ЖОСУСЛАР… (10.қисм.)

0

 

 

* * *

 

Анчадан бери бу қадар маза қилиб дам олмагандим. Ҳаммомдан қушдек енгил бўлиб чиқдим-у, квартирага йўл олдим. Йўқ, эндиги ишим контейнерни очиб, махсус код ёрдамида Резидентнинг навбатдаги топшириғини аниқлаш. Афсуски, иш чатоққа ўхшаб қолди. Илгари фойдаланилган алоқа қутиси ҳам, алоқа қилишимиз учун имкон бериладиган барча нарсалар йўқ қилинибди. Ҳа-а, шунинг учун ҳам ҳаммомни ўйлаб топишган экан-да!.. Энди топшириқни юзма-юз учрашибгина олиш мумкин.

Топшириқ ҳам олинди. Бу гал мен худди театрдаги каби «спектакль» намойиш этишим зарур бўлади. Спектакль эса, фожиали тус олиши талаб қилинган. Шундай экан, эгнимдаги кийимим ҳам фожиага яқин бўлиши керак. Бошимдан тортиб оёғимгача қора кийим кийган бўлишим шарт.

Кўзгуга боқдим. Бошимда қора кепка, эгнимда ҳам, оёғимда ҳам қора кийим. Бу кўринишим «бош рол»ни мен билан бирга ижро этувчи шахсни қўрқитиши тайин. Тўлиқ амин бўлгач, тунда Резидент томонидан кўрсатилган манзил томон йўл олдим. Борадиган жойим дала ҳовли эди. Ичкарига кирдим. Латта билан яхшилаб ўралган болға кўмагида ясатилган уйдаги эски кўзгуни уриб синдирдим. Телевизорни ағанатдим. Ҳа, спектаклнинг бошланиши ёмон эмас. Энди уй эгасини кутишдан бўлак иш қолмади ҳозирча. Резидент айтганидек, у соат кечки ўнда кириб келди. Эшикка ўрнатилган чет эл қулфларини узоқ вақт пайпасланиб очди. Ичкарига кириб чироқни ёқди-ю…

Полда сочилиб ётган кўзгу бўлакларида менинг аксимни кўрди. Орқасида жимгина қараб турардим. У маълум вақт ҳаракатсиз туриб қолди. Шунда сездимки, эгнимдаги қора кийимлар уни даҳшатга сола бошлади.

Мен кутилмаганда унчалик кучли бўлмаган зарба билан уй эгасини ҳушидан кетказдим. Сўнгра барча кийимларини ечиб ташлаб, ўзини курсига ўтқаздим-да, қўл оёқларини бойлаб ташладим.

 

* * *

 

Хўш, энди-чи?.. Қип-яланғоч одам кийимдагининг қаршисида ўзини буткул ҳимоясиз ва ожиз ҳис этади. Кўз олдида фақат ажал намоён бўлади.

Қарасам, сал нарида жуда қимматбаҳо гулдон ярақлаб турибди. Қўлимга олиб полга урдим. Чил-чил синди. Ҳа, бу ҳаракатим уй эгасини дарров ҳушига келтирди шекилли, қимирлашга урина-урина кўзларини очди.

— Қўрқиб кетдингми? — хаёлан сўрадим ундан. — Қўрқавер! Бу бошланиши холос. Ҳали ҳаммаси олдинда.

Ярим соатча ўз ҳолига қўйиб бердим. Майли, ҳушини бир жойга йиғсин. Ўзини қандай, қай усул билан ўлдиришлари ҳақида бош қотирсин. Хўш, топдингми?.. Унда бошладик.

Оғзига латта тиқиб ташлагандим. Шартта суғуриб олдим.

— Кимсиз? — сўради у титраб-қақшаб.

Мен индамадим.

— Сизни ким бу ерга юборди? Мени ўлдирасизми?

Яна индамадим.

— Келинг, келишайлик! — ялина бошлади у. — Менинг пулим кўп. Жудаям кўп. Ҳаммасини сизга бераман.

Сукут сақлашда давом этдим.

— Ишонинг, мен айтганингизни бераман! Фақат қанчалигини айтсангиз бас!..

Индамай туравердим. Билдимки, индамаслигим уни янада кўпроқ қўрқувга соляпти.

— Ана, сандиқда ҳаммаси. Керагини олаверинг! — давом этди у. — Мен ачинмайман.

Мен секин темир сандиқни очиб даста-даста долларларни қўлимга олдим.

— Долларларми? — сўрадим атайин.

— Ҳа, долларлар! Олинг, ҳаммаси сизники.

— Қалбаки эмасми?

— Йўқ, йўқ. Ҳақиқий. Ишонаверинг! — алам аралаш жилмайди уй эгаси.

— Ҳақиқий дегин? — сўрадим ундан ва гугурт чақиб долларларни ёқа бошладим.

Ана энди у ҳақиқатан даҳшат исканжасида қолади. Шунча пулни ёққан одамдан нима кутиш мумкин? Бундайлар одам ўлдиришдан сира тап тортишмайди.

У менга ер остидан қараб қўйди. Нигоҳларидан пайқадимки, ҳаётдан буткул умидини узди.

— Давом этаверайми? — Бу Резидент тайинлаган ўнта саволнинг дебочаси эди.

У индамади.

— Бир нарсага келишиб олайлик. — дедим тепасига келиб. — Агар билганларингни оқизмай томизмай менга айтиб берсанг, биринчидан, манави қимматбаҳо буюмларингнинг ҳаммаси ўзингда қолади. Иккинчидан, рақобатчилардан халос бўласан. Яъни, сени тобора юқори чўққиларга етакловчи зинапоялар бўшаб қолади. Билиб қўй, сен бизни умуман қизиқтирмайсан. Биз жуда катта бир одамни қидиряпмиз. Ўшани сенинг кўмагингда топишимиз ва йўқ қилишимиз зарур. Агар айтганларимни бажарсанг, ўшанинг ўрнини ўзинг эгаллайсан. Учинчидан, бизнинг ишончимизга кирасан. Тўртинчидан, манави ёқиб юборилган пулларингни ўн баравар қилиб қайтараман. (Мен Резидентнинг сирли шкафидаги пулларга ишониб шу сўзларни айтгандим) Энг асосийси, ҳаётингни сақлаб қоласан. Мабодо, жим тураверсанг, ўлим топасан. Лекин ўлимингдан аввал барибир мен талаб қилган нарсаларни айтасан. Шуларни ёдингда тут. Ўйла. Вақт кетди.

 

* * *

 

Орадан тўрт дақиқа ўтгач, ниҳоят у ён берди. Бир соат ичида ҳаммасини аниқладим. Эвазига «мижоз»им ваъда қилинган пулларни олди, мен бўлсам, ахборотни. «Мижоз» қидирилаётган «моллар» қаердан келишини яхши биларди. Лекин қаерга кетишини билмасди. Энди биз учун асосий нарса — қайси шаҳарга бу «моллар» олиб борилади-ю, қаерда пулга айланишини аниқлаш қолганди. Яна шуни яхши билардикки, биз «мол» деб атаётган нарса — бу наркотиклар эди…

Мен дала ҳовлини тарк этдим.

Хўш, қандай аниқлаймиз?.. Турнақатор бўлиб кетаётган машиналар карвонини кузатиб борамизми? Кузатиш учун менга рухсат этишмайди. Негаки, ҳар қандай ёлғиз кетаётган машина қуролланган кишилар томонидан тўхтатиб қўйилади. Улар билан олишишдан сира фойда чиқмайди. Ҳозирги замонда милиция кийимидагиларга ҳам ишониб бўлмайди. Нима кўп, йўлтўсар кўп. Милиция кийимини топишади-да, бемалол кўздан йироқ жойларга бориб тирикчиликларини қилаверишади. Мабодо ҳақиқий милиционерлар бўлган тақдирда ҳам, мени бўлимга олиб боришади-да, буйрагимга ҳўл латта босиб чарчагунларича калтаклашади. Яна бу ҳам етмагандек, ўн беш кун супурги ушлаб ҳовли тозалашга мажбур қилишади. Худо кўрсатмасин, кимлигимни билиб қолишса борми, камерага қамашади-ю, тамом!.. Ташкилотимдагилар қайтиб ўлигимниям топа олишмайди.

 

* * *

 

Эҳ, қўлимда радио, ё вертолёт бўлганда эди!.. Афсуски, унисиям, бунисиям йўқ. Энди ота-буваларимиз қўллаган эски усулларни қўллайман шекилли.

Дўконга бордим-да, иккита идишда бўёқ, бўш елим халтачалар, арқон сотиб олдим. Елим халтачаларни бир-бирига кийдирдим. Ичига бўёқларни қуйдим. Оғзини арқон билан бойладим. Арқоннинг бир учига темир илгичларни маҳкамлаб қўйдим…

Машиналар карвони жуда қаттиқ қўриқланишини билардим. Кабиналарда кузатувчилар ўтиришади. Бортлар атрофида ҳам, машиналардан анча орқада ҳам қуролланган соқчилар бўлади. Бунга қўшимча ҳар-ҳар жойда яна қуролли кишилар беркиниб ўтиришади. Албатта, бу машиналарда катта пул кетиб боради. Айтганча, олдинги ҳамда орқа қаторларга беш-еттита машина жойлаштирилганки, уларда ҳеч қанақанги наркотик бўлмайди. Бу машиналар ниқоб учун шундай жойлаштирилган. Демак, мен қидираётган нарса ўртада. Хўш, қандай йўл тутаман буёғига? Йўл патрул хизмати ходими ролини ўйнайманми? Э, улар бу тахлит ходимларни назар-писанд қилишмайди. Ҳа, поезд йўлидан фойдаланаман!.. Энг қулай усул шу…

Мен машиналар тўхтаб юк туширадиган яқин жойдаги темир йўл постини танладим. Бу ердаги шлагбаумни жиноятчилар бузиб ўта олишмайди. Ҳар қандай вазиятда ҳам барибир тўхташга мажбур бўлишади.

Навбатчи билан тезда келишиб қолдик. Икки шиша ароқни биргалашиб ичгандан сўнг яқин дўстга айландик. Ҳатто, у бу кеча ўзининг ўрнига навбатчиликда қолишимга рухсат берди.

Ўзимча қайта-қайта масофани, вақт оралиғини чамаладим. Лекин кўзланган машинагача сира югуриб ўз вақтида етиб бора олмасдим. Вақт ҳам, масофа ҳам менга қарши ҳаракатланарди. Шунда яна курсдаги инструкторимиз айтган гаплар ёдимга тушди.

— Энг аҳмоқона ғоялар ўйлаб топишдан қўрқманглар. — дея тайинлаганди у бизга. — Ўша аҳмоқона ғоянинг замирида аслида бир дунё ҳақиқат яшириниб ётади.

Ана шу гаплар ёдимга тушди-ю, мен ўзимга «аҳмоқона» савол бериб кўрдим.

— Нега мен машиналардан беркинишим керак? Объектга тобора яқинлашиб келаётгани учунми?..

Уф-ф… Сувга айланиб қолсанг-у, йўлнинг ёрилган ерига тушиб беркинсанг, ё асфалт орасидан туриб кузатсанг ва энг зарур пайтда даст ўрнингдан туриб кўзланган ишни амалга оширсанг…

Йўқ, бошқачароқ йўл тутаман.

Ярим кечада йўлнинг машиналар ўтадиган қисмига «Йўл таъмирланаяпти» деган ёзувли тахтача ўрнатдим-да, ишга киришдим. Йўқ, асфальтни ковлаганим йўқ. Негаки, керакли асбобсиз асфальтни ковлаб бўлмайди. Мен темир йўл четига тошчалар тўлдирилган жойдаги ерни ковладим. Ҳеч қачон бундай қаттиқ ишламагандим. Мушакларим ёрилиб кетса керак деб ўйладим. Лекин эрталабгача улгуришим зарур. Хайрият, улгурдим. Чуқур жуда қулай эди. Агар тиззалаб ўтирсам, бошим кўринмайди. Бемалол кузатаверишим мумкин.

Навбатчиликни топширишдан аввал кўчани ёритувчи чироқлардан иккитасини синдириб қўйдим. Чунки, иш пайтида халал беради.

Кундузи Резидент берган пулга дурбин, янги мотоцикл сотиб олдим. Шу ернинг ўзида уни болға билан уриб уёқ-буёқларини пачоқладим, бўёқларини кўч ириб худди эски мотоцикль кўринишига келтирдим.

Наркотиклар хом ашёси сақланадиган омбор мен қазиган чуқурдан бир чақиримча келарди. Икки кун ўтиб бу ерга машиналар яқинлашиб келишди. Юкларни машиналарга орта бошлашди. Менинг ихтиёримда эса, бор йўғи икки соатча вақт қолган холос.

Ўтиш жойига келдим-да, таниш ва дўстга айланиб улгурган навбатчининг қўлига бир шиша ароқ тутқаздим.

— Илтимос, шлагбаумни ёпиб қўй! — дедим унинг елкасига қоқиб. — Бу нарса ҳаёт-мамот дегани, тушун!

Ароқни иккаламиз навбатчилик хонасида ўтириб бирга ичдик. Шишадошимнинг кайфияти кўтирилгач, бояги гапимни яна бир бор эслатиб ташқарига чиқдим. Жимжитлик. Қазилган чуқурга тушиб кузата бошладим. Кузатиш учун қўлимда оддий, кичкинагина кўзгу бор эди. Бу кўзгу ҳайдовчиларнинг диққатини тортмайди.

Вақтни тўғри ҳисоблабман. Узоқ кутдиришмади. Машиналар карвони аста-секинлик билан темир йўлга яқинлашиб келарди.

— Ҳой, шлагбаумни тушир! — қичқирдим ўтирган еримда. Ва ўзим махсус танлаб олган игна билан бўёқлар солинган қопчани тешдим.

Навбатчи овоз қаердан келаётганини англай олмай менга жавобан бақирди.

— Қаердасан?

— Тезроқ бўл, қорним оғриб қолди! Ҳозир бораман.

Шлагбаум туширилди. Аниқ биламанки, улар шлагбаумнинг устидан ўтиб кета олишмайди. Юк ҳаддан ташқари оғир ва қимматли.

Машиналар карвони келиб тўхтади.

— Вей, нега туширдинг таёғингни? — сўради ҳайдовчилардан бири навбатчидан. — Кўтар!.. Йўқса абжағингни чиқариб қўяман!

Машиналар йўлга тушди. Мен олдиндаги енгил автомашина ва яна бир юк машинасини ўтказиб юбориб, борт темирига илгични отдим. Бунинг учун менга атиги икки-уч сония кифоя бўлди. Ана, тамом!.. Энди осилиб қолган қопчадан ҳар ўн метрга бўёқ томчилаб боради. Бу мени боришим керак бўлган ерга етаклайди. Ҳатто, йўл-йўлакай қопчани кўриб қолишсаям бировдан гумонсирашмайди.

Секин навбатчилик хонасига кириб бордим. Танишим иккинчи шишани ҳам ичиб бўлаёзибди.

— Нима бўлди? — сўрадим ҳеч нарсани пайқамаган одамдек.

— Нима бўларди? — ғудранди у. — Ҳожат чиқарадиган пайтни жа топибсан ўзинг ҳам. Бу ерда сал қурса таёқ еяёздим.

— Бўпти, мен борай. Негадир қорин оғриши пасаймаяпти.

Шох-шаббалар орасига мотоциклни беркитгандим. Чиқариб олдим-да, бўёқлар тўкилган из бўйлаб жўнадим. Бир зумда машиналарга етиб олдим. Аммо яқин бормадим. Ҳамма нарсанинг вақти-соати бор.

 

* * *

 

Хом ашёни қайта ишлаб сотувга тайёрлайдиган кичкинагина заводга етгунча анча овора бўлдим. Барибир топдим. Худди шу ерда наркотик моддалар қайта ишланиб яна машиналарга юкланади-да, сотиш учун олиб кетилади.

Тунлари бутун атрофни дайдиб ўзимга кузатиш учун қулай жой қидирдим. Топган еримга белги қўйиб кетавердим. Кундузлари эса, махсус ковлаган чуқурларда ўтириб объект ҳудудидаги ҳаракатни кузатдим. Ташқаридан қараганда, бу ерда ҳаммаси жойидадек. Одамлар икки сменада ишлашаркан. Махсус машинада қўриқчилар туну кун завод атрофида айланиб юришади. Шундай пишиқ ниқобланганки, йиллаб ўтирсанг ҳам нималигини била олмайсан. Смена асосан кечалари алмашинади. Ҳатто, ахлатни ҳам тўрт томони ёпиқ машиналарда олиб чиқиб кетишади. Қаерга олиб боришади, Худо билади. Агар мен синчиклаб ўрганмаганимда, асфальт заводи бўлса керак деган хаёлга бориш ҳам ҳеч гап эмасди.

Майли, нима бўлмасин, барибир объектга яқинлашмасдан иложим йўқ. Жой ҳам биттагина. Дарвоза рўпарасидаги чуқурлик. Бу ерга ҳеч ким эътибор бераётгани йўқ. Ўзимга ҳам қулай.

Резидент тақдим этган контейнерни очдим. Бундай ҳолларда очишга рухсат этилади. Ичида менга керакли кийимлар мавжуд эди. Кийдим. Белимга ўқдонни тақдим. Узоқ вақт қурол танлаёлмай хуноб бўлдим.

— Кераксиз қуролдан воз кечишда ҳаваскор дарров профессионалдан ажралиб қолади. — деганди курсда инструктор. — Профессионал қаёқдаги автомат, ёки тўппончаларни кўтариб юрмайди. Бошқа яхшироқ қурол қидиради.

Хўш, ўша яхшироқ қурол нима?.. Ҳа, менинг қуролим кўринмаслик, сездирмасдан ҳаракатланиш. Бундан-да фойдалироқ, кучлироқ қурол йўқ дунёда. Майли, эҳтиёт шарт овоз пасайтиргичли кичкинагина тўппонча ҳам зиён қилмайди.

Ишга тушишдан аввал ичимни ҳам ўзим клизма йўли билан тозаладим. Сиз нима деб ўйлагандингиз? Неча кунлаб қимирламасдан ётдим. Қолаверса, кечаям, бугун ҳам овқат еганман. Бу нарса ишда халал беради.

Тунда махсус сумкага керакли нарсаларни жойладим. Камарни текшириб кўрдим. Сакраб-сакраб олдим. Бу ортиқча овоз чиқадими-йўқми, шуни билиб олиш. Ҳаммаси жойидалигига амин бўлгач, чуқурдан чиқдим.

Булар ҳам аҳмоқ эмасди. Деворга етишга ҳали анча бор. Бироқ беш-ўн қадам босганимдан сўнг илк минага дуч келдим. Бу мина дегани фақат сигнал бериш билан кифояланди. Олдинда мени нима кутаяпти? Билмайман. Мабодо сал нарида яна битта мина шундай сигнал берса-ю, бу қўриқчиларнинг экранида кўриниб турса, тамом! Ё қўлга тушиб ҳалок бўламан, ё мени тиз чўкиб узр сўрашга, оёқларини ўпишга мажбур қилишади. Адашмагандим. Иккинчи мина сигнал бериб ўтирмас экан. Баданимда чимиллаган оғриқни ҳис этдим.

Хайрият, шундан сўнг минага дуч келмадим. Буёғига энди эмаклаб кетиш керак бўларди. Фақат эҳтиёт бўлиш талаб этилади. Ким билсин, ҳозир қўриқчилар бемалол ўтирганча мени кузатишаётгандир…

Бир амаллаб дарвозага яқин қолганда тўхтадим. Мана шу ерда яна битта чуқур қазиса бўларкан. Шу чуқурдан туриб завод ҳовлисини кузатиш осонроқ. Йўқ, чуқур ковлаб ўтиргандан яқин бораверганим маъқул.

Қалин, нақ белимдан келадиган ўтлар оралаб кета бошладим. Йўл-йўлакай оёғимга илон пўстлари ўралашгандек бўлди. Ҳа, мен илонлар уяси атрофидаман чамаси. Бундай жойга ҳар ким ҳам юрак ютиб яқинлаша олмайди. Биламан, ҳозир қайсидир бурчакда илон мени ёниқ нигоҳлари билан пойлаяпти. Лекин мен илонлардан қўрқмайман. Улар огоҳлантиришсиз ташланишмайди одамга. Ҳов анави ширакайф қўриқчилардан асрасин. Улар менга рўпара бўлишса, ҳеч бўлмаганда қўрқиб кетганларидан бақир-чақир қилиб сирни очиб қўйишлари мумкин.

Мўлжаллаган ерга етгач, чуқур ковладим. Чуқур тепаларини шохлар билан ўрадим. Фақат дурбин сиғадиган очиқ жой қолдирдим…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit