ЖОСУСЛАР… (13-қисм.)

0

 

 

* * *

 

Шу тахлит икки кун ўтди.

— Сен жонимизга тегиб кетдинг! — дея қичқирарди басавлат жаллод ер тепиниб. — Тезроқ ўла қолсанг-чи, хумпар!

Яна зарбалар, ҳушдан кетишлар…

Мен бу шафқатсиз жаллодлардан нафратлана бошладим. Шу жумладан, ўзимни ўзим оғриқларга писанд қилмасликка, ҳиссиз ётаверишга кўниктира борардим. Чунки, мана шугина менга ёрдам бера олади. Ҳаммасига, ўзимга ҳам, қариндош-уруғларга ҳам тупурсам-у, худди оғриқни сезмагандай ётаверсам, албатта ғалаба қозонаман. Бора-бора қалбимда қасос ўти алангалана бошлади. Биламан. Қаршимдагилар жуда кичкина одамлар. Катталарини топиш менга насиб этмаслиги аниқ. Аммо қасоснинг катта-кичиги бўлмаслиги рост бўлса, аста-секин шу ишга киришмасам бўлмайди. Буларнинг қўлида худди сичқон каби ўлиб кетиш алам қилади. Тишимни тишимга босиб обдон ўйладим. Топдим ҳам. Қандай қасос олиш, қачон кириши ҳақида бир қарорга келдим.

Қасос олишнинг дастлабки қисмини бошладим. Йиғлай, ялина, тиз чўкиш йўлига ўтдим. Урмасликларини сўрадим. Ҳар бир зарбадан кейин турли тарафларга учиб-учиб кетавердим. Қаршилик кўрсатишни бас қилдим. Сўнгра улардан қоғоз-ручка беришларини илтимос қилдим. Бундан ташқари овқат беришларини ҳам қистириб ўтдим. Азбаройи қувониб кетган жаллодлар шоша-пиша илтимосимни қондиришди. Қўлларимни ечиб, стол устига қоғоз ва ручка қўйишди. Тепамда жаҳлдор, басавлат жаллод мендан кўз узмай тикилиб турарди.

Мен йиғлай-йиғлай, шошилмасдан, барчасини қоғозга ҳарфлаб ёза бошладим.

Ора-орада тўхтаб, қоғозни йиртиб ташлар ва тоза қоғоз олиб қайтадан ёзардим. Ниҳоят тугатдим. Аввалдан ўйланган вазият юзага келишини кутиб басавлат жаллодга боқдим. У албатта столга эгилиб ёзганларимни кўздан кечириши шарт эди. Мен ҳам худди шуни кутардим. У узоқ кутдириб ўтирмади ва столга энгашди. Ана шу тобда мен қўлимдаги ручкани жаллоднинг кўзига куч билан тиқдим. Шу қадар чуқур ботирдимки, нақ миясига қадар етиб борди. Жаллод нималар бўлаётганига фаҳми етмасдан жон берди.

Бошқа қўлим билан стол устига қўилган қайноқ палов тўла темир идишни олдим-да, нариги қўриқчининг оғзига қарата урдим. У бақиришга ҳам улгурмади. Оғзи қайноқ ошга тўлиб қолганди. Энди эшик рўпарасида турган қўриқчи менга қарата ўқ узиши керак эди. Бахтим бор экан. У кўз ўнгида бўлаётган ишларни кўриб бир неча сония қотиб қолди. Мен пайтдан фойдаланиб эшик томон юрдим. Қўриқчи жонҳолатда тўппончасига ёпишди. Мен улгурдим. Мен отган темир идиш томоғига зарб билан урилиб, уйқу артериясини узиб ўтди. Қўриқчи ҳам жон берди. Оғзига ош тўлиб қолган жаллод ҳушидан кетган экан. Эндигина ўрнидан қўзғалмоқчи бўлганда, икки-уч мушт кўкси аралаш туширдим. У ҳам шериклари қатори ҳеч қандай овозсиз ёруғ дунёни тарк этди. Ана энди жонимни асраб қолиш пайти етди.

Йўлак бўйлаб эҳтиёткорлик билан кета бошладим. Бу аҳволда чиқиш эшигигача борсам, ташқаридагилар пайқаб қолишарди. Ўлган қўриқчилардан бирининг кийимларини кийиб, уёқ-буёғимдаги қонларни артдим-у, йўлга тушдим. Қўлимга эҳтиёт шарт жаллодларнинг пичоғини олдим.

— Эй, очмайсанми? — дея шивирладим эшик рўпарасига келиб.

— Сенмисан? — сўради ташқаридаги қўриқчи.

— Ким бўларди?

Эшик зулфини суғурилаётган маҳал сал четга ўтиб турдим. Қўриқчи эшикни очиб ичкарига бир қадам ташлаши ҳамоно пичоқни унинг бўйни аралаш тиқдим. Қўриқчи «тайёр» бўлди.

Ана шундан сўнг эшикни яхшилаб ёпганча йўлга тушдим. Кетаётиб ёнғинга қарши ўрнатилган қизил қутидан лом билан қуролландим. Ким билсин? Ташқарида мени нималар кутаяпти…

Мен ташқари деб ўйлаганим аслида яна бир йўлак экан. Юра-юра, охири зинапояга дуч келдим. Мана шу зиналар мени аниқ ташқарига олиб чиқади. Баданимдаги оғриқларга аранг чидаб борарканман, қарама-қарши тарафдан келаётган бир эркакка кўзим тушди. Ким ўзи бу? Жангарими?

Дарров энгашиб, ўзимни гўё ботинкам боғичини бойлаётгандай қилиб кўрсатдим.

— Салом, Боря! — ҳали етиб келмасдан қичқирди у. — Менга қара, юзингга нима қилди?

У кўнгли ниманидир сезди шекилли, бирдан орқага тисланиб тўппончасини қўлига олди.

Ҳа, уни қўл билан айни дамда енгиб бўлмасди. Ўқ узишимга тўғри келди. Ўқ овози бутун ертўлани тутиб кетди. Шу тобда ташқаридан кимларнингдир қадам товушларини эшитдим. Демак, ҳозирча омад мендан юз ўгирди чоғи. Ертўлага қайтмасам бўлмасди.

 

* * *

 

Ўқ тегмади. Тўппончада ўқ ҳам қолмабди. Яхшиямки, чўнтагимда яна битта тўппонча бор. Йўл-йўлакай соқчилардан иккитасини қулатдим. Энди улар чиқиш ва кириш эшикларини беркитиб, мени боши берк кўчада қолдириш ҳаракатига тушишади. Аслида, мен ҳам уларнинг ўрнида бўлсам шундай йўл тутардим.

Шу пайт чироқлар ўчди. Мен таваккал дуч келган тарафга қараб кета бошладим. Юқори қаватдан кимларнингдир бақир-чақири эшитиларди.

— Чироқ қани? Чироқни олиб келинглар! Биз ҳозир унга кўрсатиб қўямиз!

Бир вақтнинг ўзида менга қарама-қарши тарафдан соқчилар бўлса керак, югуриб кела бошлашди. Мен деворга қисилиб олганча уларни ўтказиб юбордим. Хайрият, сезишмади. Энди ертўлада фақат менгина қолган эдим.

— Уч кишидан кам юрмаларинг! — кимдир буйруқ берарди соқчиларга. — Ҳеч қачон ёлғиз юрма!

Фикрлаб олишга ва режаларимни амалга ошириш учун ихтиёримда атиги ярим соатгина вақт қолган. Энг алам қиладигани, қаерда эканимни билмасдим. Бу ерлар менга умуман нотаниш эди.

Ўйлай бошладим.

Бу ертўла. Демак, ойна йўқ. Юқорига чиқиш учун соқчиларни йўқ қилиш керак бўлади. Деворларни тешиб бўлмайди. Бетондан қилинган. Ер остини ҳам қазишга улгурмайман.

Қўрқитишдан бўлак чора йўқ.

Полга ётиб олдим-да, тўппонча тутган қўлларимни олдинга чўзиб икки маротаба қоронғиликка қарата ўқ уздим. Шу заҳоти жавоб ўқи йўлланди. Ҳа, менинг изимдан тушганлар шунчаки ҳаваскорлар эмас. Ўз ишининг ҳақиқий усталари.

Кимдир овозининг борича қичқириб сўкинди. Тушундимки, навбатдаги узган ўқим кимгадир тегибди.

Оҳиста ўрнимдан туриб пайпаслана-пайпаслана ҳаво сўрувчи трубани топдим. Бор кучимни ишга солиб юқорига кўтарила бошладим. Орқада эса, ҳамон ўқ узишда, бақиришда давом этишарди. Бир амаллаб юқорига чиқдим. Трубага ўнгдан яна битта шунга ўхшаш труба уланган экан. Худди ўша ёққа қараб сирғала бошладим. Қарангки, қайнайдир хонадан чиқиб қолдим. Хонада ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, пастга сакрадим.

Хона ичкариси бўм-бўш эди.

— Хуш келибсан! — кутилмаганда орқамдан кимнингдир товуши эшитилди.

Мен қўлга тушганимни ҳис этдим. Лекин сир бой бермадим. Пастга сакраганда худди оёғимни қайириб олгандай полга думаладим. Шу аснода тўппончани қўлтиғим аралаш душманга тўғриладим.

Афсуски, улгурмадим. У отган ўқ қўлимдаги тўппончага тегиб бир четга ирғитиб юборди. Шунисигаям шукр. Ўқ сал юқорига текканда мен ёруғ дунёни тарк этардим.

— Ўлдиролмадингми? — сўради у. — Унда яна бир бор хуш келибсан!

Секин тепамга қарадим. Не кўз билан кўрайки, бу Қотил эди. У яна бир бор мени ютиб чиққанидан мамнун жилмайиб турарди.

— Ортиқча ҳаракат қила кўрма! — огоҳлантирди Қотил. — Шу ерга келишингни билгандим. Фақат профессионалларгина шундай йўл тутишади. Ўтир!

Мен секин ўрнимдан туриб хонани кўздан кечирдим. Бир бурчакда монтировка думалаб ётарди.

— Фойдаси йўқ, — деди Қотил менинг нима қилмоқчи эканимни пайқади шекилли. — Барибир улгурмайсан. Яхшиси, гаплашиб оламиз. Вақт етарли. Анави аҳмоқлар то ертўлани титкилаб, ундан сўнг юқори қаватларда дайдиб чиққунларигача бир ярим соат вақт ўтади. Кейин эса… Кечирасан-у, сени отиб ташлайман барибир. Мен ҳамкасбим билан анави аҳмоқлар ўртасида қўл жанги бўлишини истамайман. Хўш, нима дейсан?

Мен елка қисдим.

— Ҳа-а, заводдаги ишинг ҳақида узоқ ўйладим. — давом этди Қотил. — Лекин ўйлаб ўйимнинг охирига ета олмадим. Қандай йўл тутганингни ҳозир ўзинг айтиб берасан. Қани, бошла! Ихтиёрингда бир ярим соат вақт бор. Билки, ўша бир ярим соатни менг сенга совға қилиб турибман. Йўқса, битта ўқ билан сени тинчитиб юборсам ҳам мени ҳеч ким уришмайди. Бошла!

— Бўпти, — рози бўлдим мен. — Доскага яқин борсам майлими?

— Бор.

Мен лаборатория доскасига яқин бориб бўр билан заводнинг кўринишини чиза бошладим.

— Мана марказий дарвоза. Манави ерда соқчилар…

Шуларни гапираяпман-у, қандай қилиб Қотилни тинчитиш ҳақида бош қотирардим. Хўш, нима қилсам бўлади? Бўр билан туширсамми? Йўқ, бу аҳмоқлик. Қўлидаги тўппонча ишга тушади…

— Мана деворнинг умумий ҳажми. Худди шу ерда навбатчилар туришганди.

— Ҳа-а, демак мендан пана бўлиш учун ўзимнинг ортимда беркинган экансан-да! — хохолаб кулди Қотил. — Ахир, мен ёнгинангдан ўтиб кетганман ўшанда!

Мен унинг сўзларига қулоқ тутиб ўтирмадим. Аллақачон хаёлимда кураш режасини пишитиб олгандим. Тўсатдан полга ўтирдим-да, чап қўлим билан зарба бердим. Аммо у зарбани қайтара олди. Кучли зарб мени полга қулатди.

— Вей, ёш болага ўхшамасанг-чи! — дея пешонамга тўппонча тиради Қотил. — Биз гапимизни ҳали тугатганимиз йўқ.

Мен ўзимни ўликка солиб ётавердим. Буни ҳам Курсимизда ўргатишганди. Мабодо душманни куч билан енга олишингга кўзинг етмаса, ўзингни ўликка солиб ётишинг ва шу кўйи яынги режалар тузишинг керак бўлади.

— Ҳой, тирикмисан? Тур, сенга яна саволларим бор!

Индамай ётавердим. Қотил тепамга келди-да, энгашмасдан туриб менинг тирик ё ўликлигимни текширган бўлди. Шундан сўнг бошимга қарата тўппончадан ўқ узди. Ўқ мендан бир-бир ярим сантиметр нарига бориб тушди. Мен ҳамон жим эдим. Ҳаяжонланмасликка, ваҳима кўтармасликка интилардим.

Ниҳоят у ўлганимга ишонди. Менга жуда ҳам яқин келиб салгина эгилди. Ана шуни кутаётгандим. Тўппонча тутган қўли аралаш мушт туширдим. Бу зарбани шу қадар кутилмаганда ижро этдимки, қўрққаниданми, ё шошиб қолганиданми, тепкини босишга улгурди. Бироқ ўқлар буткул бошқа тарафга йўл олишди.

Мен зарбани қандай тезликда амалга оширган бўлсам, шундай тезликда ўрнимдан турдим-у, икки қўлим билан уни баланд кўтарганча, дераза оша ташқарига сакрадим. Иккаламиз ҳам пастга қараб учиб борардик. Қотил ютқазганини тан олди шекилли, мени маҳкам қучоқлаб олганди. Шу тахлит биз ерга тушдик…

 

* * *

 

Қанча ётдим, ёдимда йўқ. Ўрнимдан базўр қўзғалиб Қотил томон қарадим. Унинг боши пачоқланиб кетган, айлана атрофи қора қонга тўлганди. Ҳа, у оламдан ўтибди. Ахир, мен унинг устига йиқилгандим! Мана шу нарса менинг жонимни асраб қолибди.

— Алвидо, ҳамкасб! — шивирладим аста. — Омадинг келмади! Нимаям қилардик?! Аслида биз ҳамкасб эмасмиз. Мен буткул бошқа курсда ўқиганман. Биз душманмиз бир-биримизга!

Мен ҳар эҳтимолга қарши юзларимни, баданларимни пайпасладим. Гўштдан фарқи қолмабди. Бу аҳволда катта кўчада юриб бўлмайди. Дарҳол қўлга олишади. Бунинг устига душманларимнинг қўлида суратим бор. Қолаверса, оқсаяпман. Йўқ, бошқа йўлини топмасам бўлмайди. Чет элга ўтиб кетсаммикан? Ҳа, аввал соғлиғимни тиклаб, ана ундан сўнг бир қарорга келаман…

Икки кун пана-пастқамларда беркиниб ўзимни ўзим даволадим. Тўғри-да, касалхонага мурожаат қила олмайман. Ҳатто, дорихонага бориб дори харид қилиш ҳам мумкин эмас. Шу сабабли ақлим етганича ўзимни даволадим.

Бунинг учун шаҳар яқинидаги ахлатхонадан узун бир хода, мис сим топдим. Симни ходага маҳкам бойлаб, яқин атрофдаги дайди итлардан иккитасини тутиб келдим. Улар бир-икки соат менга кўниккан бўлишгач, шундоқ ёнгинамга боғлаб эгнимдаги кўйлакни ечдим. Аъзойи баданим қонга бўялиб кетганди. Итлар қон ҳидини тез туйишди ва сўлакларини баданимга оқиза-оқиза астойдил қонларни ялай бошлашди. Мен эса, чидашга мажбур эдим. Ана шу йўл билангина яраларимни тузатишим мумкин. Ит сўлаклари бунга қўшимча, яраларимни микроблардан тозалайди. Айтишларича, одамлар экзема касалини ҳам шу усул билан даволашаркан. Орадан бир кун ўтиб итлар ялаб ташлаган жойларимни қуритдим. Қон теккан кўйлагимни қум билан ювиб қуритгандим. Эгнимга илганча чегара томон йўл олдим.

Чегарадан сездирмай ўтишнинг ўзи бўлмайди. Олдинига дарахт танасидан худди от туёқларига ўхшаш махсус бўлакчалар ясаб товонларимга боғладим. Бу изни йўқотади. Фақат бир камчилигим бор эди. Чет тилини билмайман. Ўзимни гўё маҳаллий фуқаро қилиб кўрсатиш учун ниқоб ўйлаб топа олмайман. Чегарадан ўтгач, то кўздан пана жойларга етгунча беш юз чақиримча йўл босишим керак.

Хуллас, олға босдим. Чегарадан эсон-омон ўтиб олти кун йўл юрдим. Бир маҳал рўпарамда тўсатдан озғин, башараси каламушни эслатувчи нусха пайдо бўлди. Қўлида қурол. Менга ўқталиб ўз тилида нимадир деяпти. Қўрқмадим. Унинг нимасидан қўрқаман?

Секин атрофга кўз ташладим. Ҳеч ким йўқ. Сал нарида у беркиниб ётган икки метрлик чуқур холос.

Итоат билан у кўрсатган томонга қараб юрдим. Қанча юрганимни билмайман-у, қуролли кимса мени шеригининг олдига олиб борди. Улар ўз тилларида нималардир деб кулишди. Ва елкамга автомат билан турта-турта қандайдир ертўлага олиб тушишди. У ерда яна учинчи киши ухлаб ётарди. Билдимки, булар уч киши. Бошқа шериклари йўқ. Учинчиси ўрнидан туриб менга синчковлик билан тикилиб қаради. Сўнгра имлаб ечинишга буюрди. Мен ўзимни гўё қўрқиб кетгандай қилиб кўрсатиб нариги иккаласининг ўртасига кириб олдим. Бу ишим душманга ёқмади чоғи, автомат қўндоғи билан кўкрагим аралаш туширди. Кўзларим ола-кула бўлганча ечина бошладим.

Ҳа, менинг ихтиёримда икки-уч сониягина вақт бор. Кейин кеч бўлади. Олдин рўпарамдагига мушт туширишим, бир вақтнинг ўзида орқадагига калла солишим лозим. Ана шунда учинчиси ҳеч гап эмас. Эҳ, кутилмаганда зиналардан тўртинчи жангари елкасига автомат илганча кириб келди. Режам яна барбод бўлди. Чунки, то манавиларни тинчитгунимча у наридан туриб менга ўқ узади. Энди фақат битта йўл қолаяпти. Рўпарамда турган кимсани қўрқитишим керак. Шунда у автоматни томоғимга тирайди.

Мен очиқдан-очиқ уни турли сирли ҳаракатлар билан қўрқита бошладим. Ўйлаганимдек, душман шоша-пиша автоматини ўқлаб томоғимга тиради. Мен дарров тусимни бояги ҳолатга келтирдим. Яъни, одамнинг раҳмини келтирадиган ҳолатга кириб олдим. Душман қуролини туширди.

Навбатдаги йўл-йўлакай тузилган режамни амалга ошириши ниятида кутилмаган ҳаракат билан ўзимни четга отдим. Билардимки, ҳов нарида қотиб турган жангари шу лаҳзадаёқ тепкини босади. Ҳа, шундай бўлиб чиқди. Автомат ишга тушди. Лекин барча ўқлар шерикларини ер тишлатди холос…

Қарадимки, жангарининг ўқлари тамом бўлди. Энди у қуролни ирғитиб юбориб мен томон ташланди. Эҳ, бундай онларда қандай йўл тишини яхши биламан. Ўзимни сира қийнамасдан уни икки маротаба қориндан паст қисмига тепгандим, тап-тайёр бўлди-қўйди. Чалажон ётмаслиги учун ўлиб ётган шерикларидан бирининг қуроли билан сўнгги душманимни ҳам тинчитдим…

 

* * *

 

Бу ерлар менга бегона. Қолаверса, ўқ овозларини яқин теваракдагилар эшитишгани тайин. Ҳализамон бу ерга чопиб келишади. Шуларни ўйлаб ташқарига чиқдим ва ўзим учун хавфсиз жой қидириб топиб ўша ерда чуқур ковладим. Ер юмшоқ эди. Қўлларим билан бир ярим метрлик чуқурни сира қийналмасдан ковлаб битирдим. Заводдаги каби чуқур устига шох-шаббалар ташлаб жимгина ётганча кутдим. Яқин-яқинда кимларнингдир бақир-чақири, ўқ овозлари, гранаталарнинг портлашлари эшитилиб турарди. Биламан. Улар мени қидиришаяпти. Бутун атрофни титкилашаяпти. Хайриятки, мен ётган чуқур ҳақида ҳеч нарсани билишмайди…

Шу кўйи икки кун пусиб ётгач, учинчи куни тунда чуқурдан оҳиста чиқиб ортга қайтдим. Бир ҳафтадан сўнг чегарадан ўтдим. Яна уч кун йўл юриб уйимга етиб келдим. Худога шукр, барча азоблар, хавфлар орқада эди…

Йўқ, мени қаҳрамон каби кутиб олишмади. Ҳеч ким кўксимга медал ҳам таққани йўқ. Мухбирлар ортимдан эргашиб интервью олишга интилган ҳам эмас. Раҳбарим қисқагина ҳисоботимни эшитиб туриб қўлимга тушунтириш хати ёзиш учун мўлжалланган, махсус рақамланган қоғозлар тутқазди. Мен қўлимга ручка олганча содир бўлган барча ҳодисаларни қоғозга туширдим. Ҳаммасини оқизмай-томизмай ёздим. Завод, у ердаги транспорт ва барча ўзим сирли дея баҳолаган нарсаларнинг барчасини яширмасдан қоғозларга сўзладим…

Кейин эса, қоғозларни авайлаб тахлаб махсус саватчага солдим. Бу қоғозлар ҳеч қачон мана шу хонадан ташқарига чиқмаслиги лозим эди.

— Ҳаммасими? — сўради раҳбар.

— Ҳа.

— Жуда яхши. Эртага соат ўнда етиб кел!

Шундай қилиб менинг топшириғим якун топди. Уни жуда аъло даражада бўлмаса-да, бошқалар қатори адо этганимдан, энг асосийси, тирик қолганимдан мамнан бўлдим. Энди камида бир ой иш ҳақида ўйламайман. Шунга ҳақлиман.

Қизиғи, икки кундан кейин Резидент билан рўбарў келиб қолдим. Ҳа, у Резидентнинг ўзгинаси эди. Бироқ ички интизомга амал қилишга мажбурмиз. Мен ўзимни худди нотаниш тутиб индамай ёнидан ўтиб кетавердим. У ҳам худди шундай ўтди ёнимдан. Қизиқ, бу ерга қандай келиб қолди? Қандай тирик қолди?

Орадан бир ҳафтача ўтиб у мени катта кўчада тўхтатди. Саломлашгач, сигарет сўради. То чўнтагимдан сигарет қутисини чиқариб, унга тутқазгунимча бир неча сўзларни айтишга улгурди.

— Раҳмат сенга, йигит! Сен кўп иш қилдинг! Кечирасан!

Кейин билдимки, мен бошимдан ўтказган кунлар, завод, ҳафталаб чуқурда ўлик каби қотиб ётишларим — ҳамма-ҳаммаси олдиндан ўйланган экан. У мен кўтарган шовқин туфайли бурчак-бурчакларда биқиниб ётган жиноятчиларни ҳушёр торттириш, қўрқитиб қўйиш ниятида экан. Аммо ўлиб кетишим муқаррарлигини ҳам билган. Шунинг учун ўшанда юзини очиқ кўрсатган экан. Негаки, ўликлар ҳеч кимга қоида бузилгани ҳақида ҳисоб бермайдилар. Қисқаси, бу «ўйин»да айнан мен ютиб чиқишимга унчалик ишонмаган. Менинг панамда ўз вазифасини аъло даражада бажармоқчи бўлган.

Хафа бўлдим ундан. Ахир, мен оддий бир аҳмоқ болакайдек унинг ноғорасига ўйнадим! Жонимни хавф остига қўйдим! Йўқ, нималар деяпман? Майли, менинг панамда нима қилса қилсин. Барибир бизнинг ташкилотда катта кўчада сенга яқинлашиб оддий «раҳмат» деган сўзни ҳам айтмайдилар. Қоидани бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. У эса, бу ишни қилди-ку! Демак, тан олган менинг маҳоратимни. Акс ҳолда индамай кўрмасликка олиб ўтиб кетаверган бўларди…

Катта кўчаларда сайр қилиб, баъзан диванда пиво ҳўплаб ётганча ўйлардим. Энди менга курьернинг сумкасини ҳеч ким тутқазмаса керак. Мустақил ишлашга имкон беришлари тайин. Ахир, озми-кўпми тажриба тўпладим. Фақат миямни бир савол кемиради. Мустақил ишлашга тайёрманми? Арзийманми? Буни ҳаёт кўрсатади. Нима бўлганда ҳам, бу охирги топшириқ бўлиб қолмайди. Бизнинг иш шунақа. Эртага нима бўлишини билмайсан. Бир-бирингга ортиқча сўз ҳам айта олмайсан. Индамай ишлайсан, индамасдан ғалаба қозонасан ва жимгина ўласан.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: