“ЖИНОЯТ ҚИДИРУВ БЎЛИМИ ХОДИМИНИНГ БИР КУНИ” ТУРКУМИДАН…

0

 

 

 

«Олтин занжир операцияси»
(3- серия)

 

* * *

 

Жиноят қидирув бўлими. Соат кечки олтига яқинлаб қолган. Кабинетда Самин Ўтаров сигарет тутатганча ўтириб ҳужжатларни кўздан кечирмоқда. Уч кунлик изланишлар, гумондорларни сўроқ қилиш иш бермади.

Шу пайт кабинет эшиги тақиллаб, ичкарига сержант мўралайди.

Сержант: — Мумкинми, ўртоқ катта лейтенант?

Самин дарҳол бошини кўтариб қўли билан ишора қилади.

Самин Ўтаров: — Олиб киринг!

Сержант соқоллари ўсиб кетган, узун бўйли, юзида тиғдан чандиқ қолган гумондорни олиб киради.

Самин Ўтаров: — Сиз бўшсиз!

Сержант чиқиб кетади. Гумондор Саминнинг кўрсатмаси билан курсига чўкади.

Самин Ўтаров: — Хўш, Ҳасанов, икки кундан бери камерада ўтиравериш жонингга тегмадими?

Гумондор: — Мен ҳаммасини айтганман. Бекорга овора бўлаяпсиз?

Самин даст ўрнидан туриб гумондорнинг тепасига энгашади ва ичгига чанг солади.

Самин Ўтаров: — Ҳали мени алдамоқчимисан? Милиция катта лейтенантини-я? Чучварани хом санабсан!

Гумондор: — Мен жиноят қилганим йўқ.

Самин Ўтаров (сигарет тутатиб, асабий оҳангда): — Унда қўлингдаги тилла тақинчоқлар қаердан келди? Сени тилла буюмлар қора бозорида кўрганларнинг гапи-чи? Буям ёлғонми?

Гумондор (икки қўлини олдинга чўзиб): — Ўртоқ камандир, ишонинг, у тиллаларни пулимга сотиб олганман. Хотинимнинг туғилган кунийди. Мен ўғримасман!

Самин Ўтаров: — Сержант! Олиб чиқинг!

Бир зумда кабинет эшиги очилиб сержант киради.

Сержант: — Тур ўрнингдан! Қўлларингни орқага қил!

Самин Ўтаров: — Буни камерага олиб боринг! Яна бир-икки кун ўтирса, эси киради.

Сержант гумондорни олиб чиқиб кетади. Самин эса қўлидаги сигаретни кулдонга ташлаб уйга кетиш учун тараддудланади.

* * *

Жиноят қидирув бўлими йўлаги. Икки милиционер ўн-ўн беш қадамча нарида туриб сигарет чекаяпти. Аёл милиционерлардан бири Самин билан саломлашиб кабинетлардан бирига кириб кетади.

Шу пайт ташқаридан лейтенант Солиев ҳовлиқиб кириб келади. Унинг авзойи бузуқ, гўё қандайдир кўнгилсизликка дуч елгандек асабийлашарди.

Солиев келиб эндигина эшини қулфлаб кетишга чоғланган Саминнинг йўлини тўсади.

Солиев: — Уйга кетиш қолдирилади. Майор ҳозир қўнғироқ қилди. Иккаламиз ҳам ҳузурига киришимиз зарур экан.

Самин Ўтаров: — Уф-ф… Эзворди майор ҳам!.. Ҳозир ишнинг натижасини сўрайди. Анави камерада ўтирган гумондор ўғри эканига ишонмаяпти.

Солиев: — Э, қўлимиздан нима келарди? Бошимизни эги-иб ўтираверамиз! Кетдикми?

Самин Ўтаров (бошини чангаллаб): — Кетдик!.. Ҳозир дўконга бориб бир шиша ароқ олиб тўйгунча ичмоқчийдим. Буниям белига тепди.

Солиев: — Ҳечқиси йўқ, тўйиб гап эшитгандан кейин ароқ янаям силлиқроқ кетади.

Самин лейтенантнинг кулгисидан янада жаҳлланиб унинг елкасига сеин муштлайди-да, олдинга ўтиб бошлиқ кабинети томон юради.

* * *

Майор Холмуродов кабинети. У икки ходим кириб келиши билан қўлидаги сигаретни кулдонга ташлайди-да, икковларига аламли термилади. Ҳатто, ўтиришни ҳам таклиф қилмайди.

Холмуродов: — Хўш, изқуварлар, қани ўғри? Нега индамайсанлар? Сенлардан сўраяпман. Бугун учинчи кунам тугади. Ҳалиям ўғри озодликда юрибди. Ким менга тушунтириб беради?

Самин Ўтаров: — Қидираяпмиз, ўртоқ майор!

Холмуродов (унинг тепасига келиб бақиради): — Вей, сенларга арзимаган тилла ўғрисини топиш топширилган. Қотил каллакесарнимас! Шуниям эплолмайсанми? Ўтаров, мана, сен беш йилдан бери шу соҳада ишлайсан! Уят эмасми? Мана, ўзинг айт, уялмаяпсанми?

Самин айбдорона бош эгади. Холмуродов асабий уёқдан-буёққа юриб бир неча сония деразадан ташқарига қараб қолади. Сўнгра яна улар томон қайтади.

Холмуродов: — Иккала қулоғинг билан ҳам эшитволларинг! Эртага кечгача ўғри камерада, ҳисоботлар менинг столимда бўлиши керак. Агар топшириқ бажарилмаса, икковингам мукофотдан маҳрум бўласан, яна бўйнингга ҳайфсан ҳам илиб қўяман.

Самин Ўтаров: — Хўп бўлади, ўртоқ майор!

Холмуродов: — Бор энди, тез чиқларинг кабинетдан! Сенларни кўрсам асабим бузилаяпти!

Иккала ходим ҳам шоша-пиша кабинетни тарк этади.

* * *

Маҳалла ичкарисидаги озоқ-овқатлар дўкони.

Ташқарида қор кучлироқ ёға бошлайди. Самин Ўтаров ароқ харид қилиш ниятида дўконга киради.

Ичарида харидорлар кўп. Сотувчи қўли-қўлига тегмай савдо қилиш билан овора.

Бир четда юмалоққина, телпагини бостириб кийиб олган, ингича мўйловли, ўттиз беш ёшлар атрофидаги эркак жимгина пиво ичаяпти.

Самин уни танийди. Эркак қишин-ёзин шу тахлит пиво ичиб турганига кўп гувоҳ бўлган.

Эркак Саминни кўриши билан пивони пештахта устига қўяди-ю, югуриб келиб сўрашади.

Эркак: — Ассалому алайкум, ука, қалайсиз? Ишлар бўлаяптими?

Самин Ўтаров: — Раҳмат!.. Вей, қишдаям ичасиз-а шу пивони? Адабини берасиз-да ўзиям! Шамоллаб қолмайсизми?

Эркак жавоб бериш ўрнига Саминга яқинроқ келиб қулоғига шивирлайди.

Эркак: — Ука, агар айбга йўймасангиз, сизда муҳим гапим бориди.

Самин Ўтаров: — Майли, қулоғим сизда. Нима бўлди?

Эркак: — Иложи бўлса, ташқарида гаплашсак!

Самин Ўтаров: — Хўп, ташқарида бўлса ташқарида-да! Юринг-чи!

Улар дўкондан ташқарига чиқишади. Эркак негадир атрофга аланглаб олиб қўйнидан йўғон тилла занжир чиқариб Саминга кўз-кўз қилади.

Эркак: — Мана шуни сотиб олсангиз!

Самин латтани бўшатиб ичини очади. Не кўз билан кўрсинки, йўғон тилла занжир жилоланиб турарди.

Самин бирдан ҳушёр тортиб, қаршисидаги эркакка зимдан назар солади.

Самин Ўтаров: — «Бу дейман, ўлжа ўз оёғиминан ёнимга кеп қолдими? Нима қилсам экан? Шартта гирибонидан олайми? Ё шошмай турайми? Ҳа, шошилмайман. Ҳар ҳолда бу нусха менинг милисада ишлашимни билмайди. Билганда бунақа қилмасди.»

Самин унга юзланди.

Самин: — Тинчликми? Нега шундай қиммат буюмни сотаяпсиз?

Эркак (тутилиб): — Биласизми… Бу аслида келинингизники… Шу… Маошни вақтида беришмайди. Бугун уйга келсам, рўзғорда ҳеч вақо қолмабди. Эр-хотин маслаҳатлашиб, шуни сотишга қарор қилдик. Мажбурмиз-да!..

Самин: — Майли-ку-я!.. Лекин ўзингизнинг бўйнингиздаям занжир боракан. Келинникини ўрнига шуни сотсангиз бўлмайдими?

Эркак: — Келинингиз… «Кўпчилик орасида юрасиз, меникини сота қолинг» деганди-да!

Самин: — Хўп, қанча сўрайсиз?

Эркак: — Эллик минг берсангизам розиман, ака!

Самин: — Жуда арзон-ку! Жон деб сотиб олардим-у, аммо ёнимда пул йўқ. Биздаям эртага маош беришади.

Эркак: — Майли, эртага берсангизам розиман. Бир кун минг кун эмас-ку!

Самин: — Шундай қиммат нарсани ишониб берворасизми? Эртага мени умуман топа олмасангиз-чи?

Эркак (кулиб): — Сизминан ҳар куни дўконда кўришиб турибмиз-ку!

Самин: — Бўпти, келишдик! Эртага шу дўконда учрашамиз!

Улар хайрлашишди. Самин зинғиллаганча кетиб бораётган эркакни бирпас кузатиб тургач, ортидан тушди ва йўловчи «Матиз» га ўтиргач, анча илгарилаб кетган «Жигули»га ишора қилиб ҳайдовчига дейди:

Самин: — Ҳов анави машинанинг кетидан ҳайданг!

 

* * *

 

Бозор. Шом маҳали. Самин Ўтаров таксида келиб тунги улгуржи бозор ёнида тушиб қолади. Улгуржи бозор атрофи одамлар билан гавжум. Шовқин-сурон авжида.

Самин сигарет тутатганча атрофни зимдан кузата бошлайди. Шу пайт сал наридан елкаларига каттакон сумкалар илган икки аёл кела бошлайди. Улар нималарнидир ўзларича муҳокама қилиб ерости йўли томон кета бошлашади.

Бир маҳал аёллардан бири жонҳолатда бақириб қолади.

Аёл: — Вой, занжиримни олиб қочди! Ушланглар ўғрини, ушланглар!

Кўз очиб юмгунча ҳаммаёқ қий-чувга тўлади. Саминнинг кўзи югурганча ерости йўли томон кетиб бораётган қора шарпага тушади-ю, унинг ортидан қува бошлайди.

Самин: — Тўхта!.. Тўхта деяпман, иблис, тўхта!.. Мунча шаталоқ отасан? Еб қўярмидим сени? Тўхта, яхшиликча гаплашиб оламиз!

Ўғри: — Етиб бўпсан! Мен мактабда югуриш бўйича доим биринчи бўлганман!

Самин: — Шунақами? Энди ўзингдан кўр!

Улар беш дақиқача қувлашиб боришади. Ўғри қоп-қоронғи ерости йўлига кирганда, Самин унга етиб олади. Лекин ўғри уни қўлида пичоқ билан қарши олади.

Ўғри: — Хўш, нега тўхтаб қолдинг? Келмайсанми? Кел!..

Самин: — Яхшиликча пичоқни ташла! Йўқса ўзингга ёмон бўлади! У менинг опам эди. Занжирни яхшиликча қайтар, вассалом! Шу ерда хайрлашамиз.

Ўғри: — Чучварани хом санабсан! Занжир меники! Яқинлашма! Ўлдираман!

Самин: — Бўпти, майли! Ўзингни бос! Рози бўлсанг, бу занжирниям опамнинг ҳурмати эллик минг сўмга сотиб оламан. Келишдикми? Нега жим бўлиб қолдинг?

Ўғри: — Аҳмоғинг йўқ! Буниси қиммат туради.

Самин: — Хўп, қанча десанг шунчага оламан. Чўз занжирни!

Ўғри: — Олдин пулни чиқар!

Самин: (қоронғиликда чўнтагини ковлаб бир даста пул чиқаради) — Мана пул! Кўрдингми?

Ўғри: — Буёққа чўз! Фақат ортиқча ҳаракат қилма! Сўйвораман!

Самин: — Э, йў-ўқ, бунақаси кетмайди. Олдин пичоқни ташла!

Ўғри: — Пичоқ ташланмайди. Соққани чўзасан, ундан кейин занжирни оласан.

Самин: — Бўпти, ма!

Ўғри бир қўлини пулга чўзган маҳал Самин оёғи билан унинг пичоқ тутган қўлига тепиб юборади. Пичоқ бир четга учиб кетади. Самин ўғрининг қорни аралаш тепади. Ўғри эгилганча инграб бир жойда айлана бошлайди. Пайтдан фойдаланган Самин унинг қўлларини орқасига қайириб кишан солади.

Орадан ўн дақиқача ўтгач, милиция машинаси воқеа жойига етиб келади. Милиционерлар Саминнинг буйруғи билан ўғрини машинага қамаб бўлимга олиб кетишади.

* * *

Саминнинг кўзлари ўзи томон югуриб келаётган милиционерга тушади. Унга яхшилаб разм солади.

У ўша куни гулдастани майдалаб ташлаган сержант Нормат эди. Самин унинг етиб келишини кутиб туради.

Нормат (етиб келгач, ҳовлиқиб): — Ака, яхшиям сизни учратдим!

Самин Ўтаров: — Нима бўлди тағин? Севган қизинг келмадими яна?

Нормат: — Э, ярашиб олдик. Ҳозир уйига кузатиб келаяпман! Вей, ўша куни айтган гапларингиз жуда тўғри экан! Нозига яраша бироз муомала қилгандим, ўзига келди-қолди.

Самин Ўтаров: — Нима қилдинг?

Нормат: — Умуман гаплашмай қўйдим. Охири ўзи ишхонамга қидириб келди.

Самин Ўтаров: — Ана энди ўзингга келдинг, ука! Қиз боладан қанча ўзингни тортсанг, шунча сенга қараб талпинади. Бўпти, омадингни берсин!

Икковлари қўл сиқиб хайрлашишади. Самин эснай-эснай навбатчи машинага чиқиб ўтиради.

* * *

Соат тунги икки. Самин Ўтаров навбатчи машинадан тушгач, эснай-эснай уйи томон юради ва ўзича сўзланади:

«Хайрият, ишни дўндирдим. Айбини бўйнига қўйдим. Энди буёғи билан прокуратура шуғулланаверсин… Фақат… Сал хомлик қилдим. Буёғига жиноятни очишнинг бошқача йўлларини топмасам бўлмайдиганга ўхшайди…»

Самин йўлдан онда-сонда ғиз-ғиз ўтаётган машиналарга ўйчан тикилиб туради-да, уйига кириб кетади.

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here