ЖОСУСЛАР… (5-қисм. БИРИНЧИ ФАСЛ)

0

 

 

* * *

 

Эгнимга плашчимни ташлаб, худди зерикканидан кўча айланиб юрган одам каби шошилмасдан бекатга етиб бордим. Одамлар ўсиқ соқолимга, кийимларимга қараб-қараб қўйишарди. Аммо ҳеч ким менга яқин келиб сўз қотмасди. Ўзимни эркинроқ тутиб трамвайга ўтирдим-да, бошим оққан тарафга қараб жўнадим. Энг асосийси, икки ҳафта менга азоб берган шу жойлардан узоқроқ бўлсам бас эди…

Энди бу шаҳардан кетишим лозим. Тезлик билан! Ҳозироқ! Лекин ҳужжатсиз кетиш хавфли. Бундай отишмалардан сўнг милиционерлар жиддийлашишлари тайин. Вокзаллар, аэропортлар, йўллар қуршаб олинади. Йўқ, яхшиси, бир нечта паспорт топаман. Шуниси қулай. Фақат янгитдан алоқа бўлимлари, кассаларда айланиш ҳам қийин. Таваккал қилсаммикан?

— Бувижон, — сўрадим биринчи йўлимда учраган кампирдан. — Ҳарбий комиссариатга қандай борсам бўлади?

Кампир аҳволимни кўриб қўрқа-писа бўлса-да, йўл кўрсатди. Ўзи раҳмат айтишимниям кутиб ўтирмай, қадамини тезлатди. Сездим. Ҳар ўн-ўн беш қадам юргандан сўнг орқасига ўгирилиб мени кузатган бўляпти… Мен кулимсираганча кўрсатилган манзил томон жўнадим.

Ҳарбий комиссариатда армияга чақирилувчи ёш йигитлар тўда-тўда бўлиб уёқдан-буёққа юришарди. Ҳожатхонага беркиниб олганча аввал кийимларимни тартибга келтирдим, ваннахонадан эҳтиёт шарт яп-янги устара ҳам топиб олган эдим. Ўша билан соқолимни қиртишладим. Ҳарқалай, ҳарбий комиссариат! Кўрибсизки, ҳожатхонадан тоза, одамбашара аҳволда ташқарига чиқдим. Энг қувонарлиси, мени ҳеч ким пайқамади. Ё пайқашса ҳам эътибор қилишмади.

Йўлак бўйлаб бордим-да, дуч келган биринчи эшикни очдим. Ичкарида бир аёл ўтирарди.

— Кечирасиз, — дедим унга мулойим оҳангда. — Сизда биттагина тоза қоғоз топилмайдими? Яна битта. Раҳмат.

Ортга қайтдим.

Қаранг, тузилишим худди шу ерда ишлайдиган одамникига ўхшабди шекилли, бир йигитча келиб сўраб қолди.

— Ўн иккинчи кабинет қаерда?

— Қани, чақирув қоғозини беринг! — совуққонлик билан унинг қўлидан қоғозни олдим мен. — Сиз соат ўн бирда келишингиз лозим эди-ку! Нима қилиб юрибсиз шу пайтгача?

— Улгурмадим. — ўзини оқлай бошлади йигитча. — Трамвай…

— Бу охиргиси бўлсин! — огоҳлантирдим мен. — Энди иккинчи қаватга кўтарилиб, йўлак охирига борасиз.

Хуллас, кун яримлагунча ўзимни ҳарбий комиссариат ходими қилиб кўрсатган ҳолда икки-учта керакли ҳужжатларни қўлга киритдим. Ана энди кўринишимни ўзгартирмасам бўлмайди. Курсдаги грим дарсларини ёдга олган ҳолда ўзимга оро бера бошладим. Кўз очиб юмгунча юз кўринишим қўлимдаги ҳужжатлардан бирида кулиб турган бақалоқникига ўхшади қўйди.

Аммо… Шаҳарда кутилмаганда ўзимга таниш бўлган ўша сержантни кўриб қолсам бўладими… Жон-поним чиқиб кетаёзди. Жиноятчилар орасида ўтирганимдаги қўрқувлар яна қайталангандек, тиззаларим титраб, тилим айланмай қолди.

— Сиз нега бир жойда туриб қолдингиз? — Мен сержантнинг овозидангина ўзимга келдим. — Ўтинг, одамларга халал берманг!

Секин-секин қадам ташлаб перрон томон кета бошладим. Хаёлимда эса, гўё ҳозир-ҳозир сержант таниб қолади-ю, орқамдан етиб келиб қайтадан камерага тиқадигандек эди.

Хайрият, келмади. Тинчгина перронга етиб олдим. Бу ерда мени нотаниш жойларга олиб кетувчи поезд шай турарди. У ерда эса, шубҳасиз, янги иш, янги танишлар, дўстлар, душманлар орттиришим аниқ.

Ортга ўгирилишга қўрқиб паст овозда шивирлаб қўйдим:

— Алвидо ўтмиш! Алвидо ёшлик! Менинг поездим ҳозир кетади. Ўн беш дақиқадан кейин кетади. Алвидо милиция!

Кейин поездга чиқдим. Ойналари терлаб кетган вагондан ташқарини томоша қила бошладим…

Ниҳоят поезд жойидан жилди. Мен янада хотиржам тортдим. Хаёлан худога шукр қилдим…

Атрофим тўла одам. Бироқ ҳеч кимни сирларимга шерик қила олмайман. Бу жангда ёлғиз менгина жангчиман. Шунга қарамай, фақат мен ютишим ва ютишим лозим.

Оғир хўрсиниб ойна ёнидан нари кетдим.

— Чида, йигит! — дедим ўзимга ўзим. — Ўзингни қўлга ол! Ҳаммасини бошидан бошлаш пайти етди.

Секин купе эшигини очдим. Ва кимсасиз купе ичкарисини бир муддат кўздан кечириб олгач, ўзимга ўзим оҳиста шивирладим:

— Салом! Сиз қаерга? Келинг, танишайлик!

 

ИККИНЧИ ЁЗУВ

ЯНГИ АЙЛАНА БЎЙЛАБ

 

Мен биринчи имтиҳондан ўтолмадим деб хаёл қилгандим. Йўқ, қисмга етиб келганимдан кейин мени илиқ кутиб олишди. Ҳарқалай, камчиликларим бўлса ҳам барибир кўрсаткичларим ёмон эмаслигини аниқладим. Чунки, мен талаб қилинган нарсаларнинг барчасини қўлга киритгандим. Буни ўзим ҳам яхши билардим.

Тўғри, командирларнинг баъзилари ола қараш ҳам қилишди. Бу ҳойнаҳой мени ваҳимага солиш, ҳаяжонланишга мажбурлаш бўлса керак деб ўйладим. Таваккал сўнгги кабинетга кирдим. Хайрият, у ердагилар мени навбатдаги имтиҳон бўладиган жойга олиб кетишди…

Эшик. Яна эшик. Йўлак. Вестибюль. Электрон табло. Вақт 14. 37. 16.

Ўттиз сониялик сукунат. Ҳозир мени кузатишяпти. Электрон асбоблар орқали камерани тешиб юборгудек бўлишяпти. Вақтни тешиб юборгудек бўлишаяпти. Агар олти сония кеч қолинсаям жарима балл тўпланади. Ўн сония эса, санкция дегани. Бир дақиқа кечикилса, ўз-ўзидан ҳайдаласиз.

— Киришингиз мумкин!

Йўлак. Махсус текширув ҳудуди.

— Курсант Зевас, код рақами 24 СЖ етиб келди!

— Ўтинг!

Уёғида эшикларига турли нотаниш рақамлар ёзиб ташланган узун йўлак. Бу эшикларнинг майин тутқичларида қандайдир ёқимсиз, қўрқитувчи нимадир бор. Уларга кўз ҳам ўргана олмайди.

Йигирма қадам. Сўнгра кириш лозим бўлган эшик рўпарасида тўхтайсиз. Кутасиз. Қаердадир, йўлак охирида кўринмас навбатчи дарс жадвалини тузиб чиқади. Сўнгра кодларни текшириб, қандайдир тугмачаларни босади. Эшик очилади.

— Киринг!

Ўқув хонасида жиҳозлар ҳам, дераза ҳам йўқ. Деворларга катта экранлар ўрнатилган. Мен ана шу ерда қимирламасдан, экранларга тикилганча бир, ёки икки кун ўтиришим шарт. Нега? Душман қуршаб олган тақдирда ҳам худди ғойиб бўлган одам каби ўзимни тутишга ўрганиш учун.

Полга ўтираман-да, оёқларимни кўксимга олиб келаман. Бу машғулот камроқ жойни банд қилиш мақсадида амалга оширилади. Қўл-оёқларимни қимирлатиб гавдамни қулай ҳолатга келтираман. Бўшашаман. Қотаман. Бу айтишга осон. Қотиб қолиш жуда мушкул. Кўп машқлар эвазигагина кўникилади.

Кўп бор мен ўрмалаб юрувчи қумурсқаларни кузатдим. Уларнинг атрофида пашшалар бемалол учиб юришарди. Шу пайт қумурсқа бир зарб билан пашшани тутади. Кўрибсизки, ҳозиргина парвоз қилаётган пашша қумурсқанинг оғзида пайдо бўлади. Эҳ, мен ҳам шундай ҳужумкорликка ўргансайдим!..

Экранларни кузата бошлайман. Бу мушаклар ортиқча ҳаракат қилмаслиги учун қўшимча дарс ҳисобланади.

Бир, икки, уч соат шу тахлит ўтираман. Тўсатдан экранда геометрик шакллар ҳосил бўлади. Шакллар ичидан ўз шаклимни топишим лозим. Ана, меники чўзиқ учбурчак. У исталган маҳал, исталган экранда намоён бўлиши мумкин. Мен уни ўз вақтида англай олишим зарур. Қанча кўп англай олмасам, шунча ўзимга ёмон.

Ўнгдаги экранда — бор. Чапдагида — бор. Яна. Рўпарамда. Чапда. Ўнгда. Бу машғулот бошни уёқ-буёққа бурмасдан, фақат кўз ёрдамида бажарилади.

Оқибатда мушакларим қотиб қолди. Оёқларимдаги бармоқлар увиша бошлади. Белимда оғриқ турди. Миямда бўлмағур хаёллар чарх ура бошлади.

Балки хато қилгандирман қаердадир? Наҳотки, биринчи ўқишда ҳеч нарсага ўргана олмаган бўлсам? Наҳотки, ўшанда кўкси тўла орденлар билан ўтирган полковник беҳуда мени мақтаган бўлса?

— Зўр! — деганди у менинг шахсий деломни варақлаётиб. — Курсингизда натижалар зўр экан!

Балки, ўшанда фахрланишга ҳақ бўлгандирман? Гарчи ўшанда отишмалар, қочиш, жиноятчилар тўдаси орасидаги ҳаётим туфайли баҳоларимни бироз пасайтирган бўлсам-да, кейинчалик хатоларимни тўғриладим-ку!.. Ўзимнинг ким эканимни, нималарга қодир эканимни исботлай олдим-ку!..

— Ўҳ-ҳў, ички ишлар вазирлиги номидан ташаккурнома ҳам олган экансиз-ку! — кулди полковник. — Хавфли жиноятчилар тўдасини қўлга олишда иштирокингиз учун. Яхши. Энди сизга бир гапни айтай. Ҳали ҳаммаси олдинда. Қарангки, курсингиздагилар ичидан фақат сизни ўқишни давом эттириш учун олиб қолишга аҳд қилдик. Сизнинг вазифангиз битта. Ё ҳа, ё йўқ деб жавоб бериш.

— Қолганлар-чи? — сўрадим шошилиб.

— Қолганлар уй-уйларига тарқатиб юборилади. Бизнинг чақиришимизни кутишади. Сиз эса, яқин орада бошланадиган жанглардан бирида қатнашасиз. Бу жуда хавфли жанг. Ҳақиқий эркаклар жанги бўлади…

Камерада ўтириб худди шу суҳбат ҳақида ўйладим. Вақт эса, ўтиб борарди. Ана, етти соат, саккиз, тўққиз соат…

Экранда турли фигуралар сакрашади, кўзларим ачиша бошлайди, аъзойи баданим увишиб боради. Сездирмасдан, товушсиз мушакларимни ҳаракатга келтираман. Ҳозир энг асосийси, нимага қодир эканимни, бу синовлар мен учун ҳеч нарса эмаслигини кўрсатиб қўйиш. Яна мен экрандаги ўз фигурамни вақтида илғашим, улар неча марта кўринганини санаб боришга улгуришим, вақтни ҳис этишим, чарчоқ, уйқу билан кураша олишим лозим. Орқага йўл йўқ…

Хаёлларим қайтадан яқин ўтмишга томон йўл олади. Яна ўша кунги суҳбатларни, келишувларни ўйлай бошлайман…

— Бизнинг таклифимизга розимисиз? — сўради полковник мендан.

— Ҳа.

— Яхшилаб ўйлаб кўринг!

— Ўйлаб кўрдим.

— Унда манави ерга имзо чекинг.

Қоғоздаги ёзувларга кўз югуртираман.

— «Хизматим тўғрисида ҳеч кимга оғиз очмайман. Хато қилган тақдиримда мени энг шафқатсиз қонунларга таянган ҳолда жазолашларига розиман…»

Имзо чекаман.

Навбатдаги ёзувга қарайман.

— «Ҳар бир ҳаракатим тўғрисида ҳисоб бераман. Хатога йўл қўйсам…»

Имзо қўяман.

Кейинги қоғозни қўлимга тутқазишади.

— «Яқин ҳамда узоқ қариндошларим, танишларим билан алоқани узаман. Хатога йўл қўйсам…»

Имзо чекаман.

— Сиз билиб қўйинг, — дея огоҳлантиради полковник. — Бу шартнома. Шунчаки қоғозбозлик эмас. Шартнома бузилган тақдирда жазо ўша лаҳзанинг ўзидаёқ кучга киради.

— Курсант, маҳкам бўл! — дея елкамга қоқди кадрлар бўлими бошлиғи. — Сени олдинда катта кўнгилсизликлар, синовлар кутяпти. Тайёрмисан?

— Ҳа.

— Ёдингда бўлсин. Энди сен ўтмишга қайта олмайсан. Ўзингдан воз кечасан. Энди сен шу бугундан ташкилотнинг мулки ҳисобланасан. Ихтиёрингга қулоқ тутишга ҳаққинг йўқ. Сен учун кеча деган сўз йўқ энди. Фақат бугунинг ҳақида ўйлайсан. Қариндошлик ҳислари деган туйғулар сенга бегона.

— Тушунаман! — жавоб қиламан бош эгиб.

— Ҳеч балони тушунмайсан. — жеркиб беради кадрлар бўлими бошлиғи. — Қабрга киргунингча сени синашади, кузатишади. Сендан фақат ҳаракат, иш кутишади. Ҳар бир ҳаракатинг ортга қайтадиган йўлингни йўққа чиқариб боради.

— Тушунаман.

— Хўш, ўтмишингдан воз кечишга розимисан?

— Ҳа.

— У ҳолда ўлимингга тайёр тур!

Келишилганидек, бир ҳафтадан сўнг мени ўлди деб эълон қилишди. Ҳа, бу ёруғ дунё, оилам, дўстларим, балки, ўзим учун ҳам мен ўлган ҳисобландим.

Мен оламдан ўтдим.

Онажонимнинг қўлига ҳарбий комиссариатдагилар кичкинагина қоғоз келтириб беришди. У ерда қуйидаги сўзлар ёзилганди:

— Ўғлингиз хизмат вазифасини ўтаётиб кўнгилсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлди…

Баланд бўйли аскарлар ҳовлимизга менинг жасадим жойланган темир тобутни олиб киришади. Онамнинг тобут атрофида айланиб йиғлашини, кичкинагина, нозиккина сингилчамнинг йиғига жўр бўлишини кўз олдимда гавдалантираман. Ҳа, шу воқеалар ёзиб олинган тасмани менга келтириб беришганди. Қайта-қайта айлантириб томоша қилдим. Оператор жуда усталик билан уларни суратга туширибди…

Тобутни очишга рухсат этишмади… Хонамнинг ўртасига қўйишди. Аскарлар тобутни қаттиқ қўриқлаб туришарди.

— Сиз яна ўйлаб кўришингиз мумкин. — деганди ўшанда инструктор қулоғимга шивирлаб. — Агар истамасангиз, ҳаммасини…

Онажонимнинг, яқинларимнинг аччиқ кўз ёшларини кўриб туриб юрагим аламга тўлганди. Аммо номус кучли. Ортга қайтишга ғурур йўл бермайди. Қолаверса, буларнинг олдида ўзимнинг ожизлигимни намойиш қилишни истамасдим. Шу сабабли сукут сақлардим. Индамасдим. Бу розилигимдан далолат эди.

Бир кун ўтиб турли гримлардан сўнг мен ўзимнинг дафн маросимимда қатнашиш учун жўнашим лозим эди. Бу биринчи топшириқ. Юз тузилишимни ўзгартириш, яқинларимга ким эканимни сездирмаслик менинг муаммоим. Бу раҳбарларни умуман қизиқтирмайди. Қайтганимдан сўнг кўрганларимни ипидан игнасигача гапириб беришим шарт.

Мен бу ўйиннинг шартларини яхши билардим. Ҳар бир ҳаракатим учун алоҳида баҳо қўйилади. Тобутимга қанча яқин турсам, шунча кўп баҳо оламан.

Билардим. Бу топшириқ баҳона мен ташкилот раҳбарларига қанчалар юз тузилишимни, овозимни биров пайқамайдиган даражада ўзгартира олишимни, кийим танлай билишимни кўрсатаман. Ана шундан кейингина асосий топшириқ берилади…

Хаёллардан чекиниб тағин экранган қарадим. Ўн иккинчи соат ўтиб боряпти. Экранлар жим. Қаршилик кўрсатмасам бўлмайди. Мушакларимни ҳаракатга келтиришим лозим. Уйқуни яқинимга келтирмаслигим керак. Майли ўйласам ҳам. Фақат ухлаб қолмасам бас.

Дафн маросимимни эслай бошладим. Тобутни ўн киши қабристонга кўтариб келишди. Қизиқ, ичига нима солишган экан? Ё бошқа одамнинг мурдасимикан? Йўқ, бизнинг ташкилотдагилар уста бунақа ишларга. Ўзим ҳам улар қаторидаман-ку! Агар ўз дафн маросимимда сира ўзимни йўқотмай, ўзимни танитмасдан жимгина турсам, албатта мен ҳам устамонларнинг бириман.

Тобутни қабр тепасига олиб келишгач, тўхташди. Ҳамма жим. Кимдир машинада унутиб қолдирилган курсиларни олиб келишга чопди. Бу лаҳзаларда ўзимни ушлаб туришим жуда оғир эди. Гўрковлар қабрни қазиб бўлишибди. Юз-кўзларидан тер қуйиляпти. Мен уларни шундоққина ёнларида турганча бемалол кузатардим. Ана, синфдошим ҳам келибди. Мен у билан ярим йил битта партада ўтириб ўқиганман. Болаликдан дўст эдик. Фақат у ҳозир мени танимайди. Шунчалар устамонлигимдан фахрланиб кетдим.

Ниҳоят тобутимни қабрга туширишди. Онажоним додлаганча ўзини тобут устига отди. Шу пайт кутилмаганда ҳушидан кетиб йиқилди. Уни ён-атрофдаги эркаклар ушлаб қолишди. Отам дарров тепасига келди…

Алам қиларкан. Ота-онамнинг ёнгинасида турсам-у, худди спектакль томоша қилаётган одамдек индамай тураверсам…

Гўрковлар тобутни қабрга тушириб, устидан тупроқ тортишгач, аскарлар бараварига автоматлардан ўқ узишди. Ота-онамга боқдим. Улар аччиқ-аччиқ йиғлашарди. Алам қилди менга. Ахир, нега бу маросимни тўхтатиб қўя олмайман? Нега индамасдан, худди арвоҳдек бемалол уларнинг азобланишларига тик боқиб турибман? Нега?. Йўқ, мен адашдим. Бу, ахир, ташкилотнинг буйруғи! Ҳаммаси ҳал бўлган. Мен ўлдим, тамом!..

Сесканиб бошимни кўтариб экранларга боқдим. Ўша-ўша. Мана, ўн еттинчи соат ҳам ўта бошлади. Худойим, экранларда учбурчаклар бунча кўп бўлмаса! Мушакларим, суякларим, томирларим, балки қоним ҳам қимирламай ўтиришимга қаршидек туюларди.

Шу кўйи йигирма биринчи соатни ҳам экранга тикилиб ўтказдим. Кутилмаганда шундай буйруқни эшитдим:

— Спаррингга тайёрланинг!..

Шу маҳал эшик тарақлаб очилиб остонада қўл жанги инструктори пайдо бўлди. У куларди! Кўзлари қувончдан порларди!..

Ҳа, унга ўз кучини намойиш этиш ёқади. Шундан маза қилади. Муштлашишни соғиниб яшайдиганлардан бири.

Мен катта қийинчилик билан ўрнимдан турдим. Кўз олдим қоронғилашиб борарди. Ана шу лаҳзада жағим аралаш мушт келиб тушди. Аслида баданга келиб тушган бундай зарбалар увишиб қолган қонни қайтадан ҳаракатга келтириб, одамни ҳушёр торттиради…

Мен бу зарбадан сўнг йиқилишим лозим. Нафас ростлаб олиш, ўзимда қўшимча куч йиғиш учун йиқилишим керак. Йиқилдим. Ҳақиқатан, мушакларим ҳаракатга келди.

Бир юмалаб ўзимни четга олдим. Аммо турмадим. Кутишим зарур унинг яқинлашишини.

Тўғри-да, ҳозир у бир киши. Ўтган гал ошхонада бараварига учтаси менга ташланишганди. Ҳали ёдимдан чиққанича йўқ ўша кун.

Инструктор ҳайрон бўлиб аста мен томон яқинлашди-да, аҳволимни текшира бошлади.

— Нега қараб турибсан? — хаёлан ундан сўраган бўлдим. — Яқинроқ келмайсанми? Балки, курсантнинг жағи синиб кетгандир? Жағи синган бўлса, тамом, сафдан чиқди ҳисоб. Келавер!..

Биламан. Мен оддий курсантман. У эса, қўл жанги бўйича катта мутахассис. Демак, мен уни ўласи қилиб калтаклай олмайман. Шунга қарамай, бир марта бўлса-да, уни тепиб олишни жуда-жуда истардим.

Шундай қилдим ҳам. Пойлаб туриб ётган еримда юзи аралаш тепдим. Инструктор юзларини беркитиб пастга энгашди. Мен овозимнинг борича қичқириб оёғим билан унинг тиззаларига кетма-кет зарба бердим. Муштим эса, қўлларига бориб тушди. Инструктор йиқилди. Бироқ шу заҳоти ўрнидан туриб зарба беришга ошиқди. Мен навбатдаги зарбага қўл чўздим. Афсуски, шу пайт чироқлар ёниб ўчиб, «Тўхтат!» деган буйруқни эшитдим. Қўлларим ҳавода муаллақ қолди. Инструктор кулимсираганча менга қўл чўзди.

Хуллас, жанг тугади.

— Мени бопладинг, йигит! — билакларини уқалаганча кулди инструктор. — Ростакамига бопладинг!

Мен секин ташқарига йўл олдим. Йўл-йўлакай атрофни кузатдим. Йўлакларда тирик жон кўринмасди.

Мовий осмонга боқдим-у, яна меҳрибон онажонимнинг дод солиб қабрим тепасида йиғлаши кўз ўнгимда гавдаланиб, асаб томирларим таранглашди. Қалбимни муз қоплагандек бўлди. Бу муз аъзойи баданимни тошга айлантиргандек эди…

Армонни, нафратни, тушкунлик балосини базўр жиловлаб, лабларимда титроқ туйдим. Азбаройи аламим келганидан хаёлан бўлса-да, яна бир карра онамдан узр сўрадим:

— Мен аҳмоқни, тошбағир ўғлингизни кечиринг, она!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: