Эрта қариб кетаётгандекмисиз? Унда…

0

Ҳар қандай шароитда ҳам инсон руҳияти мустаҳкам бўлса, эрта қаришнинг олди олинади. Чунки асаблар нотинчлиги ҳам ички, ҳам ташқи томондан салбий таъсир кўрсатиб, умрни эговлайди. Айниқса, байрам олди ташқи кўринишни яхшилаш, гўзал ва бетакрор бўлиш ҳамма учун кўтаринки кайфият бағишлайди. Шунинг учун, энг аввало, асабни тинчлантирувчи, қон айланишини яхшиловчи ва ошқозон-ичак фаолиятини тўғри йўлга солувчи қуйидаги амалий ишларни бажаришингиз лозим:

1. Ҳеч қачон эринчоқлик қилманг, ҳар куни йога ва қорин машқларига 15 дақиқадан вақт ажратинг. Бунга кўра, сиз ўзингизни лоҳаслик ва ҳар қандай хасталикларда дори ва бошқа воситалар қабул қилишдан халос этасиз.

2. Машғулот бўлмадими, овқат ҳам йўқ! Бу ҳаётий шиорингизга айланиши керак.

3. Таом егингиз келмаса, ўзингизни мажбурламанг. Чунки бундан нафақат ошқозонингиз, балки ухлай олмаганингиз боис асабларингиз ҳам ишдан чиқади.

4. Қуюқ чой, қаҳва ва тамаки каби қўзғатувчилар қандай кўринишда бўлмасин, хавфли ҳисобланади. Уларни, айниқса, ухлашдан олдин асло ичманг.

5. Шунингдек, тунда овқат ейишга, кундузи ухлашга одатланманг. Бу қабзиятга сабаб бўлиши мумкин. Қабзият эса нафақат ичакларга азоб беради, балки бош миянинг зўриқишига ҳам сабаб бўлади.

6. Таомни секин енг! Овқатланиш пайти сув ичманг. Айниқса, чойни таомланишдан сўнг камида 30-40 дақиқа ўтказиб ичинг.

7. Тишларингиз мустаҳкам, ошқозон ҳaзми нормал ҳолатда бўлишини истасангиз, оғиздаги таомни майда чайнанг.

8. Кечки пайт меъёридан ортиқ қовурилган, қайнатилган, ўта иссиқ, совуқ, қаттиқ ёки оғир таомларга асло қўл узатманг.

9. Кайфиятингиз чоғ бўлиб, оғир хаёллардан ўзингизни бўшатганингизда тамадди қилинг. Ҳеч қачон ғазабга тўлиб турганингизда ва нобоп шароитда овқат ёки ичимлик истеъмол қилманг. Бундай вақтдаги овқатланиш тўғридан-тўғри асабларга таъсир этади. Бундан стресс ҳолатга тушиб қолиш мумкин.

10. Тамадди қилиб бўлгач, олдинга ва орқага қадам ташлаб машқ қилинг ва шу жараёнда қорин соҳасини массаж қилинг. Бунда ошқозон ва ичак фаолияти яхшиланади. Асабларингиз тинчиб, сокин уйқуга кетасиз.

ЁШАРТИРУВЧИ МАШҚДАН ФОЙДАЛАНИНГ

Асабни тинчлантириш ва ёшариб юриш учун махсус машқни тавсия этамиз. Бунинг учун ҳар куни эрталаб 15-20 дақиқа тиззада юришнинг 5 фойдаси бор.

1. Оздиради.

2. Буйрак ва жигарга фойдали.

3. Тизза оғриғини даволайди.

4. Кўзингизни юмиб юрсангиз, орқа миянинг яхши ишлашига ва кўз нурининг ўткирлашишига ёрдам беради.

5. Қоматингизни тик тутишни ўрганасиз, бу умуртқа поғонасига ҳам фойдали. Бу хитойча даволаш усули бўлиб, олтин “хўроз машқи” деб номланади.

Бу усуллардан мунтазам равишда фойдалансангиз, организмингиз чарчаб қолмайди. Бу эса эрта қаришингизга йўл қўймайди.

Бундан ташқари, ҳамиша ёш бўлиб юришни истасангиз, организмда витамин етишмаслигига йўл қўймаслигингиз лозим. Бунинг учун қайси маҳсулотда қандай витаминлар борлигини билсангиз бўлгани.

ВИТАМИН ЕТИШМАСЛИГИ ВА ДАВОСИ

1. Агар инсон организмида А витамини кама­йиб кетса, унинг кўриш қобилияти камаяди. Бу витамин кўпроқ сабзи, помидор, кўк нўхат, қовун, апельсин ҳамда сут маҳсулотларида мавжуд.

2. В1 витамини организмда етишмаса, паришонхотирлик рўй беради, хотира пасаяди, асаблар бўғилади. Бундан қутулиш учун гўжа оши, сули, арпа нони, қўй гўштини кўп истеъмол қилиш керак.

3. В2 витамини камайиб кетса, кўз ёшланаверади, камқонлик келиб чиқади, киши дармонсизланиб, лаблари қурийверади, бичилади, лабида ажинлар пайдо бўлади. Бундай кишилар кўпроқ тухум, қўй гўшти, хамиртуруш ва пишлоқ ейишлари керак.

4. В3 витамини организмда камайиб кетса, юрак ўйнайдиган бўлиб қолади. Бунинг учун олма, нок, ошқовоқ, сабзи ва лавлагидан кўпроқ енг.

5. С витамини инсон организми учун энг муҳим витаминдир. С витамини камайиб кетса, милклар бўшашиб, оғриқлар пайдо бўлади, бўғинлар оғрий бошлайди. Яралар пайдо бўлиб тезликда битмайди ва киши тез чарчайди. Ундай киши картошка, карам, булғор қалампири, қулупнай, сабзи, лимон ва апельсиндан кўп миқдорда ейиши керак.

6. D витамини етишмайдиган кишини қуёш тез уради, сочлари тўкила бошлайди. У киши сут ва сут маҳсулотларини, айниқса, қатиқни кўп истеъмол қилиши керак бўлади.

7. К витамини етишмаса, бундай инсон жигар, ичак ва буйрак касалликларига чалинади, қони яхши ивимайди. У киши пиёз, карам, қовун, кўк нўхат, ловия ва кўкатларни кўп еса, фойда қилади.

8. Н витамини етишмаса, организмда ёғ безларининг фаолияти бузилади. Бундай ҳолда соч тез оқаради ва тўкилади. Бунинг дармони — бўлка нон, гуручли овқатлар, жўхори, гўжа ва жигарни қўп миқдорда ейиш.

9. Юқорида номлари қайд этилган витаминлар инсон организмида етишмаса, турли хил салбий ўзгаришлар келиб чиқади. Тирноқлар тушиб кетиши, бўй қисқа бўлиши, тез-тез ҳар хил яралар чиқиши, юзга яра тошиши мумкин. Бундай ҳолатларда кўпроқ ёнғоқ, кунгабоқар ва каноп ёғидан фойдаланиш керак. Инсон организмида барча витаминлар меъёрида бўлишини таъминлаш учун йилнинг турли фаслида етарли миқдорда ноз-неъматларни истеъмол қилиши зарур. Шундай қилинган тақдирда ўз организмингизнинг соғлом бўлишига интилган бўласиз. Энг муҳими, ана шу витаминларга бой маҳсулотларини вақти-вақти билан, меъёрида истеъмол қилиш лозим.

ЮЗНИ ЁШАРТИРУВЧИ НИҚОБЛАР

Вақт ўтиши билан тери ҳужайралари терининг таранглигини таъминлаб турувчи коллаген ва эластинни етарли миқдорда ишлаб чиқармай қўяди. Шу туфайли юзингиз ёш ва тиниқ кўринишга эга бўлмай қолади. Бу айнан неча ёшда содир бўлиши кўплаб омилларга боғлиқ. Бунга ирсий хусусиятлар, ишлаш ва яшаш шароитлари, овқатланиш тартиби, ҳаёт тарзи, терини парваришлаб бориш ва бошқалар таъсир кўрсатади. Баъзи аёллар 35-40 ёшларида ҳам тиниқ юз терисига эга бўлса, бошқалар 25 ёшларидаёқ юзида ўзгариш сезиши мумкин. Бироқ терини парваришлашни эртароқ бошлаган маъқул, шунда ўзингиз истамаган ўзгаришлар унчалик сезиларли бўлмайди. Уй шароитида юзни парвариш қилишнинг энг осон ва шу билан бирга, самарали усули ниқоблардир. Xўш, ниқоблар нималардан тайёрланиши мумкин ва улар қандай хусусиятга эга?

Қуйида шундай ниқобларда қўлланиладиган баъзи маҳсулотларни ва улар терига кўрсатадиган самараларни санаб ўтамиз.

1. Асал витаминларнинг ҳақиқий хазинаси бўлиб, терини тозалайди ва озиқлантиради.

2. Xaнтал — терининг ташқи қаватига суртилганида унинг ҳужайралари қон билан таъминланишини яхшилайди, моддалар алмашинуви ҳам йўлга тушади, натижада эластин ва коллаген ишлаб чиқарила бошлайди.

3. Xoм тухум — теридаги тешикчаларни торайтириш билан бирга, улардаги ортиқча нарсаларни чиқариб ташлайди. У, шунингдек, намлантирувчи хусусиятга ҳам эга.

4. Сметана, қатиқдаги кислоталар — эпидермиснинг қотиб кетган ҳужайраларини йўқ қилади, шунингдек, ушбу маҳсулотлар терини озиқлантиради ва намлантиради.

5. Бодринг — яллиғланишни йўқ қилади, терини таранглаштиради ва озиқлантиради.

6. Kaртошка — яллиғланишга қарши таъсирга эга, унинг шарбати терини тиниқлаштиради ва озиқлантиради.

7. Meва кислоталари — кўпинча пилинглар юзнинг эскирган ва ўлик ҳужжатларини йўқ қилиб, уни янгилайди.

8. Xaмиртуруш — тери ҳолатига таъсир кўрсата оладиган тирик организмлардир.

9. Геркулес (cули ёрмаси) — терининг дағал бўлиб қолган ҳужайраларини кетказади, шу билан бир вақтда уни намлантириб, юмшатади.

10. Табиий мойлар сўлиган ва қуриган тери учун энг яхши намлантирувчидир.

Ниқоб суртишнинг учта асосий босқичи бўлиб, уй шароитида ёшартирувчи ниқоблар қуйидаги тарзда суртилади:

* дастлаб тери тозаланади.

Бунинг учун юзингизни ювиб, сўнг лосьон ёрдамида тозаланг. Юмшоқ скраб билан юмшоқ пилинг қилиш ҳам мумкин.

* Юздаги тешикчалар очилиб, ниқоб таркибидаги моддалар терига яхшироқ сингиши учун юзни буғлаб, юмшатган маъқул.

Бунинг учун қайноқ ванна қабул қилинг ёки юзингизни қайноқ сув солинган идиш оғзига тутиб туринг.

* Энди ниқобни суртиш мумкин. Вақтни белгиланг ва бўшашинг.

* Ниқоб 5 дақиқа тургач, уни ювиб ташлашга киришинг. Уни эҳтиёткорлик билан илиқ сувда совунсиз ювиш зарур (агар юздан кетиши қийин бўлаверса, совун ишлатиш мумкин).

Зулфизар ИСОҚОВА тайёрлади.

7 Мўъжиза газетасидан олинди

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: