Узоқ ва бахтли яшашнинг олтин қоидалари

0

Ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаёт тарзингизни тўғри ташкил этсангиз, соғлиғингиз жойида бўлади. Соғлом турмуш тарзи қаришнинг секинлашишига хизмат қилади. Шунинг учун ҳар доим қуйидаги 10 қоидага амал қилинг. Бу қоидалар соғлом турмуш тарзи сари энг тўғри йўлдир.

1. Меъёрида ва соғлом овқатланиш саломатликнинг бош гаровидир. Таомномангизда, асосан, дон маҳсулотлари ҳамда сабзавотлардан тайёрланадиган овқатлар бўлиши лозим. Улар билан бирга истеъмол қилишда меваларни ҳам канда қилманг. Ёғ ва оқсилга бой бўлган сут ва гўшт маҳсулотларини кўп истеъмол қилишдан тийилинг. Бироқ бу улардан бутунлай воз кечиш керак дегани эмас.

2. Бадантарбия ва парҳез ёрдамида тана вазнингизни меъёрида сақланг. Агар вазнингиз оғирлашиб кетса, сизда қон босими, қандли диабет, юрак хасталиклари билан оғриш эҳтимоли ҳам ошади. Бу эса ўз-ўзидан қаришни тезлаштиради. Шунинг учун ҳар куни камида 30 дақиқа машқ қилинг. Кундалик уй юмушларида ёрдамлашиш ҳам машқ қилиш билан баробар. Юрганингизда тез ва чаққон қадам ташланг, автомобилингизни ювинг, хонангизни чанглардан тозалаб, тартибга келтиринг ёки фарзандларингиз билан қувлашмачоқ ўйнанг. Машқлар рўйхатингиздаги машғулотлар сонини оширинг. Қисқаси, қанча серҳаракат бўлсангиз, организмингиз шунча чиниқади ва ўзингизни ёш ва чаққон ҳис этасиз.

3. Яхши дам — соғликка ҳамдам. Катталар 7 соатдан 9 соатгача ухлаганлари маъқул. Тўйиб ухламаслик нафақат диққатингизни жамлай олмаслик, хотира сусайиши ҳамда ҳолсизликка олиб келади, шу билан бирга, руҳий тушкунлик, юрак-қон томир хасталиклари ва қандли диабет сингари сурункали касалликларни ҳам келтириб чиқаради.

4. Тишингизни ҳеч бўлмаганда кун давомида икки маротаба ювиб туринг. Тадқиқотчиларнинг фикрича, тиш касалликлари юрак хасталигига ҳам сабаб бўлади.

5. Кўчага чиққанда кўпроқ яёв юринг. Бу юрак-қон томир ва ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди.

6. Спиртли ичимликларни ичмаганингиз маъқул. Чунки ичкилик саратон касаллигини келтириб чиқаради. Айниқса, ҳомиладор аёлларга ичиш умуман мумкин эмас.

7. Чекишдан воз кечинг. Агар чексангиз, ҳозир буни тўхтатишнинг айни пайти. Тамаки тананинг деярли барча аъзоларини заҳарлайди ва тез қаритади. Чекувчилар чекмайдиган инсонлардан ўртача 14-15 йил кам умр кўришади. Ҳаёт шундоқ ҳам қисқа эканлигини ўйланг ва бу заҳардан ўзингизни ўзингиз ҳимояланг.

8. Тананинг касалликка қарши кураш тизимини мустаҳкамлаб боринг. Бунинг учун зарур эмлашларни вақтида олишни унутманг. Катталарни эмлаш уларнинг ёши, саломатлик даражаси, касаллик тарихи ва бошқа омилларга кўра белгиланади. Шифокорингиз билан алоқани узманг. Ҳар қандай шароитда ҳам ўзингизни ўзингиз қўллаб-қувватланг.

9. Руҳий тушкунликдан халос бўлиб, ҳаётингизни мазмунли ўтказиш учун ўзингиз севган иш билан шуғулланинг. Бунинг яна бир афзаллик томони шуки, яхши кайфият билан бошланган иш руҳиятни енгиллаштиради, юракни бақувват қилади.

10. Ёшингиз қирқдан ошгандан кейин соғломлаштириш клубларига, жамиятдаги ижтимоий жараёнларда иштирок этишни бошланг. Чунки севимли машғулот танлаш кайфиятингиз юқорилигини таъминлайди. Ана шу клублардан қайтгандан кейин эса китоб ўқиш орқали руҳни маънан тўйинтириш мумкин. Руҳий хотиржамлик эса идрок ва зеҳн тиниқлигига хизмат қилади.

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: