«Нега бунча мағрурсиз, азизим?»

0

«Бугун яна ҳижронларнинг уммонида ёлғиз сузмоқдаман. Излаяпман изларингизни, нурли кўзларингизни, ҳаёт бахшида этгувчи пурмаъно сўзларингизни. Бироқ сира тополмаяпман. Ҳаттоки соянгиз тушган салқин кўчаларни ҳам, нафасингиз уфуриб тургувчи йўлларни ҳам тополмаяпман негадир.

Азизим, баъзан алам қиларкан синиққан юракка… Сабаби — аён. Умид боғлаб, йўлларига интизор кутган инсонинг васлинг томон ошиқмаса. Бир оғиз сўзига муштоқ бўлсанг-у, лекин у аяса сендан шуни ҳам. Албатта, эзилади-да бу қурғур юрак. Қалбинг талпинган томонга меҳр булоғинг томиб турса-ю, ишонч дея аталмиш дарахтнинг илдизларига қуйилмаса бу булоқ, албатта, бахтнинг бутунлигини ҳис қилмайди-да бу кемтик қалбинг. Қизиқ, қачон сиз томон етиб бораркин-а қалбимнинг садоси? Қачон қалбингиз менинг номим билан уриб тураркин-а? Азиз инсоним, билмадим, бу қачон содир бўлади.

Ҳисларимнинг сиртмоғига соғинч деган махлуқдан бўлак ҳеч нарса илинмаяпти негадир. Ачинаман ночор қолган севгининг ноласини эшитиб. Юрагим зирқирайди оғриқдан. Наҳотки қалбимга изҳори дилингизнинг оташин тафтини эмас, соғинчнинг тиканларини ботириш сизга хуш ёқса. Бераҳмсиз! Нега шунчалар бағрингиз тош, наҳотки кўзларингиз сизга меҳр-муҳаббат билан боқиб турган нигоҳимни илғамаса?! Азобларни аямай берасиз, бу беором қалбимга. Эътиборсиз тутасиз ўзингизни, худди ҳеч қандай илиқлигу нафис туйғулар туғёнини туймайдигандай. Нега шунча мағрурсиз, ғурурингиз йўл бермайдими менга самимий муносабатда бўлишга? Ёки сизга бўлган нозик туйғуларимнинг нури кўзларингизга кўринмаяптими? Қалбимнинг бутун дунёни ларзага келтирувчи овозини эшитмаяптими қулоқларингиз? Юрагимнинг сизга талпиниб ураётганини ҳис қилмаяптими юрагингиз? Қадрдоним, мендаги муҳаббатнинг ўтли тафтидан ҳатто тошлар эриб кетади, аммо сизнинг қалбингиз тошдан-да қаттиқроқ экан. Дардимни айтсам, олам ўз қулоқларини беркитиб йиғлайди-ю, лекин сизнинг дилингиздан заррача ачиниш ҳисси ўтмайди. Изҳори дил қилсам ҳатто гуллар пойимга бош эгиб, менга илтифот кўрсатади-ю, бироқ сиздан бир оғиз илиқ сўз ололмайман. Нечун менга шунчалар бешафқатлик билан эътиборсиз тикиласиз, азизим?! Англамайсизми сизни бутун борлиғим билан севишимни, ҳис қилмайсизми фақат сизга талпинишимни? Айтадиларки, соғинч қанчалар кучли бўлса, висол шунчалар тотли бўлади. Мен ҳам ўша висолни интиқлик билан кутиб яшаяпман. Сизга шуни ваъда бераманки, бизнинг ўртамизда пайдо бўлажак муҳаббат Фарҳоду Ширинларнинг, Тоҳиру Зуҳроларнинг қалбидаги севгидан-да кучлироқ ва оташин, қалбларимизни куйдирар даражада бўлади».

САНАМ,

«Ҳордиқ плюс» газетасидан

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here