«БИЗНИ ЎЛДИРМАНГ, ОЙИ!..» (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

0

 

* * *

 

Одамнинг кўп йиллик орзуси кутилмаганда ушалса, довдираб қоларкан.

Меҳри ўн йилдан бери ич-этини ерди. Ёшликда қилиб қўйган хатоси кўксини кемирар, бунга эрининг ҳадеганда маъюс тортиши қўшилганда, афсус-надоматдан ерга кирай дерди.

Ҳа, Меҳри бир пайтлар билибми-билмайми, ёмон йўлларга юриб қўйди. Қариб қолган онаси билиб қолмаслиги учун кетма-кетига икки марта ҳомиласини олдирди. Тўғри-да, қайси она бўй етган қизининг бундай қилмишини кечирарди. Буёқда маҳалла-кўй, қариндош-уруғ дегандай…

Хуллас, Меҳри абжирлик қилди. Касалхонага ётганини, бола олдирганини ҳеч ким билмай қолди. Онасига ҳар гал олисда яшайдиган дугонасиникига кетишини айтиб, қутулди. Омади бор экан. Ҳозирги эри Мирзали ҳам тушунган йигит чиқди. Меҳрига уйланди-ю, мана, ўн йил ўтибдики, бирор марта ўтмишини юзига солмади.

«Худойим, мен аҳмоқни кечир, — хаёлан ёлворарди Меҳри ярим тунда хона шифтига ҳиссиз боқиб. — Сенинг хоҳишингга қарши бордим ўшанда. Ўн йил болага зор қилдинг. Тан оламан, сенинг иноятинг, мўъжизангдан буткул умидимни узгандим. Ўша пайтдаги дўхтирларнинг гап-сўзларига ишонгандим. Қара, шунчалар ярамас эканманки, сенга ишониш ўрнига ўша дўхтирларнинг гапига лаққа тушибман. Ўзингга шукр, кеч бўлсаям яна менга оналик бахтини беряпсан. Ишон, худойим, энди ҳеч қачон сенга ширк келтирмайман! Фақат ўзингга сажда қиламан! Фақат… Боламни мендан тортиб олма! Бу дардни кўтара олмайман, художон!.. Ҳа, эртага Мирзали ака сменадан чиқади. Насиб бўлса, унга албатта суюнчилайман! Йўқ, фақат унгамас, қўни-қўшни-ю, қон-қариндошларгача айтиб чиқаман. Менга орқаваротдан ёмон қараганлар, ғийбатимни қилганлар, мени бепуштга чиқариб бўлганлар кўриб қўйсин! Худойим, ўзингга бир айтганим бор эканини билишсин!.. Борингга шукр!..»

Шуларни ўйларкан, Меҳри беихтиёр кўзларини очди. Не кўз билан кўрсинки, уй бурчагида, шифтдан шундоқ пастда жажжигина болакай бўйи ўзидан сал пастроқ қизалоқнинг қўлидан тутганча унга тикилиб турарди.

Меҳри аввалига ҳайрон бўлди. Астагина ўрнидан қўзғалиб, бир неча марта кўзларини юмиб-очган кўйи ўша томонга яхшироқ қаради. Йўқ, болакай ва қизалоқ шарпаси ғойиб бўлмаганди.

— Вой шўрим, — ваҳима аралаш ўтирган ерида ортга тисланди у. — Бу нима? Ким? Ҳай… Кимсизлар? Йўқол! Бор кет!..

Шарпалар ҳануз гўё деворга қапишган ҳолда муаллақ тураверди!

— Ким бор? Ҳой, ким бо-ор? Ёрдам берингла-ар!..

Қўрқув барибир устун келганди.

Меҳри жонҳолатда ўрнидан турди-да, ошхонага чопди. Шоша-пиша кранни очиб, юзларига сув сепди. Юрак уриши сал босилгандек бўлди. Аммо танасидаги титроқ кучайди.

— Нима эди у? — ўзига ўзи савол бериб ошхонада уёқдан-буёққа юра бошлади Меҳри. — Жинми? Нима қиляпти менинг уйимда? Йўқ, қўрқмайман! Кўзимга кўринди шекилли. Нима қилсам экан? Кираймикан? Ғойиб бўлгандир ярамас жин!?.

У қўрқа-писа ётоққа кирди-да, чироқни ёқиб юборди ва илкис деворларга кўз ташлади. Ҳеч қаерда шарпа кўринмади.

— Қуриб кетсин, — деди ичига туфлай-туфлай ўринга чўзиларкан. — Илгари ҳеч қўрқмасдим-ку! Нима бўляпти менга? Кимдан, нимадан қўрқдим? Наҳотки, жин деганлари бор нарса бўлса? Лекин менга зиён етказмади-ку! Бувим «кимнинг кўзига жин кўринса, албатта зиёнлайди», деярди-ку! Демак, шунчаки ваҳимага тушган эканман… Йўқ, чироқни ўчирмайман. Шундай ухлайвераман. Жинлар чироқ ёруғидан қўрқади. Бувим раҳматли шундай деган…

Меҳри ўзига ўзи сўзлана-сўзлана кўзларини юмди. Шу заҳоти кимдир юзини оҳиста силаб ўтгандек туйилиб, даст ўрнидан турди…

Бу беҳуда эмасди. Тағин рўпарадаги деворда ўғил ва қиз боланинг суврати муаллақ турарди. Улар бир-бирларининг қўлидан тутганча Меҳрига жилмайганча қараб туришарди.

— Кимсанлар? — қўрқув исканжасида қичқирди Меҳри. — Нима керак сенларга? Йўқол! Даф бўл!..

Шунда болакай беихтиёр тилга кирди.

— Ойижон, бу биз! Болаларингиз! Танимадингизми?..

Бу Меҳри учун даҳшатдан-да қўрқинчлироқ манзара эди. Титраб-қақшаб, ўтирган ерида каравотнинг нариги четига тисланиб талмовсиради у.

— Қ-қанақа бола? Ким бола? Қани бола?..

— Мана, биз қаршингизда турибмиз! — энди қизалоқ тилга кирди. — Бир пайтлар бизни ўлдириб қўйгандингиз, эсладингизми, ойи? Манави менинг акам. Униям сиз ўлдиргансиз!..

— Н-нима? Ким гапиряпти ўзи? Нима керак сенларга? Вой-до-од!!!

— Ойи, ўзингизни босинг, — деди қизалоқ эркаланиб. — Биз фарзандларингизмиз ростданам. Илтимос, бизга қулоқ солинг!

— Нима истайсанлар ўзи? — Меҳри гапирарди-ю, ўзини идора эта олмас, аъзойи бадани титраб-қақшар, оғзи қуриб бораётганини, қорнининг аллақаерида кучли оғриқ пайдо бўлганини ҳис этарди. Танаси қора терга ботганди. — Кетларинг! Менинг болам йўқ!..

Ўғил ва қизалоқ бу пўписаларга эътибор бермади. Бараварига ёлвора бошлашди.

— Ойижон, қорнингиздаги синглимизни бизга беринг! Ишонинг, биз уёқда жуда яхши яшаяпмиз! Бизни ҳеч ким хафа қилмайди. Синглимиз ҳам биз билан бирга бўлсин!

— Йўқо-ол!..

Меҳрининг бу галги қичқириғи чамаси катта кўчага қадар эшитилди. Кимдир кўчадан ўтиб кетаётган эканми, деразани тақиллата бошлади. Сувратлар эса аллақачон ғойиб бўлганди.

 

* * *

 

Шу кеча Меҳри учун дўзахдан-да баттарроқ кечди. Кутилмаганда бел ва қорин қисмида кучли оғриқ туйди. Деразани тақиллатган қўшни эркак Меҳрининг додлаб йиғлай бошлаганини эшитди-ю, зум ўтмай хотинини етаклаб кирди. Меҳрини «Тез ёрдам» машинасида касалхонага олиб кетишди.

У дард исканжасида ётарди-ю, кўз ўнгида деворда муаллақ турган ака-сингилнинг оқаринқираган ранг-боши намоён бўлар, уларнинг ёлворганлари қулоқлари остида жарангларди. Руҳи эса нуқул безовталанарди. Меҳри ҳомиласига бир гап бўлиши муқаррарлигини ҳис этгани сайин дунёга жар солиб қичқиргиси, ўша ака-сингилларни қарғаб ташлагиси келарди…

Хайрият, врачлар улгуришди. Ўз вақтида қонни тўхтатиб, Меҳрини ухлатиб қўйишди.

Тонгга яқин кўзини очганда эса эри Мирзали тепасида жавдираб турган экан.

— Сенга нима бўлди, хотин? — Меҳрининг кўзлари очилганини кўрибоқ тепасига энгашди Мирзали. — Бирор кор-ҳол бўлганмиди?

Меҳри эрининг дардли саволи кўнглини бўшатиб юбордими, кўзларига ёш қўнди.

— Врачлар нима дейишяпти? — сўради у жавоб бериш ўрнига. — Сўраб билдингизми?

— Ҳа, гаплашдим, хотин!.. Онаси… Биз фарзандли бўларканмиз!..

Меҳри эрининг бу қадар аянчли ҳолатга тушганини сира кўрмаганди. Лаблари пулкиллаб кетаётганига бардош қила олмай, қўлини маҳкам сиқимлади-ю, юзларига босди.

— Хайрият, дадаси, — деди Меҳри йиғи аралаш. — Ўн йилдан бери ич-этимни ердим. Сизга биттагина бўлсаям тирноқ ҳадя этолмаганимни ўйлаб адо бўлардим. Мана, худога айтганим боракан, ҳомиладор бўлибман! Айтганча, боламга ҳеч нарса қилмабдими? Сўрадингизми?

— Ҳа-да, — деди Мирзали оғзининг таноби қочиб. — Суриштирдим, онаси! Вақтида опкелишибди-да ўзиям! Ҳомила тушиш арафасида турганакан. Барака топишсин шу дўхтирлар, асраб қолишибди. Энди буёғига ўзингни ниҳоятда эҳтиётларкансан. Дўхтир тайинлади. Беҳуда сиқилмаслигинг шарт экан…

Меҳри жавоб бермади. Шу биргина хабарнинг ўзи етарли эди. Чуқур хўрсинди-ю, қайтадан кўзларини юмди.

 

* * *

 

Меҳри ниятига етди. Дўмбоққина, оппоққина қизча дунёга келди. Исмини эри Мирзали билан маслаҳатлашиб, Умида қўйишди. «Умидларимиз бундан буён ҳам ушалаверсин», деб астойдил ният қилишди.

Афсуски, қизалоқ олти ойлик бўлганда, бел қисмида қип-қизил ярача пайдо бўлди. Меҳри ярачага кўзи тушгандаёқ тамом бўлаёзганди. Югурганча врач қабулига борди. Умидани турли кўриклардан ўтказишди. Ярачанинг илдизини топа олишмади. Меҳрини тинчлантириб ортга қайтаришди.

Она-ку, кўнгил ғашлиги беҳудага эмасди. Ярача кўпайиб, бир ҳафта деганда Умиданинг танасини эгаллаб қўйди. Чақалоқ иситмаси тез-тез кўтарилиб, ҳаловат топа олмас, нуқул биғ-биғ йиғларди. Аксига олгандек ярачалар кетма-кет йиринглай бошлаганди. Меҳри боши берк кўчада қолган кимса каби гарангсиб қолганди. Қўшнилар маслаҳатига кириб аллақаёқлардаги табибларга, фолбинларга чопди. Бири ундай, бири бундай деди. Ҳеч ким Умиданинг дардига даво топа олмади…

Ана шундай кунларнинг бирида ярим кечаси фарзандига тикилиб ўтириб кўзи кетибди. Шу лаҳзадаёқ қулоғига чақалоқми, тетапоями, ишқилиб, болажонларнинг қиқир-қиқир кулгиси чалинди-ю, беихтиёр уйғониб кетди.

Қаршисидаги хона деворида ўғил ва қиз бола Умидани ўртага олганча Меҳрига қараб кулишарди. Уларнинг кулгиси жуда ёқимли ва тотли эди. Аммо Меҳри бу тахлит нарсаларни идрок этадиган аҳволда эмасди. Сувратларга кўзи тушгани ҳамоно ўлай деганди.

— Боламга тегмаларинг! — ўзи билибми-билмайми, даст ўрнидан қўзғалди-да, Умидани қўлига олди. — Сенларга бериб қўядиган болам йўқ! Йўқолларинг!..

Унга жавобан болакай ва қизалоқ қаттиқроқ кулишди. Кулгига ўртада турган Умида ҳам жўр бўлди.

— Ойи, синглимиз аллақачон бизнинг ёқларга келиб бўлган, — деди болакай кулишдан тўхтаб. — Энди доимо бирга яшайди биз билан. Ишонмасангиз, ўзингиз текшириб кўринг! Қўлингиздаги қуруқ тана холос, ойи! Синглимиз, мана, бизнинг ёнимизда!..

— Йў-ў-ўқ!!!

Меҳри чақалоғини қўлига олди-ю, телбаларча унинг гоҳ юзи, гоҳ елкасига шапатилай бошлади. Афсуски, Умида жон таслим қилиб бўлганди. Фарзанди нафас олмаётганига гувоҳ бўлгач, Меҳри шилқ этиб полга йиқилди…

Унинг юраги йиқилгандаёқ уришдан тўхтаганди.

Уч фарзанди эса Меҳрининг кўксига бош қўйган кўйи баравар ёлворарди:

— Бизни ўлдирманг! Илтимос, бизларни ўлдирманг, ойи-и-и!!!

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit