ЖОСУСЛАР… (14-қисм. ИККИНЧИ ФАСЛ)

0

 

 

* * *

 

Профессионал учун тафтишчиликдан ёмонроқ касб бўлмаса керак. Кутилмаганда ҳеч қандай огоҳлантиришсиз Марказга чақиришади-да, худди ўзингга ўхшаган биттасини тафтиш қилиш учун жўнатиб юборишади. Кейинги ишларинг, ҳатто, ҳаётинг ана шу топшириқни қандай уддалашинг билан боғлиқ бўлиб қолади. Сен қайсидир агентнинг ишини текшираяпсанми, ё ўзингни тафтиш қилишаяптими, билмайсан. Бизнинг ташкилот эса, бундайларнинг ҳақиқий устаси деса бўлади. Хоҳлаган жосусни танлайди-да, қайсидир касб эгаси кўринишида номаълум тарафга жўнатади. Буйруқ, шубҳасиз, муҳокама қилинмайди.

Соат ўнда келасан дейилдими, келасан! Вақт кетди.

Келганингдан сўнг топшириқ кўрсатилган конвертни имзо чекиб қабул қилиб оласан. Махсус хонага ўтасан, ўқийсан, ўрганиб чиқасан. Ҳаммасини ёдингда сақлаб қолгач, конвертни ёқиб, кулини яна махсус саватчага соласан. Худо кўрсатмасин, бирор қоғоз йўқолса, ёки бирор жумла девордан ташқарига чиқса, тамомсан!

Илгари, курсантлик давримда бу ишлар мен учун фахрдек туюларди. Ҳозир бўлса, кўнглим айнийди…

Қисқаси, мен навбатдаги топшириқни олдим. Вазифа ҳазил эмас. Илгаригиларидан анчагина мушкул ва хавфли.

Мана, паспортим, хизмат сафари гувоҳномаси, оила аъзоларимнинг суратлари, қандайдир уй манзиллари билан тўлатилган блокнот, аслида мавжуд бўлмаган квартирамнинг калити. Бир ҳафтадан сўнг мен ҳақимда умуман маълумотга эга бўлмаган, мени танимаган одамлар келишади. Улар белгиланган манзилдаги почта қутиси (Буни менинг ўзим танлашим керак) ни қидириб топишади. Ана шу қутида уларга қўшимча ахборотлар битилган қоғоз сақланган бўлади.

Мен аниқроқ айтадиган бўлсам, бугун буткул бошқа одамман. Қўлимга тутқазилган паспортда ёзилишича, исми-шарифим Лев Георгиевич Серов. Муҳандис. Айтилган манзилга етиб боргач, ўзимни хизмат сафарларидан чарчаган қилиб кўрсатишим, атрофимдагиларни ишонтира олишим, тўғри келганда, хизмат сафарларидан чарчагандек нолишим, котибаларга шоколадлар совға қилишим, дуч келган дўконга кириб пиво ичишим лозим. Бундан ташқари, зарур текширув ишларини олиб боришим, ҳисобот тайёрлашга ҳам улгуришим талаб этилади ва ҳоказо…

Мен йўлга отландим. Ойнинг ўнинчи санасида вокзалга етиб бордим.

 

* * *

 

Яна поезд, рельсларнинг тақир-туқури. Юқори полкадаги қўшни хуррак отишни бошлайди. Зерика бошлайман. Кел, бекор ўтиргандан ташкилотда мен учун тўқилган «афсона»ни яна бир карра хаёлан қайтариб олай. Унутиб қўймаслик учун. Хў-ўш, немис тили муаллимамни қандай аташарди? Ҳа, Серафима Петровна. Кичик фарзандимнинг кўзлари қандай рангда? Қачон қизамиқ билан оғриганди? Эҳ-ҳе, курсантлик давримдан бошлаб қанчалаб фарзанд кўрмадим!.. Ҳар бир ҳужжатда уч-тўрт нафарлаб фарзандли эканим ёзиларди. Аслида эса, на фарзандим, на оилам, на уй-жойим бор. Мана шуниси алам қилади баъзан. Қариндош-уруғларим, ота-онамни мендан тортиб олишган. Ўзимни ўн беш йил аввал шаҳар қабристонига дафн этишган…

Нолимайман, аёллар билан учрашишга рухсат этишарди. Бусиз бўлмайди. Фақат бир шарт билан. Ўша аёл бехосдан ҳомиладор бўлиб қолдими, керак бўлса, тўққизинчи ойда аборт қилиб ташлаши шарт. Разведкачига аёл киши билан доимий, узоқ муддат давом этадиган яқинлик тақиқланади. Фарзанд кўришни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Бизда фақат тиш чўткаси, тўппонча ва заҳар тўлдирилган кичкинагина шишача бўлади холос. Шуларнигина олиб юришга рухсат этишади.

Майли, қўлимга олган сўнгги паспортимга яна бир назар ташлай. Ана, икки ўғлим бор экан. Миша ва Вова. Мен уларни жуда-жуда яхши кўраман. Шу жумладан, аслида мавжуд бўлмаган хотиним, болаларимнинг онасини ҳам…

Станция. Поезд тўхтади. Ёдланган афсонага амал қилиб ташқарига чиқсам-у, пиво сотиб олсаммикан? Йўқ, бундай қилмайман. Яхшиси, сабр қиламан…

 

* * *

 

Белгиланган жойга етиб келгач, анча енгил тортдим. Поездда юравериш жонимга текканди. Тезлик билан яшашим лозим бўлган квартирага жойлашдим ва шу куниёқ кетишимда керак бўладиган вариантлар режасини тузиб чиқдим. Ёзмасдан барча поездлар, автобуслар, самолётлар йўналишларини эслаб қолдим. Чунки, ёзиш бизнинг ишда қатъиян тақиқланади. Ҳар бир шаҳардаги кўчаларни ўз уйимдек билишим зарур. Қолаверса, ҳар бир шаҳарда ортимдан тушиши мумкин бўлган «дум»лардан яшириниш учун махсус жойим бўлиши шарт эди. Вақт эса, жуда зиқ. Ихтиёримда бор йўғи бир ҳафтагина бор холос.

Ҳали алоқа қутичаларини қидириб топишим зарур. Эҳ, ўзим бажаришим керак бўлган ишимни ипидан игнасигача билганимда эди, шартта ҳаммасидан воз кечиб яхшиси, учувчиликками, шунга ўхшаш бош оғриқсиз касабларга ўзимни урган бўлардим. Афсуки, бунинг ҳам иложи йўқ. Кеч бўлган. Балки, олдинда мени яна калтакланишлар, азобланишлар кутиб тургандир. Қийноқлар, таъқиблар қанча давом этади, Худонинг ўзи билади.

Айтилган техбригада ўз муддатида етиб келди. Кечикишга ҳаққимиз ҳам йўқ. Ҳатто, бир дақиқа кечикилса ҳам бутун операция барбод бўлади.

Мен уларнинг аниқ мақсадларини, қуролланиш усулларини умуман билмасдим. Фақат якка-якка бўлиб ҳаракатланишларидан хабардор эдим. Улар махсус контейнерларда юк олиб келишди. Ичида нима борлигини ҳам биров билмайди. Балки, ўзлари ҳам билмас. Негаки, бизнинг ташкилот мана шунақанги сирли ишларни амалга оширишни хуш кўради. Товар контрабанда бўладими, ё ундан-да баттарроғи бўладими, фарқи йўқ. Милиция, бошқа хавфсизлик ташкилотлари бизнинг раҳбарларни қизиқтирмайди. Мақсадга эришиш йўлида турли усулларни қўллаб кўраверишади.

Хуллас, уларнинг келганидан хабар топгач, эртаси куни ўз вазифамнинг дебочасини амалга ошириш ниятида циркка кириб келдим. Мен жуда цирк томоша қилишни яхши кўраман.

Соат кечки 19: 30. Роппа роса ўн етти дақиқадан сўнг менга умуман нотаниш бўлган кимса учинчи йўлак орқали пастга қараб кириб келади. Шу ердан ўтса, демак, алоқа ўрнатилади, ҳаракат механизми ишга тушади. Аксинча бўлиб чиқса, операция шу жойдаёқ тўхтайди.

Мана, ўн олти ярим дақиқа ҳам кўз очиб юмгунча ўтди-кетди. Мен саҳнадаги маймуннинг қилиқларини кўриб кулаяпман-у, хаёлим, нигоҳларим, қулоқларим учинчи йўлакда.

Ўн етти ярим дақиқа. Хайрият, келди. Фақат эллик сонияга кечикди. Бунисини мен муҳокама қилиб ўтирмайман. Раҳбарларнинг ўзлари ҳал қилишар. Чунки, бизнинг ишда эллик сония оз муддат эмас. Шу арзимаган сонияларни деб инфарктга учраш, ё пешонадан ўқ ейиш ҳеч гапмас.

Саҳнадаги маймунлар ўз чиқишларини якунлаб, уларнинг ўрнини гимнаст йигитлар эгаллашди. Мен баланд овозда бир-икки йўталган бўлдим-да, ўтирган курсимдан туриб ташқарига йўл олдим. Аслида циркни охиригача томоша қилишим зарур эди. Аммо оломон орасида юришга тобим йўқ.

Ойнинг йигирма биринчи санаси… Йигирма иккинчи… Мен операцияни кузатиш билан бандман. Мени ҳайратда қолдириб, барча ишлар жуда текис битаяпти. Тафтишчилар объектга қарама қарши уйни ижарага олишди. Объект деганимни янада аниқлаштирадиган бўлсам, бу кўп қаватли уй. Шу уйдаги квартиралардан бирида Резидент, яъни мен яшайман. (Хайрият, ўйлаганимдек, навбатдаги топшириқни бажариш олдидан менга Резидент лавозимини беришганди) Мақсадим бўлаётган ишларни зимдан кузатиш. Керак пайтда буйруқлар жўнатиб туриш. Хуллас, операцияни бошқариш.

Квартираларнинг ойналари бир-бирига қарама-қарши. Бемалол бир-бирларини кузатиб, иш битираверишлари учун қулай.

Тафтишчилар яна бир кун махсус кузатувлар ўтказишди. Қизиғи, шу қадар усталарча ишлашдики, ҳайрон бўлдим. Нега энди оддий, арзимаган бир ишга бу қадар профессионалларни юборишди? Ким билсин? Балки, бу иш ҳақиқатан катта операциянинг негизидир? Шунинг учун жиддийроқ ёндашишгандир. Нима бўлганда ҳам, бизнинг ташкилот раҳбарлари нима қилаётганларини яхши билишади.

Кечаси ё кучли шамол туфайли, ё қайсидир ярамаснинг иши билан томдаги антенна қулаб тушди. Бирпасда том одамга тўлди. Кўпчилик бўлиб антеннани жойига ўрната бошлашди. Ана шундагина билдимки, шу уйда яшовчилар орасида бизнинг тафтишчилар ҳам ўралашиб юришибди. Улар шунчаки антеннани кўтариб қолмасдан, худди шу ерга ўзларининг тунги ва кундузги кузатув ускуналарини усталик билан ўрнатишга улгуришаяпти. Ана энди одамлар ҳайрон бўлишлари аниқ. Чунки, антеннага ўрнатилган қўшимча ускуналар телевизорларнинг кўрсатишини анчагина яхшилайди. Шу ускуналар ёрдамида мени кузатишларини ҳам биламан.

Йўқ. Жимжитлик. Кузатувларимни қайта-қайта текшириб кўрдим. Ҳаммаси кўнгилдагидек.

Ойнинг йигирма тўртинчи санаси. Ускуналар ахборот ёзишда давом этаяпти. Қўриқчи ҳовлини айланиб мени кузатиш билан овора. Мен бўлсам, қўриқчининг ортидан кузатаман.

Йигирма олтинчи сана. Шу куни кичкинагина, муҳим бир янгиликка эга бўлгандай ҳис қилдим ўзимни. Яъни, ўзимнинг ҳақиқатан бор эканимни қўриқчига сездиргандай бўлдим. Қўриқчи тушмагур жуда тажрибали кўринади. Ортидан кимдир кузатаётганини дарров пайқади. Мана энди «мушук-сичқон» ўйнаш пайти етди. У мени топишга уринади, мен эса, изларни йўқотишга ҳаракат қиламан.

Ойнинг ўттизинчи санаси. Бир неча маротаба тафтишчи ҳамкасбимни кўриб қолдим. Ҳовлида ҳаётдан мамнундек хурсанд айланиб юрибди.

Ойнинг иккинчи санаси. Унчалик жиддий бўлмаган хато юз берди. Бугун бир кишини икки маротаба кўрдим. Дастлаб эркак, сўнгра аёл кўринишида. Адашишим сира мумкин эмас. Курсда бизни адашишга ўргатишмаган. Хўш, бу нима дегани? Ё огоҳлантиришми? Ярим кун уни кузатдим. Йўқ, барибир адашибман. Тасодифий ўткинчи экан.

Охири ҳаммаси жонга тегди. Уч ҳафталик жим ўтиришлардан сўнг, чамаси, тафтишчилар ҳам зерикишди. Чунки, улар бу қадар сукунатга ўрганишмаган. Уларга арзимаган бўлса-да, ҳақиқий иш бўлса. Лекин уч ҳафталик кузатувлар, қўриқчиларнинг алмашиниб туришлари ҳам иш бермагач, мен операцияни яна икки кунга чўзишга қарор қилдим. Тафтишчиларга ҳаракат қоидаларини заҳирадаги алоқа қутиси орқали жўнатдим.

Қайтадан ҳамма ишга тушди. Қўриқчилар ўткинчилар орасида айланиб юришарди. Улар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Гоҳ автобус бекатида, гоҳ уй атрофида пайдо бўлиб кузатаверишади. Келиб-кетаётган машиналар ҳам ҳар гал бошқа-бошқа кўринишда.

Хўш, буёғига қандай йўл тутаман? Ташкилотимизга қайси исбот-далилни олиб бораман? Шу кўйи натижасиз ўтираверадиган бўлсам, анави тафтишчилар устимдан арз қилишади. Нима қилай? Шартта кўчага чиқиб қўриқчилардан бирининг ёқасидан олайми? Э, у менга барибир ҳеч нарса айтмайди. У ҳолда тафтишчилар билан қандай алоқа боғлай? Кекса кампир кўринишида яқинлашиб борайми? Суҳбатга тортайми?

Ниҳоят топдим. Шу атрофда қандайдир қурилиш кетаётганди. Қурувчилардан бирининг эски кийимини олдим-да, қўриқчилар айланиб юрадиган жойдаги канализация қудуғига куппа-кундузи тушиб олдим ва қопқоқни қия очиқ қолдирдим. Улар эътибор беришмади. Мени сантехник деб ўйлашди шекилли.

Ташқаридаги гап-сўзлар аниқ-тиниқ эшитилиб турар, тафтишчиларни шундоқ яқиндан кўриб турардим.

— Жонга тегди. — деди қўриқчи-тафтишчилардан бири шеригига.

— Ҳаддан ташқари чегарадан чиқаяпти. — жавоб қилди бошқаси.

— Ахир, унинг мақсадини билмаймиз!

— Ҳа, у ўзини ҳам, бизни ҳам гўрга тиқадиганга ўхшайди.

— У бошлиқ, нима қилишини балки ўзи билар?

— Эҳ, унинг башарасини бир кўрсайдим!

Шериги унга жавобан кулиб қўйди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here