“ЖИНОЯТ ҚИДИРУВ БЎЛИМИ ХОДИМИНИНГ БИР КУНИ” туркумидан

0

«Олтин занжир операцияси»
(телесериал сценарийси)

1-серия

* * *

Қиш. Экранда оппоқ қор босган дарахтзор намойиш этилади. Оппоқ қорли дарахтзорда турли қушлар чуғурлашганча уёқдан-буёққа чопади.

Тасвир оҳиста серқатнов йўлга ўтади. Уёқдан-буёққа ғиз-ғиз қатнаётган машиналар кўрсатилади.

Йўл ўртасида баланд бўйли, курткали, кепкасини бостириб олганча йўлни кесиб ўтмоқчи бўлаётган йигит — милиция лейтенанти Самин Ўтаров намоён бўлади. У машиналарнинг узуқ-юлуқ сигналларига эътибор қилмай, атрофга аланглаганча йўлнинг нарига бетига ўтади.

Сўнгра дарахтзор бурчагида қўлидаги гулдастани мажақлаш билан овора бўлган паст бўйли, тўладан келган йигитга тикилиб қолади. Ўзича норози бош чайқаб ғудранади.

«Аҳмоқ, овсар-эй! Шундай гулни расво қилди-я! Нима бало, бугун ҳам севган қизи хафа қилдими бу Норматни?»

Нормат ички ишлар бўлими соқчилар бўлими сержанти. Ҳамиша ҳаётидан нолигани-нолиган.

Гулдастани майдалаб бўлгач, оёқлари билан тепилай-тепкилай, чўнтагидан сигарет чиқариб тутатади-да, Саминнинг яқин келишини кутади.

Самин илдам юриб келиб у билан сўрашади.

Самин Ўтаров: — Нормат, жинни бўлганмисан? Бу нима қилганинг? Майдалаб ташларкансан, менга берсанг бўларди-ку! Бўлимдаги аёллардан биронтасига тортиқ қилардим. Хурсанд бўлиб қолишарди.

Нормат: — Э, эгасига насиб қилмаган, бошқага буюрармиди? Падарига лаънат ҳаммасини!

Самин Ўтаров: — Нима бўлди?

Нормат: — Қизларга умуман ишониш керакмасакан, ака! Икки соат кутдим! Йўқ, келмади!

Самин бу гапни эшитиб кула-кула Норматнинг елкасига қоқиб овутади.

Самин Ўтаров: — Хафа бўлма, ука! Қиз бола нози билан гўзал-да! Сени роса синаяпти шекилли-да! Ўтиб кетади.

Нормат: — Тупурдим нозларига! Бас, бир йилдан бери бўлганимча бўлдим! Очиқчасига гаплашаман у билан!.. Нима, дунёда қиз қуриб кетганмиди?

Самин Ўтаров: — Тўғри қиласан! Сенам совға эмассан! Кимсан, милиция сержанти бўлсанг! Ўзингни у қиздан сал тортгин, кўзи очилади!.. Бўпти, юр, ишга кеч қолиб командирингдан гап эшитиб юрма! Бугун иккаламиз ишдан кейин бир ўтирамиз! Нима дейсан?

Нормат: — Гап йўқ, ўртоқ катта лейтенант!

Самин Ўтаров: — Э, аҳмоқ, Самин ака деяверсанг-чи! Расмиятчиликка бало борми?

Нормат: — Хўп, Самин ака, узр!

Икковлари ёнма-ён ички ишлар бўлимига йўл олишади.

Экранда яна қор қоплаган дарахтлар кўрсатилади. Қушлар, қорбўрон ўйнаётган болалар, қизлар йирик планда намойиш этилади. Маъюс мусиқа янграйди.

 

* * *

 

Ички ишлар бўлими биноси. Ҳовлида эгнига қалин пўстин кийган олтмиш ёшлар атрофидаги серсоқол, қадди сал букчайган қоровул чол қор кураш билан овора.

Самин сержант билан хайрлашади-да, жиноят қидирув бўлими томон ўтиб кетади.

Экранда бўлим эшиги яқинида милиция кийимидаги бир гуруҳ ходимлар намойиш қилинади. Самин улар билан шоша-пиша сўрашиб ичкарига киради.

Йўлак. Қарама-қарши тарафдан келаётган милиция ходимаси Саминга салом бериб ўтиб кетади.

Самин эшикни очиб кабинетга киради. Ичарида телефон бетиним жиринглаётганига гувоҳ бўлади.

Ҳовлиқиб гўшакни кўтаради.

Самин Ўтаров: — Алло, эшитаман!

Қўнғироқ қилган жиноят қидирув бўлими бошлиғи майор Холмуродов бўлиб чиқади.

Самин таниш овозни эшитиши билан ранги ўзгариб, бирдан қаддини ғоз тутиб жавоб қилади.

Самин Ўтаров: — Саломатлик тилайман, ўртоқ майор!

Холмуродов (дағдағали оҳангда): — Тез олдимга кир!

Самин Ўтаров: — Хўп бўлади, ўртоқ майор!

 

* * *

 

Хонага жимлик чўкади. Экранда Саминнинг ғамгин, ташвишли қиёфаси сокин мусиқа садоси остида кўрсатилади.

У қандайдир хато иш қилиб қўйгандек хавотирланиб, ўзича ғудранади.

«Нима бўлдийкин? Майорнинг авзойи бузуққа ўхшайди. Нима ёмон иш қилдим экан? Сал кеч қолганимга аччиқланди шекилли. Уф-ф, тағин гап эшитадиган бўлдим. Эрталабдан кайфият бир пул бўлади энди…»

 

* * *

 

Жиноят қидирув бўлими. Йўлак. Самин ташқарига чиқиб эшикни қулфлайди.

Энди бошлиқ кабинети томон юра бошлаганда, қарама-қарши тарафдан икки милиционер қўллари кишанланган калбош, ўрта ёш, чўзинчоқ юзли жиноятчини олиб кела бошлашади.

Жиноятчи Саминнинг рўпарасига етгач, бирдан тўхтайди. Милиционерлар уни юришда давом этишга ундайди. Бироқ у силтанганча Саминга совуқ тикилади.

Кўзлар тўқнашади.

Жиноятчи совуқ тиржаяди.

Санжар: — Ҳа, камандир, ҳалиям тирикмисан? Шошмай тур, ҳали турмадан қайтай, сен билан бошқача гаплашаман! Ўзинг туриб балли дейсан!

Самин Ўтаров: — Ҳовлиқма, Санжар! Шўрлик қизалоқнинг номусига тегиб, эркак зотини шарманда қилмаганингда, шу кунлар бошингга тушмасди. Энди узо-оқ вақт турмада меҳмон бўласан. Эҳтиёт бўл, сенга тиркалган модда жуда-а хавфли, Санжар!.. Тағин… Ҳалигидай…

Санжар: — «Аблаҳ!.. Ифлос!..»

Милиционерлар жиноятчининг икки билагини маҳкам сиқиб олиб кетишади.

Самин бирпас асабийлашиб туриб қолгач, қўл силтаб йўлида давом этади.

 

* * *

 

Майор Холмуродовнинг кабинети. Тўрга стол қўйилган. Илгичга майорнинг пальто ва телпаги илинган.

Майор сигарет тутатган кўйи қандайдир ҳужжатларни титкилаш билан овора.

Эшик тақиллагач, у кескин бошини кўтаради-да, баланд овозда қичқиради.

Холмуродов: — Киринг!

Эшик очилиб, ичкарига Самин киради.

Самин Ўтаров: — Мумкинми, ўртоқ майор?

Холмуродов: — Кир! Шерикларинг қани? Ҳалиям келишмадими ишга?

Самин Ўтаров (тутилиб): — Кечаги… Қотиллик бўйича юрган бўлишса керак.

Холмуродов: — Сен нега бормадинг?

Самин Ўтаров: — Менми?.. Ҳалигидай… Бошқа ишлар дегандай…

Майор қўлидаги сигаретни кулдонга ташлаб, мийиғида жилмайганча ўрнидан қўзғалади ва Саминга яқинлашиб икки елкасидан тутади.

Холмуродов: — Яхши бўпти бормаганинг. Ўзлари уддалашади. Буям сени бахтинг. Қани, ўтир-чи!..

Самин итоат билан курсилардан бирига чўкади. Майор шошилмасдан бориб жойига ўтиради-да, Саминга маъноли тикилади.

Холмуродов: — Сенга алоҳида иш бор. Ҳадеб кабинетга қамалиб ўтиравермасдан ишлагин-да мундай! Қачонгача мени оғзимга тикилиб яшайсанлар?

Самин Ўтаров: — Айбдорман, ўртоқ майор!

Холмуродов бир муддат ўйланиб қолади. Деразадан ташқарига боқиб, гупиллаб ёғаётган қорни томоша қилади. Йирик планда деразага туташ дарахт намойиш қилинади. Майор дарахтда шохдан шохга сакраб ўйнаётган чумчуқларга қараб кулимсирайди. Сўнг яна Саминга юзланади.

Холмуродов: — Менга қара, «Гулрух» дискотекасини биласанми?

Самин Ўтаров: — Ҳ-ҳа, биламан.

Холмуродов: — Ўша атрофда тилла занжир ўғриси пайдо бўлибди. Ўғри дискотекадан чиқаётган қизларнинг бўйнидан тилла тақинчоқларини юлиб қочаётганмиш. Хўш, шу ишни сенга топширсам, эплайсанми?

Самин Ўтаров: — Эплайман, ўртоқ майор!

Холмуродов: — Э, расмиятчиликни йиғиштириб турсанг-чи! Менам сенга ўхшаган одамман. Тўтига ўхшаб «ўртоқ майор, ўртоқ майор»ни такрорлайверасанми энди? Тўғри, бизда интизом бўлгани дуруст. Локигин ҳаммасиниям меъёри бор. Меъёрдан ошиб кетса, жаҳлим чиқишини биласан-ку!.. Бўпти, хуллас, мана жилд. Ҳужжатларни яхшилаб ўрган. Босқинчининг тахминий кўринишиниям шу ердан топасан. Фақат билиб қўй, сенга бир ҳафта муҳлат. Шу муддат ичида ўғри камерада бўлиши керак.

Самин Ўтаров: — Хўп бўлади!

Холмуродов: — Айтганча, Саминбой, битта дисотекаминан чекланиб қолмагин! Чунки ўғри аҳмоқмас. Бошқа жойлардаям қанд еб юрган бўлиши мумкин. Агар шу ишни қойиллатсанг, кейинчалик янаям қизиқарлироқ ишларни ўзингга топширардим.

Самин Ўтаров (тоқатсизланиб): — Кетсам майлими?

Холмуродов: — Бор, ҳозирдан ишга кириш! Башарти шерик керак бўп қолса, лейтенант Солиевни олвол!

Самин қўлини кўксига қўйганча хонадан чиқади.

 

* * *

 

Кўп қаватли уй. Подъездлар рўпарасига турли русумдаги машиналар қўйилган.

Ҳовлидаги майдончада болалар қийқириб қорбўрон ўйнашмоқда. Биринчи подъезд ичкарисидан эркак кишининг маст-аласт ҳайқириғи қулоққа чалинади. Кутилмаганда паст бўйли, ўттиз ёшлар атрофидаги, узун сочли аёл бош яланг кўчага чопиб чиқади. Кетидан озғин, шалпангқулоқ эркак аёлни қува кетади.

Аёл тўппа-тўғри уйи томон юриб келаётган Саминнинг ёнига келиб уни маҳкам қучоқлаб олади.

Аёл (изиллаб йиғлаб): — Саминжон, мени қутқар, укажон, ҳозир анави ярамас ўлдириб қўяди!

Самин рўпарасига келиб тўхтабоқ кайфдан чайқалаётган эркакка нафрат аралаш боқади.

Орага бир муддат сукунат чўкади. Фақат аёлнинг йиғиси эшитилиб туради.

Самин Ўтаров: — Вей, Ҳусан ака, қачон одам бўласиз-а? Қачонгача хотинингизни азоблайсиз?.. Қанақа одамсиз ўзи?

Ҳусан: — У-ука, с-сен мелисаман деб қўрқитаверма! Қўйвор Ҳалимани, қўйвор!

Самин Ўтаров: — Сизда инсоф борми ўзи?.. Қўшничилик ҳурмати индамай турибман. Ҳозироқ бас қилмасангиз, наряд чақириб берворишга мажбур бўламан, ака! Боринг уйингизга кириб дам олинг!

Ҳусан бу дўқдан сўнг шаштидан тушади. Қўлидаги ходани бир четга зарда билан ирғитади-ю, «Милисаман деб керилишгани керилган. Мундай бемалол кайф қилишгаям қўйишмайди» дея ғудранганча уйи томон йўл олади.

Майдончада ўйнаётган болалар уларга яқин келиб томоша қилишга тушади.

Самин аёлга юзланади.

Самин Ўтаров: — Ҳалима опа, тағин ўша эски жанжалми?

Ҳалима (йиғламсираб): — Йўқ жойдан жанжал чиқаради. Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим дастидан. Бас, кетаман ойимникига! Ичадими, ундан нарига ўтиб кетадими, ўзидан кўрсин!

Самин Ўтаров: — Майли, опа, ўзингизни босинг! Кайфи тарқасин, шахсан ўзим гаплашиб қўяман уминан. Ҳар ҳолда уч болангиз бор. Юринг, бизникига киринг! Ухлаб қолгандан кейин кирарсиз уйингизга!

Ҳалима (йўл-йўлакай): — Жон ука, бир-икки ҳафтага қамаб қўйинг шу пиёнистани! Менам бироз енгил нафас олай! Жонимдан тўйдириб юборди-ку!

Самин Ўтаров: — Ваъда бераман сизга, агар яна бир марта ичиб келиб тўполон қилса, албатта қамаб қўяман.

Улар олдинма-кетин подъезд ичкарисига кириб кетишади.

Экранда яна ҳовлидаги болалар намойиш этилади. Ўн-ўн бир ёшлар атрофидаги ўғил бола ўзидан бир-икки ёш кичик оқ-сариқдан келган болага подъезд томонни кўрсатиб уқтира бошлайди.

«Қара, Самин ака адангни қамаб қўяркан. Ўзи шундай деди.»

Унинг ёнида турган бошқа бола орага тушади:

«Ие, энди Сарварнинг адаси қамоқда яшарканми?»

«Йўқ, ичмай қўйса, чиқариб юборишади.»

Шундан сўнг болалар қайтадан қўлларига қор олиб бир-бирларига ота бошлашади.

(Давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit