Дунёдаги энг ғаройиб никоҳлар

0

Одамзод пайдо бўлганидан бери никоҳ тушунчасини жуда қадрлайди. Бу тушунчани қалбига жо қилган ҳолда мустаҳкам оила қуриш, фарзандларни вояга етказиш, жуфти билан умрбод бахтли яшашга интилади. Лекин дунёни айланиб чиқсангиз, никоҳ тушунчасининг ноодатий, ўзга халқларга умуман ёт кўринишларига гувоҳ бўласиз. Қуйида шундай ноодатий никоҳларга мисоллар келтириб ўтамиз.

ПОЛИАНДРИЯ

Бу аёл бир неча эркак билан оила қуриб яшаши демакдир. Бундай никоҳлар, асосан, Тибетнинг чекка ҳудудларида учрайди. Агар оилада икки ака-ука бўлса, улар сира талашиб, жанжаллашиб ўтирмай, бир аёлни никоҳига олади. Лекин аёл дунёга келтирган фарзандлар тўнғич аканинг болалари деб қабул қилинади. Укасига эса бу фарзандлар жиян ҳисобланади.

ВАҚТИНЧАЛИК НИКОҲ

Бундай никоҳ Ислом дини энди-энди ер юзини забт эта бошлаган пайтларда ўйлаб топилган. Қадимий халқлар одатига кўра, эркак ва аёл ўзлари келишган ҳолда маълум муддатгагина никоҳ тузишган.

АРВОҲ БИЛАН НИКОҲДАН ЎТИШ

Дунёнинг бир қатор давлатларида арвоҳ билан никоҳдан ўтиш, яъни арвоҳга уйланиш ёки турмушга чиқиш расман тан олинган. Масалан, шундай ҳолатни Хитойда кўп учратиш мумкин. Хитойликлар оламдан ўтган эркак ё аёлни ёлғиз дафн этишмайди. Унинг ёнига, албатта, қарама-қарши жинс вакили ё вакиласини ҳам дафн қилишади. Бу марҳум зерикмаслиги учун ўйлаб топилган одат эмиш. Яна дунё халқларида бир одат борки, бунга кўра, оилада ука акасидан кейин уйланиши шарт деб қўйилган. Башарти умри қисқа бўлиб, ака уйланишгача етмасдан оламдан ўтса, унинг арвоҳига қиз ёки жувонни никоҳлаб қўйишади. Ана шунгача укаси уйланишга ҳақли эмас. Шундай қилинса, аканинг арвоҳи укасидан қасд олмас экан.

КОМПЛЕКС НИКОҲ

Ўтган аср бошларида Американинг Нью-Йорк штатида бир одат бўлган. Одатга кўра, эркакдан яқин атрофдаги барча аёллар билан бир вақтнинг ўзида оила бўлиб яшаши талаб этилган. Бир аёл билан яшаган эркак қатл этилган. Уни кечирилмас гуноҳга йўл қўйган одам сифатида ўлдириб юборишган.

ДЕВАДАСИ

Қадимда Жанубий Ҳиндистонда яшовчилар қиз болани ибодатхона ёки черковга турмушга беришган. Бу амал қиз бола туғилгандаёқ ижро этилган. Қиз вояга етгач, ўзи никоҳланган ибодатхона ёки черковга бориб хизмат қилган. Бунинг учун олдин қўшиқ айтиш, рақс ижро қилиш, ибодатхона учун ибодатга келувчилардан садақа ундириши шарт бўлган. Бундай қизлар жамоатчилик қаршисида чексиз ҳурмат-иззатга эга бўлган. Афсуски, ҳозир ҳам Девадаси никоҳи ўша ҳудудларда сақланиб қолган.

 

7 Мўъжиза газетасидан олинди