ЖОСУСЛАР… (15-қисм. ИККИНЧИ ФАСЛ)

0

 

 

* * *

 

Кундуз соат 16: 15. Мен ҳамон қудуқда ўтирганча қия очиқ жойдан қўриқчининг ҳаракатларини кузатаяпман. У «УАЗ» автомашинаси ёнида тўхтади. Секин эшикни очди-да, рулга ўтириб моторга ўт қўйди ва жўнаб кетди. Қизиқ… Кузатишда давом этаман.

16: 50 дан 17: 20 гача машинага ёқиғли қуйиш билан банд бўлди.

18: 05 да тафтишчилар худди шу машинага қандайдир ускуналарни юклашди. Албатта, бу вақтда бегона кўзлар уларни кузатиб туришибди. Лекин кузатувлар тафтишчиларни қизиқтирмай қўйганга ўхшайди. Очиқчасига ўйин бошлашди.

18: 20 дан 23: 00 гача машина шаҳар бўйлаб кезиб юрди. Ниҳоят 23: 05 да ўз жойига келиб тўхтади. Энди мен тахминан ўттиз сониялар кутишим керак.

Роппа-роса соат 23: 36: 15 да қопқоқни кўтариб бир четга сурдим ва секин ташқарига чиқдим. Мақсадим ўзимга аниқ. Тафтишчилар билан буёғига юзма-юз иш олиб бораман. Аммо улар мени кўришмайди. Сабаби, ниқобдаман. Фақат кўзларимгина очиқ қолган. Фақат бир нарсани билишадики, уларга буйруқлар юбораётган одам афсонавий эмас, спортчиларга хос қоматга эга бўлган бир кимса…

Оҳиста машинага яқин бориб остки қисмини кўздан кечира бошлади. Шу пайт ичкарида ўтирганлардан бири эшикни очди-да, менга қўл узатди. Тамом, мен тафтишчилар билан очиқ алоқага киришдим деб ҳисобласам бўлади! Улар менга ёрдам беришади энди!

— Чапга қайрилгач, Шимолий шоссе бўйлаб юз чақирим юрамиз! — буюрдим мен ҳайдовчига машина ўрнидан қўзғалгандан сўнг. — Фақат тўхтамасдан юрасан!..

Ҳайдовчи елка қисганча буйруғимни маъқуллади.

 

* * *

 

— Текшириш ишларидан кўнглим тўлмади. — дедим уларга. — Яна икки кунга чўзишга тўғри келади.

Тафтишчилар ялт этиб мен томонга қарашди. Кўринишидан улар текширувни давом эттиришга рози эмасди. Ҳаммалари яқин орада нафақага чиқиш арафасида. Ана шунинг учун ҳам ҳаётларини ортиқча хавфга қўйгилари келмасди.

— Сиз ўз вазифангизни суистеъмол қилаяпсиз. — деди ниҳоят улардан бири. — Текширувни чўзишга ҳаққингиз йўқ.

— Ҳаққим бор. — жавоб қилдим мен. — Чунки, ҳаммасига мен жавобгарман.

— Йўқ, текширув 48 соат қилиб белгиланганди. Муддат тугади.

Нимаям қилардим? Мундоқ олиб қараганда, уларнинг фикрига қўшилгим ҳам келарди. Сабаби шуки, умрларида кўрмаган раҳбар уларга аҳмоқона буйруқ бериб турибди. Танимаган одамга қандай ишонишсин? Ким ҳам рози бўларди?..

— Майли йигитлар, — дедим раҳбарларга хос оҳангимни ўзгартирмай. — Тушунаман. Мен ўз вазифамдан сал четладим. Лекин билиб қўйинглар, мен хато қилишга ўрганмаганман. Менга сизларнинг ёрдамингиз жудаям зарур.

— Бу бизнинг ишимиз эмас. — деди тафтишчилардан бири афтини бужмайтириб.

— Ахир, мен сизлардан ҳам кўра кўпроқ хавф остидаман! Сизлар балки охир оқибат мукофотдан, борингки, квартирангиздан айриларсизлар. Мен-чи? Ҳаётимни тикканман бу ишга. Биласизларми, ким айтади сизларни профессионаллар деб-а? Икки ҳафта қулоғингизга тепишди, алдашди, чалғитишди…

— Биз ўз ишимизни қилиб бўлдик. — жавоб қилди тафтишчиларнинг кичикроқ ёшдагиси.

— Шунақами? — мен секин кийимларим остидан тўппонча чиқардим. — Сизлар билан яхшиликчасига гаплашмоқчи эдим. Афсуски, буни тушунмадиларинг. Ўзларингдан кўринглар!

Шу заҳоти ҳайдовчининг белига тўппончани тирадим.

— Сен ортиқча ҳаракатларсиз иш тутасан!..

Ҳайдовчи бош ирғаб гапимни маъқуллади. Қолганлари эса…

Улар заррача қўрққанлари йўқ. Биламан, қўрқишмайди ҳам. Негаки, улар профессионал. Ўқ узмаслигимни жуда яхши билишади.

— Айтгандим-ку, — шивирлади ёш тафтишчи шеригини туртиб. — У жинни, ҳа!..

— Жинни мен эмас. — дедим унга қаттиқ тикилиб. — Ҳақиқатдан кўз юмадиганлар жинни. Майли, ён бераман. Ёрдам беришни хоҳламасаларинг, ҳеч бўлмаганда, ускуналарни менга бериб туринглар!

— Илтимос қилаяпти. — шивирлади бояги ёш тафтишчи.

— Бўпти, илтимос қилмайман. Талаб қиламан.

— Ускуналар жуда қиммат туради. — деди бошқаси.

— Ҳаёт ҳам қиммат туради.

— Нима, ростдан ҳам отиб ташламоқчимисан бизни?

— Албатта.

— Унга қулоқ солганимиз маъқул. — шерикларига уқтира бошлади ҳайдовчи. — Нега деганда, у аслида йўқ одам. Отиб ташлагани билан ҳеч нарса йўқотмайди. Уни биров қидириб ҳам, айблаб ҳам ўтирмайди. Буни, ахир, ҳаммангиз яхши биласиз!

Мен индамадим. Улар ҳам сукут сақлашарди. Шу лаҳзаларда ўзимни беихтиёр ёмон кўриб борардим. Ҳозирги қилган ишим учун ўзимни ўзим сира кечира олмаётгандим. Ахир, қайси аҳмоқ ўз ҳамкасбларига тўппонча ўқталади? Бу ғирт аҳмоқлик-ку!..

Тўппончани оҳиста чўнтагимда солдим. Бу ишим ҳайдовчини хурсанд қилди шекилли, кутилмаганда хохолаб кулиб юборди.

— Эҳ, сиз, — деди у кўз қисиб. — Бекор тўппончани тортиб олдингиз. Бусиз сизга ускуна бермаймиз-ку!..

Унинг ҳазилига мен ҳам, бошқалар ҳам жўр бўлиб кулдик.

— Бўпти, кўндирдинг. — дея чуқур оҳ тортди ниҳоят ёши улуғ тафтишчи. — Ускунани берамиз. Фақат уч кунга. Агар тўртинчи кунга ўтиб кетса, қурол ёрдамида ускуналаримизни тортиб олганинг ҳақида раҳбариятга рапорт ёзамиз. Бошқачасига ёрдам бера олмаймиз.

Иккинчи тафтишчи рухсат сўраб ҳам ўтирмай, ускуналар жойланган қутини очди.

— Мана бундай ёқасан, — тушунтира кетди у. — Мана бундай ишга туширасан. Жуда эҳтиёт бўлишинг керак. Блоклар нозик. Паролни ўзинг ўйлаб топасан.

Мен соатимга қарадим. Учдан ўн беш дақиқа ўтибди. Машинани орқага буришга буюрдим. Шу кўйи ўн беш дақиқалар чамаси йўл босгач, ўзим танлаган канализация қудуғи рўпарасига етганда тўхтатдим. Ва ускуналар жойланган қутини олиб машинадан тушдим.

— Оқ йўл! — дедим кулиб уларга.

— Бизнинг йўлимиз шундоқ ҳам оқ. — киноя аралаш жавоб қилди тафтишчиларнинг бири. — Уч кун муддат эсингдан чиқмасин!..

 

* * *

 

Афсуски, ишни бошқатдан бошлашим керак. Қўриқланаётган объект деразасига боқаман. Мен жойлашган ердан ўн беш метрлар нарида. Мана шу масофадан туриб мен ўз олдимга қўйилган вазифани адо этишни бошлашим зарур. Бироқ кўзга ташланмасдан. Объектда, биламанки, микрофонлар ўрнатилган. Камералар ишлаб туради. Худо кўрсатмасин, уч марта башарам камера орқали мониторда кўринса, тамом, иш пачава. Ютқазаман.

Хўш, кўринмаслик, пайқамасликлари учун нима қилсам бўлади? Ҳа, юз тузилишимни ўзгартираман. Яхшиси… Аёл қиёфасига кирсам-чи?.. Эҳ, бу фақат кинолардагина осон кечади. Ҳаётда эса, жуда мушкул иш. Аёл қиёфасига кириш учун энг аввало ҳеч кимда шубҳа уйғотмайдиган кийим, пойафзал, соч, турли бўёқлар топиш лозим бўлади. Бундан ташқари, юриш туришинг ҳам аёлларники каби бўлиши шарт. Катта кўчада кетаётиб бегона эркакларга кўз сузишни билишинг, транспортда кетаётганда аёлларга жой бўшатмаслигинг керак. Ана шундагина сени сезмасликлари мумкин. Ана шундагина ўз олдингга қўйилган вазифани уддалай оласан.

Мен таваккал қилдим. Дўкон кезиб ўзимга мос аёллар кўйлаги, бўёқлар сотиб олдим. Ва шаҳардаги эркаклар ҳожатхоналаридан бирининг кабинасига беркиниб олганча тайёргарлик кўра бошладим. Юзларимга ишлов бердим. Киприкларимни бўёқлар ёрдамида узайтирдим, қошларимни тердим. Ана энди бемалол ташқарига аёл қиёфасида чиқаверсам ҳам бўлади. Энди қурол масаласини ҳал қиламан.

Нон дўконига кирдим-да, узун батон сотиб олдим. Ичини ёриб юмшоқ жойларини олиб ташладим ва орасига газ тўлдирилган баллончани жойлаштирдим. Бу газни ўзимни қизиқтирган квартира ойнасига отишим керак. У ерда микрофонлар, камералар жойлашган. Агар газ ойнага бориб урилса, ҳеч нарсани кўриб бўлмай қолади. Ойна бўялиб кетади.

Бу ишни ҳам қойиллатгач, ўзим учун зарур бўлган овозларни эшитиш имконини берувчи ускунани қаерга ўрнатиш ҳақида бош қотира бошладим. Агар кимнингдир деразасига ўрнатсам… Йўқ, тўғри келмайди. Ким ҳам ичкарига кириб деразага қандайдир ускуначани ўрнатишга рухсат берарди. Том-чи? Бу ер ҳам маъқул эмас. Ҳозирги ёшлар учрашиш учун одатда томни танлашади. Гумонсирашлари аниқ. Ҳа, бошқа йўли бор…

Яна дўконга кирдим ва радио сотиб олдим. Ичини очиб баъзи қисмларини олиб ташлаб ичига ўша ускунани ўрнатдим. Сўнгра подьездлардан бирига кириб биринчи қаватдаги квартирани тақиллатдим. Эшикни ўрта яшар бир аёл очди.

— Кечирасиз, — дедим чиройли қилиб ўралган халтачани унга тутқазарканман. — Сизларга «посилка» жўнатишибди. Олиб қўйсангиз!

Аёл қўлимдаги радио жойланган халтачани олгани ҳамоно ортга қайтдим. Ана энди иш сал юргандек бўлаяпти. Э, бу халтачани ахлатга ирғитмасликлари аниқ. Уларга нима кераги бор бу ишнинг. Квартиранинг қайсидир бурчагига ташлаб қўйишади, вассалом!..

Энди навбатдаги ишга ўтсам ҳам бўлади. Яъни, ўзим қидираётган шахсни қидираман. У кўриниши билан бошқалардан сира фарқ қилмайди. Биз ташкилотдагилар учун махсус одам ҳисобланса-да, бу ердагилар учун оддий бир яшовчи. Ҳар куни сутга, нонга чиқади, ҳовли айланади…

Қўлимдаги эшитиш ускунасини ишга солдим. Оҳ, ўзимга керак бўлган илк товушни эшитдим.

— «Тафтишчиларни охиригача кузатинг!..»

— «Кузатувчини қидириш бас қилинсин!..»

Ҳа, демак, мен қидираётган одам тафтиш ўтказилишини олдиндан билган. Шунинг учун ҳам буйруқлар бераяпти.

Қолаверса, мен тафтишчилар қолдирган ускуналар қутиси ичидан ўзимга жуда-жуда муҳим бўлган контейнерни топдим. Бу оддий танга кўринишида эди. Контейнерни ҳам бизнинг ташкилот эмас, тафтишчилар тайёрлашган. Эҳ, бу шу қадар қимматлики, мен қидираётган одам керак бўлса, менинг бошимни ҳадя қиларди тафтишчиларга. Лекин қўлга киритарди. Демак, бу гал ҳам менинг омадим чопди…

Бахтга қарши, хурсандлигим узоққа чўзилмади. Уйга яқинлашиб келганимда, негадир юрагим ғаш тортди. Хаёлимда кимдир мени кузатаётгандек бўлаверди. Балки, қўрқаётгандирман? Йўқ, ҳозир таваккал иш тутиб бўлмайди. Қўлимда муҳим товуш ёзилган тасма. Ундан ҳам муҳимроғи, танга. Ҳамма гап ана шу тангада. Мен уни эсон-омон ташкилотимизга етказишим лозим. Лекин шартта кетиб юборишни ҳам истамасдим. Мени кузатишаяптими-йўқми, барибир аниқлашим шарт. Эҳ, кошкийди, ёнимда биргина ёрдамчим бўлса! Ўшани жўнатган, текшириб кўришга ундаган бўлардим. Афсуски, мен ўзим ёлғизман. Жўнатсам, фақат ўзимнигина жўната оламан. Бироқ мен уйга соғ-саломат қайтишни хоҳлайман. Тўхта, милиционерларни ишга соламан! Ҳа, айнан ўшаларгина текшириб бера олишади менга…

Шоша-пиша телефон будкасига кирдим-да, «02» рақамини тердим. Гўшакни, чамаси, навбатчи милиционер кўтарди.

— Алло, мана шу манзилда пичоқлашаяпти бир-бирларини! Ҳа, беш киши! Биттасини сўйиб бўлишди! Тез етиб келинглар! Вой-дод!.. Тезроқ! Ўлдиришаяпти!..

Милиционерлар йигирма дақиқадан сўнг етиб келишди. Лоқайдликни қаранг, ахир одам сўйиб қўйилгани ҳақида хабар берилди уларга! Йигирма дақиқа ичида яна қанча одам ер тишлаши мумкин эди!..

Менинг эътиборимни тортган нарса шу бўлдики, уч нафар милиционер подьездга киришлари билан орқаларидан беш чоғли тасодифий йўловчи кириб борди. Ўтган бўлса, орадан уч-тўрт дақиқа ўтди-да!.. Бешовлон уччала милиционерни ҳам кўз очиб юмгунча қуролсизлантиришди. Уларнинг ҳушсиз таналарини ўзлари келган машинага юклашди-ю, жўнаб қолишди. Ана шундан кейингина нега юрагим ғаш тортганини англадим. Агар милиционерларни чақирмай, ўзим таваккал иш тутганимда, ҳозир милиционерларнинг ўрнида мен расвога айланган бўлардим. Негаки, ўша беш нафар кимса, менинг изимдан тушган ҳақиқий профессионаллар эди.

Хайрият, иш осон кўчди. Мен ҳарқалай, хавфдан халос бўлдим. Энди жўнаб кетмасам бўлмайди. Йўқ, эски йўллардан воз кечаман. Гарчи юзимдан танишмаса-да, барибир эҳтиёт чорасини кўрганим маъқул.

Мен эгнимдаги аёл кийимларини ечиб, юзларимдаги бўёқларни йўқотиб ташладим. Мана, қайтадан эркакка айландим. Шу кўринишда автобусга ўтирдим-да, шимол тарафдаги аэропортга йўл олдим. Етиб олгач эса, самолётга ўтираман-у, Москвага жўнайман…

Эссиз, йигитлар, кечикиб қолдиларинг! Буёғига сизларда ҳеч қандай имкон йўқ. Хуш қолинглар!.. Ҳа, бу ўйинда сизлар ютқазиб қўйдиларинг! Энди фақат мен тасодифан аварияга учраб, ё бошқа бир кутилмаган сабаб билан ўлсамгина, енгил нафас олишларинг мумкин. Мен ҳам бу бахтсиз ҳодиса юз бермаслиги учун ҳаракат қиламан. Светофорнинг яшил чироғи ёнгачгина кўчани кесиб ўтаман. Хуллас, мени кутинглар! Яқин орада юзма-юз учрашиб қолишдан умидворман!.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: