ЖОСУСЛАР… (16-қисм. ИККИНЧИ ФАСЛ)

0

 

 

* * *

 

Аксига олгандек, жўнаб кетишим ҳам бироз қийин кечди. Самолётнинг учиши аввал бир соатга, кейин икки, охири бориб ўн соатга кечиктириб қўйилди. Йўловчилар дастлаб ҳайрон бўлишди, кейинроқ энсалари қотиб очиқчасига сўкина бошлашди. Хайриятки, қанчадир вақт ўтиб битта самолёт учадиган бўлди. Одамлар эса, кўп. Ҳамма сиғмаслиги аниқ. Мен ҳам тўполонда бир амаллаб салонга кириб олдим. Шунисигаям шукр!..

— Нима бало, қаерлардадир кира қилиб юришадими булар? — кимдир бақирарди касса тарафга қараб.

— Салонни ифлос қилманглар! — қичқирди учувчи. — Қирқ дақиқадан кейин ҳавога кўтариламиз!..

Билмадим, бу юк ташийдиган самолёт шекилли. Ҳар ўн беш-йигирма дақиқада қўнар, нималарнидир юклар, шу орада илтимос қилган йўловчиларни шундоқ ҳам тўлиб кетган салонга жойларди.

— Қани, сал сурилинглар! — буюрди учувчи навбатдаги қўнишдан сўнг. — Ҳозир пул юклашади.

Айтганидек, қоп-қоп пулларни салонга юклашди. Пул тўла қоплар устига қоровуллаб кетувчи йигитлар ўтиришди. Самолёт яна ҳавога кўтарилди.

— Вой, қорним оғрияпти! — деб қолди бир маҳал мендан сал нарида ўтириб келаётган йигит. — Чидай олмайман!..

Йигит ўрнидан туриб қорнини чангаллаганча бир жойда айлана бошлади. Пулларни қоровуллаб келаётган йигитлар эса, нуқул кулишарди.

Йигит бир муддат шу тахлит айланиб тургач, бирдан пастга энгашиб, ўриндиқ остидан узунлиги ярим метрча келадиган темир чиқарди ва жуда чаққонлик билан қоровул йигитларни бирма-бир боши аралаш туширди. Улар олдинма-кетин жон беришди.

Ўтирганлар, шу жумладан мен ҳам қотиб қолгандим. Ҳеч ким ўрнидан қўзғалиб йигитни тинчлантиришга ботина олмасди.

— Ана энди ҳамманг жим ўтир! — шу пайт учувчилар кабинасидан икки барваста эркак қўлларида автоматлар билан салонга кириб келди. — Ортиқча ҳаракат қилганинг, ўласан!..

Шундагина тушундимки, булар келишиб олишган. Шериклар…

Афсус, ҳозир автобусда бўлганимда, буларнинг уччаласини ҳам бир ўзим эплаган, йўловчиларни хавфдан қутқариб қолган бўлардим. Аммо самолётдаман. Бу жуда қийин. Агар ортиқча ҳаракат содир этсам, самолёт ерга қулаши, ҳамма ўлиб кетиши муқаррар. Контейнер ҳам, тасма ҳам ташкилотга етиб бора олмайди.

Шу кўйи биз қирқ дақиқалар осмонда парвоз қилдик. Самолёт унчалик баландда эмасди. Ойнадан ер бемалол кўриниб турарди.

Хўш, улар бизни қаерга олиб кетишяпти? Ишқилиб, чет элга бўлмасин!

Ниҳоят самолёт пастлаб катта бир экин майдонига қўнди. Бандитлар асабийлашишарди. Қўнгандан кейин ҳам бизни бир соатдан ортиқроқ олиб ўтиришди.

— Менга қулоқ сол ҳамманг! — дея қичқирди автомат қучоқлаганлардан бири. — Милиция бизнинг йигитларни қамоққа олган… Сенлар ҳамманг гаровдасан! Агар йигитларимизни уч кун ичида қўйиб юборишмаса, ҳаммангни итдай отиб ўлдирамиз! Ҳеч кимни тирик қўймаймиз!

 

***

 

Бир соатлардан сўнг бизни турта-турта ташқарига олиб чиқишди. Шундагина билдимки, мен экин майдони деб ўйлаган жой аслида атрофи ўрмон билан ўралган катта бир майдон экан. Ўртада брезент билан ўраб ташланган машина турарди. Ҳамма йўловчиларни ўша машинага тиқишди.

Биз машинада то қоронғи тушгунча йўл босдик. Бир маҳал машина тўхтаб ҳаммани пастга сакрашга ундашди. Қарасам, дарё бўйидамиз. Қирғоқда улкан кема чайқалиб турибди. Ўша кеманинг ертўласига қамашди. Ичкари қоронғи эди. Қандайдир ёқимсиз ҳид димоғни ачиштирарди. Фақат бир нарсагина менга таскин берди. Қўлларим бойланмаган.

— Қани, ҳамма эркаклар бир жойга тўплансин! — дея кимдир қўлида шам ёққан ҳолда қичқирди.

— Ҳа, нима гап? — эркаклар аста-секинлик билан унга яқин келишди.

— Шундай ўтираверамизми? — сўради эркаклардан бири. — Келинглар, қўлимизда бор нарсаларни олиб уларга қарши курашайлик!

— Ҳа, курашасан. — тўнғиллади кимдир. — Отиб ташлашади ҳаммамизни.

Эркаклар чўнтакларидан айтарли қўлга илинадиган нарсалар топа олишмади. Кимдир ручка, кимдир ёндиргич… Шунга ўхшаш арзимас нарсалар…

Агар менга қўйиб беришса, шу арзимас буюмлар ёрдамида ҳам одам ўлдира олардим. Ҳатто, туфли пошнасидан ҳам ҳаёт учун хавфли қурол ясаса бўлади. Буни бизга курсда эканимизда обдон ўргатишган.

— Тўхтанглар, — охири сабрим чидамай орага қўшилдим. — Аёлларда қуролга ярайдиган буюм бўлиши керак.

— Э, уларда нимаям бўларди?

— Соч қистирадиган… Ҳа, айнан ўша керак бўлади.

Ҳеч кимдан садо чиқмагач, кураш тактикасини хаёлан ишлаб чиқа бошладим. Агар мен ҳаракат қилмасам, бу ердаги эркаклар ҳеч нарса қила олишмасликларини сезиб турардим.

Олдинига хонанинг ҳар бир тешик-ковагини ўрганиб чиқдим. Сўнгра қуролга ярайдиган ҳар қандай буюмни топиш керак…

— Ўртоқлар, ҳозир турган еримизда шовқин кўтарамиз. — дедим эркакларга. — Ўзимизни худди муштлашаётгандек кўрсатамиз. Бу бизга фойда бериши аниқ.

Йўқ, яна ҳеч кимдан садо чиқмади. Чамаси, ҳамма ўз жонини асраб қолгиси келарди. Мен бўлсам, шу ўтирганимча, ўндан ортиқ режалар тузиб чиқдим. Барибир ҳафсалам пир бўлаверди. Ёнимдагилар қанча ундамай, сира унашмасди. Уларга мана шундай тинч ўтириш қимматлироққа ўхшайди…

Орадан қанча ўтди, билмайман. Бир маҳал ертўла қопқоғи очилиб бандитлардан бирининг боши кўринди.

— Вей, ўзларинг ҳақингда радиодан гапиришяпти! — қичқирди у. — Эшитиб кўрасанларми?

Шундай деб радиони ичкарига ташлади. Ростдан ҳам радио орқали йўловчилар ўғирланганлиги ҳақида эълон берилар, ким уларни кўрган, ё эшитган бўлса, милицияга хабар беришлари сўраларди.

— Эшитдиларингми? — сўради бандит. — Энди сенлар машҳурсанлар!

— Ундан кўра овқат берсаларинг бўларди. — деди пастдагилардан кимдир.

— Овқат?.. Балки, пешонангдан отилгинг келаётгандир? Қани, ёруғроқ жойга кел-чи! Кимсан ўзи?

— Бормасам нима қиласан?..

— Ие, вой итдан тарқаган!.. Ҳозир кўрсатиб қўяман!..

Ана энди ўзингиз ўйланг. Автомат нима учун олиб юрилади? Душманни ўзига яқинлаштирмаслик учунми? Худди шундай. Бандитлар эса, уч кишилашиб жонҳолатда пастга — оломон орасига сакрашди. Эркаклар бўлса, қоронғиликда уларни урмоқчи бўлиб қўл силташар, бироқ шу заҳоти пешоналарига келиб тушган кучли зарбдан ерга қулашарди…

 

***

 

Барибир йўловчилар бу курашда енгилди. Уч киши оламдан ўтди. Мен… Йўқ, мен орага қўшила олмасдим вақтинча. Аввал пухта режа тузиб олмасдан туриб уларга ташлана олмасдим… Бандитлар эса, шу воқеадан сўнг ҳаммани алоҳида-алоҳида каюталарга қамашди. Мана шуниси менга маъқул эди. Ҳарқалай, бемалол, жимжитликда ўтириб, режалар тузиш мумкин…

Хўш… Бошланишига бандитларнинг юзларига тик боқиб кўрдим, ҳаракатларини, феъл-атворларини ўзимча ўргандим. Йўқ, улар ўлимдан ўлгудек қўрқишади. Шунинг учун ҳам гаровдагиларни қаттиққўллик билан, қурол ёрдамида ушлаб туришибди. Ҳеч қачон яккама-якка кураша олишмайди. Фақат… Менга алам қиладигани шу эдики, кимдир тақдирингни ҳал этиб турса, кимларгадир вассал бўлиб қолсанг, даҳшат экан. Бунақаси кетмайди. Бу аблаҳлар бизни гаровга олишдими, энди уларни мен гаровга оламан. Ролимизни алмаштирамиз. Ҳар тун улар бирма-бир, овоз чиқармасдан жон бера бошлашади. Бу ҳақда ҳеч ким билмай ҳам қолади. Ҳар тун улар ўзларича фол очиб, бугун ким ўлиши муқаррарлигини чамалаб чиқишади.

Шу аҳволда икки кун операцияни қандай амалга ошириш ҳақида бош қотирдим. Бошланишига кунлаб тўшакка ўранганча жим ётавердим. Қўриқчилар менинг бу одатимга кўникишлари керак эди. Улар аччиқланганларидан мени бир-икки маротаба яхшилаб калтаклашди. Ўзгариш бўлмагач, тўшакни буткул тортиб олишди. Қўлларимни эса, кишанлаб, каравот темирига бойлаб ташлашди. Мен навбатдаги операцияга ўтдим. Энди ташқаридан мўралашганда, каравотда мени эмас, оддий шолчани кўра бошлашди. Орадан бир кун ўтиб ётган еримда ҳожатга чиқдим. Бу ҳам олдиндан ўйланган эди. Каютани шу қадар сассиқ ҳид қопладики, қўриқчилар умуман ичкарига кирмай қўйишди. Менга мана шуниси керак. Энди мана шу каютадан билдирмайгина чиқиб олсам бас. Ҳар бир бурчакни синчиклаб текширдим. Ойнадангина чиқиб кетса бўларкан. Олдин кишанларни бу ерга олиб киришмасдан бурун ўзим топиб қўйган ингичкагина сим ёрдамида осонлик билан ечиб олдим. Бундан ҳам кўнглим тўлди. Буёғига истаган пайтда ўзимни кишанлаб, ҳеч нарса кўрмагандай ётишим, истаган пайтда ечиб ҳаракатланаверишим мумкин…

Ойна кўринишидан жуда тор эди. Фақат бошгина сиғиши мумкин. Аммо мен курсда буни ҳам ўзлаштирганман. Бизни етти-саккиз яшар бола ҳам сиғиши мумкин бўлмаган тешиклардан сирғалиб ўтишга ўргатишган. Бунинг учун гавдани шу қадар буклай олиш зарурки, худди қоғоз буклангандай текис, юмалоқ ҳолатга келишингиз керак.

Биз курсда аввал мушукларни жуда тор тешиклардан ўтишга мажбурлаганмиз. Шу йўл билан уларнинг ҳаракатларини, ўтиш усулларини ўзлаштирганмиз. Кейин ўзимиз буни амалда синаб кўрганмиз. Шу ишни қилмасак ҳам бўлмасди. Агар бажармасанг, на тушлик, на кечки овқат, на нонушта берилади. Оч-наҳор қолиб кетаверасан…

Ойнага яқин бориб ечиндим. Сўнгра дераза қирғоқларини тупугим билан ҳўллаб бошимни суқдим. Бошим ўтади. Энди танамнинг қолган қисмларини ўтказа олишим керак бўлади. Елкамгача ташқарида қолгач, танамни айланма ҳаракатга келтира бошладим. Ҳа-а, курсда бундай тешиклардан осонгина ўтиб кета олардим. Йиллар ўтиб, бироз ёғ босибди танамни. Ана, ташқарига чиқиб олдим. Худога шукр. Асосий ишга ўтсам ҳам бўлади…

Биринчи бўлиб бандитларнинг алоқачисини ўлдирдим. Ярим тунда радиосини ковлаштириб ўтирган экан. Эшиги очилиб қаршисида қип-яланғоч, совуқдан кўкариб кетган одам пайдо бўлганини кўриб кулди.

— Қушдай енгил бўлсинлар! — деди у ва ўрнидан турди. Мен ана шу қулай фурсатдан фойдаланиб унга унчалик кучли бўлмаган зарбани йўлладим. Алоқачи ҳушдан кетди. Уни шу аҳволда курсига ўтқаздим-да, полда ётган симни олиб бир учини розеткага тиқиб, иккинчи учини алоқачининг қулоғига яқинлаштирдим. Ҳозирги вазиятда умуман виждоним қийналмасди. Чунки, мен ҳам бошқалар сингари гаровдаман. Эртами-кечми, ўлдириб юборишлари ҳеч гапмас.

Сим қулоғига тиқилгач, у ток таъсирида силкина бошлади. То жони чиқмагунча симни суғуриб олмадим.

Жасадни секингина полга авайлаб ётқизгандан кейин симни ичи очиб ташланган ускуна ичига жойлаб бир учини розеткага тиқилган кўйи қолдирдим. Энди кирган шериклари ток уриб ўлибди деган хаёлга боришлари тайин. Кетаётиб ичкаридан ўзимга мос костюмни ҳам қўлтиқлаб олдим. Қайтадан ойна орқали каютамга кирдим-да, қўлларимни кишанлаб жойимга ётдим.

Эртасига ташқаридан келаётган зардали товушлар қулоғимга чалинди.

— Кечаси радио ковлаштириш ўрнига ухлаш керак. — дерди бандитлардан бири шерикларига. — Ана, ўзига ўзи қилди…

Шу кундан эътиборан ҳар бир тун бандитлар учун даҳшатли кечадиган бўлди. Тун ўтдими, эрталаб мурда, эртасига яна шу ҳол такрорланаверди…

Кўрсатиб қўяман уларга!..

 

* * *

 

Эртаси куни мен тунда шошилмасдан юқорига чиқдим. Экипаж командири бахтимга тунги чироқларни ёқмабди. Қолаверса, эгнимдаги алоқачининг костюми мени танишларига йўл бермайди.

Секин трап орқали пастга тушдим. Каюталардан бирининг эшиги очиқ эди. Эҳтиёткорлик билан ичкарига қулоқ тутдим. Хайрият, бу гал ҳам омадим чопди. Каравотдаги бандит астойдил хуррак отарди. Оҳиста қадам ташлаб каравот тепасига келдим. Не кўз билан кўрайки, ертўлада эканимда мени тасодифан муштлаб юборгани экан. Хўш, қасосимни олайми ҳозир? Йўқ, қасос олиш ниятим йўқ эди. Ожизлик деган нарсадан аллақачонлар халос бўлганман. Ўлдиришим истакдан ҳам эмас. Шу нарса ҳозир жуда зарур.

Бандит, чамаси, маст шекилли, бир ағдарилиб нариги ёнбоши билан ётди. Бу менга уни ўлдириш учун яна бир қулайлик яратди.

Мен кўрсаткич бармоғим билан унинг уйқу томирини босдим. У бирдан уйғониб кўзларини очди. Нимадир демоқчи бўлди. Бироқ улгурмади. Кўзлари қайтадан юмилиб, товушсиз жон берди.

Эртасига бандитлар иккинчи мурдани сувга улоқтиришди.

— Ичишнинг оқибати шунақа бўлади! — бақиришарди қолганлари уёқдан-буёққа чопиб. — Камроқ ичса, ўлмасди ярамаслар! Хўш, кечга бориб гаровдагиларни текшириб кўринглар! Қуролларни тозаланглар! Дам олиб ётганларинг етар!..

Бу буйруқ мен учун ҳам муҳим эди. Шу баҳонада учинчи жасадни сувга улоқтиришлари керак бўлади…

 

* * *

 

Шу кунданоқ бандитлар типирчилаб қолишди. Улар қаторасига икки шерикларини ўлдирган душманни қидиришарди. Агар эртага ҳам учинчи мурдани сувга ташлашса, душманни кемадан эмас, қирғоқдан излай бошлашади. Бунга шубҳам йўқ.

Бу гал мен каютамдан эрта тонгда чиқдим. Билардим. Бандитлар барибир кўз юмишмайди.

Ўзимга керак бўлган каютани қийналмай топдим. Ўлдирилиши лозим бўлган бандит ғирт маст ҳолда столга бош қўйганча ухларди. Ёнида тўппонча ётибди. Мана шу тўппонча мени қизиқтирарди. Секин бандитнинг тепасига келдим-у, елкасига қўл ташладим.

— Вей, кўзингни оч! — дея қулоғига шивирладим.

У шошиб кўзини очди-ю, тўппончани олиш учун қўл узатди. Лекин тўппонча аллақачон менинг қўлимда эди. Чўзилган қўлини маҳкам қисиб олдим ва зарур томирини топдим. Бир дақиқага яқин шу тахлит ушлаб турганимдан сўнг у ҳушини йўқотиб шилқ этганча бошини столга қўйди. Мен эпчиллик билан полда ётган латтани олиб тўппончанинг оғзини ёпдим ва бўйнига қарата икки марта ўқ уздим. Тўппончани қон оқа бошлаган томоғи остига яхшилаб жойлаштириб қўйдим.

Курсдалигимда юқорига сакраб чиқиш, ойнадан сирғалиб ўтиш машқини ўн сонияда бажара оладиган бўлганман. Бу энг яхши кўрсаткич эди. Ҳозир эса, ўқ овозини эшитиш насиб қилган бошқа бандитлар то каюталаридан югуриб бу ерга киргунча анча вақт ўтади. Демак, мен ўз каютамга киришга бемалол улгураман.

Кутганимдек, зум ўтмай, бандитлар эшикни бир-икки тақиллатишди-да, бирдан ичкарига ўзларини уришди. Мен секин ўзимни панага олдим. Кирганлар, шубҳасиз, столга бош қўйганча қонига беланиб ётган шерикларини кўришди…

Шу лаҳзаларда умримда биринчи маротаба бироз ўзимни йўқотгандим. Нима қилай? Қандай йўл тутай? Шу туришида унга ўқ ҳам уза олмайман. Агар муштлашишга ўтсам, қолганлари ҳам етиб келишади.

Бир қарорга келишим учун бир сониядан ҳам камроқ вақт керак эди. Ҳозирча анави хаёлини бир жойга йиғиб улгурмасдан, миямда ундан халос бўлишнинг бир неча ўнлаб вариантларини ишлаб чиқдим. Аммо биронтаси ҳам тўғри келмасди. Тўғри, уни ҳам бошқалари сингари ўлдирсам бўлади. Фақат бу ишим ўзим учун қимматга тушишини сезиб турибман. Йўқ, таваккал қиламан.

Мен мажбуран табассум қилиб уни ичкарига чорладим.

— Киравер! Бизни қўлга туширишларига сабабчи бўласан!..

Бандит ичкарида мендан ташқари яна кимдир бор деб ўйлади шекилли, қизиқиши ортиб секин остона ҳатлади.

— Эшикни ёп! — дедим унга.

У эшикни ёпди.

Буёғига қандай йўл тутишни ўзим яхши билардим.

«Меҳмон» жуда яхши тайёрланган хилидан экан. Зарба туфайли ҳушини йўқотгач, бир неча сония ичида яна ўзига келди. Кўзларини очиб ён тарафига боқди. У ерда шериги кўзлари юмиқ ҳолда ётарди. Даҳшатга туша бошладими, бошини бошқа ёнига бурди. Мен унга тўппонча ўқталганча жилмайиб турардим.

Йўқ, бандит бошқа ҳеч нарса кўрмади. Улгурмади. Мен тепкини босдим. Ўқ унинг бошини тешиб ўтди.

Энди ҳаракатни кучайтирмасам бўлмасди.

Ана, йўлакда қадам товушлари эшитиляпти.

Жонҳолатда стол устига сакраб чиқдим-да, ойнадан сирғалиб ташқарига чиқиб ўзимни пастга ташладим. Афсуски, денгизга бошим билан шўнғидим. Барибир яхши. Бандитлар мени илғаёлмай қолишди. Улгуришмади.

Сувдалигимни кўриб қолмасликлари учун эҳтиёт шарт кема остига сузиб кирдим. Якоргача сузиб бордим-у, юқорига кўтарилдим.

Кемадаги ҳар бир бурчак ёдимда муҳрланиб қолганди. Ўз каютамни қийналмайгина топиб ойна орқали ичкарига кирдим…

***

 

Танам маълум муддатдан кейин сал бўшашгач, миямни соғинч ва алам ҳисси қайта чулғай бошлади. Кўз ўнгимда ўзим туғилиб ўсган қишлоқ, ориқ-семиз, узун-қисқа одамлар гавдаланди. Улар орасида ота-онам, яқинларимгина кўринмасди.

Одамлар мен томон нафрат аралаш боқишарди ва бараварига қўлларини олдинга чўзиб мени қарғашарди.

Хўрлигим келди.

Ахир, мен ватанимни ҳимоя қиляпман, шу қора-кўзлар тинч яшаши учун жонимни жабборга бермоқдаман. Нега улар мени қарғайверишади?..

Қуриб кетсин! Агар қарғишга арзирли хатога йўл қўйган бўлсам, майли, қарғишлари ура қолсин, худойим!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here