ЖОСУСЛАР… (18-қисм. ИККИНЧИ ФАСЛ)

0

 

 

* * *

 

Мен кема тиббий пунктида ўзимга келдим.

Кўзларимни очиб-очмай ичкарига Резидент кириб келди.

— Ўзингга келдингми? — сўради у мендан. Тескари ўгирилиб олдим.

— Афсус, мени жинни деб ўйладинг, афсус!.. Нима деб ўйловдинг? Сени чўкиб кетишга йўл қўярканманми? Кечириб қўясан, бу ерда ҳаётинг ҳам, ўлиминг ҳам менинг қўлимда. Бизда тартиб шунақа. Билиб қўй, мен ўша нарсани топдим.

Бу гапни эшитдим-у, ичим музлаб кетди. Наҳотки, бу гал ҳам ютқазган бўлсам?..

— Фақат менга бир нарсани айтишинг керак. — давом этди Резидент. — Дискетанинг паролини айт!

Мен норози бош чайқадим.

— Билиб қўй, бу сўнгги бош қимирлатишинг бўлиши мумкин.

Мен индамай ётавердим.

— Ҳой, қаердасанлар? — ташқарига ўгирилиб қичқирди у. Шу ондаёқ уч нафар қўриқчи кириб келди.

— Бунинг адабини беринглар! Фақат чўзманглар!

Мени палубага олиб чиқишди. Шунда билдимки, кема қирғоқда турган экан. Чамаси, менга наркотик укол қилиб ҳушимдан кетказишган. Қизиқ, қанча вақт ҳушсиз ётдим экан?..

— Кечириб қўясан, Резидент! — тепамга энгашиб деди у. — Менга қолса, сен билан ўзим шуғулланардим. Бироқ йигитлар қўйишмаяпти. Ўзлари ҳисоб-китоб қилишни маъқул кўришди. Уларни қаттиқ ранжитибсан. Сенга Худо сабр берсин!

Қўриқчилар мени қирғоққа олиб чиқишгачгина, билдимки, у ерда бизни ўнлаб жангарилар кутиб туришган экан.

— Мараз, тайёргарлигингни кўравер! — дея ўшқирди улардан бири. — Ўлиб кетган йигитларимизнинг ҳар бири учун жавоб берасан бугун!

Мени узоқ вақт, маза қилиб калтаклашди. Ҳар бир жангари навбатма-навбат тепамга келар ва ё оёғи, ё муштлари билан зарба берарди.

— Ур уни! — қичқиришарди бир-бирларига. — Оч биқинига сол!

Зум ўтмай қошларим ёрилиб, елка, белларим кўкариб кетди. Қовурғаларим синди. Кийимларимгача қора қонга бўялди. Хайриятки, булар профессионал эмас. Йўқса, битта зарба билан нариги дунёга кетишим ҳеч гап эмасди.

Бас, калтак ейишдан чарчадим. Ҳушимдан кетмасам бўлмайдиганга ўхшайди. Ўрнимдан турғазиб энди навбатдаги зарбани йўлламоқчи бўлишганди, тиззалаб ерга ётдим-у, «ҳушимдан кетдим».

Шунда ҳам улар мени беш дақиқалар чамаси боплаб савалашди.

— Вей, бас қилинглар! — жангарилар орасидан кимдир бақирди. — Ҳали мен уни отишим керак. Ўлдириб қўйманглар!

Устимга совуқ сув сепиб «ҳушимга келтиришди». Сўнгра итара-итара қатл қилинадиган жойимга олиб боришди. Жойнинг тепалик эканидан билдимки, орқа миямга қарата ўқ узишмоқчи. Хўш, энди нима қилсам бўлади? Қачон ўқ узишаркин деб қараб тураверайми? Йўқ, ана, автоматни ўқлади анави нусха. Менинг ихтиёримда қандайдир сониялар қоляпти холос.

Жангари автоматни ўқлаб орқа томондан менга яқин келди ва бошимга қуролини қадади. Шу онда уни чунонам тирсакладимки, жангари шундоқ тиззалади-ю, бошини ерга хиёл эгган кўйи тош қотди. Бу менга навбатдаги ҳаракатим учун имкон яратганди.

Қарасам, мен турган ердан анча нарида дарахтзор. Ўн-йигирма қадамлар пастга қараб чопсам, то булар ўзини ўнглаб олгунча ўша дарахтзорлар орасига етиб олишим мумкин экан. Бир сакраб пастга сакрадим-у, жоним оғриганигаям эътибор қилиб ўтирмай ўша тарафга чопа кетдим. Жангарилар эса, бир неча дақиқа ҳайрон бўлиб туришгач, ўзларига келишди шекилли, автоматлардан тинимсиз ўқ уза бошлашди.

Жисмонан тайёргарлигим мана шу ерда иш берди. Дарахтзор орасига кириб олгач, орқамдан қувиб келаётганларни чалғита-чалғита олдинга босавердим. Шу кетишда беш соатлар чамаси йўл босдим. Қуваётганларнинг овозлари ҳам ўчди. Ҳа, улар мени буткул йўқотиб қўйишди…

 

* * *

 

Бу тун мен учун жуда оғир кечди. Эгнимда умуман кийимим йўқ, ҳаммасини қонлар баданимга ёпишиб азоб бермаслиги учун ечиб ташлагандим. Шунинг оқибатида бемалол дам ололмадим. Қолаверса, аъзойи баданим қонга ботган. Синган қовурғаларим менга азоб берар, ҳаммаёғим шишиб кетганди. Бу аҳволда йўл танлаб ўша ёққа юришга ҳолим етмасди. Ташқаридан қараганда, кўринишим худди латтага ўхшаб қолган.

Бир амаллаб тонг оттиргач, қорним ниҳоят даражада очиб кетганидан атрофни қидириб қурт-қумурсқа, қурбақалар билан озиқландим. Тўғри, бундан кўра мевалар териб еганим дуруст эди. Бироқ мева организмнинг кучга тўлишига ёрдам бера олмайди.

Резидент кинолардаги каби орқамдан қопоғон итларни етаклаб қувламади. Чунки, у ҳам аҳмоқ эмас. Менинг аҳволимдан хабардор. Ҳар қандай вазиятда ҳам ўзим дарахтзорлар орасидан чиқишимни яхши билади.

Ниҳоят яраларим сал битиб, пича ўзимга келиб ташқарига чиқдим. Билардим. Жангарилар мени кутиб ётишибди. Ҳаммаларининг қуроллари отишга шай. Буйруқ ҳам шундай бўлган. Ҳеч қандай қўл жанги ташкил этмасдан, менга ўн-йигирма қадам узоқликдангина туриб бошимни мўлжаллаган ҳолда ўқ узиш ва ўлдириш.

Ана, жангарилардан бири автоматни мен томонга тўғрилаб ўқ узди. Яхшиям тасодифан бошим тепасида пайдо бўлган дарахт шохи бор экан. Ўқ ўшанга келиб тегди. Лекин ўқ зарби менинг ўзимни ҳам бир четга итқитиб юборди. Мен йиқилдим. Жангарилар шу заҳоти беркинган жойларидан чиқиб «ўлган» душманлари томон югуришди. Бундай вазиятларда улар ҳам ҳушёр бўлишади. Негаки, кўпчилик менга ўхшаш душманлар энг қулай вазиятда бирдан тирилиб қаршилик кўрсата бошлашади.

Улар тепамга келиб ўлган-ўлмаганимни текшириб кўра бошлашди. Мен бўлсам, қурбим етганича ўзимни ўликка солиб ётардим. Шу ётишда текшириб кўриш учун отиладиган навбатдаги ўқни кутардим. Йўқ, улар отишмади. Аксинча мени судраб денгиз бўйига олиб боришди. Ҳа, ҳозир улар мени денгизга ташлаб юборишади. Лекин мен ҳам анойи эмасман. Улардан бирини ўзим билан бирга судраб кетаман. Албатта шу ишни қиламан. Ахир, денгизда бир ўзим зерикаман!

— Итдан тарқаган оғир экан! — сўкинди биттаси мени судраб бораркан.

— Ўликлар доим шунақа бўлишади. — жавоб қилди бошқаси.

Шу лаҳзаларда денгизга жуда-жуда яқин қолганди. Мен кимни судраклаб кетишни ҳам мўлжаллаб улгургандим. Аммо яна кечикдим. Қайсидир жангари қовоқларимни шу қадар қаттиқ қисдики, тасодифий оғриқдан иҳлаб юборишга мажбур бўлдим.

— Ие, ярамас тирик экан! — дея қичқирди у.

Ана энди ҳаммаси тамом! Улар албатта мени отиб ташлашади.

— Вей, бу нима қилганларинг? — сал нарида тамаки тутатганча бир қария ўтирган экан. Ўтирган ерида жангариларга қичқирди.

— Ўзинг кимсан, қария? — сўрашди ундан.

— Отангман! — ярим ҳазил, ярим чин оҳангда жавоб берди қария. — Нега бу йигитни қийнаяпсанлар? Инсофларинг борми ўзи?

— Отахон, бу жиноятчи. — деди бир жангари. — У хотинини сўйиб қўйибди. Сенам бу ердан кетақол, қария!

— Шунақами? Бўпти… Айтганча, нега милиционерлар йўқ?

— Биз милиционер бўлмай киммиз? Борақол, гуноҳдан узоқроқ бўл!

— Мен-ку, кетаман. Лекин сизлар негадир бошқачароқ йўл тутяпсизлар. Аслида одамни аввал суд қилишади. Кейин… Адвокат деган гаплар бўларди…

Жангарилар билишдики, қария гувоҳ бўлиб қолиши мумкин. Оёғимдан кўтариб олгани мени ташлаб юборди-да, қуролига ёпишди.

— Ифлос! Ҳозир сенга кўрсатиб қўяман бировларнинг ишига бурун тиқишни!..

Йўқ, жангари улгурмади. Қария ундан ҳам олдинроқ ёнига қўйилган милтиғини қўлига олди-ю, жангарига қарата ўқ узди. Беш миллиметрлик ўқ жангарининг нақ кўзига бориб тегди. Унинг ортидан қолган икки жангари ҳам ерга қулади. Шундагина мен қариянинг овчи эканини билдим.

— Қойилман сизга! — дедим унинг елкасига қоқиб. — Сиз менинг ҳаётимни сақлаб қолдингиз! Нега?

— Бунинг аҳамияти йўқ. Сен ҳозир ҳов анави оқ қайиннинг олдига бор. Боравер! Яқинроқ! Янаям яқинроқ!

— Бу қария яна нималарни ўйлаб топяпти? — ўйлардим мен. — Мениям отиб ташламоқчими? Агар қўйиб юбормоқчи бўлса, нега милтиғини менга тўғрилади?

— Энди қайинни маҳкам оёқ-қўлларинг билан қучоқла! Тепароққа чиқиб!.. — буюрди қария. — Шундай. Энди қўлларингни тиззанг остига тиқ! Хўш, йиқилмаяпсанми? Энди кучинг етганича пастга қараб сирғал!

Эҳ қария-ей!.. Бу усул билан уруш вақтида японлар асир олинган душман аскарларини тутиб туришган. Арқонни иқтисод қилиш ниятида шу усулни ўйлаб топишган. Шу аҳволда дарахтга ёпиштириб қўйишади-да, пастга тушишга мажбурлашади. Сал пастроқ тушдими, шартта қўлларини орқасига қилиб, сўнгра белидан дарахтга бойлашади. Кўрибсизки, асир на юқорига чиқа олади, на пастга туша олади.

— Янаям пастроқ туш! — қичқирди қария.

— Бўлди, ортиқ кучим етмайди.

— Сен ҳаракат қил!

— Отахон, бир ўзингиз минглаб одамларни енга оласиз бу йўл билан. — дедим мен. — Фақат бармоғингизни милтиқ тепкисидан олинг! Одамни қўрқитаверманг!

— Менинг бармоғим билан ишинг бўлмасин! — деди қария. — Яхшиси, ўзингникини ўйла!

— Энди менга қулоқ солинг! — дедим унга. — Сиз ҳақиқатан мени қутқариб қолдингиз. Бироқ билиб қўйинг, сиз қандайдир камбағал бир бечорани эмас, балки, давлат хавфсизлик хизмати ходимини қутқардингиз. Афсус, кўп сирларингизни очиқ айтиб юбордингиз. Бу ишларингиз учун бир умр қамоқда чиритиб юборишади сизни. Қолаверса, денгиз бўйидаги ҳов анави учта мурда-чи? Яхши эмас, ота!..

Кўрдимки, қариянинг тепкига қадалган бармоқлари титрай бошлади. Ишқилиб, жон талвасасида отиб қўймаса бас мени. Ана шундан чўчиб турардим.

Йўқ, отмади. Қандай турган бўлса, шу кўйи қотиб тураверди. Гарчи кўп йиллар қамоқда ўтириб чиққани кўриниб турса-да, ҳозирги лаҳзаларда ростдан қўрқа бошлаганини юракдан ҳис этдим.

— Менга яхшилаб қулоқ солинг. — дедим пайтдан фойдаланиб. — Сизнинг олдингизда иккита йўл турибди. Биринчиси, пешонангиздан ўқ еб ўлиш, иккинчиси, менинг айтганларимни адо этиш. Сизни огоҳлантирдим. Мен ўз ишининг устасиман. Ким эканингизни кўриб турибман. Хўш, розимисиз?

Қария бироз ўйлаб тургач, иккинчи шартга рози бўлди.

— Унда эшитинг. Кемани бир ўзингиз қўлга оласиз. Мен сизга ёрдам бермайман. У ерда гаровдаги одамлар бор. Улар ҳалиям озод қилинмаган бўлса, озод қиласиз. Бандитларни биттама-битта тинчитасиз. Башарти биронтасига мен ҳақимда гуллайдиган бўлсангиз, ўзингиздан кўринг. Мендан қочиб қутула олмайсиз.

Хуллас, келишилганидек, қария кемада иш бажаради. Мен бўлсам, аввал қария берган бензинлардан тўртта шишада портловчи модда тайёрлайман. Бу кемани ёқиб юборишимда ёрдам беради. Шишаларни чўнтакларимга жойлаганимдан сўнг сув остига шўнғийман…

Ҳаммаси кўнгилдагидек ташкил этилди. Фақат мен сув остида кутавериб жуда совуқ едим. Ниҳоят кемада шовқин-сурон овози, кейинроқ қариянинг сигнали эшитилди.

— Ҳаммаси жойида. — деди у мен сув юзига чиққаним ҳамоно. — Бошлайвер.

Мен қўлимдаги биринчи шишани кемага ирғитдим. Кетидан иккинчиси, учинчиси…

Кўз очиб юмгунча кема ўртасида катта тутун ҳавога кўтарилди. Кимларнингдир бақир-чақирлари, уёқдан-буёққа югурганларини кўрдим.

— Энди командирларини тинчитинг! — буюрдим қарияга. — Ҳов ана, улар кеманинг нариги бошида туришибди.

— Нега?

— Ортиқча савол берманг! Бажаринг!

Қария кемани қирғоққа буришга уринаётган командирларни кўргач, қўлидаги милтиқдан кетма-кет ўқ уза бошлади. Охирги бандитни ўзим сувда турган еримда қирғоқда қўлга киритган автомат ёрдамида қулатдим. Шундан кейин эпчиллик билан кемага чиқдим-у, овозимнинг борича бақирдим.

— Қани, ҳамманг қуролингни ташла! Огоҳлантириб ўтирмайман! Ҳамманг бир жойга тўплан! Аввал гаровдагиларни озод қил!..

Ҳаммаси мен буюрганимдек адо этилди. Ёнаётган кемани амал-тақал қирғоққа ҳайдаттирдим ва гаровдагиларни қўйиб юбориб, асирга олинган бандитларни қария менга ўргатгандай қайинларга оёқлари билан «ёпиштириб» қўйдим-у, қарияга юзландим.

— Шунча бандитни қаерга жойлаштирасиз? — ҳазил аралаш сўрадим ундан.

— Бе, бунақаларни кўп кўрганман. Қолаверса, ўрмон кенг. Ўқ ҳам етарли.

Эндигина кўнглим тўлгандек эди. Хайрият, ҳеч бўлмаса бир ишни қойиллатдим. Бурчимни бажардим. Қария буларни албатта прокурор ихтиёрига топширади. Мен бўлсам, ўша ўзим учун «суюкли» бўлиб қолган Резидент билан шаҳарда учрашишим лозим. У аллақачон шаҳарга етиб олган. Бу воқеалардан ҳарқалай хабардор бўлмаса керак. Агар шошилмасам, барибир хабар топади-ю, заҳирадагилари билан бирга бу ерга етиб келиши муқаррар…

Қария кўрсатган сўқмоқлар орқали катта серқатнов йўлга чиқиб олдим ва йўловчи машинани тўхтатиб шаҳар яқинигача етиб бордим-у, курсантлигимдаги ҳаётимни эслаб биринчи навбатда пича пул топиш мақсадида яқин орадаги омонат кассага йўл олдим. Бу ишни ҳам қойиллатгач, ҳаммомга бориб ювиндим. Сўнгра ҳужжат тўғрилаш… Қисқаси, шаҳарда лозим бўладиган барча камчиликларимни жойига қўйиб эҳтиёт шарт икки-уч бор милицияга ўзимнинг кимлигимни билдирмаган ҳолда қўнғироқ қилдим ва денгиз бўйидаги ёниб кетган кема ҳақида хабар бердим. Ана энди илгари ўзим юз тузилишимни ўзгартирган ҳожатхонага киришим ҳамда қайтадан гримм қилишим зарур. Бусиз бўлмайди. Яна хато қилишни истамайман. Резидент бу гал анча эҳтиёткорлик билан таниш подьезд атрофида кутади. Нима қилиб бўлмасин, жасадимни кўришни истайди. Шубҳасиз, кимлардир унга кемадаги кўнгилсизликларни айтиб улгурган.

Ҳожатхонадан мен эмас, балки Резидентга қўшни бўлиб яшаётганларнинг ўттиз ёшли ўғли чиқади…

Ташқи кўринишимдаги ўзгаришни яна бир карра кўздан ўтказиб олиш илинжида кўзгуга боқдим.

Ўзгариш кўнгилдагидек туюларди. Лекин ўзимга тик боқарканман, кўнглим бузилди. Қалбимни армонга ўхшаш ёввойи бир туйғу чулғаб олди. Анча йиллардан бери илк бор бахтим ҳақида орзулай бошладим. Ёнимда келишган, гўзал, меҳрибон, куйинчак бир қиз туришини, турганда ҳам менинг ёрим бўлиб туришини орзулай бошладим. Шу орзулар бирозга бўлса-да, мени ташвишлардан нари олиб кетгандек бўлди.

Оғир хўрсиниқ аралаш истар-истамас ташқарига чиқарканман, ўзимга ўзим шивирладим:

— Мен албатта ўша соҳибжамолга уйланаман!!!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: