ЖОСУСЛАР… (4- қисм. БИРИНЧИ ФАСЛ)

0

 

 

* * *

Сўнгра мен иш жойимни тайёрладим. Полга полиэтилен қопни йиртиб ёйдим.

Эрталабга яқин кўзланган биринчи ғиштни чиқариб олишга эришдим. Ора-орада жисмоний тарбий билан машғул бўлдим.

Эрталаб ухлаб қолгандим. Тепамда пайдо бўлган Бугайнинг овозидан уйғониб кетдим.

— Жа дангаса экансан. — деди Бугай. — Мендан кўп ухлаяпсан. Қоч!

У мени оёғи билан бир четга сурди ва тишларини тозалашга тушди.

Сезмади. Кўзгу ортидаги очиқ жойни ҳарқалай пайқамай чиқиб кетди. Кетидан Қария кирди. Ваннахонани синчиклаб кўздан кечирган бўлди.

— Хўш, шикоят борми? — сўради мендан.

— Ҳа, овқат беринглар!

— Бу ер сенга дам олиш уйи эмас.

У чиқиб кетгач, енгил нафас олдим. Негаки, у қолганларга нисбатан анча ҳушёр эди. Худо кўрсатмасин, билиб қолса борми, ҳаммаси тамом бўларди.

Энди асосий ишга ўтиш, яъни, жуфтакни ростлаш керак. Кечаси очиқ жойдан қўшнининг ваннахонасига ўтиш, ҳеч кимга билдирмай ташқари эшигини очиш-у, қочиш. Аммо нимадир мени ушлаб тургандек туюлаверди. Нима? Қариядан қўрқяпманми? Қуролми? Йўқ, қочсам ҳаммаси расво бўлади. Қария ортимдан қува бошлайди. Қон тўкилади. Натижада уларнинг жиноятига мен ҳам шерик бўлиб қоламан.

Эҳтиёткорлик билан ғиштларни жой-жойига қўйиб чиқдим. Қирғоқларини кўчган сувоқлар билан қайтадан сувадим. Устини тиш пастаси ёрдамида бўядим.

Бизни курсда бир нарсага ўргатишганди. Ҳеч қачон ҳеч қандай жиноятга эътибор қаратмаслигимиз шарт. Наҳотки, ёмон ўқувчиман мен? Тақиқланган ишга қўл урдим. Жиноят содир этиш учун тайёргарлик кўраётганларга аралашиб қолдим. Хўш, қўллари боғлиқ, қоронғи, берк ваннахонада ўтирган маҳбус нима қила олади? Беш нафар қуролланган одамга қарши чиқадими? Йўқ, бу мумкин эмас. Бу квартирада жиноятчилар яшириниб ётишганини бошқаларга қай йўл билан етказса бўлади? Печкаларни тақиллатиш керакми? Қандай йўл тутса бўлади? Кўчага хат ёзиб ташласинми? Тўғри, ошхона деразаси очиқ. Лекин у ергача етиб бориш-чи? Тўхта, қоғоз пулни ингичка қилиб… Худди трубага ўхшатиб олиб… Аввал ичига керакли жумлаларни ёзиб, ана ундан сўнг бошқа қоғоз пулни трубага ўхшатиб ўша орқали отаман. Мактабда шундай йўл билан бошқа болаларнинг қулоғига қоғоз отардик. Аниқ нишонга тегарди.

Пул топиш қийин кечмади. Ваннахонада Қариянинг шими осиғлиқ турарди. Чўнтагидан қоғоз пулларнинг тўрттасини чиқардим.

Ҳаммаси тугагач, ошхонага чиқиш йўлини қидирдим. Бахтимга улар чўмиладиган бўлишди-ю, мени йўлакка чиқариб қўйишди. Секин судралиб ошхонага кирдим ва «рогаткам»ни қўлимга олдим. Деразага тўғрилаб отдим. Орқамда Чандиқ ўтирганди. Ғалати овоз қулоғига чалиниб мен томон ўгирилди. Барибир ҳеч нарсага тушунмади.

Мен мақсадга эришишим учун иккинчи «ўқ»ни ҳам ташқарига отишим лозим. Бироқ улар одамлар ўтадиган жойга тушадими-йўқми, Худо билади. Эҳ, нима қилсам бўлади? Ё ваннахонага кириб пастдаги қўшниларникига сув тоширайми? Ҳа, канализацияни тиқилтириб қўйсам, қўшниларникига ахлат аралаш сув тошади. Улар слесар чақиришади. Слесар трубаларни тозалаётиб хатимни топиши мумкин. Йўқ. Бу режа ҳам хом. Слесар шунча ахлат орасидан кичкинагина қилиб тахланган пулни пайқамайди. Мен қўлга илинадиган нарса топишим зарур. Масалан, соат!

Жиноятчиларнинг қўлини кузатдим. Йигитчада йўқ. Уй эгасида чўнтак соат. Қарияга яқинлашиш хавфли. Чандиқ!.. Ҳа, ўша тўғри келади!

Мен ваннахонага олиб киришганда Чандиқдан ўрнимдан турғазиб қўйишини сўрадим. У турғазаётганда секин оёғини эздим. У сўкиниб оёғига андармон бўлиб турганда, секин билагидаги соатни ечиб олдим.

Чандиқ мени жаҳл билан деворга қараб итариб юборди ва чиқиб кетди.

Кечаси пол артадиган латта ва костюмимнинг астаридан ажойиб қопқоқ ясадим. Унга соатни пишиқ ип билан маҳкам бойлаб, устидан ўзимнинг хат ёзилган қоғозимни маҳкамладим.

Кундузи қопқоқни оғзимга солганча тишларим билан нимадир еётган бўлиб ҳожатхона томон судрала бошладим. Унитазга қопқоқни ташлагач, уч маротаба сувни тортиб оқиздим.

 

* * *

 

Кечқурун Чандиқ соати йўқолганини сезиб қолди.

— Қизиқ, соат қаерга ғойиб бўлди? — шерикларидан сўради у квартирани кўздан кечираркан.

— Охирги марта соатингни қачон кўргандинг? — сўради Қария.

— Эрталаб. Ё тушлик вақтидамиди? Йўқ, эрталаб. Аниқ эсимда!

— Менга ёқмаяпти бу нарса. — деди Қария. — Бу ерда нимадир бўляпти. Эслаб кўр-чи!

— Эрталаб уйғониб, сигарет чекдим, ҳожатхонага кирдим, кейин ваннага… Жин урсин, эсимда йўқ.

— Ҳамма ошхонада тўплансин! — буюрди Қария. — Ҳамма келдими? Хўп, унда гап бундай. Мен тасодифларни ёқтирмайман. Айниқса, икки марта такрорланса. Соат қаерга ғойиб бўлиши мумкин? Бу нарса игна эмаски, ҳеч қайсимиз пайқамай қолсак. Орамизда кимдир ўйин қиляптими деб қўрқаман. Ҳозироқ чорасини кўрмасак, ёмон бўлади.

— Сиз бизлардан гумонсираяпсизми? — гап ташлади Чандиқ.

— Ўзимдан бошқа ҳаммадан гумон қиляпман. Ҳозир бир иш қиламиз. Агар кимнингдир чўнтагидан йўқолган соатни топсак, ё гумонсирашга олиб келадиган сирли нарса топсак, хафа бўлиш йўқ.

Ваннахонада ўтириб уларнинг ҳамма гапларини эшитдим. Қўрқа бошладим ҳам. Чунки, аввал бошида улар квартирани тинтиб чиқишади. Сўнгра ваннахонага киришади. Кўзгуни кўтариб кўришади-ю, тешилган жойга кўзлари тушади. Яна михлар-чи?.. Йўқ, бунга йўл қўйиб бўлмайди.

Мен ўйлай бошладим. Бу маҳал ошхонада тинтув бошлаб юборилганди. Жиноятчилар норозиланиб бўлса-да, Қарияга итоат этишарди. Ҳеч нарса қолмади. Мебел, стол, ишқилиб, ҳаммаёқни текшириб чиқишди. Мен бўлсам, ваннахона эшиги очилиб, ичкарига улар кириб келишини хавотир аралаш кутардим. Ана, қулфга калит солиниб, ичкарига Йигитча мўралади. Унинг ортида квартира эгаси турарди. Чамаси, тинтувни икки кишилашиб ўтказишяпти.

— Мана буниям тинтиб кўрамизми? — сўради Йигитча.

— Э, қўли бойланган-ку! — деди Чандиқ. — Кун бўйи ваннахонада ўтирибди.

— Уни ўзим текшириб кўраман. — қичқирди Қария. — Сенлар хоналарни қидир!

Қария улар текширган жойларни қайтадан кўздан кечирарди.

Мен шоша-пиша чўнтагимдан яримтаки пискани чиқардим. Йигитча квартира эгаси назоратида ваннахона томон эгилиб пол устиларини пайпаслаб кўрарди.

Секин-секин бориб билагимга писка тортдим.

Йигитча қўлимдан қон тизиллаб оқаётганини кўрди-ю, ўзини орқага ташлади

— Иҳ, ифлос! Томирини кесди!.

Шу заҳоти ваннахонага Қария чопиб кирди ва мени кўтариб олди.

— Нима қилиб қўйдинг, аҳмоқ? Нега томирингни кесдинг!

У эпчиллик билан қаердандир латта топди-да, ярамни маҳкам боғлади. Кесилган жой унча қўрқинчли бўлмаса-да, қон тўхтамасди.

— Нима, ажалингдан беш кун бурун ўлмоқчимисан? — дея шанғилларди Қария. — Ҳой, бунга валерианка келтиринглар!

— Менда валерианка йўқ. — жавоб қилди квартира эгаси.

— Унда ичкилик келтир! Тез!

Қария полда ётган яримтаки пискани топиб олди.

— Буни қаердан олдинг, ит? — У менинг жавобимни кутиб ўтирмай, ташқаридагиларга бақирди. — Неча марта айтганман соқол олгандан кейин пискаларни ташлаб юборинглар деб! Ана, қайсидир ярамас йўқотган, иккинчиси топган.

Ичкилик келтиришди. Қария мажбурлаб оғзимга икки стакан ичкилик қуйгач, полга ётқизди.

— Ваннахонани текшириб кўрдиларингми? — сўради шерикларидан.

Йигитча ва квартира эгаси «ҳа» дегандек бош чайқашди.

— Қараб турларинг, кейин текшириб кўраман.

Мен енгил нафас олдим. Тинтув тугаганди. Ўзимни ўлдиришга уринишим ҳаммасига чек қўйди.

— Шуни тинчитиб қўя қолсак-чи? Нима кераги бор энди унинг?

— Керак. Сендан сўраётгани йўқ ҳеч ким.

Мен ваннахонада ётганча ошхонадаги суҳбатни тинглардим.

— Тинчитиш қийин эмас. Мурдани қаерга беркитамиз? Ахлат идишга ташласанг, сасиб кетади.

— Бу ердан тезроқ даф бўлмасак иш чатоқ. Ҳаммамиз ақлдан озамиз.

Улар узоқ гаплашиб ўтиришди. Охирги сўзни Қария айтди.

— Соатни-ку, тополмадик. Буниям тасодиф деб умид қиламиз. Ишни бошлаш пайти етди. Анавиндан кўз узманглар. Ваннахона эшигини ёпманглар. Қурол мен билан Вольнийда туради. Бугунги ўтиришимиз биринчиси ва охиргиси бўлади. Тамом!

Эртаси куни эрталаб сувни ўчиришди.

— Канализация тиқилиб қолиб биринчи қаватни сув босибди. — тушунтирди квартира эгаси. — Энди эртага эрталабдан вақтли сув келмайди.

— Аблаҳлар! — сўкинди Чандиқ. — Деворларга «Ҳамма нарса одамлар учун» деб ёзишни билишади.

Бугай назорати остида ваннахонада ўтириб ўзимча тахмин қилардим. Хўш, ишим натижа берармикан? Ёзганларимни топишдимикан? Қоғоз қаерга тушди экан? Сантехниклар кўришармикан?

Шу кун жуда қийин ўтди. Қулоғимни динг қилиб кўчада нималар бўлаётганини тинглашга уринардим. Қария эса, ниманидир кўнгли сезган кўйи йўлакда уёқдан буёққа юриб, тез-тез ваннахонага мўралаб қўярди. У асабийлашарди. Фақат нимага бу қадар асабийлашаётгани сабабини тополмай қийналарди. У шунчаки… Хавфни худди ёввойи ҳайвонлар сингари олдиндан ҳис этиб турарди.

Кундузи кимдир квартира эшигини тақиллатди. Мен ҳаяжон ичида ташқарига қулоқ тутдим. Бошланди шекилли! Жиноятчилар қуролларини ҳозирлаб, йўлакка оҳиста югуриб чиқишди. Уларнинг ортидан Бугай ҳам чиқди. Мен ўрнимдан турдим.

Афсус. Кимдир адашиб тақиллатган экан. Полга бўшашганча ўтириб қолдим.

— Сен қаерда бўлишинг керак? — Бугайдан дўқ аралаш сўради Қария.

— Ваннахонада.

— Унда бу ерда қанд еб ўтирибсанми?

— Мен…

— Бор, жойингда тур! Керак бўлсанг, ўзимиз чақириб оламиз.

Эртаси куни тушга яқин ҳовлида машиналар сигнали эшитилди.

— Яна ремонтчилар. — деди квартира эгаси. — Иккита машинада келишибди.

— Квартиранг бехосият экан. — деди Чандиқ. — Қачон қараса, кўнгилсизлик.

Шу пайт тағин эшик тақиллади.

— Ким у? — сўради квартира эгаси.

— Сантехникман. Очинг. Мен труба алмаштиришим керак.

— Менга шу сантехнигинг ёқмайроқ турибди-да! — шивирлади Қария. — Очма!

— Мен сантехник чақирмаганман. — йўлакдан туриб қичқирди квартира эгаси. — Кетинг!

— Очинг!

Ва куч билан эшикни тақиллата бошлади.

— Булар милиционерлар! — деди Қария. — Чунки, таъмирчилар ҳеч қачон иккита машинада келишмайди. Қани, ҳамма жойини эгалласин!

— Очинг, милиция! — эшик ортидан бақирди кимдир.

— Итдан тарқаганлар! — сўкинди Чандиқ ва қўлига пичоқ олди. Бугай ҳам бироз ўйланиб тургач, қирқма милтиққа ёпишди.

Ваннахона эшигини очиб қўйишганди. Фақат Бугай ваннахонага орқа қилганча мени қўриқларди. Қайтадан ўз ҳиссиётларимга қулоқ тутдимми, беихтиёр Бугайга шивирладим:

— Қочиб қаерга борардинг?

— Нима? — Бугай тўполонда овоз қай тарафдан келганини пайқамадими, балкон тарафга қараб қичқирди.

— Орқада! — дедим кулгим қистаб.

У шошиб орқасига ўгирилди. Менга айни шу керак эди. Уни тепиб юбордим. Бошқа оёғим билан қурол тутган қўлига зарба бердим. Бугай кўкси билан ваннахонага қулади.

— Сен?.. — туришга уринарди-ю, сира бу ишни эплай олмасди. — Ифлос!..

Мен аллақачон ўрнимдан туриб навбатдаги зарбани тайёрладим. Бугай бир амаллаб оёққа туриши ҳамоно бир тепиб йўлакка итқитдим. У ҳушидан кетиб йиқилди. Шундан сўнг орқага тисланиб турдим-да, катта тезликда югуриб бориб деворни тепдим. Ғиштлар ҳар тарафга сочилиб кетди. Яна бир зарба билан қолган ғиштларни ҳам қулатгач, қўшнининг ваннахонасида ҳозир бўлдим. Орқада эса, милтиқ, тўппончаларнинг, итларнинг овози эшитилиб турарди.

Ваннахонада ўрта яшар бир эркак чўмилаётган экан. Мени кўриб додлашни ҳам, индамай ўтираверишни ҳам билмай тош қотиб қолди. Уни қўрқитиб юбормаслик ниятида майин жилмайиш қилиб гарчи қўлларим боғланган бўлса-да, башараси аралаш енгилгина калла қўйдим. Бу зарбадан кейин эркак бир неча дақиқа ҳушини йўқотади. Буни яхши биламан.

Шу ернинг ўзида пискани маҳкам тишлаб қўлларим бойланган арқонни ечдим. Сўнгра жонҳолатда эшик зулфинини суғурдим. Йўлакда аёллар қий-чув қилишар, фақат юқоридаги отишмадан қўрққанлари учун бўлса керак, ваннахонага киришга юраклари бетламаганди.

— Тез ваннахонага киирнглар! — бақирдим уларга. — Эрингизнинг аҳволи ёмон!

Аёллар менинг кимлигимни, бу ерда қандай пайдо бўлганимни суриштиришга улгуришмади. Балки, ўсиқ соқолимни, важоҳатимни, эгнимдаги кийимни кўриб ўзларини йўқотишгандир…

Хуллас, ҳовлиққанимча зиналардаги қўшниларга-да эътибор қилмай пастга тушиб, тинчгина ташқарига чиқиб олдим. Қўшни подьезд рўпарасида милиция машинаси, сал нарида исковуч итлар турарди. Юқори қаватдан эса, ҳамон отишма овозлари келарди. Бу аҳволда одамлар кўзига кўриниб бўлмайди.

Паналаб-паналаб катта кўча томон кетдим. Шундан кейингина енгил нафас олдим.

Ҳа, мен озод эдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: