ҚАСОС… (Воқеа реал ҳаётдан олинган. Қаҳрамонларнинг исмлари ўзгартирилган)

0

 

***

 

Тўлаган ҳарбий билим юрти раҳбари кабинетига яқинлашгач, кийим ва камарини шоша-пиша тўғрилаб, аста эшикни тақиллатди-да, ичкарига кирди. Кабинет тўрида тепакал, озғин, аммо истарали полковник керилганча ўтирарди. Тўлаганни кўрди дегунча аста ўрнидан қўзғалди.

— Ўртоқ полковник, — қоидага кўра ташрифи ҳақида ҳисоб берди Тўлаган. — Курсант Тўхтаев буйруғингизга биноан келди!

— Жуда соз, — деди полковник Тўлаганни ўтиришга таклиф этаркан. — Ўғлим, хафа бўлмагин-у, бироқ бир ҳақиқатни айтмасам бўлмайди сенга. Шунинг учун чақиртиргандим.

— Мен тайёрман, ўртоқ полковник, — жавоб қилди жиддийлик билан Тўлаган. — Ҳар қандай хизматга тайёрман!

— Мана, имтиҳонларни бу йил ҳам аълога топширдинг, — деди полковник. — Бизнинг умидимиз катта сендан.

Тўлаган даст ўрнидан турди-да, қаддини ғоз тутиб, жавоб берди.

— Ватанимга хизмат қиламан!

— Яхши, энди ўша ҳақиқатни айтай. Биласанми… Очиғи, бу хабарни айтиш ўзимгаям оғир. Лекин мажбурман… Биласанми, уйингдан ёқимсиз хабар келди. Фақат тек туриб эшит. Бўлғуси офицер ҳар қандай вазиятдаям ўзини тута билиши, ортиқча эҳтиросларга берилмаслиги лозим.

Тўлаган ҳеч нарсага тушунмай, полковникка қаттиқроқ тикилди.

— Болам, — бирпаслик сукутдан сўнг давом этди полковник. — Оллоҳ сенга сабр берсин! Онанг ҳалигидай… Қазо қилибди.

— Нима? — Тўлаган бу хабарни эшитгани ҳамоно ранги оқаринқираб, вужудида титроқ туйди. — Қ-қанақа… Н-нега…

— Буни ҳаёт деб қўйибди. Ҳаммамиз ҳам бир кун бу ёруғ жаҳонни тарк этамиз. Нима қила олардик?.. Фақат… Ҳовлиқма, эҳтиросга берилма, ўзингни босвол! Шу иш туфайли сенга ўн кунлик навбатсиз таътил бердим. Кўчада сени машина кутиб турибди. Ҳамқишлоғинг экан.

— Ҳ-ҳамқишлоғим?.. — Тўлаган шум хабарни эшитгандаёқ тамом бўлаёзганди. Бир неча дақиқа ичида кўз олдида онаси Мастура опа, ўгай отаси Мирза намоён бўлди.

Тўлаган сониялар ўтгани сайин танаси қизиб бораётганини, мияси ғовлаб, бошининг аллақаерида оғриқ туя бошлаганини сезди. Аммо бу ҳолатга эътибор берадиган аҳволда эмасди. Полковникнинг буйруғи билан ташқарига отилди ва ҳарбий қисм дарвозасидан кўчага чиқиб, атрофга аланглади. Сал нарида қўшниси Қўчқор аканинг “Нексия”си турарди. Ўпкаси тўлганча бориб ҳайдовчи ўтирадиган тарафдаги эшикни очди.

Қўчқор ака ўйга толган эканми, сесканиб бошини кўтарди ва қаршисида Тўлаган турганини кўриб, машинадан тушди.

— Ука, энангни топшириб қўйдик, — деди Қўчқор ака беихтиёр йиғламсираган кўйи Тўлаганни бағрига босиб. — Худо раҳмат қилсин Мастура опани! Сен… Сабрли бўл, ука! Агар… Тайёр бўлсанг, йўлга тушсак. Асрда энангни жойига қўйишимиз керак.

— Ҳа-я, — деди кўз ёшларини артиб Тўлаган. — Мен… Ҳозир… Майда-чуйдаларимни опчиқаман!..

Шундай деди-ю, Тўлаган ҳарбий қисм ҳовлисига ўзини урди.

***

 

Тўлаган тўрт соат йўл босиб ниҳоят қишлоққа етиб келди. Ҳовлисида ростакамига қиёмат ҳукмрон эди. Қариндош-уруғ эркаклар дарвоза атрофида эгнига чопон, бошига дўппи кийган, белига белбоғ бойлаган кўйи қўл қовуштириб туришарди. Тўлаган ичкаридаги аёллар йиғи-сиғисини эшитгач, жони ҳалқумига келар даражада ҳеч ким билан сўрашмади, таъзия билдириш ниятида ўзи томон одимлаганларга эътибор қилмади. Чунки эътибор қиладиган аҳволда эмасди.

Жонҳолатда ҳовлига кириб, онасининг хонасига чопди…

Мастура опани хона ўртасига ётқизишибди.

Тўлаган қанча оғир-босиқ бўлишга уринмасин, барибир ўзини тута олмади.

— Она-а-а-а!!! Мени кимларга ташлаб кетдинги-из? — дея ҳайқирганча мурдани маҳкам қучиб олди. — Нимага бундай қилдингиз? Нега мени ёлғизлатиб кетдингиз? Нега? Нега???

Ортидан кирган маҳалла оқсоқоли Тўлаганни ўта эҳтиёткорлик билан нарига етаклади. Иложи борича уни овутишга, таскин беришга уринди.

— Болам, ўлим ҳамманинг бошида бор, — деди оқсоқол ҳовлига чиқишгач, нуқул ўксиб-ўксиб йиғлаётган Тўлаганга пиёлада совиган чой тутқазаркан. — Манавини ичгин, тинчлантиради, ичақол! Бардам бўл! Онажонингга Оллоҳдан раҳмат, мағфират тила! Зора оҳларингни эшитса! Зора энангнинг охирати обод бўлса, қоронғи гўри нурга тўлса, болам! Биз бандаларнинг қўлидан келадигани шу!..

— Ота, нега онам бундай қилди? — йиғларди Тўлаган оқсоқолни силтаб. — Соппа-соғ эди-ку! Нега ўлади? Қанақасига соғлом одам ўлиши мумкин? Нега?..

Катта-кичик Тўлаганни ўртага олди. Катталар насиҳат қилди, тенг-тўшлар уни четга тортиб, таскин берди. Ҳарқалай, Тўлаган тинчланди. Ўзини босиб олди. Дарҳол кийимини алмаштириб, кўчадагилар қаторига қўшилди.

***

 

Эртаси куни Тўлаганнинг ҳовлиси фотиҳачиларга тўлди. Узоқ қишлоқлардан Мастура опани таниган-билганлар бир-бир оқиб келаверишди. Тахминан икки-икки ярим соатдан кейингина ҳовлидан одам ариди. Фақат қариндошлар, қўни-қўшнилар қолишди. Тўлаган ўй суриб туриб, кутилмаганда нимадир ёдига тушган каби сергак тортди-ю, тоғаси Муллақулни четга тортди.

— Тоға, анави… Мирза кўринмайдими?

Тоғаси бу саволни эшитди-ю, оғир хўрсиниб Тўлаганни нари етаклади.

— Тоға, — давом этди Тўлаган ҳеч нарсага тушунмай. — Мирза қани? Нега уйда йўқ? Нима бўлди? Тинчликми?

— Жиян, очиғи, кўпчиликнинг олдида сенга гапириб ўтирмагандик, — шивирлади Муллақул. — Ўгай отанг…

— Э, отанг деманг! — тоғасини жеркиб берди Тўлаган. — Биласиз-ку, мен уни ҳеч қачон ота деб чақирмаганман.

— Хўп, кечирасан, жиян! Хуллас… Опажоним ўз ажали билан ўлмади.

— Нима? Бу нима деганингиз?

— Нима деганим бўларди? Онангни ўша ўгай… Э, Мирза ўлдирибди.

Тўлаган бу гапни эшитди-ю, тош қотди. Гўё оёқ-қўллари музлаб қолгандек бирпас ўрнидан қимирлаёлмай қолди.

Ҳақиқатан, бу сира кутилмаган хабар эди.

Тўлаганнинг кўз ўнгида дарҳол Мирзанинг совуққон чеҳраси гавдаланди. Унинг ичкиликдан қизарган, қопчалари осилиб қолаёзган кўзларини эслади. Сўнгги бор томорқада айтишиб қолганлари ёдига тушди.

— Т-тоға, — дея олди аранг ниҳоят сал ўзига келиб. — Бу нимаси бўлди яна? Н-нега ўлдиради? Қандай қилиб ўлдиради?

— Ҳа, худди ўша аблаҳ ичиб келиб жанжал кўтарибди. Опам раҳматли сўзини бермай, қарғанган бўлса керак-да, мараз опам бечорани бўғиб…

— Ҳали шунақами? Унда нега мелисалар келмади? Мирзанинг ўзи қани? Нега сизлар… Шунча қариндошлар уриб эзиб ташламадингиз?

— Қочиб кетибди-да даюс, — деди Муллақул кўз ёшларини чит рўмолига артиб. — Манноп аканг, менинг ўғилларим роса тити-пити қилишди ҳаммаёқни. Йўқ, аблаҳ. Ерга кириб кетганми… Худо билади. Мелисалар… Улар келишувди. Маҳалла оқсоқоли силлиқчасига кетказворди. Энди улар маъракадан кейин келишса керак…

— Қидиришмайдими Мирзани? Нимага? Менинг онам ўлиб кетаверадими?..

Тўлаган энди ҳеч бир гап, маслаҳат, насиҳатга қулоқ тутадиган аҳволда эмасди. Тоғаси, қариндошларнинг ҳай-ҳайлашига-да қарамай, югурганча ҳовлига кирди-да, даҳлиздан каттакон пичоқни олиб қўйнига тиқди. Эгнидаги чопонни бир четга улоқтириб, яна кўчага югурди. Ҳеч ким уни тўхтата олмади…

Тўлаган ўгай отасининг қаерга беркиниши мумкинлигини тахмин қиларди.

Тўппа-тўғри ўша ёққа чопиб кетди.

***

 

Вақт тушликдан ошганди. Қуёш тиғи авж паллада эди. Ҳатто қушлар ҳам ўзини панага олиб, ёз жазирамасидан беркиниш ҳаракатига тушганди.

Тўлаган қишлоқдан анча олисдаги ташландиқ шийпонгача югуриб борди. Фақат етай деганда чопишдан тийилиб, томоғига қадар чиппа ёпишган терларни енгига артиб, бир муддат шийпонга тикилганча туриб қолди.

“Қариндош-уруғгаям тан бермадим, — ўйларди у қўйнидаги пичоқ сопини қайта-қайта сиқимлаб. — Ҳеч нарса бўлмагандай қўл қовуштириб туришлари нимаси? Нега ўша баччағар, маразни топиб чавақлаб ташлашмади? Ё қўрқишдими? Тан бермадим-э!.. Онам, маразнинг бақувват қўлларига кучи етмай ўлиб қолган онам! Мен албатта уни топаман ҳозир. Униям бўғиб ўлдираман, ҳа! Бу дунёда яшашга ҳақи йўқ Мирзанинг!..”

Тўлаган айни чоғда катта ва оғир жиноят сари қадам ташлаётганини идрок этмасди. Вужуди интиқом оловида куяр, азбаройи аламга ботганидан гўё ҳеч нарсани кўрмас, теваракдаги товушларни эшитмасди.

У эҳтиёткорлик билан вайронага айланган шийпон орқасига ўтди. Ўгай отаси болалигида ҳам тез-тез онаси билан уришиб қолар, зарда аралаш уйдан чиқиб кетарди-ю, худди шу шийпонда бир неча кунгача тунаб юрарди.

“Мени ҳеч ким тополмайди, қамоқдан барибир қутулиб қоламан деб ўйлагансан-да-а? — хаёлан сўзланарди Тўлаган. — Мендан қочиб қутулиб бўпсан!..”

Бахтга қарши шийпон ичкарисида ҳеч ким йўқ эди. Каламушларгина уёқдан-буёққа чопиб қувлашмачоқ ўйнарди. Тўлаган ҳафсаласи пир бўлиб, деворни муштлай бошлади. Шу баҳонада аламдан чиқадигандек қайта-қайта муштлайверди. Кейин эса дафъатан сўнгсиз пайкаллар тарафга қараб югурди. Ғўзалар белга урар даражада бўй чўзган, шабада таъсирида чайқалиб, худди ўзларини кўз-кўз қиларди.

Тўлаган қалбига қулоқ тутиб, охирги пайкални тиккалаганча кетаверди. Биларди, пайкал ниҳоясида эски зовур бор. Мирза ўша зовур бўйидаги тол остига қачонлардир капача қурган, шу капачада Тўлаган ҳам бир неча марта салқинлаган, зовурнинг бўтана сувини томоша қилган, қурбақалар сайрашини жон қулоғи билан тинглаган.

— Йўқ, у узоққа кетмаган, — деди бу сафар овоз чиқариб. — Олис кетишга қўрқади хунаса. Менга барибир, дунёнинг нариги четидан бўлсаям топаман уни. Топмасам, қасос олмасам аламдан чиқа олмайман…

***

 

Афсуски, у ерда ҳам ҳеч зоғ йўқ эди. Азбаройи алам қилганидан, Тўлаган телбаларча қичқириб ўгай отасини чақирар, капачанинг у ёғидан буёғига телбаларча чопиб сўкинарди. Охири чарчади. Қичқиришдан, чопишдан тўхтаб, мулоҳаза қилишга тутинди. Қалби негадир шаҳарга ошиқар, Мирза ўша ёқдалигидан дарак бераётгандек безовта эди.

— Ҳа, охирги умидим шаҳарда шекилли, — деди ўзига ўзи Тўлаган. — Кўнглим сезяпти. У аблаҳни албатта топаман. Менинг қўлимда ўлиш пешонасига ёзилган. Онажонимнинг ҳар бир оҳи учун аёвсиз қасос оламан ундан. Қасос олмасам, бу дунёда тинч яшай олмайман!..

Тўлаган таваккал пайкални ёқалаб катта йўлга чиқди. Аксига олгандек йўлдан биронта ҳам машина ўтмасди. Баттар жаҳди хуруж қилиб пиёда йўлга тушди. Чамаси бир километрча йўл юргач, бахтига катта юк машинаси ўтиб қолди. У машинани тўхтатди-ю, гап-сўзсиз ҳайдовчининг қўлига бир сиқим пул тутқазди.

— Илтимос, шаҳарга обориб қўйинг, ака, — деди ҳайдовчига совуқ тикилиб Тўлаган. — Жуда зарур шаҳарга боришим. Фақат… Сабабини сўраманг!..

Эркакнинг иши юришса, ҳеч гапмаскан. Шаҳарга етиб олгач, маҳаллалардан бирини оралаб кета бошлаганди, кекса бир кампир йўлидан чиқди.

— Ҳа, болам, кимнидир қидиряпсизми? — сўради кампир Тўлаганнинг йўлини тўсиб. — Узоқдан келганга ўхшайсиз. Рангингизда ранг қолмабди-ку! Нима бўлди, болам?

Бундай лаҳзаларда тилга эрк бермаслик лозимлигига Тўлаганнинг ақли етиб турарди. Гарчи интиқом оловида ёнаётган бўлса-да, идроки ўтмаслашмаганди.

— Уйимизни бир аблаҳ тунаб кетибди, хола, — деди қовоқ уйиб. — Ўша ўғрини қидириб юрибман. Кўнглим негадир шу ёқларга талпинаверди.

— Вой, шўрим қурсин, — ичига туфлаб атрофга безовта аланглади кампир. — Шунақалар кўпайиб кетди кейинги пайтда. Биласизми, болам… Бугун ҳув-в маҳалла четидаги ҳовлига биттаси келувди. У ҳовлида ёлғиз кампир туради. Хотинларнинг айтишича, ўша эркак қишлоқдан келибди. Кампир унга бир хонасини ижарага берибди. Балки бир бош суқиб кўрарсиз-а?

— Ҳа, ҳақсиз, — деди Тўлаган. — Таваккал суриштириб кўраман. Ноумид шайтон дейдилар-ку, балки ўғри пешонамдан чиқиб қолар?!.

— Худди шундай қилинг. Ўғриларнинг қўлини синдирса кам. Бегуноҳларнинг шўрини қуритади улар…

Тўлаган шоша-пиша кампир билан хайрлашди-ю, ўша ҳовли томонга жўнади.

***

 

Кўзлаган ҳовлига етгач, Тўлаган олдин ичкарига қулоқ тутди. Ҳовлида сукунат ҳукмрон эди. Яна бирпаслик кутишдан сўнг эҳтиёткорлик билан кўримсиз эшикни тақиллатди. Бироздан кейин кимнингдир ташқарига чиқаётгани қулоғига чалинди. Уй бекаси ёши саксонга етаёзган ажнабий кампир экан. У Тўлаганга бошдан оёқ разм солиб, индамайгина савол назари билан боқди.

— Хола, сизникида бир одам ижарада турибди экан деб эшитдим, — деди Тўлаган мулойимлик билан. — Ростми?

— Ҳа, нимайди? — сўради кампир шубҳали боқишдан тийилмай. — Ким керак сизга?

— Ўша одам акам бўлиши мумкин-да! Уни излаб юргандим. Агар иложи бўлса, бир кўрсам ўша одамни девдим.

Кампир ичкарига бир қараб олди-да, елка қисди.

— Ҳа, куни кеча бир эркак қишлоқдан келган. Лекин у нимагадир хонадан чиқмайди. Эшикниям ичкаридан тамбалаб олади. Очармикан сизга?

— Бир уриниб кўрсам, зиён қилмасди.

— Майли, уриниб кўринг.

Шундай деб кампир Тўлаганга йўл бўшатди. Ҳовлига киргандан сўнг ижарачи яшайдиган хонага кўрсатди.

— Ҳов ўша эшикни чертинг.

Тўлаган аста юриб бориб эшикни черта бошлади. Ниҳоят ичкаридан эркак кишининг дўриллаган товуши эшитилди.

— Ким?

Овоз эгаси ҳақиқатан Тўлаган излаётган Мирза эди. Таниш овозни эшитибоқ Тўлаганнинг жаҳдига жаҳд қўшилди. Аъзойи бадани қизиб, юраги ҳовлиқди. Қўйиб беришса, эшикни бузиб киришга тайёр турди.

— Оч эшикни, ифлос! — бақирди у. — Қўрқяпсанми? Оч эркак бўлсанг! Оч дедим эшикни, оч!

— Очмасам-чи? — ичкаридан туриб хириллаган товушда савол ташлади Мирза. — Урасанми? Ё ўлдирасанми?

— Обрўйинг борида яхшиликча эшикни оч, — дўқлашда давом этди Тўлаган. — Йўқса, эшикни бузиб кираман. Ёмон бўлади ўзингга!

— Вой тирранча-ей! Ҳали шунақа зўр бўлиб кетдингми?

Мирза аста юриб келиб эшикни очди. Тўлаган унга кўзи тушгани ҳамоно шердек ташланиб, ўгай отасини полга ағанатди ва устидан босиб олди.

— Мараз, — хириллаб пишқирарди Тўлаган. — Ҳали сенми менинг онамни бўғиб ўлдирадиган? Ҳозир…

Тўлаган жонҳолатда атрофга аланглади. Сал нарида узун арқон ётган экан. Эпчиллик билан арқонни олди-да, бир зумда Мирзани арқонлаб ташлади. Ўгай отаси ётган ерида тинимсиз типирчилар, бироқ Тўлаганга сира кучи етмасди.

— Мана энди яккама-якка гаплашамиз, — деди Тўлаган ҳарсиллаган кўйи ўрнидан тураркан. — Ўлиминг олдидан гаплашиб қол! Барибир сени бўғизлайман!

Мирза индамас, нуқул чираниб арқондан халос бўлишга интиларди.

— Хўш, гапинг йўқми менга? Ҳеч қурса узр сўрамайсанми? Тавба қилмайсанми?

— Тупурдим сенларга, — деди ётган ерида Мирза. — Тушиб қолган тавбам йўқ!..

Ортиқ сўзлашга сўзнинг ўзи қолмаганди. Шу жавобнинг ўзи интиқомга якун ясашини сезиб, Тўлаган қўйнидаги пичоқни олди ва Мирзанинг томоғига тиради.

— Калимангни келтиравер, ит, — дея тишларини ғижирлатди Тўлаган. — Ўласан! Итдай хор бўлиб ўласан!..

— Ҳа-а, — хириллаб бўлса-да ётган ерида хезланди Мирза. — Нега туриб қолдинг? Бўғизламайсанми? Қўрқяпсанми?

Тўлаган оёқлари остида ётган ўгай отасининг масхарали, аччиқ гапларига чидолмасди. Тобора нафрати ортиб борар, фақат пичоқ тиғини чуқурроқ ботириш қолганди. Аммо дафъатан пичоқни тортиб олиб қайтадан киссасига урди. Билмайди… Қандайдир илоҳий қудрат сабабми, ё қотиллик кўчаси ёт бўлгани боисми, ўгай отасини, онасининг қотилини ўлдира олмади.

— Она-а-а!!! — қичқирди хонани айланиб. — Нега ундай қилдингиз? Нимага мени қотил қилиб тарбияламадингиз? Нимага ифлосларни бўғизлашга ўргатмадингиз? Нега отам ўқитмади мени қотилликка? Энди нима қилама-ан? Манави ифлосдан қандай ўч оламан? Қўлим бормади-ку бўғизлашга-а-а!!

Тўлаган тўсатдан қичқиришдан тийилиб, Мирзанинг тепасига яқинлашди.

Ўгай отаси ҳануз силтанар, арқон чангалидан чиқишга уринарди.

— Йўқ, сени ўлдирмайман, — деди Тўлаган унга. — Сенга осон ўлим ҳайф!.. Сени-чи, Оллоҳга топшираман. Оллоҳнинг ўзи ҳисоб-китоб қилади, ҳа! Албатта жазоингни беради!..

Шу тобда хона эшиги зарб билан очилди ва ичкарига бир гуруҳ милиционерлар юзларига ниқоб тутган, қўлларида қурол билан бостириб киришди.

Чамаси, ажнабий кампир бақир-чақирни эшитгач, милицияга хабар берибди.

— Менмас қотил! — деди қўлларини қайиришга тутинган милиционерга Тўлаган. — Ана, онамнинг қотили! Уни ўлдирмоқчийдим. Қўлим бормади. Омади боракан аблаҳнинг!..

Суд жараёни ҳам узоқ чўзилмади. Бир ой деганда ҳукм ўқилди. Мирза ўн беш йилга қамалиб кетди.

Тўлаган эса шундан кейингина алами сал босилгандек енгил тортиб, ҳарбий билим юртига қайтди.

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit