Қиш мавсумида сочлар парвариши

0

Совуқ кунларда сочлар ҳам яхшигина муаммога учрайди. Улар эндиликда кўчадаги совуққа чидаши, aaхоналардаги қуруқ ҳавони кўтариши керак. Бундан ташқари, бош кийими ҳам сочларнинг кўринишига салбий таъсир қилмай қолмайди. Бу ҳам етмагандай витамин етишмаслиги сочлар учун кераклича хавф туғдиради.  Шу сабаб қишда уларнинг парваришига алоҳида эътибор қаратиш керак.

Уй шароитидаги парвариш

Уйда сочларингизни парваришлашингиз учун соч турингизни билиб олишингиз зарур. Сочлар, асосан, қуруқ ёки ёғли бўлади.

Қуруқ сочларга озиқлантирувчи ниқоблар зарур бўлиб, фендан ҳам имкон қадар камроқ фойдаланиш лозим.

Ёғли соч соҳибалари эса бошдаги ёғ тўқималарининг керагидан ортиқ ёғ ишлаб чиқаришини оширувчи таъсирлардан ҳимоялаши керак. Сочларни ювганда ҳам сув муздекроқ бўлсин. Хонани ҳам ўта иситиб юборманг. Ёғли соч соҳибаларига ҳам фен, дазмол каби воситалардан камроқ фойдаланиш тавсия этилади.

Қон айланишини яхшиланг

Совуқда қон томирлари торайиши ҳисобига бошдаги қон томирлари ҳам яхши айланмайди. Бу эса сочларнинг кўринишига, албатта, таъсир қилади. Демак, бошдаги қон айланишини ҳам яхшилаш зарур. Шу боис ҳафтада бир неча марта бошингизни уқалаб туришни унутманг.

Ниқоблар

Қуруқ соч соҳибаларига қатиқли ниқоб яхши самара бериши мумкин. Бунда қатиқни сочларингиз илдизига суртиб, кейин уни иссиқ қилиб ўранг. 30 дақиқадан сўнг сочингизни ювишингиз мумкин.

Чой ҳамда сабзили ниқоб ҳам сочлар саломатлиги учун жуда самарали. Сочингизнинг узунлигига қараб, бир дона хом сабзини қирғичдан чиқариб, унга 5 томчи канакунжут мойи, 1 чой қошиқ ёғли сметана ёки қаймоқ ҳамда озгина аччиқ дамланган кўк чой аралаштиринг. Массани аралаштириб, соч илдизларига 40 дақиқага суртиб қўйинг. Сўнг ювиб олинг. Ниқобдан сўнг сочларингизни аччиқ қилиб дамланмаган лимон сувида чайиб олишингиз ҳам мумкин.

Хом картошкали ниқоб ҳам ёғли сочлар учун айни муддао. Ўртача катталикдаги картошкани қирғичдан ўтказинг, унга кўпиртирилган тухум оқи ҳамда 1 чой қошиқ асал аралаштиринг. Кейин эса сочларингизга суртинг.

Бу ниқоб ҳам 30-40 дақиқа ушланиши керак. Сўнг сочларингизни ювиб олишингиз мумкин.

Азиз аёллар, ушбу тавсиялардан қай бири сизга кўпроқ тўғри келишини аниқлаб, сўнг амалда қўлланг. Шунда сочларингиз баҳор келганида жилвакор кўринишини сақлаб қолган бўлади.

Сочларни намлантиринг

Хоналардаги иссиқ ва қуруқ ҳаво сочларни қуритиб юборади. Шу боис уларни намлик билан таъминлаш учун етарли миқдорда тоза сув ичишингиз, намлантирувчи ниқоблардан фойдаланишингиз зарур.

Сочларни тиклашда…

Ҳафтада бир маротаба озиқлантирувчи ниқобларни ҳам қўллашни унутманг.

Шампунни ҳам тўғри танланг

Қишда мавсумга мос шампун танлаш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Шампун ёрлиғида «Қишки парваришга мос» деб ёзиб қўйилган бўлади. Агар бундай шампунни тополмасангиз, «Кучсизланган сочлар учун» деб ёзилганидан ҳам фойдаланишингиз мумкин.

 

Ҳордиқ газетасидан олинди

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: