку, кампирларнинг оғзи шалоқ бўлади!..

— Сен ёп ўша оғизни! Битта кампирни тинчлантиролмасанг, нима қилиб ўтирибсан у ерда?..

— Мен-ку, тинчитаман. Локигин…

— Бўпти, тушундим. Харажатидан хавотир олма. Ҳозироқ етказишади сенга. Фақат тезроқ ишни ёп!.. Гап-сўз кўпайиб юрмасин!

— Хўп, сиз айтасиз-у, биз йўқ дермидик? Харажатни…

— Қўрқма, сени хафа қилмайман.

Бу гапдан сўнг Арслонов бирдан жонланиб, кафтларини бир-бирига ишқалаганча қайтадан телефонга ёпишди…

* * *

Маржона охирги кунларда ўзини қўярга жой тополмасди. Мана, бир ҳафта кутди. Хушвақтдан негадир дарак йўқ. Ҳар галги қўнғироқ қилишлар ҳам бефойда кечяпти. Телефондан «ўчирилган» деган жавобгина эшитилади холос. Отаси эса, «Шунчаки ишдан бўшатдим», деганди. Нимага йўқ бўлиб кетади?.. Ё бирор кор-хол…

Маржона эрта тонгда тўшакка михланиб ётганча шуларни ўйларкан, бирдан ҳушёр тортиб ўрнидан турди.

Йўқ, бу ерда бир гап бор. Зудлик билан отасини қистовга олмаса бўлмайди.

— Дада, ростини айтинг, Хушвақтни нима қилгансиз? — Бек ака шу тобда фавворани ёқиб, юқорига шиддат билан чиқиб-тушаётган сувга тикилганча ўй сурарди. Қизининг саволини эшитди-ю, юзини тескари бурди.

— Нима, соғиниб қолдингми ўша хунасани? — совуқ оҳангда сўради у.

— Соғинганим йўқ. Аммо ҳозир айтасиз нима бўлганини!..

— Унингга балоям ургани йўқ. Юргандир дайдиб.

— Йўқ, алдаяпсиз. Сиз уни…

— Овозингни ўчир!.. — Бек ака Маржонанинг икки юзини чангаллади. — Индамас экан деб бўлар-бўлмасни гапираверма!

— Унда нега индамаяпсиз? Айтинг!..

— Ҳа, ўлдириб юордим уни! Чунки, у яшашга ҳақли эмас. Мени шарманда қилди, тушундингми?

— Нима?.. Нима учун?.. Дада, сиз… Қотилсиз!..

— Ҳа, қотилман! Хушвақтга ўхшаган ўзбошимчаларни кўрсам, кўзларимгача қонга тўлади… Энди…

— Унда мениям ўлдиринг!.. Нега қараб турибсиз?..

Бек ака дарвоза тарафдаги соқчилар қараб қўйишганини кўргач, бироз овозини пасайтирган бўлди.

— Сени ўлдирмайман. Сен менинг зурриёдимсан. Бироқ, билиб қўй, мабодо яна менинг раъйимга қарши иш қилсанг, унда сенлигинггаям қараб ўтирмайман.

— Шунақами?.. Яхши… — Маржона тўзғиган сочларини қайтадан турмаклади-да, ортга тисланди. — Мен бу уйда бир дақиқаям турмайман энди. Бошимни оламан-у, узоқ-узоқларга кетаман.

— Кетиб бўпсан!.. Сен яқинда мен айтган йигитга турмушга чиқасан.

— Тегиб бўпман сизнинг каллакесарларингизга!.. Мен ўзимни ахлатхонадан топиб олганим йўқ.

— Тегмай қаёққа борардинг…

Маржона зарда билан хонасига кириб кетгандан сўнг Бек ака Ҳусан акага қўнғироқ қилди.

— Менга қара, шу бугундан бошлаб қизим учун бошингминан жавоб берасан!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: