“ЖИНОЯТ ҚИДИРУВ БЎЛИМИ ХОДИМИНИНГ БИР КУНИ” ТУРКУМИДАН

0

 

«Олтин занжир операцияси»
(телесериал сценарийси)

2- серия

 

* * *

 

Қоронғи кеч. «Гулрух» дискотекаси. Дискотека қатор дўконлар тизимида жойлашган.

Ташқарида қор тинмаган. Дискотеканинг кириш эшиги ёнида икки барваста қўриқчи йигит тош қотиб турибди. Аҳён-аҳёнда кўча тарафдан келиб ичарига кирмоқчи бўлган йигит-қизларнинг чипталарини, сўнгра сумкаларини, киссаларини текширишади ва шундан кейингина ичкарига киритишади.

Кадрда дискотекадан сал нарида — катта серқатнов йўл четида қора «Нексия» кўринади.. Салонда фуқаро кийимидаги милиция катта лейтенанти Самин Ўтаров ҳамда бақалоқ, паканадан келган, юзларини сепкил босган лейтенант Хуршид Солиевлар ўтиришибди. Улар пича дискотека атрофидагиларни зимдан кузатишади. Самин шеригига нималарнидир уқтиради. Солиев норози қўл силтайди. Самин яна уқтира бошлайди. Ниҳоят улар ўзаро келишгандек қўл сиқиб хайрлашишади.

Самин ташқарига чиқади ва камерага ўйчан тикилиб қолади. Бир-икки дақиқа шу ҳолда тургач, машина томон ўгирилиб, Солиевга қўли билан «кетавер» ишорасини қилади.

«Нексия» шу заҳоти жойидан қўзғалади. Камера у узоқлашиб кетгунча кузатади. Кадрда йўл четидаги қаерларгадир шошилаётган одамлар, бир-бирига йўл бергиси келмай сигнал чалаётган машиналар намойиш этилади.

Сўнг қайтадан Самин Ўтаров йирик планда кадрда кўринади. У шошилмасдан дискотека кириш эшигига яқинлашади. Қўриқчилар унинг олдини тўсишади.

1- қўриқчи йигит: — Ака, илтимос, чиптангизни кўрсатинг!

Самин энсаси қотгандек қўриқчиларга сирли боқади ва чўнтагидан чўғдек қизил гувоҳномани чиқариб кўрсатади.

Самин Ўтаров: — Милицияданман!

Қўриқчилар (бараварига): — Тинчликми, ака?

Самин Ўтаров (кулимсирайди): — Тинчлик, укалар, тинчлик! Бир кузатув ўтказай дегандим! Хўш, киритасизларми?

Қўриқчилар (яна бараварига): — Албатта, албатта! Марҳамат, ака, хуш кепсиз!

Самин гувоҳномасини қайтадан чўнтакка жойлаб ичкарига киради.

 

* * *

 

Дискотека. Турли ёшдаги йигит-қизлар саҳнани тўлдириб хориж мусиқасига рақс тушади. Бир четдаги бар рўпарасида жойлашган ўриндиқлар ҳам ичимлик ичаётганлар билан банд. Варанглаган мусиқа қулоқни қоматга келтирай дейди.

Рақсга тушаётганлар йирик планда намойиш этилади. Самин бир четда турганча уларни кузатади. Бир-неча марта қўлидаги фотороботга қараб олади. Ора-орада бош чайқаб қўяди.

Шу пайт рўпарасида тахминан 20 ёшли, жингалаксоч, қиррабурун дискотека ходими пайдо бўлади.

У Саминга, эгнидаги башанг кийимига бирпас шубҳа аралаш қараб тургач, сўрайди.

Ходим: — Ака, хуш кепсиз! Биздан нима хизмат? Хоҳласангиз, зўрларидан бор. Қариб қолгани ўн саккизда, ака. Хизматини тўласангиз, «мама роза»нинг телефониниям беришим мумкин.

Самин бу гапларни эшитгач, йигитнинг мақсадини тушунади. Унга совуқ тикилганча ўйлай бошлайди.

Унинг хаёлидан кечган гаплар кадр ортидан эшиттирилади.

Самин Ўтаров: ««Мама роза» эмиш. Демак, таржимаси «она атиргул» бўлади-да! Қизиқ, ким қўйган экан бу номни уларга? Илгари оддийгина қилиб «қўшмачи» деб қўя қолишарди. Ифлослар-эй! Ўзининг афтини ажин босиб, бозори ўтмай қолгач, бировларнинг бегуноҳ қизларини йўлдан уриб, бегона эркакларга қўшиб беради. Эвазига ҳаром пул топади. Бу қизларнинг ота-онаси-чи? Ўзлари-чи? Қизлик умидлари ўлиб, тупроққа қоришганига ачинишмайдими?..»

Шундай хаёллар миясидан ўтган Самин беихтиёр бошини кўтаради. Йигит ҳамон унинг рўпарасида қўл қовуштириб турган бўлади.

Самин Ўтаров: — Майли, ичкарини қарай-чи! Яхшироғини тополмасам, ўзингга учрашаман-да!

Йигит (кўрсаткич бармоғини унга тўғрилаб): — Фақат бехит бўлсин, ака!

Самин Ўтаров (йигитнинг сўзидан аччиқланиб, иягини сиқади): — Вей, «братишка», хитлар қамоқда биқсиб ётибди, тушундингми? Шу ёдингда бўлсин!..

Самин шундай деб бар томон кетади. Йигит пича ҳайрон бўлиб тургандан сўнг ортга қайтади.

 

* * *

 

Дискотека. Ҳамон мусиқа шовқини бино ичарисида ҳукмронлик қилмоқда. Саҳнада рақс тушаётган қизлар келишган Саминга кулимсираб қараб қўйишади. Аммо Самин уларга эътибор қилмайди. Яна бир бор ўзига керакли шахсни рақс тушаётганлар орасидан қидиради. Тополмагач, барга яқин бориб, бўш курсилардан бирига ўтиради ва ёши ўн тўққиз-йигирмалар атрофидаги оқ сариқдан келган сотувчи йигитга юзланади. Сотувчи ҳам уни бадавлат кимсаларга ўхшатиб, дарҳол хушомад қилишга ўтади.

Сотувчи: — Келинг, акажон, муздай кола-фанталар бор. Қуйиб берайми? Чанқовбосди қиласизми?

Самин Ўтаров: — Менга яхши ароғингдан қуй, укам!

Сотувчи: — Акажон, кечирасиз, бизда ароқ сотилмайди. Мумкинмас!

Самин Ўтаров: — Сен кимни лақиллатяпсан-а? Қуй дедим сенга!

Сотувчи: — Йўқ бўлса, қаердан олиб қуяман?

Самин Ўтаров: — Маҳмадоналик қилма! Ўзингга ёмон бўлади.

Сотувчи бу пўписадан сўнг сал паст тушади. Бўшашганча қўрқа-писа Саминга тикилади.

Сотувчи: — Хўп… Тупукдекина ўзимга олиб қўйганим бориди. Шуни бера қоламан.

Самин Ўтаров (совуқ кулимсираб): — Мана бу бошқа гап.

Сотувчи атрофни кузатган бўлади-да, пештахта остига энгашиб, стаканга ароқ қуяди ва Саминга узатади.

Самин унинг кўйлаги ёқасидан оҳиста ғижимлаб ўзига тортади.

Самин Ўтаров: — Ароққа қанча сув қўшгансан?

Сотувчи (қўрқув аралаш): — Ие, нега унақа дейсиз? Хафа қиляпсиз, ака! Ўзимга олиб қўйган ароққаям сув қўшаманми? Қўшса… Дўкондагилар қўшгандир… Лекин мен…

Самин Ўтаров: — Валдирама! Унақанги найранглар аллақачон чўнтагимдан тушиб қолган!

Самин стакандаги ароқдан бир ҳўплаган бўлади-да, қайтадан жойига қўйиб чўнтагидан фотороботни чиқаради.

Самин Ўтаров: — Манави нусхани танийсанми?

Сотувчи (суратга кўз ташлаб бош чайқайди): — Танимадим.

Самин Ўтаров: — Яхшилаб ўйлаб кўр. Мана шу нусха дисотека ёнида изғиб қизларнинг бўйнидан тилла занжирини юлиб қочаётганмиш. Балки кўзинг тушгандир?

Сотувчи тоқати тоқ бўлган каби уф тортади-да, сал ортга тисланади.

Сотувчи: — Очиғи, ака, энди чегарадан чиқяпсиз. Мен танимайман дедим-ку сизга! Нега ишонмайсиз?.. Менга қаранг, агар яна бир марта мени саволга тутсангиз, мелиса чақираман. Бизда қоида шундай.

Самин Ўтаров: — Шунақами? Унда чақирдим деб ҳисоблайвер!

У шошилмасдан чўнтагидан гувоҳнома чиқариб сотувчининг башарасига тўғрилайди. Сотувчи довдираб қолади.

Самин Ўтаров: — Хўш, энди кўнглинг жойига тушдими?

Сотувчи (каловланиб): — Э-эшитувдим… Лекин кўзимминан кўрган эмасман. Ўлай агар!

Самин Ўтаров: — Балки танишларингдан биронтаси кўргандир?

Сотувчи: — Билмадим. Бўлса бордир. Худо билади… Ўша ўғри ҳозир саҳнада бирор жононни қучоқлаб рақс тушаётган бўлишиям мумин. Ҳеч ким танимагандан кейин бемалол юраверади-да!

Самин Ўтаров: — У ерда бўлмаса-чи?

Сотувчи: — Унда ўзингиз айланиб кўринг. Балки тутиб оларсиз?

Самин ҳеч нарса демайди. Қайтадан саҳнани кўздан кечиради. Қиз-йигитларнинг биронтасини кўздан қочирмаган ҳолда кузатади. Сўнгра стаканни яна қўлига олиб бир кўтаришда ароқни сипқоради-да, кетишга чоғланади.

Самин Ўтаров: — Тўғри айтасан, йигит. Ташқарига чиқай-чи! Балки бирор иш чиқиб қолар. Айтганча, дискотекани қачон ёпасизлар?

Сотувчи: — Ака, мижоз кириб турса, эрталабгачаям ишлайверамиз! Бизга пул тушиб турса бўлди-да!

Самин Ўтаров: — Ҳақсан, ҳақсан!.. Майли, мана менинг визиткам. Агар бирор шубҳали шахсни пайқасанг, дарҳол менга қўнғироқ қил, тушундингми?

Сотувчи (визиткани қўйин чўнтагига жойлаб): — Хўп бўлади! Айтганингиздай қиламан!

Самин кетади. Сотувчи унинг орқасидан афтини бужмайтирганча боқиб, ўзича нималардир дея ғудранганча қолади.

 

* * *

 

Қоронғи тун. Ташқарида қор учқунлайди. Серқатнов йўлда машиналар ҳийла камайиб қолган.

Самин йўл четида туриб такси тўхтата бошлайди. Рўпарасига «Матиз» келиб тўхтайди.

Самин Ўтаров: — Ака, Қорақамишга!

Ҳайдовчи: — Қанча берасиз?

Самин Ўтаров: — Ўзингиз гапираверинг!

Ҳайдовчи: — Тўрт минг бўлади.

Самин Ўтаров: — Гап йўқ!

У машинанинг олд ўриндиғига ўтиради. Машина жойидан қўзғалади.

Самин ташқарига ҳиссиз боққанча йўл четидаги қатор дўконларга боқади. Қор отиб қизларнинг додини бераётган ўсмир йигитларни кўриб кулимсирайди.

Ора-орада мусиқани варанглатганча рулни бошқараётган ҳайдовчига кўз ташлайди.

Охири чарчоқ енгиб бошини ортга ташлаб кўзларини юмади. Ўғрини тополмагани алам қилиб бироздан сўнг яна бошини кўтаради. Ўйлай-ўйлай, охири сўкинади.

«Жин ургур!»

 

* * *

 

Тун. Кўп қаватли уй. Учинчи қаватдаги квартира. Ёши олтмишлардан ошган, сочлари пахтадек оқарган Сожида хола ташқари эшини очади. Остонада Саминни кўради-ю, енгил тин олиб унга йўл бўшатади.

Самин ичкарига кирибоқ эшикни тамбалайди ва дарров онасини қучади.

Самин Ўтаров: — Ойи, нега ҳалиям ухламадингиз? Мен қўнғироқ қилгандим-ку!

Сожида хола: — Болам-эй, сен кўчада бўлсанг, кўзимга уйқу келармиди? Ишингам бор бўлсин! Болалигингдаям шунақа кеч келиб ўтакамни ёрардинг. Катта бўлибам шу одатинг қолмади-я!

Самин Ўтаров: — Ишим шунақа бўлса, нима қилай, ойи?

Шундай деб ваннахонага ўтмоқчи бўлади. Лекин уни Сожида хола тўхтатиб қолади.

Самин Ўтаров: — Нима дейсиз, ойи? Бирор гап бўлдими?

Сожида хола ташқарига ишора қилади.

Сожида хола: — Анави пиёнистани боплаб қўрқитибсан-да!.. Боя қарасам, дўкондан бир халта майда-чуйда кўтариб келяпти. Соппа-соғ қуриб кеткур! Бўларкан-ку ичмаса!

Самин Ўтаров: — Баттар бўлсин! Кап-катта эркак эсини йиғиб олса ўлиб қолмайди!

Сожида хола ўғлининг бўйнидан маҳкам қучади-да, алқайди.

Сожида хола: — Ўзимнинг мелиса боламдан ўргилай!.. Юр, сенга аччиқ мастава сузиб бераман! Қорнингам очиққандир.

Самин онасининг юзидан ўпади-да, қўл чайиш илинжида ваннахонага йўл олади.

(Давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here