Малика Салимова шеърияти. Ёнимга ҳар қанча ёндашинг, бироқ, Яқин олманг мени юрагингизга!

0

Кўп нарса керакми аёл зотига.
Манимча бир томчи меҳр бўлса бас.
Нур бўлса қоронғу ҳаёлотига,
Манимча бошқаси унга керакмас.

Тиллога тўлдирманг бармоқларини,
Бахтли бўлиш гумон бойликдан буткул.
Манимча чоғ этиб димоғларини,
Тонглар ёстиғига қўйинг атиргул.

Севги изҳорлари хуш ёқар, бироқ,
Оддий бир каломдан бошлари осмон!
«Иссиқ кийиндингми, кўча совуқроқ.
Сен менга саломат кераксан, ишон!ʺ

Майли, қозонига гўшт тушмас ҳар кун,
Либос ўзгармасин бир йилда бир бор.
Елкангиз қизғанманг суяниш учун,
Турмушнинг муштлари берганда озор.

Ишонинг, кўп нарса керакмас унга,
Унутманг, шишадан ясалган кўнгил.
Баъзида бир кулиб қарашингизга,
Жонини бермаса, мана мен кафил.

Кимгадир керакман, дея яшасин,
Асранг қадрсизлик қийноқларидан!
Савоб ёзилармиш ҳар бўса учун,
Сизни дуо қилган дудоқларидан…

***

Сизга қолган куним қурсин…
Меҳрга зор,
Кўнглингизда қулф илиқ дарвоза бор.
Икки аждар қўриқлайди маконингиз,
Сизга қолган куним қурсин…
Меҳрга зор.

Шойи кўйлак кийдираман шамолларга,
Сиздан жавоб олиб қайтсин саволларга.
Бир кўрарга беш бор ўлиб, тирилсакми.
Бериб қўйманг бир кун бизни ёмонларга!

Ҳарсанг тошлар тарс ёрилар бир оҳимдан,
Амударё сув ичади нигоҳимдан.
Қайси ҳулқим хуш ёқмабди жанобимга,
Оллоҳ кечса бўлди бир кун гуноҳимдан.

Сиздан ўзга борми ишқнинг дилозори,
Бошим босди қовоқларнинг ёққан қори,
Ниятим шу, бир кун бўлинг сиз ҳам мендек,
Жавоби йўқ муҳаббатнинг гирифтори!

***

Сени соғинмадим, онт ичайми ё,
Зиёни соғинган гиёҳ, гулчалик.
Осмон Заминини, Қуёш Ойини,
Тунлар оппоқ тонгни соғинганчалик!

Сени соғинмайман, ишон, ишонма,
Кўнглим кўчасидан ўтмайсан ҳатто.
Сени деб мен учун жонини берган.
Дўстларни унутиб қўйганим хато!

Сени соғинмайман, салом берсам ҳам
Битта сен олмасанг олмабсан алик
Қадринг йўқ ҳар баҳор менинг уйимга.
Қайтиб келадиган қалдирғоччалик.

Сени соғинмайман, юраккинамда
Оғриса оғрисин сендан қолган дард.
Одил ҳакамларнинг ижрочилари,
Сени дер кўнгилни этсин занжирбанд!

Сени соғинмайман,
Ҳоҳ кул, ҳоҳ йиғла.
Ўзинг айт, не қолди ўша ёнғиндан.
Бугун ҳотиржамман, эрта билмадим.
Эй, Худо, асрагин мени индиндан!

***

Яшасак, яшайлик ҳеч нарса кутмай,
Кимнингдир кўнглининг йўлидан ўтмай,
Кетсам, андуҳларга қолдириб кетмай,
Яқин тутманг мени юрагингизга.

Ёнмоқлик – ўчмоқдир, унмоқлик – сўлмоқ,
Кимдир жонимизни оларга муштоқ,
Ёнимга ҳар қанча ёндашинг, бироқ,
Яқин олманг мени юрагингизга!

Келсангиз, келибсиз назм сайлига,
Кўнсангиз, кўнибсиз, тақдир зайлига,
Нима бўлса агар бўлсин, майлига,
Яқин олманг мени юрагингизга!

Учиб, кейин мангу қўнишдан асраб,
Шишадек чарсиллаб синишдан асраб,
Бир кун ғирт бегона бўлишдан асраб,
Яқин олманг мени юрагингизга!

***

Тонглар отаверар кўз ёшдек тиниқ,
Янги чақалоқнинг товонидек оқ.
Эртага яшашим бир сенга боғлиқ,
Ҳозир тириклигим Ҳудодан, бироқ.

Туннинг кўзларингдек қаролигида,
Кимсасиз йўлларда кезар ҳаёллар.
Кўнглимга киришга уннар беҳуда,
Ҳеч ким жавобини топмас саволлар.

Тонглар отаверар яна бемаврид,
Сен бор тушларимга тўймай қоламан.
Ишқнинг бозорида энг сўнги ҳарид,
Ширин соғинчларни сотиб оламан.

Тонглар отаверар,
Ҳуржинин осиб,
Гадо ҳар эшикка бошин уради.
Тиланчи ҳисларим қошинга бориб,
Битта нигоҳингни тилаб туради.

Тонглар отаверар,
Сенингсиз, ғамгин,
Нурлар қўзғолони ишқ ҳужрасида.
Ё,Раб, суратинг бор, кўр, ана кўргин,
Юракнинг ҳар битта ҳужайрасида.

Малика Салимова