Очилбой РАМАТОВ: «Президентимиз футболни ё бутунлай кўтараман, ёки бутунлай йўқ қиламан, деган!»

0

Бугунги куннинг энг муҳим воқеаларидан бири Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси деб ўзгартирилгани ва мазкур ассоциацияга янги президент тайинлангани бўлди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, «Ўзбекистон темир йўллари» акционерлик жамияти бошқаруви раиси Очилбой Жуманиязович Раматов Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг янги президенти сифатида эълон қилинди.

Очилбой Раматовнинг дастлабки нутқи ўта таъсирчан ва ўзига хос бўлди. Янги президент ўзбек футболидаги бир қанча камчиликларни санаб, уларни бартараф этиш кераклигини таъкидлади. Бугунги саҳифамизда ана шу нутқнинг энг муҳимларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

«Бизнинг асосий вазифамиз натижаларга жавоб бериш. Бунинг учун, аввало, пастга тушиб, вилоятларда иш олиб бормас эканмиз, бу ҳеч қандай натижа бермайди. Бу гапим кимгадир ёқадими, кимгадир ёқмайдими, умуман, бизда пастга тушиш деган нарса йўқ, ҳаммамиз тепада учиб юрамиз. Ҳамма Тошкентда. Ўзингиз кўришингиз мумкин, кўзга кўринган футболчиларнинг неча фоизи Тошкентдан? Қолган неча фоизи вилоятдан? Ким вилоятлардаги футболчилар билан гаплашяпти, уларни қўллаб-қувватлаяпти, ҳеч ким?! Ҳеч қаерда бу масала асосий мавзуга айлангани йўқ.

Умуман олганда, Ўзбекистонда футбол 1910 йилларда бошланган. Биринчи бўлиб, 1912 йилда Қўқонда темирйўлчилар жамоаси тузилган. Ўша вақтларда нафақат Ўзбекистонда, керак бўлса, Ўрта Осиёда, собиқ иттифоқнинг бошқа республикаларига чиқиб, ўзини кўрсата бошлаган. Демак, тарихимиз 1912 йилда бошланган. Бу 100 йилдан кўп муддат дегани. Қиёслаш учун, Араб давлатларини олайлик. Ҳозир уларда футбол ривожланди. Ваҳоланки, бизнинг жамоа футбол ўйнаб юрган пайтида араблар футболнинг «ф» ҳарфиниям билмасди. Лекин улар футболнинг ватан учун, халқ учун кераклигини ҳис қилди, биргаликда ишлади, натижада бугун футбол уларда ривожланяпти. Улар турли позицияларда кучайди, бизнинг кучли позицияларимиз эса кучсизлашиб боряпти. Хабарларингиз бор, стадионларимизга ҳеч ким келмай қўйди. Вилоятларда, хусусан, Фарғонада мухлислар келарди, ҳозир улар ҳам келмай қўйишди. Тошкентдаги финал ўйинлари, энг муҳим ўйинларга ҳам томошабин келмайди. Биз бунинг сабабини билишимиз, камчиликларни топиб, бартараф этишимиз керак. Томошабин келмаса, бизнинг ҳеч кимга керагимиз йўқ. Футбол ўзи мухлислар учун, уларнинг ёмон йўлга кириб кетишининг олдини олиш, вақтини мазмунли ўтказиши учун керак-ку! Футбол — театр. Томошабин келмаса, спектаклнинг кераги йўқ.

Илгари «Пахтакор»нинг ўйинларига минглаб мухлислар келарди. Қани ўша мухлислар? Нега келмаяпти? Чунки бизда ўйин кўп. Ҳозир футболда футбол эмас, бошқача ўйинлар ўйнайдиган бўлиб қолганмиз.

Футбол бўйича Ўзбекистон U23 терма жамоаси Осиё чемпионати финалига чиқди. Мана, бошлаган ишимиз дарров натижа берди. Демак, аввал ҳаммаси ўйин бўлган. Тепадан буйруқ келган: «Уни ол, буни олма». Энди ҳеч ким аралашмайди, бунақаси кетмайди. Ҳеч ким қўнғироқ ҳам қилмасин, аралашмасин ҳам. Энди ким аралашадиган бўлса, ўзидан кўрсин! Аралашувлар буткул йўқотилади.

Кўп жойларда мураббийлар йўқ. Мураббийларга пул бермайди, рағбатлантирмайди. Мураббийлар ҳам бола-чақасини боқиши керак-ку! Энтузиазм билан ишлайдиган мураббийлар йўқолиб кетди. Борлари эса қариб қолди, ҳозир соғлиғи туфайли ишлолмайди. Минг афсуски, мураббийлар бўлмаса ҳеч қандай иш бўлмайди. Улар билан ишни тўғри йўлга қўймоқ лозим. Мураббийлар керакли, яроқли болаларни саралаб олиши керак. Агарда бола соғлом бўлмаса, унинг жисмоний ҳолати қандай қилиб талабга жавоб бериши мумкин?» Соғлом болалар танлаб олишимиз, уларнинг ота-онаси билан бирга ишлашимиз лозим. Чет элда шунақа. Бизда-чи?.. Ҳеч қанақа жисмоний тайёргарлик йўқ. Мураббий ҳам ота-оналарнинг берган пули билан яшайди.

«Футбол ичидаги «ўйинлар»нинг ҳаммасини биламан. Мен футбол ичидан чиққанман. Буни ўтказилаётган ўйинларда кўрса бўлади. Баъзида оффсайд ҳолатларида голларни ҳисобга олиш, баҳсли ҳолатлар, пенальти белгилаш ёки уни бекор қилиш каби салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ҳакамлар фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш талаб қилинмоқда. Бу ғирт ўйин. Пенальти йўқ жойда пенальти белгилайди, хоҳласа бекор қилади. Бу ҳам стадионга мухлислар келмаслигига асосий сабаблардан бири.

1-2 йил олдин биласизлар-а, кимлардир аралашган «Пахтакор» — Металлург» ўйини. Бу ғирт аҳмоқгарчилик ишларидан биттаси. Пул олиб туриб, келишилган ўйинлар ўтказишган. Бу ғирром ўйин. Ўзбекларда ғирром деган сўз бор. Ғирром бўлган жойда ишқибоз келмайди. Бундан буёғига бу каби ғирром ўйинларга буткул чек қўйиш керак!

Учрашувларга холисона ёндошув керак. Тошкент жамоалари бўладими ёки вилоят жамоаларими фарқи йўқ, ҳаммасига бир хил кўз билан қараш керак. Уларнинг ҳаммаси бизлар учун бир бўлади.

Бир йили мен ўзим кўрган «Пахтакор» — «Навбаҳор» ўйинларида ғирромликлар бўлган. Кейин футбол федерациясининг бошлиғи бориб кечирим сўраган. Шу ҳам иш бўладими? Ёки футбол ўйнаш керак ёки савдо-сотиқ билан шуғулланиш лозим. Бу ер бозор эмас. Қачон одам бўламиз?

Вилоятлар жамоаларини кучайтириш керак. Ҳозирда бу жамоалар лигадан чиқиб кетмасак, бўлди, деб ўйнайди. Нисбатан кучлилари кўпи билан кучли олтиликка киришни мақсад қилади. Мен ҳамиша «Локомотив»га биринчи бўлиш талабини қўйганман. Бошқалар ундай қилмас экан. Мана, энди водийдаги ва воҳалардаги кучли жамоалар йўқолиб кетди.

Молиявий масалаларни яхшилашга ҳаракат қиламиз. Федерацияда пул бўлади. Бундан хавотир олманг. Биз футбол учун пул топамиз. Биз бировнинг қўлига қараб ўтирадиган одамларга қараб қолмаганмиз.

Керакли рағбатлантириш ишларини олиб борамиз. Жамоа чемпион бўлади-ю, ҳеч қанақа пул олмайди. Ҳеч қаерда бўлмаса керак бунақаси. Мана, «Локомотив» Ўзбекистон чемпиони, пул олгани йўқ. Майли, «Локомотив»га пул керак эмас, пули кўп.

Гап пулдамас, лекин арзиса, пул бериш керак, тўғрими? Буни тартибга соламиз ва бажарамиз!

Клубларда интилиш бўлиши керак. Улар совриндор бўлишга, мукофот пуллари олишга интилиши керак.

Ҳозир муҳтарам юртбошимиз жуда қаттиқ топшириқ бердилар. Ёки футболни ривожлантираман ёки йўқ қиламан, дедилар.

Миллиардлаб пуллар кетяпти. Бу йили ҳукумат томонидан спортни ривожлантириш учун 450 миллиард пул берилмоқда. Бу пуллар асосан, футболга кетмоқда. Шу пуллар қаерга кетмоқда, қани? Спорт иншоотларини қуриш пайтида жуда катта пуллар ўғирланмоқда.

Ҳозирда футбол бўйича порталга келаётган талаблар кўпайиб кетган. Халқ талаб қиляпти, нима учун бизларда футбол ривожланмади? Нимага бизларнинг футболимизда ҳамма нарса «ўйин»? Нимага ҳакамлар бу каби «ўйин» қилади? Футболга қарайдиган эга борми, деб ёзмоқда одамлар. Бу каби муаммоларни ишқибозларимиз ёзмоқда. Улар ҳам Ўзбекистон терма жамоасини Жаҳон чемпионатида кўришни истамоқда. Мана, Россияга боролмадик. Энди бу каби иллатларга чек қўйишга тўғри келади.

«Энди икки-уч йил камроқ овқат есак ҳам вазиятни тўғрилаб олишимиз керак бўлади. Маҳаллий мураббийлар билан ишлашимиз лозим. Биз миллионлаб маош сўровчи буюк мураббийлар олиб келиб, одамларнинг ғашига тегишимиз шарт эмас. Арзонроқ мураббийлар, футбол ўйнашни ўргата оладиган мураббийларни топсак ҳам бўлади. Ахир бизникилар, барибир, европача футбол ўйнай олмайди-ку? Бизда Совет мактаби. Ҳимоячилар ҳимояда, ҳужумчилар ҳужумда ўйнайди. Буни секин-секин ўзгартириш керак. Ҳозир бизнинг болалар замонавий услубларда ўйнай олмайди.

Қолаверса, жисмоний тайёргарлик талаб даражасида эмас. 15 дақиқа яхши ўйнаб, кейин тили осилиб қолади. Ёшликдан тайёрлаш керак болаларни. Вазиятдан келиб чиқиб ишлаймиз. Замонавий мураббийларни тайёрлаймиз».

 

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: