Ошқозон, кўз, тери, асаб ва нафас йўлидаги касалликларнинг давоси бу – асал

0

Асалнинг шифобахш хусусиятлари ҳақида жуда кўп бор гапирганмиз. Айниқса, қиш фаслида бу бебаҳо дармондорининг ўрни алоҳида. Асалнинг турли касалликларга дармон бўлишда чинакам мўъжиза экани қадимдан исботланган. Буюк табиб Абу Али ибн Синонинг айтишича, асал қувватлантирувчи ва тозаловчи дармондори сифатида 1001 дардга даво экан.

* Ошқозон яраси безовта қилганида кунига икки маҳал — эрталаб ва кечқурун бир чой қошиқ асални оғизга солиб, шимиб юриш лозим.

* Болангиз кечалари кўп йиғлаб, уйқусизликдан азобланса, вақти-вақти билан лабига асал суртиб қўйинг. Асал катталарга ҳам уйқусизликда ёрдам беради. Бунинг учун валериана эритмасини асалли сувга қўшиб ичиш керак.

* Кўриш қобилиятини яхшилаш учун эса асални қизил сабзи шарбатига қўшиб, доимий равишда ичиб юриш лозим.

* Агар шамоллашдан ёки асабийлашишдан бош оғриса, бўйимодарон дамламасига асал қўшиб, соч илдизларига суртиш фойда қилади.

* Агар камқонликдан азият чексангиз, кундалик таомномангизга асални қўшинг. У қонни кўпайтиради.

* Агар кефирга асал аралаштириб ичсангиз, томоқ оғриғи ва гайморитдан халос этади.

* 1 литр қайнаган сувга 100 грамм асал ва 50 грамм туз қўшинг-да, яхшилаб аралаштиринг. Кейин ушбу аралашма билан томоқ ва оғиз бўшлиғини ғарғара қилинг. Бу муолажа томоқдаги яллиғланиш ва қизаришни даф этади.

* Агар асални ялпиз ва кашнич шарбатига аралаштириб ичсангиз, томоқ йўлидаги шамоллашни олиб, бош мия фаолиятини яхшилайди.

* Агар тишларингизни оқартиришни истасангиз, асал аралаштирилган ерқалампир (хрен) шарбати билан уларни ювинг.

* Тери куйиб қолса ёки бошқа яллиғланишли яралар тошса, асал аралаштирилган шивит сувини докага шимдириб қўйинг. Бу муолажа жароҳат битишини тезлаштиради.

* Қовуғи бўш болаларга эса доимий равишда нўхат, асал ва петрушкани аралаштириб бериб туринг. Бу муолажа пешоб тутишни яхшилайди.

* Қиш кириши билан грипп хавфи кучаяди. Унинг олдини олиш учун ҳам асалли дармондори ёрдамга келади. Бунинг учун 200 граммдан асал ва сариёғ, 20 грамм ун ва уч дона тухум сариғини қўшиб, кўпиртиринг ва бир массага айланган аралашмани музлаткичда сақланг. Кейин уни кунига 3 маҳал 2-3 чой қошиққа 1 томчи люголь эритмасидан солиб, овқатдан олдин қизил сабзи ёки лимонли сув билан ичинг.

* Чипқон ва яраларда 1 ош қошиқ асалга 2 та тухум сариғи, ярим чой қошиқ туз ва озроқ ун солиб, хамир қоринг. Хамирча чипқон ва бошқа яраларга қўйиб боғланса, уларни осон бартараф этади.

* Буйрак муаммоларидан халос бўлмоқчи бўлсангиз, асални наъматак дамламасига қўшиб ичинг. Бу дармондори буйракни қувватлантириб, ундаги туз ва чиқиндиларни чиқиб кетишига ёрдам беради.

* Агар хотирангиз заифлашса, 200 граммдан асал, пиёз суви ва лимон шарбатини бир идишга солиб аралаштиринг. Кейин ундан овқатланиш вақтида 1 ош қошиқдан еб туринг. Бу аралашма мия фаолиятини яхшилаб, хотирани мустаҳкамлайди.

* Замонавий тиббиётда маститни даволашда ҳам асалдан фойдаланилади. Асални зайтун ёғи билан аралаштириб, кўкракка компресс қилсангиз, маститни даволайди.

* Миомага қарши чора ҳам асалли дармондоридир. Халқ табобатида исботланишича, жўка (липа) қуюқ шарбати ва асал аралашмаси билан миомадан қутулиш мумкин. Бунинг учун ҳар куни 2-3 қошиқдан шу асални истеъмол қилинг.

* Асал жигар учун жуда фойдали. Бунинг учун творогга асал қўшиб истеъмол қилинса бўлгани.

КОСМЕТОЛОГИЯДА…

* 3 ош қошиқ творогга озроқ қаймоқ ва 1 ош қошиқ асал қўшиб, қуюқ аралашма тайёрланг. Кейин уни юз ва бўйин терисига суртсангиз, тиниқлаштиради, юз мушаклари тонусини яхшилайди. Энг муҳими, у ҳар қандай юз терисига тўғри келаверади.

* Юз терисини тозалаш учун 50 граммдан асал ва бодринг сувини аралаштириб суртинг. Ярим соатдан сўнг ювиб ташланг. Бундан нафақат юзингиз тозаланади, балки, таранглашиб, оқаради.

* Ажинларни йўқотиш учун 25 грамм асалга битта тухум сариғи, ярим чой қошиқ глицерин солиб аралаштиринг. Тозаланган юз терисига суртиб, 15 дақиқадан сўнг ювинг.

АСАБНИ ТИНЧЛАНТИРАДИ

Асал азал-азалдан узоқ умр гарови, деб тан олинган. Тадқиқотларда аниқланишича, бу ажойиб маҳсулотда инсон саломатлиги учун керакли бўлган юздан ортиқ компонентлар мавжуд. Асал таркибида юқори даражада сақланаётган оддий қандлар (глюкоза ва фруктоза) инсон организмига тез сингиши орқали жигарни ортиқча зўриқишдан асрайди.

Юрак касали билан оғриган беморлар учун асал жуда фойдали. Бу ҳаттоки, Абу Али ибн Сино қайдномаларида ҳам эътироф этилган. Асал глюкозанинг инсон организмига тез ўзлашиши ва қон томирлари кенгайишига ёрдам беради.

Юрак касали билан оғриган беморларга 1-2 ой давомида кунига 50-140 граммдан асал истеъмол қилиб туриш буюрилади.

Стенокардия (юрак мускулларининг сиқилиши натижасидаги оғриқ)га қарши қуйидаги рецепт тавсия этилади: 100 г алоэ шарбати, 300 г асал, 500 г майдаланган ёнғоқ, 1-2 дона лимон шарбатини аралаштириб, уни кунига 3 маҳал овқатдан 30 дақиқа олдин 1 ош қошиқдан истеъмол қилиш лозим.

Қувватлантирувчи, қонни тозаловчи, иммунитетни кўтариб, камқонликдан халос этувчи хусусиятларга эга мазкур шифобахш маҳсулотни шифокорлар камқувват болалар, қариялар ва касалликдан энди турганларга тавсия этишади.

ТУБЕРКУЛЎЗНИ ДАВОЛАШДА АСАЛЛИ СУТ

Халқ табобатида туберкулёзни даволаш учун асал аралаштирилган сут ичиш тавсия этилади. Унга ҳар хил ёғлардан бири (сариёғ, ғоз ёғи, қўй ёғи ва бошқа)ни қўшиш янада фойдали. Агар дарддан тезроқ қутулишни хоҳласангиз, бу дармондорига алоэ шарбати ҳам қўшишингиз мумкин.

1-рецепт

100 граммдан асал, сариёғ, эритилган чарви, ғоз ёғи, какао ва 15 грамм алоэ шарбатини аралаштириб, паст оловда қиздиринг (фақат қайнаб кетмасин). Дармондори тайёр бўлгач, ундан 1 ош қошиқ олиб, 1 стакан сутга аралаштиринг ва кунига 2 маҳал ичинг.

2-рецепт

Алоэ баргларини ювиб, майдаланг ва эзиб сувини олинг (150 г). Сўнг 250 г асал ва 350 г вино аралаштириб, қоронғи ва салқин хонага 4-5 кунга бостириб қўйинг. Дармондори тайёр бўлгач, ундан кунига 3 маҳал овқатдан 30 дақиқа олдин 1 ош қошиқдан қабул қилинг.

НАФАС ЙЎЛИДАГИ КАСАЛЛИКЛАРНИ ДАВОЛАШ УЧУН…

* Нафас йўллари касаллиги, яъни заҳарланиш натижасида юзага келган интоксикацион ўзгариш, ўткир зарарланишни енгиш ва ҳароратни тушириш учун асалли рецептларни тавсия этамиз.

1 стакан аччиқ кўк чойга 1 чой қошиқдан асал, шакар аралаштирилган қизил малина ва чаканда (облепиха) ҳамда шунча миқдорда таъбингизга қараб бальзам ёки коньяк ва 1 бўлак лимон қўшсангиз, беқиёс дармондорига эга бўласиз. Бу чойни 1 ой давомида узлуксиз ҳолатда кечаси ухлашдан 30 дақиқа олдин ичсангиз, жуда тез фойда кўрасиз.

* Нафас йўллари шамоллаганда (ларингит, фарингит, синусит ва тумов) асалари уясини чайнаб юриш тавсия этилади. Бунда ҳар 15 дақиқада бир чимдим уяни чайнаб ташлаш мумкин. Агар шамоллаш сурункали тарзда давом этаётган бўлса, биринчи кун бу мумни 4-6 соат чайнашингиз лозим. Кейинчалик кунига 1-2 марта 15-20 дақиқадан чайнасангиз етади. Агар енгил шамоллаш орқали томоғингизда қичишиш пайдо бўлиб, йўтала бошласангиз, мумдан бир марта чайнасангиз, кифоя қилади.

* Асалли ингаляция нафас йўлларидаги касалликлар (ринит, ларингит, синусит, трахеит, бронхит, бронхиал астма)ни даволашда жуда қўл келади.

* Болалардаги дизентерияни даволаш учун уларга кун давомида 30-60 г асал истеъмол қилиш буюрилади.

Эслатма: рецептлардан фойдаланишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг.

Яна бир гап: чой асалнинг фойдасини камайтиради. Шунинг учун асални чой билан эмас, балки, сув билан ичинг.

 

 

7 Мўъжиза газетасидан олинди