Хитойликлар болалар учун қулоқ ўстиришмоқда

0

Хитойлик шифокорлар микротия , яъни туғма қулоқ чаноғи ривожланмай қолган болалар учун янги қулоқлар ўстиришди, деб хабар берди lenta.ru нашри.

Улар мазкур тадқиқотда тоғай ҳужайраларидан фойдаланган ҳолда уч ўлчовли биобосма технологиясини қўллашди.

5000 кишидан бир кишида учровчи микротия қулоқ чаноғининг туғма ривожланмай қолиши бўлиб, у кўпинча осиёлик ва америкалик ҳиндуларда учрайди. У одатда ўнг қулоққа шикаст етказиб, эшитиш қобилиятининг йўқолишига олиб келади. Бу нуқсонни асос сифатида қовурға тоғайини олиб ёки пластикдан чаноқ ясаб, пластик жарроҳлик йўли билан тўғрилаш мумкин.

Бироқ хитойлик мутахассислар ноанъанавий йўлдан боришга қарор қилишди. Улар компьютер томографияси ва 3D-босма ёрдамида соғлом қулоқнинг уч ўлчовли структурасига идеал мос келадиган каркас яратишди. Ҳар бир каркас Spectrum Z510 принтерида босилган, сўнгра биоматериал учун бир нечта қолип ясалган.

Ҳар бир қолип ичига беморларнинг микротиядан шикастланган қулоқларидан тирик ҳужайралар – хондроцитлар жойлаштирилди. Янги қулоқ ўсиши 3 ой вақт олган. Шундан кейин ҳар бир каркас бемор қулоғи шаклига киргач, беморларга кўчириб ўтказилган.

Олинган натижаларни деярли муваффақиятли деса бўлади. 5 боладан 4 нафарида ярим йилдан кейин аниқ тоғай шаклланишининг аломатлари пайдо бўлган, 3 нафарида янги қулоқ чаноғи шакли ва ўлчами соғлом қулоқларники билан бир хилда бўлган. Афсуски, 2 нафар болада бироз деформация кузатилган, шу сабабли ушбу жараённи тўлиқ хавфсиз ва синовдан ўтган, деб ҳисоблаб бўлмайди.

Хитойлик олимлар камчиликларга қарамай, олға бориб, бу йўналишда кейинги тадқиқотлар ўтказиш зарурлигини айтишмоқда. “Умуман олганда, биз ўзига хос қулоқ чаноқларини яратиш, тайёрлаш ва тиклай олишимизга шоҳид бўлдик”, деб айтган олимлар.

 

manba: darakchi.uz