Ҳилол Насимов яна бошлади…ми?

0

Асосан исломофобия йўналишида фильм олиши билан танилган Ҳилол Насимов яна бир фильм устида иш бошлагани ҳақида хабар чиқди. Кинокартина номи “Ёвқурлар” бўлиб, унда 2002 йили Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида юзага келган таҳликали вазият ва ҳарбийлар кўрсатган жасорат билан боғлиқ воқеалар ҳақида ҳикоя қилиниши айтилган.

Шу режиссёр томонидан суратга олинган “Муқаддас истак” картинасининг трейлери ижтимоий тармоқларда оммавий равишда норозиликка сабаб бўлганди. Тасаввур қилинг, трейлерни ўзига муносабат шунақа бўлса, фильмга нисбатан қанақа бўларди?

Сариосиё ва Узун туманларида бўлган воқеаларни кўпчилигимиз яхши эслаймиз. У воқеалар ортида турганларнинг қабиҳ ниятлари амалга ошмагани учун аввало Аллоҳга шукр қиламиз. Улар сўзсиз жангарилардир.

Аммо бизни бир савол ўйлантиряпти, Насимов янги фильмида асосий урғуни уларнинг жангари эканлигига қаратадими ёки диндор эканигами?

Фильмни кўрган одамда юртимиз аскарларига нисбатан меҳр, жангариларга нисбатан эса нафрат уйғониши зарур. Бироқ Насимов ўша нафратни мусулмонларга қараб буриб юбормайдими?

Юртимизда диний соҳада яхши ишлар амалга оширилиб, Қуръон мусобақалари ўтказилиб турган бир вақтда ўзбек киноси яна бир исломофобик руҳдаги кино билан бойимайдими?

Умид қиламизки, Ҳилол Насимов ўзига нисбатан билдирилган танқидлардан тегишли хулоса чиқариб олган. Олдинги хатоларини тушуниб етган ва уларни такрорламайди деган кичик ишонч бор кўнгилда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Қуръон ўқиган одамдан ёмонлик чиқмайди” деб динимизни кўкларга кўтараётган бир пайтда жамият яна бир бор исломофобия билан тўқнашишини истамаймиз.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин.

 

manba: azon.uz

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: