ЖОСУСЛАР… (11-қисм)

0

 

 

* * *

 

Шу чуқурда ўтирганча кундузи завод ҳовлисига кираётган, ҳовлидан чиқаётган машиналарни, одамларни санадим. Ана, маҳаллий давлат рақами билан бир машина келди. Ундан нон туширишди. Ишчиларга тушлик учунми бу нонлар? Йўқ, тушликмас, бир кунлик овқат бўлса керак. Қизиқ, нечта экан нонлар миқдори? Элликтачамикан? Ҳар бир ишчига яримтадан. Унда юз киши ишлайдими бу ерда? Майли, ўнтаси меҳмонлар, заҳира учун бўлсин. Тўқсонта аниқ бўлиши керак. Ў, яна битта машина келди. Соқчилар дарвозани очишга шошилишаяпти. Раҳбарлар шекилли. Юз тузилишлари, сочларининг ранги, асосий белгиларини эслаб олишим шарт.

Кейингиси кўмир ортган машина эди. Нима керак экан кўмир уларга? Хоналарни иситиш учунми? Ё наркотик ишлаб чиқариш учунми? Балки, ҳаммомни иситишгадир?

Анави машина сув ташийдиган экан. Ҳа, худди шу машинанинг ичида завод ичкарисига кириб олса бўлади. Ҳисобга олиб қўяй.

Эҳ, кун шунақанги иссиқки, устимдаги шох-шаббалар ҳам қизиб бораяпти. Аъзойи баданимдан тер қуйила бошлади. Шуниси етмай турганди. Ахир, менга терлаш умуман мумкин эмас. Биринчидан, ёнимда бор йўғи бир шишагина сув бор. Иккинчидан қўриқчи итлар тер ҳидини тез туйишади. Ҳаммасини ҳисобга олибман-у, қуёш масаласини ўйламабман. Аҳмоқман-да, сал нари сурилсам соя тушаркан-ку!..

Яна юк машинаси келди. Ундан армиядаги каби сандиқларни тушира бошлашди. Қурол солинадиган сандиққа жуда ўхшаб кетади. Қизиқ, шунча қуролни нима қилишаркин? Ўзларидагилар каммикан?

Кетидан автобус ишчиларнинг янги сменасини олиб келди. Ана уларни эслаб қолмасам бўлмайди. Тўғри-да, биронтасини шаҳар кўчаларида учратиб қолсам, секин гапга солардим, кўп нарсаларни айтиб берган бўлармиди…

Шу кўйи узоқ вақт чуқурда ўтириб қолдим. Баданларим увиша бошлади. Агар курсда кунлаб қимирламай ўтиришларни тинимсиз машқ қилмаганимда, ҳозир бу ерда бир соат ҳам ўтира олмаган бўлардим. Тағин ўша пайтлар норозиланибман, нолибман. Мана, шундай лаҳзаларда иш бераркан.

Яна сув ташийдиган машина келди. Э, булар нима ичади ўзи? Ичидаги сувми, ёки бошқа суюқликми?..

Кечаси машиналар келмади. Ақл билан иш кўришаркан. Бошқаларнинг диққатини тортгилари келмаганга ўхшайди. Сабаби, тунги машиналар ҳар қандай одамда шубҳа уйғотиши мумкин.

Эрталаб машинада тахта қутилар олиб келиб тушира бошлашди. Қутиларнинг бири қопқоғидан қандайдир ялтироқ темир чиқиб турганига кўзим тушди. Ие, темир шунчалик енгилми? Қийналмасдан икки кишилашиб қутиларни олиб киришаяпти.

Кутилмаганда каллам ишлай бошлади. Ҳа, бу қутиларда тобут олиб келишган. Аниқ!.. Оддий армия тобутлари. Лекин… Нега?

Бир маҳал ўша қутиларни қайтариб олиб чиқишди-да, машинага қайтадан юклай бошлашди. Яхшилаб эътибор бердим. Қутиларни туширгандагига нисбатан эҳтиёткорроқ бўлиб юклашаяпти.

Орадан ҳеч қанча ўтмай, ҳовли томондан қўлига қўлқоп кийган эркак чиқиб келди. Эгнида оқ халат. Афтидан жарроҳга ўхшайди. У ёнидагиларга нималарнидир тушунтирди. Қўлидаги қўлқопни ечди.

Тўхта! Тобутларда мурдалар бор. Аксинча бу тобутларни нима мақсадда олиб келишади? Э, йўқ, яна чалғияпман. Бу одамлар жуда айёрга ўхшаб қолди. Ҳатто, мен ўйлагандан ҳам айёрроқ. Улар тобутларда наркотик олиб кетишмаяптими? У ҳолда нега айнан армия тобутларидан фойдаланишаяпти? Оддий тобутда олиб кетишса ҳам бўларди-ку!..

Йўқ, бу ерда бошқа гап бор. Ҳарбийларнинг тобутини йўлда ҳеч ким текширмайди. Чунки, «мол»ни чегарадан олиб ўтиш лозим. У ерда эса, чегарачилар турибди. Ана гап қаёқда!..

Яна бир нарса хаёлимга келди. Наркотикни ҳеч қачон тобутга тахлаб қўя олишмайди. Сабаби шуки, чегарачи итлар бирпасда сезишади. Демак, тобутларда мурдалар. Бояги жарроҳ беҳуда қўлига қўлқоп киймаган. У мурдани ёриб ичига наркотик жойлайди ва қайтадан тикиб қўяди. Сўнгра тобутлар белгиланган шаҳарларга жўнатилади. Олдинда эса, жиноятчилар кетиб боришади. Чегарадан ўтказиш, қай манзилга олиб бориш уларнинг зиммасида.

Тўхта, мен бир жойда қаттиқ адашаяпман. Катта жиноятнинг орасига тушиб қолганга ўхшайман. Ҳали замон тергов гуруҳи оёққа турса-ю, бу жиноятчиларнинг кетидан тушса. Уларга нима, калаванинг учини т опиб олишса бас. Калаванинг учи бўлса, менда. У ҳолда мени ўзимдан бўлак ҳеч ким ҳимоя қила олмайди. Кетишим керакка ўхшаб қолди.

Ярим кечаси кетишга тайёргарлик кўра бошлаганимда, яна машиналар шовқини эшитилди. Бироқ биронтаям машина дарвозага яқин келмади. Ҳовлидан қўриқчилар машинаси чиқди. Буниси нима энди? Ё раҳбарлари соқчиларни текшириб кўришмоқчими? Ёки кимдир тақиқланган ҳудудга кириб қолганми?..

Ҳар қандай вазиятда ҳам менинг аҳволим оғирлашиши тайин эди. Агар соқчилар мени ҳам сезиб қолишса…

Яхшилаб завод ҳовлисидаги шовқинга қулоқ солдим. Тушунмадим. Улар қаёққа отланишаяпти? Кимни тутишмоқчи?

Кутилмаганда дарвоза тарафдан ёритувчи ракета ҳавога отилди. Ва ўнлаб машиналарнинг чироқлари бараварига ёнди. Нима қилишни билмай қолдим. Наҳотки, мени пайқаб қолишган бўлса?

Ҳар бир машинанинг ёнида икки нафардан қўриқчи атрофни кузатиб турарди. Яна биттадан одам тунда бемалол кўра олиш имконини берувчи асбоб билан машина томига чиқиб олди. Ҳаммаёқ ёришиб кетган. Бу аҳволда сира ташқарига чиқиб бўлмасди.

Йўқ, мен қўрқмасдим. Бизнинг ишда қўрқиш кетмайди. Бизда қўрқув — бу ўлим дегани.

Мен хавфга ўзимча баҳо бердим. Лекин тўполон кўтармадим. Кўтара олмасдим ҳам. Фақат кутиш ва кутиш қолди холос. Эртами-кечми, мени топа олишмагач, барибир бас қилишади бу ишни. Ҳозирги жойимдан яхшироғи йўқ. Ахир, ҳафталаб шу ерда туриб кузатишмайди-ку!..

Орадан бир соатча вақт ўтиб машиналарнинг баъзилари жўнаб кетишди. Уларнинг ўрнига бошқалари келиб қаторга қўшилишди. Прожекторлар ёқилди. Энг ёмони, иккита ЗИЛ завод ҳовлисидан чиқиб келиб мен яширинган жой яқинида тўхтади. Улар шунчалик яқин эдики, тупурсам, тупугим ғилдиракларига бемалол тегарди. Ҳайдовчилар ва яна бир неча қуролланган эркаклар машиналар атрофида айлана бошлашди. Гап-сўзларидан билдимки, қидирув улар учун ҳам кутилмаганда бошланибди. Ҳозир буйруқни кутишаяпти экан.

 

* * *

 

Тонг отди. Машиналар ҳамон жойларида қотиб туришарди. Фақат одамлар сони камайди.

Йўқ, нимадир қилишим керак. Бу тахлит яна бир кунни ўтказишни сира-сира истамайман. Эмаклаб кўздан ғойиб бўлишим ҳам қийин эди. Кузатувчилар шундоққина ёнимда изғиб юришибди.

Кечаси унчалик катта бўлмаган илонни тутдим. Соқчилардан бири мен ётган чуқурга яқин келиб қолганда илонни оёқлари остига ирғитдим. Соқчи бирдан орқасига ўгирилди-ю, рўпарасида заҳарли илон бошини кўтарганча қотиб турганини кўриб машина томон чопди. Шериклари унинг устидан роса кулишди.

