Фарғона вилоят ҳокими Тошлоқ туманини нега жазолади?

4

Халқимизда «касални яширсанг — иситмаси ошкор қилади», деган нақл бор. Президентимиз Шавкат Мирзиёев барча амалдорларни «касални яширмаслик»ка чақириб, жойлардаги раҳбарларнинг оёқлари ердан узилмаслиги кераклигини бот-бот такрорлаб келадилар. Дарҳақиқат, ўз вақтида раҳбарларнинг лоқайдликлари оқибатида йўл қўйилган бир қанча хатоликлар туфайли бугунги кунларда бу нарса жамиятимиз ҳаётига акс садо бериб келмоқда. Афсуски, «касалликни» яширишга қанча уринсак-да, «иситмаси» бугунги кунларда уни ошкор этиб қўймоқда…

Яқиндагина Қозоғистон йўлларида содир бўлган мудҳиш ходисадан сўнг жуда кўпчилигимиз аянчли аҳволга тушиб қолдик. Барчамиз қайғуга шўнғидик, ҳалигача ўзимизга келганимизча йўқ. Ақтўбедаги ёнғин оқибатида ҳалок бўлган 52та ўғлоннинг оиласига таъзия изҳор этиб, уларга қўшимча ёрдам тариқасида халқимиз аллақачон ёрдам акциясини ҳам ташкилашга улгурди. Бутун бошли миллат қайғуда. Халқ азада. Аммо…

Аммо Фарғона вилоят ҳокими — Шуҳрат Ғаниев умуман бошқа ўй-хаёллар билан банд эканлиги маълум бўлди. Кеча таҳририятимизга аудиоёзув келиб тушди. Унда Фарғона вилояти ҳокими бошчилигида ўтказилган мажлисдан кичик лавҳа келтирилган. Шуҳрат Ғаниев сўзларига диққат билан қулоқ тутар эканмиз, унинг сўзлари барчамизни карахт аҳволга солиб қўйгани бор гап. Ғазаб отига минган вилоят ҳокими орқа-олдига қарамай, ёппасига Тошлоқ туман аҳолисини савалай кетади. Воажаб, тошлоқликларнинг «айби» шуки, ўша мудҳиш ходисада вафот этганларнинг 9-таси айнан шу туман фуқаролари бўлган! Бутун бошли туман аҳолисини «ҳаромилар» дея сўкиб ўшқирган Шуҳрат Ғаниевга кўра, тумандагиларнинг бирортаси бу йил Ҳаж сафарига юборилмасмиш. Қўшимчасига, эндиликда айнан мана шу тумандан Россияга отланадиган одамлар ҳақида маҳаллий таксистлар раҳбарларга хабар беришлари керак экан. Яъни, тошлоқликларга ишлаш учун чет элга чиқиш ҳам қатъиян маън этилибди.

Даҳосиз, ҳурматли ҳоким жаноблари! Даҳо! Бошқа вилоят ҳокимларни ҳам айнан мана шу «тадбирни» қўллаб-қувватлашга чақираман. Ана, Шимолий Кореяда аллақачон ушбу «лойиҳадан» кенг кўламда фойдаланиб келинмоқда-ку, тўғрими?

Юртдошларимиз чет элларда турли тазъйиқларга, адолатсизликларга, қийинчиликларга дуч келишяптими? Бунинг ечими осон — чет элга чиқиш таъқиқланиб қўйилса бас!

Уйингизда свет ва газнинг танқислигидан азият чекиб, қишда оилангиз совқотиб қоляптими? Тамом — бу ҳолат сизни қийнаб қўймаслиги учун свет ва газни бутунлай — ҳам қишда, ҳам ёзда ўчириб қўямиз!

Ўқишга киришга адолатсизликларга дуч келдингизми? Институт ректори фалон пул сўраб, капалакингизни учтирдими? Бунга ҳам чора кўрса бўлади — энди ҳеч ким, ҳеч қачон институтларда таҳсил олмайди!

Авиарейс ва темир йўл компанияларининг монополлигидан, билет нархлари «осмону-фалакда» эканлигидан дод соляпсизми? Ҳеч ҳам хавотир олманг — истасангиз, Қозоғистондан, истасангиз Қирғизистондан бориб учишингиз мумкин. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» эндиликда собиқ раҳбарининг собиқ ўринбосари айтганидек, «танлаш ҳуқуқи» ўзингизда!

Фарғона вилоят ҳокимининг бу каби чиқиш қилиши биринчиси ва ўйлайманки, охиргиси ҳам эмас. Ёдингизда бўлса, бундан олдин ҳам Шуҳрат Ғаниевнинг тиббиёт мулозимларини «ҳайвон» деб атаган аудиоёзуви интернетда кенг тарқалган эди. 2016 йил август ойида ўтказилган селекторда ҳоким соҳа раҳбарларининг «калласини сапчадай узиб ташлаш» билан таҳдид қилган эди.

Президентимиз ҳокимларни ўз вакили эканлигини таъкидлаган эдилар. Аммо Шавкат Миромонович ва Шуҳрат Ғаниевнинг ўша мудҳиш ходисага бўлган қарашлари бир-бирига зид эканлиги очиқ-ойдин кўриниб қолди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу ҳалокатда раҳбарларнинг ҳам айби бор эканлигини, одамларга ўз вақтида иш ўринлари яратиб бермаганликлари учун ҳам чет элга йўл олишга мажбур бўлганларини таъкидлаётган бир вақтда, унинг вакили ҳисобланмиш «ҳокимбува» бира-тўла бутун бошли туман халқини ҳамма ишларда айбдор деб топишини ҳамда уларнинг ҳаммасини «ҳаромилар» дея ҳақоратлашини қандай тушуниш мумкин?! Бугун ҳокимнинг ушбу сўзлари учун ҳеч ким уни жазоламаса, эртага яна шунга ўхшаш ҳолатга дуч келмаслигимизга ким кафолат бера олади? Умуман олганда, биз қачон муаммони кўтарганлар билан эмас, айнан кўтарилган муаммонинг ўзи билан шуғулланишни ўрганамиз?

Бир нарсани аниқ айтишим мумкин — кенг қўламли ислоҳотлар йўлида турганимизда, халқда раҳбарларга бўлган ишонч пайдо бўлган ушбу ажойиб даврда ҳокимнинг бир туман аҳлини шу тариқа камситиши оқибатида кўпчилигимизда пайдо бўлган умид учқунлари бир сонияда сўниб қолиши ҳеч гапмас. Чунки Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, ҳоким президент вакили ҳисобланади. Президент вакили эса, одатда Президент номидан гапиради. Хўш, давлатимиз раҳбари ҳам Шуҳрат Ғаниев фикрларига қўшиладиларми? Йўқ бўлса — унга зудлик билан чора кўрилишини илтимос қиламиз! Зеро, яқиндагина ўз ўғлонларини, 9-та фарзандини ерга кўмган Тошлоқ туман аҳолисини бунчалик ерга уриш, камситиш, сўкиш — адолатдан эмас.

Тошлоқ тумани фарзандлари — бизнинг ҳам, хусусан Давлатнинг ҳам фарзандларидир! Давлат эса ҳақиқий ота ва она ўрнида бўлиб, ўз фарзандлари жасадларини Қозоғистондан олиб келтириш учун махсус комиссия тузди, ушбу мудҳиш ҳодисадан сўнг «Ўзбекистон ҳаво йўллари» раҳбарини ишдан бўшатди, авия ва темирйўл рейслар нархларини тартибга солиш йўлида фармон чиқарди. Булар, албатта, таҳсинга лойиқ ишлардир! Ўз фарзандлари учун ҳар ерда, ҳар жойда туриб бера оладиган Давлат ҳали чилласи чиқмасданоқ, мотамда ва чуқур қайғуда бўлган халқни «ҳаромилар» деб атаган амалдорга қарши керакли санкциялар қўлланишига шахсан мен ишонаман! Давлат керакли вақтда фарзандларини ўз ҳимояси остига олиши зарур, токи бу каби оёғи ердан узилган йирик амалдорлар шундай вақтда халқни кўнглига озор бериш тугул, ҳатто унинг кўзига тик қарашга ҳам ботина олмасин!

Темурмалик Тожидинзода,

fayzbog.uz

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

4 ФИКРЛАР

  1. Ким қандай озиқланган бўлса бошқаларни шунга ўхшатиб ҳақорат қилар экан.

  2. Интернетни Фарғона ҳақидаги салбий маълумотлар босиб кетдику

  3. Кечираслару, ўзи Фарғонада соғ одам колдими??? хамма ёмон нарса ўша ердан чикаяпти. нима жин урди водийликларни. водийликлар бешикдаги боласигача «сиз»лаб гапирарди. Балиқ бошидан сасиди-деган мақол бору бизда. Хоким шунака бугандан кеин халк нима килсин. Ўрнак оладида ундан. Хокимга хам хайрон коласан. Президент шунча гапни кимга гапираяпти. Нима балло бу гаплар хокимларни ўнг қулоғидан кириб чапидан чиқиб кетаяптими??? Ўз айбини тан олмасдан бировни балогардон қилган рахбарни ишдан олиш керак. ўз жойига нолойик одам у. Унака одамлардан яхшилик чикмайди. факат узини ўйлайди. Савияси паст, маданиятсиз, ишини билмайдиган одамларни рахбарликга умуман якинлатиш керак эмас. Агар текшириб кўрилса ўша хокимни хамма кариндошлари уни оркасидан кун кўраётгани аниқланади. хамма таниш-билишини яхши жойга ишга жойлаб қўйган. Хокимни гапига, ишига караб билсанг бўлади «коррупция» айни авжида Фарғона вилоятида.

Comments are closed.