Команда-20 “А” (17-қисм)

0

Дониёр қўлига қалам-дафтар олди. Бир қанча муддат оппоқ қоғозга нима деб ёзишни билмай, хаёл сурди. Боши оғриб кетди. Йўқ, ёзолмади. Каравотга чўзилиб, кўзини юмди. Лекин сира ухлай олмади. Соат миллари пешинга яқинлашиб қолган, ҳализамон овқатланишга чақириб қолишади. У ўрнидан туриб қараса, Алишер Надар берган чарсни чекиш билан овора.

— Нима қилаяпсан? Бу аҳволда наркоман бўп қоласан, — деди Дониёр.

— Бўлсам бўларман. Уйқум келмаяпти. Шу ёшда ўлишни ўйласам, юрагим орқага тортиб кетаяпти. Чексам, балки ҳаммаси унут бўлар, — дея жавоб берди Алишер.

— Унда менгаям бер. Нима бўлсак, бирга бўламиз.

Чарсдан кейин ҳар икки аскар ҳам каравотга чўзилиб, ухлашга шайланган эди, тушликка чақириб кетишди.

Қуёш дам олишга чоғланган маҳал разведкачи йигитлар застава ҳудудидан бирин-кетин чиқиб кетишди. Пярна билан Сосницкий бутали ўрмонга етгунларича бир неча марта мина тўғрисида огоҳлантиришди. Аммо, барибир, ёшлар ёшлик қилишди. Ўрмонга кириб, бирор йигирма қадамча юрар-юрмас, Дониёр қандайдир симни босди-ю, бирдан тўхтади.

— Ўртоқ катта лейтенант, мина! — деди ранги докадай оқариб, олдинда кетаётган Сосницкийга.

Бутун гуруҳ жойида қотди.

— Қимирлама! — деди эҳтиёткорлик билан одимлаб Дониёрга яқинлашган Сосницкий. — Ҳаммаси яхши бўлади. Қолганлар олдинга ва ортга қайтсин. Мина уйғониб қолса, бошқаларниям портлатиб юборади.

Унинг гапидан кейин гуруҳдагиларнинг юраги орқага тортиб кетди. Улар катта лейтенант айтгандай бутун диққатни оёқ остига қаратиб, Дониёрнинг ёнидан узоқлашишди.

Сосницкий аскарнинг оёғи остига синчковлик билан назар ташларкан:

— Сим жудаям таранглашган. Ҳар қандай ортиқча ҳаракат…

Унинг гапи ярмида узилди. Дониёрнинг бутун танасини тер қоплади. Ҳатто кўзидан ёш ҳам сизиб чиқди.

— Оёғингни жуда секин кўтар, — деди Сосницкий аскарнинг юзига қарамасдан. — Шунчалик секинки, кўтарилаётгани сезилмасин.

Дониёр чуқур нафас олди. Кўзини чирт юмиб очди. Кейин командири айтгандек, эҳтиёткорлик билан ҳаракатлана бошлади.

— Ана шундай, ана шундай, баракалла, — катта лейтенант уни қўллаб-қувватлаб турди.

Орадан беш дақиқа ўтди. Ниҳоят, Дониёр оёғини кўтариб олди. Ҳартугул, яширилган мина ҳаракатга келмади. Дониёр елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил тортди. Аммо энди унинг кўзига ўт-ўланлар ҳам симга ўхшаб кўринар, ҳар бир қадамини босишдан аввал тўхтаб, оёғи остига синчиклаб қарарди.

— Тўхта, аскар, — деди ортда келаётган Сосницкий. — Бу аҳволда бир ойдаям манзилга етолмаймиз. Менинг ортимга ўт.

Бироздан кейин нарироққа бориб, кутиб турган гуруҳнинг қолган аъзоларига етиб олишди. Гуруҳ бошлиғи бироз тин олишга рухсат этди. Дониёр бошқалар қатори ерга ўтирди. Бироқ ҳалиям танасидаги титроқ босилмаганди. Бунинг  устига,  тинимсиз  терлайверганидан  кийимлар аллақачон ҳўл бўлиб кетганди. Унга сув идишни узатишди. Ичди.

— Ароқ-ку, — деди башараси бужмайиб Алишерга қараркан.

— Сен нима деб ўйловдинг? Яна озгина ич, ўзингга келасан.

У ҳақ бўлиб чиқди. Дониёр дарров ўзини босиб олди. Қисқа муддатли дам олишдан кейин гуруҳ яна йўлга тушди.

Дарахтлар аста-секин қалинлашиб бораверди. Юқоридан қараганда, улар паст кўринарди, лекин остига келсангиз, баҳайбат. Яна атрофга тарвақайлаб шох ёзган. Бундай жойларда эҳтиёт бўлмасангиз, душманга бехосдан рўпара келиб қолишингиз ёки оёқ остига ўрнатилган миналарни босиб олишингиз мумкин. Шу боис гуруҳ аъзолари жуда эҳтиёткорлик ва секинлик билан олдинга интилишар эди. Саф бошида ҳар доимгидай — Сосницкий.

Улар айни туш маҳали манзилга етиб боришди.

— Шу ерда тўхтаймиз, юкларни ерга қўйиб, ўрнашиб олинглар. Оралиқ масофа икки метр. Овқатланишга рухсат. Аммо сигарет чекилмасин. Духлар тутунни ўн чақирим наридан ҳам кўриши мумкин, — деди командир ва пешонасидаги терни артиб, ҳорғин қиёфада ерга ўтирди.

Улар турган жой тоғнинг биқинида эди. Сал наридан икки терак бўйи баландликдаги жарлик бошланарди. Унинг остида сўқмоқ йўл бор. Ундан ўтилса, иккинчи жарлик. Унинг тубида шариллаб сув оқмоқда. Кичик гуруҳ ўша сўқмоқдан ўтиши кутилаётган қурол-аслаҳа карвонини кузатиши лозим эди. Уларнинг қачон ўтиши номаълум, шу боис фақат кутиш керак.

Дониёр ётиш учун дарахт остидан  яхшигина жой топиб олди. Бу ерни душман тугул, ўзиникилар ҳам кўриши маҳол эди. У оёғини узатиб, чўзилди. Шу ондаёқ хаёлига Маҳзуна келди.

* * *

— Ойи, бутун дунёда биттагина яхши оила борми?! — деб ёнбошлаб ётган отасига кўз ташлаб қўйди Маҳзуна.

— Ўзимизга мос…

— Бошқа жойда гаплашайлик, — деб бирдан онасининг гапини бўлди Маҳзуна.

Дарҳақиқат, у отасининг олдида ҳеч нима дея олмасди. Уяларди. Қиз отанинг бундай суҳбатларга тўғридан-тўғри аралашишини мутлақо кутмаганди. Мўмин ака уйга кириб олдими, демак, Маҳзунани Сардорга  беришга  мойиллиги бор.

Она-бола Маҳзунанинг хонасига киришди.

— Биринчидан, — деди қиз Тўхтасин опанинг юзига тикилиб, — мен ўқишга кирмоқчиман. Қизингизни бир умр пахтанинг ичида ер тирмалаб ўтишини хоҳламайсиз-ку, тўғрими? Бунинг учун…

— Иккинчидан… — дея унинг гапини илиб кетди Тўхтасин опа. —  Иккинчиданини гапир.

— Иккинчидан, Сардорни итимдан баттар ёмон кўраман. У ўтакетган шилқим.

— Учинчидан-чи?

— Учинчидани йўқ. Фақат шу болага эрга берсангиз, ўзимни осаман, тамом-вассалом!

— Оқ сут, нон-туз бериб, қўлимиздан келганча тарбия қилиб, сендан эшитганимиз шуми? Шу мақсадда сени катта қилганмидик? Гапир, қизим…

Маҳзунанинг боши эгилди. Иккала юзи ҳам шолғомдай қизариб кетди.

— Қизимизни боқиб, катта қилгач, кейин Сардорга бериб юборамиз, деб ният қилганмидингиз? — деди у нигоҳини ердан олмай. — Сизларнинг хоҳишингиз ушалсин деб, шилқим билан яшайманми? Дадам икковингизнинг ниятингиз шуми?

— Кўнглингда бирортаси борми?

Онанинг навбатдаги саволи қизни титратиб юборди. Шунақа ҳаяжон босдики, қочиб кетгиси келди. Ахир қандай қилиб: «Ҳа, яхши кўрганим бор, у қўшнимиз. Ҳозир армияда. Мен уни кутишга ваъда берганман», дейди?

— Билиб қўй, бола, — деди Тўхтасин опа қизидан садо чиқавермаганидан кейин овозини бир парда кўтариб. — Ўзбошимчалик қиладиган бўлсанг, ўзингни осишга ҳожат қолмайди. Менинг ўзим сени ўтда куйдираман.

Маҳзуна ялт этиб онасига қаради. Лаблари титради, кўзидан дувиллаб ёш оқа бошлади. Сўнг бир нуқтага тикилиб, ўтириб қолди. Она унга бир муддат тикилиб тургач, чиқиб кетди.

Қошлари чимирилган Тўхтасин опа эри ётган уйга кирди. Мўмин ака пинагиниям бузмади. Фақат ўрнидан туриб, оёғини чалиштириб ўтирди-да, дўпписини қўлига олди, сўнг бурнини тортиб қўйиб:

— Шерматни болалигидан яхши биламан. Мақтаса, арзигулик одам. Боласиям отасига тортади-да. Қизингга ётиғи билан тушунтир. Алда, авра, кўндир. Совчилар эртага келамиз, деб кетишди. Мен раъйим борлигини сездириб қўйдим. Бир сўзли одамман. Гапидан қайтадиган номардмасман. Қизинг ўқимоқчийкан, ана, узатганимиздан кейин ўқийверади. Бир томондан, кўнглимиз ҳам хотиржам бўлади, — деди.

— Дадаси, Абдужалил ошнангиз боласининг кўнглига қарабди. Балки биз ҳам Маҳзунанинг кўнглига қарармиз?

Мўмин ака хотинига ўқрайиб қаради. Сўнг носнинг хумори тутиб, чўнтагидан кадисини олди. Кафтига бир чимдим нос ташлади-да, уни эринмай думалоқ қилди.

— Қизинг ҳали ўн саккизга кирмай, бир ниманинг маънисига етадиган бўп қоптими? Менинг қизим экан, нима десам, шуни қилишга мажбур.

— «Ўзимни осаман», деяпти. Худо кўрсатмасин-у, шундай қилиқни бошлаб қўйса, шарманда бўламиз, дадаси, — деди Тўхтасин опа эрини сўзидан қайтариш учун.

— Эй-й, ошқовоқ, ўчир овозингни! Бориб, айтганимни қил. Кечга ош дамлаб қўй, мен ишга кетдим.

Мўмин ака ўрнидан туришдан аввал кафтидаги носни тилининг тагига ташлади.

Тўхтасин опа эрининг ортидан ташқарига чиқди. Устунга суянди. Боши қотди. Гарчи у эрининг хоҳишига ҳеч қачон қарши чиқмаган эса-да, қизини ҳам қийнамоқчи эмасди: «Уни ўзи хоҳлаган йигитга турмушга беришни истайман. Агар ҳамма инон-ихтиёр ўзимда бўлганда борми?..» Тўхтасин опа хўрсинди. Маҳзуна ўтирган хона томонга қараб қўйди. Сўнг ошхонага кириб кетди.

У кечки пайт қизига отасининг гапларини  айтди. Қизи тақдирга тан берганга ўхшарди. Қулоқ қоқмасдан аясининг сўзларини эшитди. Сўнг токчадаги китоб орасидан расм олди-да, Тўхтасин опага узатаркан:

— Яхши кўрган йигитим, — деди.

Тўхтасин опа шоша-пиша суратга қаради: Дониёр ҳарбий кийимда жилмайиб турарди. Онанинг кўзи чиқиб кетай деди.

— Бу анави Дониёр-ку! Эгамберди аканинг ўғли! — дея Тўхтасин опа ҳайратланди.

Маҳзуна мўлтирабгина турар, аяси йигити тўғрисида бир оғиз ножоиз гап айтгудек бўлса, йиғлаб юборадиган аҳволда эди.

— Қизим, даданг икки дунёдаям сени унга бермайди, — деди Тўхтасин опа. — У пайтда ҳали сен жудаям ёш эдинг, даданг билан Эгамберди ака бир-бирини пичоқлаб қўйишига оз қолувди. Шундан бери иккови келишмайди. Номига салом-алик, номига борди-келди қилишади.

— Мен ундан бошқага тегмайман!

— Мени десанг, дадангни десанг, тегасан. Эски ярани тирнаб, бир балони бошлайдиган бўлсанг, ўзинг биласан.

Тўхтасин опа ортиқ чидолмади. Ортига ўгирилиб, уйдан чиқиб кетди. «Битта йўл қолди, аяжон, — хаёлидан ўтказди Маҳзуна, — ўзимни ўлдириш. Бир кун, кўпи билан бир ой йиғлайсиз, кейин эсингиздан чиқариб юборасиз. Чунки бошқа болаларингиз ҳам бор. Бемалол уларга меҳрингизни беришингиз, эвазига оқибат олишингиз мумкин. Энди, аяжон, битта палакда ҳар хил қовун пишаркан-да. Мени шунчалик ўжар, чўрткесар қилиб ўстирган бўлсангиз, нима қилай? Хайр. У ёққа жудаям кеч, қаддингиз дол бўлиб қолганда дадам билан борарсиз!» Оғилхонада ҳар доим ортиқча арқон бўлади. Кўзга кўринарли жойга илиб қўйилган, токи шошиб қолганда, қидириб юрмаслик учун. Ахир бу мол зотининг ақл-ҳуши бўлмаса, истаган пайтда арқонини узиб кетиши мумкин-да. Маҳзуна негадир енгил тортди. Нафас олиши ҳам равонлашди. Арқонни кўз олдига келтирган эди, у жудаям гўзал ва нафис кўриниб кетди.

У атрофга бир қур назар ташлаб, сўнг оғилхона томонга юрди.

* * *

Кўнгли ғаш бўлган Дониёр ўрнидан турди. Алишер тарафга қаради. У кўкка тикилиб, оғзига чўп солганча алланималарни хаёл қилиб ётар эди. «Бугун ҳам жанг бўладиганга ўхшайди, шу ўртоғимни ўзинг паноҳингда асра», — хаёлидан ўтказди Дониёр. Шу маҳал кўксини ерга босиб, жарлик тубидан кўз узмай ётган Сосницкийнинг қўли юқорига кўтарилганини кўрди. Бу душман пайдо бўлганидан далолат эди.

— Рация, — пичирлади катта лейтенант, — душман кўринди, марказга координат тўғрисида ахборот бер. Қолганлар эҳтимолли урушга тайёрлансин.

Дониёр кулди. «Эҳтимолли урушмиш. Эҳтимол бўлмаса, қайтиб кетаверарканмиз-да», — хаёлидан ўтказди ва ерга кўксини бериб ётди-да, эмаклаб жарлик лабига борди. Пастликка қаради. Дарҳақиқат, олдиндаги қорабайир ўндан зиёд эшакни бошлаб кетаётганди. Ғалати томони, биргина дух бор эди. У ҳам бўлса, от устида ўтирар, ҳар-ҳар замон тулпори қорнига этигининг учи билан ниқтаб қўярди. «Шунга шунча ваҳимами? Керак бўлса, бир ўзим уни тинчитиб қўяқоламан», деб ўйлаган Дониёр сал нарида марказга карвон ҳақидаги хабарни бераётган аскарга қараб қўйди.

— Бизни алдашган, — деди орадан бир неча дақиқа ўтар-ўтмас Сосницкий. — Алоқачи, марказга айт, бомба ёмғирини тўхтатиб туришсин, қўшимча маълумот берамиз.

Унинг гапидан ҳамма разведкачилар сергак тортди. Дониёр сўқмоқдаги карвондан нигоҳини олди. Рўпарага, жарликнинг нариги тарафига қаради. Масофа анча олис эди. Дурбин бўлмаса, у ёқни кузатиш қийин.

— Снайпер, — деди ёнидаги сержантга, — милтиғингни бериб тур.

— Нима қиласан? — сўради сержант унга қарамай.

— Керак. Бериб тур.

— Бошқа нарса хоҳламайсанми?

— Падарингга лаънат, — дея тўнғиллади Дониёр.

Бутун диққатини кўзига тўплаб, нариги томонга синчковлик билан назар ташлади. Кўрди. Дарахт шохи қимирлади. Демак, у ерда бир гап бор. Демак, нариги томондан ҳам кузатишаяпти.

— Снайпер, жарлик…

— Кўраяпман. Бошингни яшир. У ёқдаям снайпер пойлаяпти, — деди сержант.

Дониёр орқасига эмаклади.

— Ўртоқ катта лейтенант, нариги томонда духлар, — деди мерган сержант.

— Кўрдим, сержант. Кузатувни давом этказ. Ҳеч ким ортиқча ҳаракат қилмасин. Қимирламанг! — буйруқ берди гуруҳ бошлиғи ва зўр диққат билан рўпарадагиларни кузатишда давом этди.

Орадан кўпи билан ўн сония ўтди ё ўтмади, гумбурлаган овоз эшитилди. Дониёр ерга қапишиб қолди. Икки лаҳзадан кейин яна кетма-кет гумбурлаш давом этди. Ҳавога чанг кўтарилди. Шундан кейингина у бошини кўтарди. Атрофдагиларни қидирди. Бироқ ҳеч кимни кўриб бўлмасди. Шу маҳал инграган товуш эшитилди. Дониёр овоз келган томонга қаради. Элас-элас снайпернинг икки букланиб ётганига кўзи тушди. Дарров унинг ёнига эмаклаб борди. Сержантнинг оғзидан қон сизиб чиққан, икки қўллаб биқинини чангаллаб олганди. Бармоқлари ҳам қип-қизил қонга беланган эди.

— Итдан тарқаганлар! Маразлар! — деб бақириб юборган аскар дарров сержантнинг милтиғини қўлига олиб, ерга қапишган кўйи нариги томонга милтиқ дурбини орқали тикилди.

Елкасига снаряд отувчи ускуна (РПГ) қўйиб олган душман ёнида турган серсоқол билан гаплашаётганини кўрди.

— Онангникига жўнатаман ҳозир сени! — деди Дониёр ва духнинг кўксини нишонга олиб, тепкини босди.

Мўлжалдан адашмаган экан, душман қулади. Аммо иккинчиси шу заҳоти яширинди. Дониёр уни қидираётиб, йўғон ёнғоқ шохида ўтирган бошқа бир душманни кўриб қолди. Дух айнан уни нишонга олаётганини кўрди. Шошганидан нишонни аниқ олмай, тепкини босди. Бу сафар ҳам хатога йўл қўймади. Нақ пешонасини ўқ тешиб ўтган душман ерга гурсиллаб қулади. Бундан руҳланган Дониёр кейингиларини қидирди. Бироқ бошқа ҳеч кимни тополмади.

— Ярамаслар, қочиб қолдингларми?! Қуён юраклар, кўрсатиб қўяман сенларга орқадан ҳужум қилиш қанақа бўлишини! — деб бақирди у.

— Отишни бас қилинг! — деган буйруқни эшитди шу маҳал.

— Йў-ў-қ, ҳаммасини ер тишлатаман! — бақирди қулоғига эшитилган овозга жавобан Дониёр.

— Бас!

Дониёр тепкидан бармоғини олди. Бошини бироз кўтариб, унга бақираётган одам томонга қаради.

— Ёт, ит! — деган буйруқни эшитди шу заҳоти ва бирдан ерга ёпишди.

Шу маҳал унинг боши узра визиллаб учиб ўтган ўқ орқа томонидаги дарахт танасини тешиб юборди.

— Аскар! Орқага эмаклаб, дарахт ортига яширин. Кимки тирик қолган бўлса, буйруқни бажарсин!

Дониёрнинг эти жимирлаб кетди. «Тирик қолган бўлса…» — пичирлади у ва эмаклашдан тўхтади.

— Алишер! — дея бақирди.

Бироқ унинг чорлови жавобсиз қолди.

— Алише-е-ер! — дея бу сафар дўстини бор овозда чақирди у.

— Тирикман, тирикман! — дея Алишер ўзининг борлигини маълум қилди.

— Тирик бўлмай ҳар нарса бўл! Ўласанми дарров жавоб берсанг? — деди ғазаби қайнаган Дониёр ва эмаклашда давом этиб, жарликнинг нариги томонидан кўриш мумкин бўлмаган жойгача етиб олди.

Ана шундан кейингина мерган сержант унинг хаёлига келди: “Ахир у яраланиб, икки букилиб ётувди-ку. Қандай қилиб уни ташлаб келдим?..”

У яна изига қайтди. Сержант ўша букилганича қотиб ётар эди.

— Петя, Петя, — деди Дониёр унинг оёғидан тортқилаб. Сержантдан садо чиқмади. — Ишқилиб, тирик бўлгин-да, уйингга кетишингга озгина қолувди. “Уйланганман”, дегандинг… Ўғлинг борлигиниям айтувдинг…

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Команда-20 “А” (1-қисм)

Команда-20 “А” (2-қисм)

Команда-20 “А” (3-қисм)

Команда-20 “А” (4-қисм)

Команда-20 “А” (5-қисм)

Команда-20 “А” (6-қисм)

Команда-20 “А” (7-қисм)

Команда-20 “А” (8-қисм)

Команда-20 “А” (9-қисм)

Команда-20 “А” (10-қисм)

Команда-20 “А” (11-қисм)

Команда-20 “А” (12-қисм)

Команда-20 “А” (13-қисм)

Команда-20 “А” (14-қисм)

Команда-20 “А” (15-қисм)

Команда-20 “А” (16-қисм)