Тўғри, бу ишим ўзим учун ҳам сал бўлмаса фожиали тугаёзди. Жаҳл отига минган бояги қўриқчи ортга қайтди-да, илонга қарата автоматдан ўқ уза бошлади. Худо кўрсатмасин, илон мен ётган чуқурга тушса…

Кўз очиб юмгунча ўқ овозини эшитган раҳбарлари чопиб келишди. Соқчини жазолашди ҳам…

Келаси тун мен идишимдаги сувнинг сўнгги томчиларини ичиб тугатдим. Жуда уйқум келарди. Нима бўлса бўлар дедим-у, ухлашга қарор қилдим. Йўқ, қотиб ухлаш бизга умуман тақиқланган. Шунинг учун курсда зарур бўлиб қолганда ора-сирада беш-олти дақиқадан ухлаб олишга ўргатишган. Жуссамни хуррак отмайдиган ҳолатга келтириб олдим-да, кўзларимни юмдим. Барибир ўрганганимдек, ҳар беш дақиқада кўз очар, ва атрофни кузатган бўлиб қайтадан уйқуга кетардим.

Эртаси куни иссиқдан азоблана бошладим. Терламасдим. Ичимда ортиқча суюқлик қолмаганди терлашга. Фақат иситмам қирққа чиқа бошлади. Агар яна икки кун шу тахлит ётсам, ўлиб кетишим ҳеч гап эмасди. Базўр очилиб юмилаётган кўзларим билан кўрдимки, қуролланган кишилар ниманидир аниқлашган ва соқчилар сонини яна кўпайтиришган…

 

* * *

 

Шу кўйи кунни кеч қилдим. Жуда чанқагандим. Нима қилай?.. Ўйлай-ўйлай, оёқларим, қўлларим атрофида ўрмалаб юрган қўнғизларни тутиб сўрдим. Мақсадим чанқоқни сал бўлса-да қондириш эди. Ҳаётга бўлган қизиқишим ҳам сўниб борарди. Лекин анавиларнинг қўлида эмас, яхшиси, мана шу ерда, мана шу аҳволда ўлишни афзал деб билардим. Шундай экан, чидашга мажбурман.

Афсуски, улар бошқача йўл тута бошлашди. Завод ҳовлисидан трактор олиб чиқиб, орқасига оғир бир темирни маҳкамлашди. Трактор ўрнидан қўзғалди. Унинг орқасига маҳкамланган темир йўлида учраган жонли-жонсиз нарсани йўқ қилиб борарди.

Ҳа, улар менинг қаердалигимни билганга ўхшайди.

Хўш, энди нима қилдим?.. Бирор йўлини топмасам, ҳозир-ҳозир трактор чуқурни ер билан битта қилиб кетади. Ё соқчилардан бирини ими-жимида йўқ қилиб кийимларини кийиб олайми? Йўқ. Уни юзидан танийди ҳаммаси. Чуқурни янада ичкарироққа қараб ковлайми? Тракторни қўлга олайми? Қайсисинингдир автоматини тортиб олиб ҳаммани бараварига ўққа тутайми? Ҳа, топдим. Машиналардан бирини олиб қочаман. Бунинг учун чуқурни бошқа жойдан, иложи бўлса, машиналарга яқин ердан ковлаб, ўша ерга беркинишим ва қулай фурсатни кутишим лозим.

Чуқурдан чиқдим-у, машиналар томон эмаклай кетдим.

Ана, уч метрлар наридан биттаси ўтиб кетди. Мени сезмади. Агар ҳатто бир миллиметрга тезроқ эмаклаганимда сезиб қолиши аниқ эди. Яхшики, курсда ўргатилганидек, жуда секинлик билан эмаклаётгандим.

Мана, ниҳоят машинага етиб келдим. Шундан сўнг эмаклаш тезлигимни оширдим. Энди ҳаммаси қандай ҳимоя нуқтасини ўйлаб топишим билан боғлиқ.

Машинанинг ёнгинасидан тор қилиб чуқур ковлай бошладим. Ковлаб бўлгач, чуқурга тушдим. Бошимни тупроқ билан беркитдим. Фақат нафас олиб туриш учун ингичка тешик қолдирдим…

 

* * *

 

Чуқурда ўтирганимча ҳеч бир ҳаракатсиз тош қотаман. Бу ҳолат айниқса, неча кунлаб чуқурда қимирламай ўтиришлардан сўнг осон кечмаслиги аниқ. Биламан, одам узоқ чидаш бера олмайди. Чидаши учун ўз ҳолатини худди қиш бўйи ухлайдиган ҳайвон тусига киритиши лозим. Мен юрак уришимни секинлаштиришим, томирларимда оқаётган қон тезлигини камайтиришим керак. Фақат қулоқларимнигина тинч қўйсам бас. Чунки, улар менга ташқаридаги товушларни етказиб, нималар бўлаётганидан огоҳ этиб туради. Қолган аъзоларим, майли, ухлашсин.

Кундуз. Шу атрофдан трактор ўтиб кетди. Машинанинг моторини ўчиришди. Адашмасам, балонларини дамлашди. Энг асосийси, ҳайдовчи аҳмоқлик қилиб машинани юрғазиб юбормаса бўлди. Йўқса, мени ер билан битта қилиб кетади.

Тун. Секин ўрнимдан туриб машинани кузатдим. Хайрият, ҳайдовчи йўқ экан. Мотор бузилганига амин бўлгач, чуқурга қайтдим.

Кундуз. Яна уёқдан-буёққа юришаяпти. Келаётган ҳидларга қараганда, сигарет чекишаётганга ўхшайди. Уларга яхши. Мен-чи? Шунчадан бери чуқурда оч-наҳор ўтиравериб, ўн килога озиб кетдим-ов!..

Тун. Эҳтиёткорлик билан мушакларимни ишга солдим ва шу кўйи жисмоний машқлар қилишга уриниб кўрдим.

Кундуз. Азбаройи чанқаганимдан тез-тез ҳушимдан кетиб қолаяпман. Лекин биламанки, заҳирада яна кучим бор. Ҳали тирикман.

Машиналар деярли кетишди. Фақат дарвоза рўпарасида охиргилари қолди. Улар менинг «Зил»ларимнинг ёнидан жой эгаллашди. Эртага улар ҳам кетишса, тамом! Мен бу жангда мағлуб бўламан. Афсуски, орқага йўл йўқ. Кучим ҳам қолмаган. Ахир, беш кундан бери худди ўлик шаклида ётдим! Нимаям қилардим? Ажал мен учун жуда қадрдон бўлиб қолди. У мени қўрқитмай қўйди, даҳшатга солмайди. Ҳатто, ўзимнинг ҳам ўрнимдан тургим келмайди.

Шунда душманим менга яна бир имкон яратиб қўйди. Ҳа, хато қилдими, ё атайин шундай йўл тутдими, ишқилиб, машиналарни кетишга буюрди. Тракторни ҳам ҳовлига олиб кириб кетишди. Фақат менинг тепамдаги бузуқ машинагина қолди. Бу имкониятдан фойдаланиб қолмаслик ғирт аҳмоқлик бўлса керак. Ҳа, ё чуқурни ўзгартиришим, ё…

Атрофни кўздан кечирдим. Ҳаммаёққа чироқ қўйиб ташлашгани сабаб, кузатиш жуда осонлашганди. Оҳиста бориб машинанинг остки қисмига маҳкам ёпишганча осилиб олдим. Бунинг ҳайрон бўладиган жойи йўқ эди. Негаки, эрталаб чуқурдан чиқиш хавфли. Кўриб қолишлари ҳеч гап эмас.

Шу кўйи тунни ўтказдим. Бахтимга эрта тонгда кимлардир машинани узоқ вақт ковлаштира-ковлаштира, охири тузатишди. Моторга ўт қўйилди. Мен бўлсам, хурсандлигимдан қўлларимнинг увишиб қолганини ҳам буткул унутгандим.

Ниҳоят машина ўрнидан қўзғалди. «Зил» дарвозадан ўтиб тўхтади. Қўриқчи кабинадаги ҳайдовчи билан нималарнидир гаплашгач, бортни, баллонларни текширган бўлди.

— Ҳайда!

Машина айвонга кириб бошқа машиналар ёнида тўхтади. Ҳайдовчилар сўкина-сўкина ичкарига йўл олишди.

Жимлик.

Энди буёғига қандай йўл тутишни ўйлаб кўриш керак. Кунзуди бу ерда қолиб кетиб бўлмайди. Дарров пайқаб қолишади. Хўш, қандай қилиб ташқарига чиқаман? Ҳаммёқда прожекторлар нур таратиб ётган бўлса. Деворлар атрофида итлар изғиб юришибди. Девор устиларига бўлса, сигнализациялар ўрнатиб ташлашган. Устига чиқиш уёқда турсин, икки метр қолганда сиганллар чор тарафдан чалиниб кетади. Майли, ҳозир ҳеч нарса ўйлаб топа олмайман. Яхшиси, беркиниш йўлини қидираман. Мен кўмир юкланган машинани эсладим. Ҳа, кўмир борки, демак, ўрталарида беркинса бўладиган жой албатта бўлади.

Секин пастга тушдим-да, елкамга сал нарида ётган қўриқчилар костюмини ташлаб олдим. Энди яшириниб ётишнинг зарурати йўқ.

Ёруғликка чиқмасдан печкахонагача етиб олдим. У ерга кўмирни уйиб ташлашибди. Шоша-пиша орасини ёриб кирдим-у, устимга кўмирларни торта-торта беркиндим…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit