ЖОСУСЛАР… (17-қисм. ИККИНЧИ ФАСЛ)

0

 

 

* * *

 

Шу кеча кемадаги бандитлар деярли ухлашмади. Улар маст-аласт аҳволда сўкиниб уёқдан-буёққа юришарди. Каютамни сигарет тутуни босди. Одамлар туни билан бурчак-бурчакларда тўпланишиб, ўзларича нималарнидир муҳокама қилиб чиқишди. Менга эса, мурдалар сонини яна биттага кўпайтириш қолди. Шундан сўнг ҳаммаси тугайди. Вазифамни аъло даражада бажаришим аниқ. Шу аснода бир нарсага ҳайрон қолардим. Бандитлар бунчалар сабрли бўлишмаса!.. Ҳамон чидашяпти. Агар каттасининг ақли бўлганда, бутун кемага ёғми, шунга ўхшаш нарса суртиб чиққан бўларди ва шунинг ёрдамида мени топарди…

Бешинчи одамни палубада тинчитишим керак эди. Шунча шовқинлардан сўнг каютага кириб бориш хавфли туюлди. Чунки, бандитлар энди ёлғиз қолишмаяпти. Камида икки киши бўлиб ўтиришибди.

Каютам ойнасидан ташқарига жуда осонлик билан сирғалиб чиқдим. Фақат… Ўтган гал чиқаётиб биқинимни қаттиқ яралаб олган эканман. Ана шу яра бироз ачишиб оғриди.

Асабларим тобора таранглашиб борди, палубада узоқ вақт туриб қолиш мумкин эмаслигини сеза бошладим.

Орадан ўттиз дақиқа вақт ўтди. Эндигина кетмоқчи бўлиб турганимда, кўзланган ўлжа ўз оёғи билан келиб қолди. Ажал шунақа. Бехосдан чақиради. Қандай қилиб унинг домига тушиб қолганингни ўзинг ҳам билмай қоласан.

Унинг мен яшириниб турган жойдан ўтиб кетишини пойлаб турдим-да, орқасидан юрдим. У, шубҳасиз, менинг нафас олишимни эшитиб орқасига ўгирилди.

— Кимсан? — сўради у сал безовталанган оҳангда.

— Юқорига қара! — буюрдим кўрсаткич бармоғимни осмонга қаратиб.

У ўйлаб кўришга ҳам улгурмади. Буйруққа ўрганган эмасми, дарҳол бошини кўтариб осмонга боқди. Бу орада мен томоғига бармоғимни йўлладим. Бандит шу заҳоти ерга қулади. Мен жасадни шошилмасдан бир бурчакка ётқиздим-у, хотиржам ўз каютамга йўл олдим.

 

* * *

 

Тунда яна бир бор разведка қилишни лозим топдим. Бугун навбатдаги жасад ким ва қаерда бўлишини шу разведка натижасида аниқлайман. Бунинг учун машина бўлими, палуба ва юк сақлаш хонасини танладим.

Қизиқ, бортга кўтарилиб ҳайрон қолдим. Ҳаммаёқни сукунат қоплаган. Гўёки кемада ҳеч ким йўқдек. Наҳотки, бандитларнинг сабр-тоқати шу қадар кучли бўлса? Ҳечқиси йўқ. Мен барибир шу кеча уларни кўраман. Бунга ишончим комил. Шундай ваҳимага солиб қўяйки, туғилганларига пушаймон бўлишсин.

Кемада бир соатга яқин бекитиқча айланиб атрофни кузатдим. Хайрият, бандитлар шу ерда экан. Ана энди ўзларидан кўришсин. Нима қилиб бўлса ҳам олтинчи мурдани албатта уларнинг ихтиёрига топшираман.

Ҳарқалай, узоқ кутдиришмади. Йўлак бўйлаб кимнингдир қадам товушларини эшитдим. У узун-узун эснаганча мен томонга яқинлашиб келарди. Ҳозир менга унинг кимлиги барибир эди. Хоҳ бандит бўлсин, хоҳ матрос. Уларнинг бари бу кемада битта бўёққа бўялгандек…

«Ўлжа» уйқусираганча ҳожатхонага келаётган экан. Ўтказиб юбориб секин орқасидан кирдим. Бу ер ўлдириш учун жуда қулай.

Остонада кута бошладим. Ҳеч қанча ўтмай у кийимларини тўғрилаган кўйи ташқарига йўл олди. Бу гал ҳам курсда ўрганган усулларимдан бирини қўллаб, кўрсаткич бармоғимни томоғига йўлладим. Эҳ, бу галги ишим анчагина самарали бўлди. Шўрликни кўтариб қаергадир жойлаб ҳам ўтирмадим. Ўзи секингина кираверишга ётди-ю, жон берди. Мен бўлсам, овоз чиқармасдан ўз каютамга йўл олдим.

 

* * *

 

Афсуски, орадан бир кун ўтиб кўзлаган мақсадимга ета олмадим. Эндигина палубада пайдо бўлганимда, бирдан прожектор ёқилиб кўзларим қамашди. Ҳали ўзимни ўнглашга улгурмай, кимнингдир орқамда турганини ҳис этдим.

— Қимирлама! — деди овоз соҳиби ва биқинимга автомат тиради. Шу лаҳзанинг ўзидаёқ бошқа биттаси олд тарафимдан келиб қорнимга қурол тиради. Билдимки, бундай вазиятда ҳеч қаёққа қочиб кета олмайди одам.

Қаердандир учинчиси пайдо бўлиб чўнтакларимни пайпаслай кетди.

— Ҳеч вақоси йўқ! — деди у шерикларига

— Қани, юр! — буюрди орқадагиси. — Тез бўл!..

Мен беш-олти қадам олдинга юргач, кутилмаганда тўхтаб атайин акса урдим.

— Тўхтанглар, бурнимга нимадир кириб кетди шекилли! — дедим уларга.

Энгашмоқчи бўлганимда орқамда келаётгани орқа миям аралаш мушт туширди. Бунақанги кучли зарбага яқин орада рўбарў келмагандим. Шу заҳоти ҳушимдан кетдим.

 

* * *

 

Кўзимни очганимда омборга ўхшаш қоронғи бир хонада ётардим. Хонанинг деразаси ҳам йўқ. Фақат чироқ хира нур сочиб турарди. Қўл-оёқларим бойлаб ташланганди.

— Ҳушингга келдингми? — сўради менга таниш бўлиб қолган товуш эгаси.

Сездимки, бу ерда бир ўзим эмас. Ўша менга мушт туширган йигит қўриқлаб турибди.

Секин кўзларимни очдим. Йўқ, хонада уч киши уч томонда қўлларида қурол билан қотиб туришарди.

Хўш, энди нима қиламан? Қўлга тушдим-тушдим. Буларнинг қўлидан осонликча қутулиб бўлмайди. Демак, қутулиш йўлини излашим керак. Қандай? Ҳа, кичик имкониятни ҳам қўлдан бой бермаслигим зарур. Йўқса, итдай ўлиб кетишим муқаррар.

Тепамдаги қуролли йигитга боқдим. Наҳотки?.. У мана шу ерлик Резидент эди!..

Ишонқирамасдан қайта-қайта унга тикилиб қарадим. Афсуски, ўшанинг ўзи бўлиб чиқаверди.

— Ҳа, бу мен! — деди у совуқ оҳангда худди хаёлимни ўқигандек. — Танидинг-ку ҳарқалай-а?

Ахир… Қаерда илакиша қолди бу нусха? Самолётга чиқаётганимда, кейинроқ неча маротаба кузатув олиб борганман. Ортимда ҳеч қанақанги «дум» кўринмаганди. Қолаверса, фамилиям, исмим, ташқи кўринишим, ҳатто, овозимгача буткул ўзгартирилган. Қандай таниди бу мени?

— Сен аҳмоқлик қилиб қўйдинг! — сўзида давом этди у. — Самолётни ҳеч ким олиб қочмаган. Ҳеч ким гаровга ҳам олинмаган. Бу бизнинг самолёт эди.

 

* * *

 

Маълум бўлишича, Резидент тайёрланаётган тафтишни олдиндан билган. Марказдан кимдир унга ўн олти кун аввал хабар бериб қўйган экан. У тафтишчиларнинг суратларини ҳам текшириб ўтирмаган, зарур ҳужжатларни ҳам титкиламаган. Ҳатто, улар қанчалиги билан ҳам қизиқмаган. Ўша марказдан хабар қилган одам унга тафтишчиларнинг мақсади ва етиб келиш муддатини айтган. Ана шунинг ўзи етарли эди. Ўзлари ўзларини танитиб беришган.

Хуллас, у шундай йўл тутган экан.

Тафтишчилар мени қолдириб йўлларида давом этишганда, Резидентнинг одамлари уларни чорраҳалардан бирида кутиб туришган. Машина қизил чироқдан ўтиши билан милиционер кийимидагилар негадир учта оддий енгил автомашинада орқаларидан келиб тўхтатишган.

— Тайёрланинглар, — дея шерикларига буюрган ёши улуғроқ тафтишчи. — Булар милиционерлар эмас. Балки, тўқнашишга тўғри келиб қолар.

— Ҳужжатларингни кўрсат! — узоқдан туриб бақирган милиционер кийимидагилардан бири. Шу аснода ҳайдовчи ўриндиқ остидаги автоматни олган-у, секин ойнадан бошини чиқарган.

— Командир, бу нимаси? — деган у автоматни ўқлаб. — Ҳужжатларимиз жойида.

— Бизни қизиқтирмайди. Кўрсат дейилдими, кўрсат!

— Мана техпаспорт! — дея ҳужжатни яқинлашиб кела бошлаган «милиционер»га кўрсатган ҳайдовчи.

Шу лаҳзада орқадаги машиналарнинг эшиклари очилиб ичкаридагилар ташқарига чиқишган. Яқинлашиб келгани эса, ҳайдовчининг пешонасига тўппонча тираган. Ана шундан сўнг сабр косаси тўлган ҳайдовчи эшикни шу қадар зарб билан очганки, натижада кучли зарбадан тўппонча тутган йигит ерга қулаган. Қолганлари ҳам барибир ўқ узишга улгуришмаган. Тафтишчилар анойи эмас. Улар кўз очиб юмгунча барчаларини асфальтга теп-текис қилиб ётқизишган-да, жонҳолатда моторга ўт қўйиб орқага қайтишган. Энди бирдан-бир йўл ўрмон ичкарисига кириб бориш эди.

 

* * *

 

Йўқ, улар шошилишмасди. Чунки, тафтишчиларнинг ҳам ўз усуллари, ўйлаб қўйилган режалари бор. Афсуски, бир нарсани ҳисобга олишмабди. Учинчи машинадагилар профессионал чиқиб қолишди. Қандай қилиб ўринларидан туришган, ҳеч ким билмайди. Тафтишчилар битта-биттадан машинадан тушишлари билан орқадан ўқдай учиб келиб уларга қарата ўқ уза бошлашган. Ёши улуғ тафтишчи биринчи бўлиб ерга қулаган ва қайтиб турмаган. Ҳайдовчи эса, машина ортига яширинган кўйи қувиб келганларни автоматдан ўққа тутарди. Унинг ўзи барчаларини ер тишлатди. Тафтишчилар энг аввало махфий жиҳозларни, қолаверса, ўз жонларини ҳайдовчининг кўмагидагина сақлаб қолишган.

Шундан сўнг иши ўнгидан келмаган Резидент хонасига қамалиб олганча бош қотирган. Ҳа, у фақат мени қидирган. Билганки, фақат биз у билан бир курсни тамомлаганмиз. Муаллимларимиз ҳам бир. Тафтишчилар орасида бўлса, мени топа олмаган. Хўш, нима қилиш керак? Ахир, мен кўринмас одам эмасман-ку! Қаердадир, қандайдир из қолдиришим керак-ку!..

Шунда Резидент бир физикни олдига чақирган. Физикдан у камдан-кам ҳолларда, асосан ўша пайтдаги каби ечими топила қолмаётган масалалар чиқиб қолганда фойдаланарди. Физик унга шундай маслаҳатлар берар, йўллар кўрсатардики, буни ўзидан бошқа ҳеч ким билмасди.

— Башарти кўчага радиоактив суюқлик қуйиб чиқилса нима бўлади? — сўраган ундан Резидент.

— Шаҳарнинг ярми заҳарланиши мумкин.

— Бу иккинчи даражали нарса. Шу суюқлик ёрдамида йўқотилган изни топиш мумкинми?

— Бўлади.

— Қанча вақтда топса бўлади?

— Бир ҳафтада.

— Йўқ, беш соат вақт бераман. Ҳар бир дақиқа учун белгиланган пулдан ташқари қўшимча фоиз оласиз.

— Бу, ахир, мумкин эмас!

— Мумкин. Манави қоғозга ўша суюқликни тайёрлашингиз учун нима керак бўлса, ҳаммасини ёзиб чиқинг!

Физик суюқликни тўрт ярим соатда тайёр қилган. Шундан сўнг кўчаларга, йўлакларга, қисқаси, қаерда одамлар кўпроқ юрадиган бўлса, ўша жойларга ими-жимида сепиб чиқилган.

Суюқлик ерни ифлослантирмас, оёққа ёпишиб ҳам қолмас, бироқ оёқ босилдими, товонга ёпишарди-қоларди. Кўрибсизки, одам ерни босиб кетаверади. Кўринмас излар эса, йўл кўрсатиб бораверади. Албатта, Резидент менинг оёқларим, пойафзалим размери, ранги ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлган.

Шу из ёрдамида мен кетаётган йўлимни Резидентга аниқ кўрсатиб берибман. Илгари кўринмас одамман дея ҳисоблаганим бир пул бўлибди.

Қолганлари техниканинг иши экан.

 

* * *

 

Вокзалга, аэропортга, серқатнов йўлларнинг кесишиш жойлари, бекатларда махсус тайинланган йигитлар елкаларига спорт сумкаларини осганча атрофни кузатишарди. Кўринишларидан ҳеч ким шубҳага бормайди. Бемалол чекка-чеккаларда туриб плейер эшитиш билан овора. Аммо қандайдир ўткинчи кела бошласа, қулоққа тақилган эшитгичда сигнал янграйди. Йигитлар сигнални эшитишлари билан ўткинчи ҳақида Резидентга дарак бера бошлашади.

Мени, ниҳоят аэропортда учратишгач, Резидент маҳаллий мафиячилар билан келишиб алоҳида самолёт олган ва ярим соат ичида учувчи ҳам топиб келтирилган. Улар менинг шошаётганимни, тезроқ Марказга етиб боришим шартлигини билишарди.

— Кел, эркакчасига гаплашиб олайлик! — деди Резидент «ҳикоя»сини тугатаркан.

Очиғи, жим ўтиравериш ўзимнинг ҳам жонимга текканди. Хўш, гаплашсам нима бўлади? Нари борса ўлдириб юборади. Нима бўлгандаям қаршимдаги менинг душманим. Ўлдирса ўлдирар. Барибир ютқаздим. Ютқазиш бундан ҳам ортиқ бўлмайди.

Яхшиси, рози бўламан. Ўлиб кетган одамни Марказ сўроқ қилиб ўтирмайди. У фақат Худогагина ҳисоб беради холос.

— Қўл-оёқларимни ечинг унда! — дедим.

— Ҳеч қачон. Ўзинг тушунасан, сени озодликка чиқариш биз учун хавфли. Ҳали биз ўзимизни қизиқтирган нарсани топганимизча йўқ. Ҳали сени ичак-чавоғинггача титкилаб ўша нарсани қидиришимиз керак бўлади. Шундай экан, сабр қил қўлингдан келса.

— Ҳеч бўлмаса, тагимга кўрпача тўшаб берарсиз?

— Буни амалга оширса бўлади…

Буёғига нималар бўлишини сезиб турардим. Резидент уёқ-буёққа қараб олгунча қўриқчилар мени калтаклаш зарур бўлган «қурол»ларини ҳозирлашди.

— Дискетани бер! — совуқ оҳангда мендан талаб қила бошлади Резидент.

— Дискета йўқ. — жавоб қилдим хотиржамлик билан. — Денгизга чўктириб юборганман.

У сўраётган дискета ҳақиқатан ёнимда эмасди. Уни каютамнинг ишончли жойига беркитиб қўйгандим.

— Мабодо қидирсак-чи? — сўради Резидент.

Мен елка қисдим. Чунки, уларнинг қандай қидиришларини биламан. Аввалига кийимларимни ечишади. Кетидан бутун баданимни тимирскилаб кўришади. Тўғри келиб қолса, теримдан бир бўлак-бир бўлак кесиб олиб қидиришади. Мана шуниси даҳшатли. Нима қилдим? Тўхта, уларга ҳам, ўзимга ҳам осон йўлини топсам-чи? Тўғри-да, улар ишга тушмасларидан бурун ўзим эҳтиёт чорасини кўришим, севимли танамни кесилишдан асраб қолишим керак.

Билдирмасдан бармоқларимни қимирлатдим. Шунча пайтдан бери ювинмаганимдан тирноқларим ўсиб, пичоқдай ўткирлашибди. Икки қўлимдаги икки бармоғимни қўлларим бойланган арқон толалари орасига тиқиб оҳиста уёқдан-буёққа юрғаза бошладим. Ҳақиқатан кесяпти. Эҳ, шу аҳволда яна ярим пича ўтирсайдим, ўзимни кишандан озод қилган бўлардим. Шу орада Резидентнинг майда-чуйда саволларига эринмасдан жавоб беравердим. Шундай қилмасам бўлмасди. Арқонни тўлиқ кесиб ташлашга улгурмайман.

— Бўпти, — дедим ниҳоят арқонни охиригача узганимга амин бўлганимдан кейин. — Сизга дискета керак, шундайми?

Резидент бош ирғади.

— Дискетани, адашмасам, наркозсиз қидирасиз, тўғрими?

— Албатта. Ўзинг тушунасан-ку ишимизни! Биламан, жонинг оғрийди.

— Мабодо сиз қидираётган нарса баданим орасида бўлса, менга нима ваъда қила оласиз?..

Билардим, агар мен Марказга тегишли бўлмаганимда, Резидент менга олтин дейсизми, гўзал аёл дейсизми, хаёлига келганини ваъда қилиб юборган бўларди. Лекин биладики, ёлғонига ишонмайман.

— Ёқимли ўлим ваъда қиламан. Тўғри, бошқа вариантлар ҳам бор. Бироқ…

Бош ирғадим. Менга ҳам айнан шуниси маъқулроқ эди.

— Дискета палубада. Кўрсатишим мумкин.

У шу заҳоти қўриқчиларни чорлади. Улар мени шолчага ўтқазишди-да, тўрт бурчидан тўрт киши бўлиб кўтарганча ташқарига олиб чиқиб кетишди.

 

* * *

 

— Ҳой, тўғри ушланглар, — қичқирардим ўтирган еримда. — Силкитманглар! Юқумли касалим бор!..

— Шу ерга қўйинглар! — буюрди Резидент қўриқчиларга.

Мени палубага етганда ерга қўйишди.

— Хўш, қаерда? — сўради у менга еб қўйгудек тикилиб.

— Ҳов анави тешикка тушиш керак.

Йигитлардан бири мен кўрсатган тешикка туша бошлади.

— Йўқ-ку! — дея қичқирди у пайпаслана-пайпаслана ҳеч вақо тополмагач.

— Янаям чуқурроқ!..

Мен шуни билардимки, бу тешикдан янаям пастроққа тушилса, ё боши, ё бошқа ери билан ўткир учли арматурага урилади. Шундай бўлди ҳам. Қўриқчи билмасдан ўтириб юборди-ю, ўткир учли арматура орқасига қадалди. Қўриқчи иҳ дейишга-да улгуролмай жон берди.

Қолганлари эса, тош қотиб қолишганди. Менга бўлса, худди шуниси керак. Эпчиллик билан ўрнимдан турдим-у, рўпарамда турган қўриқчининг жағи аралаш тушириб ерга қулатдим. Кетидан иккинчисини… Резидент сал нарида турганди. Беихтиёр ҳимояга шайланди. Баландга сакраб йўл-йўлакай яна бир қўриқчини тепаб қулатиб, шундоқ Резидентнинг тепасидан учиб ўтиб денгизга ўзимни отдим.

 

* * *

 

Мен янада чуқурроқ чўкиб борардим. Чўкиб борарканман, ўлимим тезроқ яқинлашишини, нафасим ниҳоя топишини кутардим.

Ана, ота, меҳрибон онажоним! Кунларнинг бирида менинг қабрим тепасида қон йиғлагандингиз. Бу аянчли манзарани мен — шафқатсиз, тошбағир ўғлингиз хотиржам томоша қилганман. Бугун эса… Олдинда нималар кутишини фақат Оллоҳ билади. Худо кўрсатмасин, йўлимда наҳанг балиқлар кўндаланг бўлса, мен ростакамига ўлиб кетишим тайин. Ачинганим, мен жуда-жуда жирканч ўлим топаман. Сизлардек меҳрибонларим тепамда туриб олганча йиғлашмайди, дод солишмайди. Кексалар ҳақимга дуо ҳам қилмайди. Жасадим эса тилка-тилка ҳолатда денгиз тубига чўкади-ю…

Мен абадул-абад йўқ бўламан.

Агар шундай ўлим топсам, алвидо, меҳрибонларим! Худодан шуни сўрайманки, аҳён-аҳёнда бўлса-да, руҳимга сизларни кўриш учун изн берсин!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: