Гиёҳванд эр билан яшашга мажбурман!

0

— Бошимдан ўтганларни ҳикоя қилишни истаганим бекорга эмас, албатта.  Нимагадир баъзи бир эркаклар ҳаддан зиёд худбин бўларкан. Турмуш давомида ўзидан бошқани ўйламас, ўзига ёқмадими ёки ўйлаганидек фойда бермаяптими, у нима ёки ким бўлишидан қатъий назар, ундан осонгина воз кечади, ҳаттоки у хотини — жондан азиз болаларининг онаси бўлса ҳам. Энг ёмони, фарзандлари борлигини ҳам унутиб, бошқа бир қизнинг бахтига чанг солади ва айнан ана шу сабаб билан бузилган оила касрига болалар тирик етим бўлиб қолади…

Мен ўртаҳол оилада катта бўлганман. Оилада саккиз фарзандмиз, мен уларнинг тўнғичиман. Ота-онам далада деҳқончилик қилиб, оила тебратар, бошқа ҳеч қандай даромадимиз йўқ эди.

Мактабни аъло баҳоларга битириб, ота-онамга ўқишга кирмоқчи эканлигимни, келажакда ўқитувчи бўлмоқчилигимни айтдим, аммо улар ўқишимга рухсат беришмади. Онам мулойимлик билан: «Қизалоғим, сени ўқитишга имкониятимиз йўқ, сен ёнимизга кириб, далада ишламасанг, укаларингни қандай боқамиз?» дея кўз ёш қилгач, барча орзуларимни юрагим остига кўмиб, далага чиқдим. Ана шундай кунларнинг бирида қўшни қишлоқдан уйимизга совчилар келишди. Онам мени кўндиришга ҳаракат қилиб: «Қизим, йигит билан кўришиб, гаплаш, унинг ўзи ҳам, оиласи ҳам бизга маъқул. Оиласи ўзига тўқ, йигит ҳам топарман-тутарман экан. Биргина айби, хотини билан ажрашган, икки нафар фарзанди бор экан…»

Онам яна қанча гапирди, билмайман, аммо йиғлаб туриб, рад жавобини бердим: «Керакмас, онажон, тегмайман ундай йигитга!? Ўқишга қўймадингиз, кўндим. Укаларимни ўйлаб, ёнингизга кирдим. Энди мени хотин қўйган, болали эркакка бойлиги учун узатасизми?»

Онам жим қолди, аммо энди холам ва аммам учрашувга чиқишимни сўрашарди. Агар ёқмаса, майли, мажбурламасликларини айтиб, кўндиришди. Йигитнинг исми Дадахон бўлиб,  шунчалар айёр ва устамон эканки, бир пасда кўнглимни олиб, учрашувга бирга борган дугонам иккимизни қаҳвахонага таклиф қилди. Қандай қилди, билмадим, 2-3 учрашувдан кейин беихтиёр унинг барча таклифларига кўна бошладим. Айтишича, хотини унга хиёнат қилган. Дадахон ака эса унинг жавобини бериб, дар­ҳол қонуний йўл билан ажрашган. Ишонсангиз, у хотинининг айбларини айтиб, ўзини жабрдийда кўрсатгани сайин алдовига ишониб бордим ва и икки боланинг онаси бўла туриб, шундай эркакнинг қадрига етмай хиёнат йўлига кирган аёлидан наф­ратлана бошладим. Ҳаттоки унга ҳамдардлик билдириб, болаларига оналик қилишга ҳам розилигимни айтдим. Ана шундан кейин Дадахон ака беҳад қувонди. Уйга кузатаркан: «Соҳиба, агар хўп десангиз, тўйни тезлаштирсак, сизни зарга кўмаман, бошимда олиб юраман, фақат менга хиёнат қилмасангиз, бўлгани. Бу чин эркаклик сўзим», дея бир дунё ваъдалар бериб, ортига қайтди.

Айниқса,  Дадахон акани кўрган дугоналарим ҳавас билан: «Розилик беравер, бунақа  эркаклар яхши бўлади, унинг устига, топарман-тутарман экан, ҳаётда қийналмайсан», дейишгани ишончимни мустаҳкамлади.

Тўй куни белгиланди. Тўйгача ҳам Дадахон ака кўчамизга келиб чақиртирар, қимматбаҳо совғалар берар ва ширин гаплар билан кўнглимни олишда давом этарди.  Шунинг учун Дадахон акани севиб қолдим.

Тўйимиз дабдаба билан ўтди. Сеп ҳам жуда қимматбаҳо эди.

Узоқ-яқин қариндошлар ва қўни-қўшни, хуллас, эшитган борки, ҳайратланиб: «Давлатманд жойга қиз узатишяпти, ишқилиб, охири бахайр бўлсин-да. Агар бирор айби бўлмаса, шундай бой-бадавлат хонадон бир камбағал қизга шунча илтифот кўрсатармиди!» дейишди.

Тўй ўтиб, янги уйдаги келинлик кунларим бошлангач, эримнинг фарзандларини ёнимга киритиб, уларга мени таништиришди: «Бу — сизнинг янги онангиз». Болалар истмайгина мен томонга шунчаки қараб қўйишди. Уларнинг бири 6 ёшда, иккинчиси эса 4 ёшда эди. Гарчан болалар билан танишгим ва гаплашгим келаётган бўлса-да, уларнинг маъюслигини кўриб, гап қотишга ҳаддим сиғмади. Ниҳоят, ташқаридан келган бир аёл ҳовлига чиқишимизни айтиб, ўртадаги жимликни бузди…

Ҳовли жуда катта экан. Бунинг устига, тўй ўтганига 4-5 кун бўлса-да, уйда одам кўп эди. Буни кўриб, капалагим учди ва ҳар тонг шунча жойни супуриш ва мана шунча одамга ош-овқат пишириб, дастурхонга тортиш осон бўлмаса керак, дея ўйлай бошладим. Худди миямдаги гапларни ўқигандек, қайнонам: «Сиз хавотирланманг, келинпошша. Уй-рўзғор ишларига қаровчилар етарлича. Улардан сизга иш ортмайди. Сиз фақат эрингизнинг кўнглига қараб, болаларнинг тарбияси билан шуғуллансангиз, бўлгани», деди.

Бир томондан, бунақанги бойларнинг уйида хизматкор бўлиши табиий ҳолат, бироқ ана шундай жойнинг қадрига етмай, бошқаси билан кетган келинга нима етишмади экан?! Ёки бу ерда бошқа гап ҳам борми?! Ҳар қанча ўйламайин, бунинг тагига етиш осон эмасди. Ана шундан кейин ҳаммасини тақдир ҳукмига қўйдим.

Дарҳақиқат, кўп вақт ўтмай  ўзимни қийнаган саволларга бирин-кетин жавоблар ола бошладим…

Орадан 5-6 ой ўтса-да, болалар мен билан очилиб гаплашмасди, бироқ айтганларимни сўзсиз бажаришарди. Бир куни болаларни овқатлантириб, ухлатгани ётоғига олиб кирдим. Шунда Сарвиноз жойига чўзиларкан: «Янги она, сиздан бир нарса сўрасам, майлими?» деди. Бу менга қизимизнинг илк мурожаати эди. «Истаганингни сўра, агар қўлимдан келса, бажонидил ёрдам бераман», дедим. У бироз тўхтаб турди-да: «Биз онамизни соғиндик, унинг олдига олиб боринг», деди. Тўғриси, буни кутмагандим. Шундай бўлса-да, қизалоқнинг умидвор кўзларига қараб, эриб кетдим ва мулойимлик билан ундан онасининг қаердалигини сўрадим. Сарвиноз қўрқа-писа жавоб берди: «Онам касалхонада!». «Яхши, фақат сен қўрқма, мен онанг ётган касалхонани суриштираман. Кейин сизларни онангизнинг ёнига олиб бораман, хўпми?» дедим-у, уни ухлатдим.

Ётоғимга келгач эса буни эримдан сўрамоқчи бўлдим, афсуски, у ҳали ҳам келмабди. Нимагадир, у уйга кам келади, келганда ҳам жуда кеч, баъзида тонгга яқин кўриниш беради. Бу сафар ҳам уни кута-кута ухлаб қолибман. Тонгга яқин эшик очилганини эшитиб, кўзимни очсам, эрим экан. Салом-аликдан сўнг ундан болаларининг онаси қаердалигини сўрадим. Эрим бироз жим турди ва болаларининг онаси руҳий касалхонада ётганини айтди. Буни эшитиб, даҳшатга тушдим. Аранг: «Нима учун?» дея олдим, холос. Эрим пинагини ҳам бузмай: «Қилмишига яраша жазо бу», деди ва ҳеч нарса бўлмагандек ўрнига кириб ётди. Бундан ичимга шубҳа оралади. Бу ерда қандайдир сир яширинган.

Тонг отиши билан қайнонамдан ота уйимга бориб келишга рухсат сўрадим. У ҳар галгидек, ҳайдовчи олиб бориб келишини айтиб, розилик берди. Ҳайдовчи мени уйимга олиб боргач, унга жавоб бериб, онамникида қолдим ва бор гапни онамга айтдим. Онам: «Оғримаган бошингга сақич ёпиштирма, қизим. Нима қиласан ўтмишни кавлаб?» деди. Ана шундан ке­йин ўз ҳаётим ҳам яхши эмаслигини, мен худди қамоқхонада яшаётгандек ҳис қилишимни, камига, эрим мен билан ҳеч қачон бирга бўлмаганлигини, тонггача уйга келмаслигидан тортиб, баъзан тутқаноқ тутгандек аҳволи ёмонлашиб қолишини айтиб бердим. Онам ҳаммасини суриштираман, дея мени тинчлантирди.

Бир куни онам уйимизга келди ва ёлғиз қолганимизда: «Қизим, мени кечир, эринг гиёҳванд экан. Айни вақтда у наркология диспансерида ҳисобда тураркан. Хотини ҳам унга хиёнат қилмаган, аксинча, жуда итоаткор бўлган экан. Эринг унинг бошига ура-ура миясини ишдан чиқаргани учун аёл шўрлик жиннихонага тушиб қолган. Энг ёмони, пушти ку­йиб кетганлиги боис аёллар билан қўшила олмас экан. Буларни била туриб, сени бу ерда ташлаб қўймайман. Ҳозироқ ҳаммасини қайнонангга айтиб, сени олиб кетаман», деди. Онамнинг гапларини эшитиб, карахт бўлсам-да, болаларни ўйлаб, онам билан кета олмаслигимни айтдим: «Нима бўлса, энди тақдиримдан кўраман, онажон. Сиз ҳам эшитганларингизни ҳеч кимга айтманг. Ҳаммасини вақт кўрсатади!»

Ҳа, азизлар, бундан бу ёғига нима бўлади, билмайман, аммо болалар билан келишиб олдим. Уларга: «Онангизнинг бироз мазаси йўқ экан. Соғайгач, сизларни унинг олдига олиб бораман», дея ваъда бердим.

Мен-ку, боши берк кўчада сарсонман, аммо бошқалар менинг аҳволимга тушмаслиги учун айтганларим уларга сабоқ бўлар, деб ўйлайман.

СОҲИБАнинг сўзларини ЗУЛФИЗАРБОНУ
оққа кўчирди.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here